0,00 UZS

No products in the cart.

10.6 C
London
Yakshanba, Noyabr 1, 2020

Келгуси 3 йилга мўлжалланган ўнта устувор йўналиш белгиланди

- Advertisement -
- Advertisement -
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг навбатдан ташқари сессиясида иштирок этиш, ҳудуддаги бунёдкорлик ишлари, йирик лойиҳалар билан танишиш мақсадида 2 октябрь куни Нукус шаҳрига ташриф буюрди.
Нукус шаҳрида Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг навбатдан ташқари саккизинчи сессияси бўлиб ўтди.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев иштирок этди.
Йиғилишни Жўқорғи Кенгес Раисининг ўринбосари Атабек Давлетов очди. Сессиянинг котибияти сайланиб, кун тартиби тасдиқланди, Оқсоқоллар кенгаши ва Ҳисоб-саноқ комиссияси таркиби тузилди.
Оқсоқоллар кенгашининг қарорига мувофиқ, Жўқорғи Кенгес Раиси лавозимига Камалов Мурат Қаллибекович номзоди тавсия этилди.
Давлатимиз раҳбари сўзининг аввалида коронавирус пандемияси бутун дунёда бўлгани каби юртимизга ҳам йўқотишлар олиб келгани, лекин ҳаёт давом этиши, шу шароитга муносиб бўлиб, тўғри йўл топиш зарурлигини таъкидлади.
– Бугун қорақалпоқ элини, тупроғини, имкониятларини яхши билган, халқ таниган, турли масалаларни ҳал қила оладиган етакчини сайлаб олишимиз керак. Бердақ бобомизнинг доно сўзлари билан айтганда:
Халқнинг ғамини ўйлаган,
Юрт ғамхўри керак менга, – деди Шавкат Мирзиёев.
Президент ҳозирги мураккаб пайтда раҳбар бўлиш осон эмаслигини, Қорақалпоғистонни ривожлантириш бўйича бошланган ишлар 2-3 карра кўпайтириб давом эттирилишини таъкидлади.
– Мурат Камаловни кўп йиллардан бери танийман, – деди Президент. – У аввало ҳалол одам, ватанпарвар одам. Қаерда ишлаган бўлмасин, қорақалпоқ элининг дарди билан яшаганига гувоҳман. Энг асосийси шу. Бошқаси тажриба билан келади. У отаси Қаллибек Камалов, марҳум Муса Ерниязов ишларини давом эттириб, халқни рози қилади, деб ишонаман.
Президент Шавкат Мирзиёев Мурат Камаловнинг инсоний фазилатлари, фидойилиги ва раҳбарлик қобилиятини ҳисобга олиб, унинг номзодига ўз розилигини билдирди.
Жўқорғи Кенгес депутатлари, жамоатчилик вакиллари сўзга чиқиб, номзодни қўллаб-қувватлади. Яширин овоз бериш йўли билан Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси лавозимига Мурат Камалов сайланди.
Қорақалпоғистон Республикаси Конституциясининг 80-моддасига мувофиқ, Жўқорғи Кенгес Раиси Қорақалпоғистон Республикаси раҳбари ва энг юқори лавозимли шахсидир. Жўқорғи Кенгес Раиси айни орган томонидан Ўзбекистон Республикаси Президентининг розилиги билан ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг депутатлари орасидан яширин овоз бериш йўли билан Жўқорғи Кенгеснинг ваколати муддатига сайланади.
Сессияда ҳудудни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Охирги тўрт йилда ўнлаб йирик тўқимачилик, фармацевтика, электротехника ва бошқа замонавий саноат корхоналари қурилиши ҳисобига Қорақалпоғистонда ишлаб чиқариш ҳажми 2 баробар ўсган. Янги сув тармоқлари қурилиши натижасида аҳолини марказлашган ичимлик суви билан таъминлаш даражаси 40 фоиздан 67 фоизга етди. 241 та мактаб, соғлиқни сақлаш, маданият ва спорт объектлари янгидан қурилди, капитал таъмирланди.
Президент Шавкат Мирзиёев Мурат Камаловни Жўқорғи Кенгес Раислигига сайлангани билан табриклаб, ўта масъулиятли вазифада муваффақият тилади.
– Янги раҳбар фаолиятининг энг муҳим йўналиши “халқнинг дардини эшитиш ва масалаларини ҳал этиш” бўлиши керак. Бунинг учун тинимсиз изланиш, меҳнат қилиш, халқ билан маслаҳатлашиб ишлаш зарур. Қорақалпоғистонда элни севган, билимли, фидойи ёшлар кўп. Уларни бирлаштириб, натижа қилиш, эл-юртга манфаат олиб келиш керак, – деди давлатимиз раҳбари.
Қорақалпоғистонда барча соҳаларни жадал ривожлантириш бўйича келгуси 3 йилга мўлжалланган чора-тадбирлар ишлаб чиқилгани маълум қилинди. Унга кўра, ҳар бир туманда 2 тадан фаолият тури ўзига хос “ўсиш нуқта”си этиб белгиланган.
Президент барча 16 та туманни янада равнақ топтириш мақсадида мазкур «ўсиш нуқталари» бўйича тадбиркорлик субъектлари 3 йил муддатга ер солиғи, мол-мулк солиғи, кичик корхоналарнинг айланмасидан олинадиган солиқ, якка тартибдаги тадбиркорларнинг қатъий миқдордаги даромад солиғидан озод этилишини таъкидлади.
Бундан ташқари, тараққиёт даражаси паст бўлган Тахтакўпир, Бўзатов ва Шуманай туманларида янги ташкил этиладиган саноат корхоналарига ҳам 3 йил муддатга солиқ ва божхона имтиёзлари берилади.
