0,00 UZS

No products in the cart.

15.8 C
London
Yakshanba, Sentabr 25, 2022

«ЙТҲВИРУС» COVID-19дан хавфлироқ!

- Advertisement -
- Advertisement -

Инсоният охирги бир асрдан кўпроқ вақт мобайнида кўплаб катта урушлар, тийиқ билмас эпидемиялар, техноген фожиаларни бошдан ўтказ(яп)ди. Курашди, курашяпти; қарши чоралар излади, излаяпти; тобланди, тобланиб боряпти. Минг ваҳки, санаб ўтилган ушбу фожиалар ичида умумдоир бало ҳам «яшаб» келяпти: у ҳам бўлса, йўл транспорт воситалари билан боғлиқ тўқнашувлар, ҳалокатлардир. Бошқача айтсак, ҳар куни ён-веримизда, кўзга қадалган киприкдек. Киприк ўзинг, кўз ўзинг. Айб ўзинг. Якун ўзинг. Аммо чора масаласи…

Маълумки, БМТ томонидан ноябрь ойининг учинчи якшанбаси «Бутунжаҳон йўл-транспорт ҳодисалари қурбонларини хотирлаш куни» (World Day of Remembrance for Road Traffic Victims) деб эълон қилинган. (2005 йил 26 октябрь.) 2021 йилдагиси 21 ноябрга тўғри келди.

Биз, биринчи хатбошида бежиз ЙТҲни урушлар, фожеалар билан бир қаторга қўймадик. Сабабки, айнан ўша учинчи ноябрь якшанбасида ўзига хос «рамзийлик» бор. Рамзийликки, йўл-транспорт ҳодисалари қурбонларини хотирлаш кунини белгилаш ташаббуси Буюк Британиянинг RoadPeace хайрия ташкилотидан чиққан, маълумки, Буюк Британия ва унга ҳамдўст мамлакатларда ҳар йил ноябрь ойининг иккинчи якшанбаси урушлар ва можароларда ҳалок бўлганлар хотирланадиган кун. Учинчи якшанба – ЙТҲ қурбонлари хотираси. Қўштирноқ ичида узвий боғлиқлик. Шундайми?

Шундай қилиб, ушбу кунда ЙТҲ оқибатида ҳалок бўлган инсонларнинг оила аъзолари, яқинлари зиёрат қилинади, ҳамдардлик билдирилади. Боқувчисини йўқотганларга хайрия ташкилотлари томонидан моддий ва маънавий кўмак кўрсатилади. Имкон қадар. Бизда-чи?..

БМТ Бош Ассамблеяси 2020 йил 31 августда «Дунё бўйлаб йўл ҳаракати хавфсизлигини яхшилаш» резолюциясини қабул қилди. Мақсад – 2030 йилгача йўл-транспорт ҳодисалари билан боғлиқ ўлимлар ва жароҳатлар даражасини 50 фоизгача камайтириш. Гарчи бу чорлов умумжаҳон миқёсида эса-да, аслида қачонки умумҳаракатга айлансагина натижа кўрсатиши кундек равшан. Инсоният охирги марта Covid-19 балосига қарши ана шундай жипслик кўрсатди. Олд тўлқинларини қайтарди. Эм-вакцина ишлаб чиқди.

Сезиб турибсизки, бунда ҳар бир давлат ўз ҳудудидаги ЙТҲ муаммоларига ичдан боқиши, муносиб баҳо бериши, мунтазам профилактик тадбирлар олиб бориши, фуқароларида бу борада иммунитет, пировардида маданият шакллантириши, тинимсиз ўстириб бориши шарт.

Аввал ич, сўнг таш — ён қўшниларга…

ИИВ Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармаси маълумотига кўра, Ўзбекистонда 2021 йилнинг 10 ойи давомида 7681 та ЙТҲ содир бўлган. Ҳалок бўлганлар сони 1964 нафар! Жароҳатланганлар эса 6886 нафарни ташкил этган.

Виртуал оқим шиддатидан оғишмай биргина мисол келтирсак. Яқиндагина ижтимоий тармоқларда Тошкент вилояти Чиноз туманидан ўтувчи ички йўлга (120 метр масофа ичида) 20 дан ортиқ пиёдалар ўтиш жойи белгиси ўрнатилганлиги видеотасвири тарқалди. Қочирим, киноя, ҳазил-истеҳзолар янгради.

Кўп ўтмай ЙҲХББ матбуот хизмати бу ҳолат ҳақида расмий тарзда «Мазкур йўл қурилишида белгиларни ўрнатиш ишлари Тошкент вилояти ИИББ ЙҲХБ масъуллари билан келишилмагани, бунинг натижасида белгилар нотўғри ўрнатилгани маълум бўлди. Ушбу хатолик бартараф этилиб, амалдаги тартибга кўра йўлни белги ва чизиқлар билан жиҳозлаш ишлари амалга оширилмоқда», дея хабар берди.

Хўш, нега шундай «ўзбошимчалик» қилинган? Бу савол билан кимдир қизиқдими? Аҳоли бежиз бу ишга қўл урмагандир?

Энди мана бу маълумотга эътибор беринг:

ИИВ ЙҲХББ тарқатган 10 ойлик ҳисоботда келтирилишича, пиёдалар ўтиш жойи бўлмаганлиги сабабли йўлни белгиланмаган жойдан кесиб ўтиш билан боғлиқ ЙТҲлар сони 1705 та (умумий ЙТҲларининг 22,2 фоизи)ни ташкил этган!

Бошқа ҳолатларнинг ҳар бирини ижикилаб келтириб, сабрингизни синаш ниятимиз йўқ. Таққосга ўтсак. Фақат қисқа-қисқа. Турфа хил.

Қозоғистон Республикаси. 2021 йилнинг 8 ойи мобайнида 8307 ЙТҲ қайд этилган бўлиб, 12205 киши жабрланган, 1258 нафар одам ҳалок бўлган. ЙТҲнинг ўсиши аввалги даврларга нисбатан 10,2 фоизга ошган, 87 фоиз ҳолатда ҳайдовчилар айбдор деб топилган.

Қирғизистон Республикаси. Ҳар куни ЙТҲ оқибатида ўртача 25 киши жабрланади. Охирги 10 йил давомида 10 мингдан ортиқ одам ЙТҲ қурбонига айланган. 2021 йилнинг 6 ойида 3400 та ЙТҲ қайд этилган. 329 киши ҳалок бўлган. Қирғизистонда ЙТҲларида ҳар 100 минг аҳолига тақрибан ўртача 15 киши ҳалок бўлади.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти тарқатган ҳисоботда (ҳисобот ҳар 3–5 йилда эълон қилинади. Бу галгиси – 2019 йил) қайд этилишича, Ўзбекистонда содир бўлаётган ЙТҲ қурбонлари сони ҳар 100 минг кишига тақрибан 11,7, Қозоғистонда 12,7, Туркманистонда 13,5, Тожикистонда 15,7 Афғонистонда 15,9 тани ташкил этмоқда. Рўйхат бошида Доминикан Республикаси – 64,6! Сўнгги ўринларда Исландия, Сингапур, Норвегия, Швецария, Швеция…

Дарвоқе, номини эшитмаган ҳам чиқарсиз, ЙТҲда умуман бир киши ҳам ҳалок бўлмагани бор экан: Антигуа и Барбуда! Кариб денгизи ҳавзасидаги орол-мамлакат. Аҳолиси 100 мингга ҳам етмайди. Бироқ маълумот барибир маълумотда.

Тожикистон Республикаси. Ҳар куни йўлларда ўртача бир киши ҳалок бўлади яна уч нафари жароҳат олади…

«Хуни арзон, бадали енгил(ми?)»