Ҳар бир туман ва шаҳарни жадал ривожлантиришга кучли туртки бериш, муаммоларни тезкор ҳал этиш учун уларга вазирлар ва банклар бириктирилди.
Йиғилишда келгуси 3 йилга мўлжалланган ўнта устувор йўналиш белгиланди.
Биринчиси – туманлар ва маҳаллаларни жадал ривожлантириш, иккинчиси – аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартириш бўлса, учинчиси доирасида инвестиция лойиҳалари амалга оширилади. Орол муаммосининг салбий таъсирини юмшатиш саъй-ҳаракатлари тўртинчи устувор йўналиш сифатида белгиланди.
Бешинчиси этиб хизмат кўрсатиш соҳаси салоҳиятини тўлиқ ишга солиш, олтинчиси ўлароқ қишлоқ хўжалигини ривожлантириш вазифаси қўйилди. Еттинчидан, аҳолини уй-жой билан таъминлаш борасида ишлар ташкил қилинса, саккизинчидан ижтимоий инфратузилмани ривожлантиришга эътибор қаратилади.
Тўққизинчи устувор йўналиш этиб ёшлар ва аёлларни қўллаб-қувватлаш кўрсатиб ўтилган бўлса, ўнинчиси доирасида жиноятчиликнинг олдини олиш масалалари юзасидан кўрсатмалар берилди.
Президент мамлакатимиз йигит-қизларини мазкур ҳудуд ҳаёти билан таништириш мақсадида келгуси йили Қорақалпоғистонда Ёшлар фестивали ташкил этиш таклифини билдирди.
Давлатимиз раҳбари Нукус шаҳрида барпо этилган опера ва бахшичилик мактаб-интернати билан танишди.
Президентимиз ташаббуси билан барча соҳаларда бўлгани каби бахшичилик санъати ривожига ҳам катта эътибор қаратиляпти. Юртимизда ҳар икки йилда бир Халқаро бахшичилик санъати фестивалини ўтказиш йўлга қўйилди, Термиз шаҳрида ўтган йили бахшичилик мактаби фаолият бошлади, Республика бахшичилик санъати маркази барпо этилмоқда.
Ушбу марказ ҳузурида бахшичилик санъатини ривожлантириш жамғармаси ҳам ташкил этилади. Бу каби хайрли ишлар аждодларимиз асрлар давомида эъзозлаб келган ноёб санъатни дунёга кенг тараннум этиш, ёшларимизнинг унга қизиқишини оширишда муҳим омил бўлмоқда.
Бахши-жировчилик қорақалпоқ халқининг қадимий миллий санъат турларидан ҳисобланади. Ушбу халқ фольклори бахши-жировлар томонидан куйланиб, устоз-шогирд анъанаси орқали бизгача етиб келган. Бахшичиликни асраб-авайлаш, қадимий достонларни ёшларимизга сингдириш ва уларни миллий анъаналар руҳида тарбиялаш, бахшичилик соҳасида дунёга таниқли санъаткорларни етиштириш мақсадида ўтган йили Нукус шаҳрида опера ва бахшичилик санъатига ихтисослаштирилган мактаб-интернат қурилиши бошланган эди.
Жорий йилда битказилган мактаб-интернат операга ҳам ихтисослаштирилди. Чунки Қорақалпоғистонда опера жанрида ўзига хос мактаб яратилган, Муяссар Раззоқова, Кенесбай Сержанов, Ойгул Нодирова, Женисбек Пиязов сингари элга таниқли опера хонандалари юртимиз санъатини дунёга ёйишга катта ҳисса қўшиб келмоқда.
150 ўринли таълим масканида 50 ўринли ётоқхона ва ошхона барпо этилган, синфхоналар ўқув қуроллари ва чолғулар билан жиҳозланган.
Келаси ўқув йилида мактабнинг 5, 6 ва 7-синфларига, 2022/2023 ўқув йилидан бошлаб эса 5-синфига опера йўналишига 10, бахшичилик йўналишига 20 нафардан ўқувчи танлов асосида қабул қилинади.
Давлатимиз раҳбари мактаб-интернатнинг 150 ўринли замонавий концерт зали ва синфхоналарини кўздан кечирди. Қорақалпоқ ёшлари миллий ва замонавий опералардан намуналар ижро этди.
– Бундай мактабларни ташкил этишимиздан асосий мақсад – тарихимизни, маданиятимизни чуқур ўрганиш, ўзлигимизни англаш. Бахшичилик – қорақалпоқ элининг улуғ анъанаси, уни ривожлантириш учун ҳамма шароитларни яратамиз, – деди давлатимиз раҳбари.
Соҳа вакиллари ва ёшлар билан мулоқотда ҳар бир туманда ушбу мактаб-интернатнинг бўлимларини ташкил этиш, шу орқали чекка ҳудудлардаги истеъдодли ёшларни излаб топиб уларни ўқитиш, мактаб негизида консерватория филиалини очиш ва етук бахши-опера хонандаларини тайёрлаш зарурлиги таъкидланди.
Танишув чоғида санъат мактабининг йўналишларини кенгайтириш кераклиги алоҳида қайд этилди. Масалан, халқаро тажрибадан келиб чиққан ҳолда, чет элдан профессор-ўқитувчилар жалб этиш, улар иштирокида маҳорат дарсларини йўлга қўйиш ўқувчиларни мамлакат ва халқаро миқёсдаги танловларга тайёрлашда муҳим ўрин тутади.
Шавкат Мирзиёев мактаб-интернатда ўқувчиларга асосий йўналишлардан ташқари миллий ва Европа чолғуларидан дарс бериш, санъатни кенг тарғиб этиш орқали аҳолининг эстетик савиясини юксалтириш юзасидан тавсиялар берди.