Статистикаю рақамлардан кўз чарчади, дейсизми? Марҳамат, навбат – мушоҳадага.

Антик давр файласуфларидан бири «Жазо – ўйиқ-йиртиқ матога солинган ямоқ кабидир» деганди. Яъниким, айбдорни жазолар экансиз, барибир ўлган одамни тирилтира олмайсиз, яқинининг садпора қалбига зиғирча малҳам бўласиз, холос. Аммо масаланинг жамоатчилик учун бошқа бир ўта муҳим томони борки, жазонинг муқаррарлиги, қатъийлиги. Ижтимоий хавф даражасига тўғри баҳо берилиши. Албатта, бу ерда инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари тамойили биринчи ўринда туради.

Даставвал Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг XVIII бобига қараймиз. Транспорт ҳаракати ва ундан фойдаланиш хавфсизлигига қарши жиноятлар.

Келинг, моддаларни айнан келтирмаймизда, жавобгарлик масаласига эътибор қаратамиз.

Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг XVIII боби. 266-модда.

Транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш
Ўша қилмиш:
а) одамлар ўлимига;
б) ҳалокатга;
в) бошқа оғир оқибатларга сабаб бўлса, — муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиб, ўн йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Қозоғистон Республикаси. Жиноят Кодексининг XIV боби. 345-модда.

Транспорт воситаларини бошқараётган шахслар томонидан йўл ҳаракати ёки транспорт воситаларидан фойдаланиш қоидаларини бузиш.

«… икки ёки ундан ортиқ шахснинг ўлимига сабаб бўлса, – Етти йилгача муайян лавозимларни эгаллаш ёки муайян фаолият билан шуғулланиш ҳуқуқидан маҳрум қилиб, беш йилдан ўн йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Россия Федерацияси. Жиноят кодексининг XXVII боби. 264-модда.

Йўл ҳаракати ва транспорт воситаларидан фойдаланиш қоидаларини бузиш.

«…икки ёки ундан ортиқ шахснинг ўлимига сабаб бўлса, агар –
a) маст ҳолатда бўлган шахс томонидан содир этилган бўлса;
b) топширилган жойни тарк этиш билан боғлиқ бўлса, –
уч йилгача муайян лавозимларни эгаллаш ёки муайян фаолият билан шуғулланиш ҳуқуқидан маҳрум қилиб, саккиз йилдан ўн беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Очиғи, бу қабилдаги таққослардан ўнлаб келтириш мумкин, четдан қарасангиз, ҳаммаси ҳуқуқий баҳо борасида бинойидек. Ҳарҳолда суд томонидан кўпи билан берилган 10 йил жазо муддати адолатлидек, айбдор хулоса чиқариши учун жўн муддат эмас. Лекин жазонинг ўзи қаттиқ ва муқаррарлиги принципи етарлими?

Гап «Муайян ҳуқуқдан» ёхуд «муайян лавозимдан» маҳрум қилиш иборалари ҳақда кетмоқда. Бунда катта эҳтимол билан «автотранспорт воситасини бошқариш ҳуқуқидан маълум муддат маҳрум қилиш» ёки «қилмишигача бўлган, унга тенглаштирилган лавозимда маълум вақт ишлай олмаслиги» назарда тутилади. Баъзан, ЙТҲ содир этиб, одамлар ўлимига сабаб бўлган «учарлар»ни ҳайдовчилик гувоҳномасидан умрбод маҳрум қилиш керак, деган фикр чулғайди, кишини. Албатта, инсон ҳуқуқ ва эркинликлари борасида гап бўлиши мумкин эмас. Лекин ҳуқуқ бошқа бир ҳуқуқ олдида тўхтайдими?

ВОҚЕА (ЖАБРЛАНУВЧИЛАРНИНГ ЯҚИНЛАРИ ТИЛИДАН):

Ўзига бино қўйган, йўл-ҳаракати хавфсизлиги қоидаларини писанд қилмаган биттаси ЙТҲ содир этиб, икки навраста йигитнинг бевақт ўлимига сабаб бўлади. Суд. Озодликдан маҳрум қилиш. Амнистия акти. Тўрт йил ўтиб-ўтмай ташқарилайди. Ҳозирда ҳеч нарса бўлмагандай яна машина елдириб юрибди.

Жамоатчиликнинг баъзи қатламлари йўл ҳаракати қоидалари билан боғлиқ жарималар
миқдори катталигини кўп танқид қилади. Бу чиндан баҳсли масала. Энг бирламчиси – жарималар аҳолининг ўртача даромадига мутаносиб эмаслиги. Бу қарашга қаршилар эса шундай дейди: марҳамат, қоидани бузманг, жарима ҳам тўламайсиз. Муноқаша давом этади. Ноқулай инфраструктура, нобоп йўллар, автотураргоҳлар етишмаслиги, йўл белгиларини тегишли жойга ўрнатиш ва ҳоказо…

Айтганча,

«Автотест» машмашаси ёдингиздадир? Юридик шахслар тасарруфидаги транспорт воситалари ҳайдовчиларининг малакасини ҳар икки йилда ошириб бориш тўғрисида ҳукумат даражасида ҳужжат эълон қилинган, аввалига «Автотест» монопол бўлмоқчи, сўнгроқ эса жамоатчилик қаршилиги сабаб лицензиялар бошқа шу йўналишдаги марказлар томонидан ҳам бериладиган бўлган. Бу мавзуга бот қайтаётганимизнинг боиси, хўш, ушбу тизим нечоғлик самара бермоқда? Ҳайдовчига икки йиллик лицензия бераётган масъул ташкилотларда малака ошириш билан боғлиқ ҳамма шароитлар бадастир қилинганми? Халққа очиқ, ошкора маълумотлар бериб бориляптими? Ёки малака оширувчилар ҳафта-ўн кун шунчаки қатнаб, якунда кўзбўямачиликка ҳисса қўшмоқдами? Саволлар бисёр. Жавоблар қарс-қарс чиқса, қанийди…

Дейлик, «Avtotest Report» МЧЖ бу мавзуда сўнгги икки йилдаги ютуқларини эълон қилмоқдами? Лицензия имтиҳони шаффофлиги масаласи-чи?

Саволларга жавоблар янграмас экан, «бу тартиб шунчаки юридик шахслардан пул йиғиб олиш учун бир туйнук» қабилдаги хавотирлар ғимирлайверади…

Умуман олганда,

Сўнгги пайтларда жамоатчилик вакиллари, мутахассислар ва фаолларнинг ЙТҲ билан боғлиқ кўнгилсизликлар, йўллардаги вазиятни яхшилаш ҳақидаги чиқишларини кузатаркансиз, қуйидаги тенденциялар кўпроқ кўзга ташланмоқда:

  • Йўл ҳаракати маданиятини ошириш, айниқса бу борада болалар таълимига жиддий эътибор қаратиш;
  • ОАВ (тв, радио, босма даврий нашрлар, интернет, ижтимоий тармоқлар) ҳуқуқбузарликлар ва ЙТҲларининг олдини олиш бўйича тарғиботни кучайтириш;
  • Шаҳарларда автомобиллар тезлигини сезиларли даражада камайтириш – мактаблар ва мактабгача таълим ташкилотлари яқинида тезликни соатига 30 км қилиб белгилаш;
  • Йўл белгиларини ўрнатишда, айниқса шаҳарларда ўзибўларчиликка йўл қўймаслик;
  • Муқобил транспорт турлари учун инфратузилмани яхшилаш;
  • Кўчаларни реконструкция қилишда пиёдалар йўлаги чизиқларини ёрқинроқ қилиш;
  • ЙПХ масканларида йўлларда ҳуқуқбузарликларнинг асосий сабаблари бўйича маълумотларни мунтазам тўплаб бориш, таҳлил қилиш, жамоатчилик учун очиқ бўлиши;
  • Транспорт воситалари тезлигини қайд этувчи фото-видео камераларни кўпайтириш;
  • Оғир оқибатларга олиб келадиган ЙТҲлари учун жазони кучайтириш ва бу ҳолатларга қасддан содир этилган жиноят сифатида қараш.