Президентимиз Нукус шаҳридаги «Қорақалпоқ балиқ саноат» масъулияти чекланган жамият фаолияти билан ҳам танишди.
Мамлакатимизда балиқчилик тармоғини жадал ривожлантириш, балиқ маҳсулотлари ишлаб чиқаришнинг замонавий ва инновацион услубларини жорий этиш бўйича бир қатор қонун ҳужжатлари қабул қилиниб, уларнинг ижросини сифатли ва пухта таъминлаш чоралари кўрилмоқда. Хусусан, Президентимизнинг 2020 йил 29 августдаги “Балиқчилик тармоғини қўллаб-қувватлаш ва унинг самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори бу борада муҳим дастуриламал вазифасини ўтайди.
Айниқса, балиқчилик хўжаликларига бириктирилган сув ҳавзаларидан илмий ёндашув асосида самарали фойдаланиш, уларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
“Қорақалпоқ балиқ саноат” жамияти томонидан “Интенсив тарзда балиқ етиштириш ва уни қайта ишлаш” лойиҳаси доирасидаги корхона 1,2 гектар ер майдонида ташкил этилган. Унинг қуввати йилига 200 тонна балиқ, 5 миллион дона балиқ личинкалари етиштириш, 5 минг тонна озуқа ем ишлаб чиқариш ва минг тонналик совуткичли камерада маҳсулот сақлаш имконига эга. У шу йил июлда фаолият бошлади, 35 та иш ўрни яратилган.
Лойиҳанинг аҳамияти шундаки, корхонада ёпиқ сиғимда интенсив усулда балиқ етиштирилади. Яъни, сувдан такроран фойдаланиш эвазига катта ҳажмда сув тежалади. Масалан, 200 тонна балиқ етиштириш учун оддий шароитда 1,5 миллион метр куб сув сарфланса, бу ерда 250 метр куб етарли. Бу Қорақалпоғистон учун жуда муҳим.
Шу ерда қишлоқ хўжалиги тармоқларидаги лойиҳалар тақдимоти бўлиб ўтди. Давлатимиз раҳбари чорвачиликда оилавий кооперцияларни йўлга қўйиб, паррандани кўпайтириб, гўшт нархини арзонлаштириш чораларини кўриш муҳимлигини таъкидлади. Ҳудудда ер ва сувнинг аниқ ҳисобини юритиш, бунга ахборот технологияларини жорий қилиш бўйича кўрсатмалар берилди.
Президент Шавкат Мирзиёев Нукус шаҳрида кўп қаватли турар жойлар ва IT-парк қурилишини кўздан кечирди.
Татибай кўчасидаги янги турар жой мажмуаси замонавий андозалар асосида, зилзилабардош қурилиш материалларидан бунёд этилмоқда. Ташқи деворлар 3 қаватли энергиятежамкор материалдан иборатлиги боис хонадонлар қишда иссиқ, ёзда салқин бўлишга эришилади.
160 та хонадонга мўлжалланган 2 та 16 қаватли уй келаси йилда яшаш учун тайёр ҳолда топширилади.
Президент янги уйнинг шоу-румида бўлиб, уларда яратиладиган шароитлар билан танишди.
Шу ерда IT-парк ҳам қурилмоқда. Бугунги кунда мамлакатимизда 8 та рақамли иқтисодиёт марказлари фаолият кўрсатмоқда, уларда ахборот технологиялари соҳасида ёш мутахассислар тайёрланмоқда.
Мазкур IT-парк рақамли иқтисодиётни ривожлантириш борасидаги ишларнинг узвий давоми бўлиб, у ишга туширилса қорақалпоғистонлик ёшларга ахборот-коммуникация технологиялари соҳасида изланишлари учун кенг имконият очилади.
Маълумки, жорий йил мамлакатимизда “Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили” деб эълон қилинган. 8 июнь куни Президент ҳузурида ўтказилган тақдимотда ҳудудларда соҳа ривожига шароит яратиш, Бухоро, Наманган, Нукус, Самарқанд, Урганч ва Жиззах шаҳарларида Тошкентдаги IT-парк филиалларини ташкил этиш бўйича вазифалар белгилаб берилган эди.
Нукус шаҳрида барпо этилаётган IT-парк 16 қаватдан иборат бўлади. Уни 2021 йилда ишга тушириш режалаштирилган.
Бу ерда ахборот технологиялари бўйича мутахассислар қишлоқ хўжалиги, соғлиқни сақлаш, коммунал хўжалик, таълим, туризм, маданият, қурилиш ва транспорт каби соҳаларда истиқболли лойиҳалар устида иш олиб боради. Шунингдек, рақамли технологиялар ўқув маскани, коворкинг маркази, ўқув ва киберспорт хоналарида ёшларга ахборот технологиялари бўйича билим берилади.
Президент Шавкат Мирзиёев қурилиш жараёнини кўздан кечирар экан, Тошкент шаҳридаги ҳар қандай истиқболли янгиликлар Нукус шаҳрида бўлиши кераклигини, ҳар бир туманлардаги кўчаларни замонавий шаклга келтириш ва одамларга қулайлик яратиш лозимлигини таъкидлади.
– Тошкентда нима янгилик бўлса, Нукусга келиши керак, – деди Президент. – Янгича ишламасак, замон қабул қилмайди.
Давлатимиз раҳбари Тошкент шаҳри туманларини Нукус шаҳри маҳаллаларига бириктириш, кўчаларни ёритиб, ободонлаштириб, савдо ва хизмат шохобчаларини кўпайтириш, аҳолининг дам олиши учун шароитларни кенгайтириш зарурлигини таъкидлади.
Шу билан Президент Шавкат Мирзиёевнинг Қорақалпоғистонга ташрифи якунланди.
- Advertisement -

Latest news

- Advertisement -

Давлат иштирокидаги корхоналарни ислоҳ қилишни жадаллаштириш ҳамда давлат активларини хусусийлаштиришга оид чора-тадбирлар тўғрисида

Ўзбекистон Республикаси Президентининг ф а р м о н и Сўнгги йилларда мамлакатимизда қулай инвестициявий муҳитни яратиш, хусусий мулк эгаларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш...

Судлар фаолиятини рақамлаштириш нима афзалликларга эга?

Мамлакатимизда судлар фаолиятини янада ривожлантириш, бу борада судлар фаолиятини рақамлаштириш юзасидан кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Хусусан, ўтган давр мобайнида судларга масофадан туриб мурожаат қилиш,...

Related news

Давлат иштирокидаги корхоналарни ислоҳ қилишни жадаллаштириш ҳамда давлат активларини хусусийлаштиришга оид чора-тадбирлар тўғрисида

Ўзбекистон Республикаси Президентининг ф а р м о н и Сўнгги йилларда мамлакатимизда қулай инвестициявий муҳитни яратиш, хусусий мулк эгаларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш...

Судлар фаолиятини рақамлаштириш нима афзалликларга эга?

Мамлакатимизда судлар фаолиятини янада ривожлантириш, бу борада судлар фаолиятини рақамлаштириш юзасидан кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Хусусан, ўтган давр мобайнида судларга масофадан туриб мурожаат қилиш,...
- Advertisement -