Яқин келажак – биздан ташқарида

Европа Иттифоқи ҳудудида 2022 йил 1 июлдан бошлаб, автомобил тезлигини мажбурий камайтириш тизими амал қилиниши кутилмоқда. Бунда автомобил ишлаб чиқарувчилар машинага махсус қурилма (Intelligent Speed Assistance) ўрнатиши мажбурий бўлади.

Ақлли қурилма GPSга боғлик равишда йўл белгиларини танийди ҳамда тезлик чекланган ҳудудларда автоматик равишда тезликни пасайтиради. Ҳайдовчи тепки(педал)га қанча зўр бермасин, тезлик белгиланган ҳудуд тарк этилмагунча меъёрдан ошмайди. Бу ташаббус ҳозирданоқ олқишланяпти, қарши чиқаётганлар ҳам табиийки, бор. Аммо Еврокомиссия аҳдида қатъий турибди. Мақсад – 2050 йилга бориб айни шу қоидабузарликлар бўйича ўлимлар сонини нолга тушириш. Европа транспорт хавфсизлиги прогнозларига кўра, 2038 йилга келиб, жиддий йўл-транспорт ҳодисаларида жабрланганлар сони 140 мингга камайишига эришилади.

Юқорида келтирилган рақамлар, ҳуқуқий боислар, муаммолар, тортишувлар, саволлар, илғор технологиялар инсониятни жиддий хатар – йўл транспорт ҳодисалари оқибатларидан огоҳлантирмоқда. Ҳушёрлик талаб этмоқда.

Охири айланиб келиб, барибир ўзимизга боғлиқлиги эса инкор қилинмас ҳақиқат. Зеро, йўл маданиятимизни юксалтириш орқали олдиндаги муқаррар фожиаларнинг олдини олган бўламиз.

Ҳамиша айтадиган тилагимиз: сафарингиз бехатар, йўлингиз оқ бўлсин!

Аслиддин Алимардон

- Advertisement -

Latest news

“Tadbirkorlik kodeksi” – tadbirkor manfaatlari uchun”

Adliya vazirli tomonidan manfaatdor idoralar bilan hamkorlikda Tadbirkorlik kodeksi loyihasi ishlab chiqilib muhokamaga joylashtirilgan. Kodeks loyihasi yuzasidan taklif va mulohazalarni muhokama qilish, loyihani takomillashtirish bo‘yicha...
- Advertisement -

2022-yil avgust soni

«Huquq va burch» jurnali Chop etilgan vaqti: 2022-yil, avgust Sahifalar soni: 64 sahifa Chop etilgan maqolalar soni: 13 tа Jurnal bahosi: 20 000 so‘m   MUNDARIJANI KO‘RISH YUKLAB OLISH     USHBU SONDA: O‘ZBEKISTON NOTARIATI...

O‘z-o‘ziga huquqiy xizmat ko‘rsatish – “Legal Tech” orqali huquqiy xizmatlarga bo‘lgan ehtiyojni ta’minlash

Hozirda butun dunyo mamlakatlari mavjud ijtimoiy munosabatlarning har bir sohasini tez va shaffof rivojlantirish maqsadida raqamli texnologiyalarni qo‘llayapti. Mana shunday texnologiyalar huquq sohasiga ham...

Yillik mehnat ta’tillari haqida nimalarni bilamiz?

Dam olish vaqtining alohida turi hisoblanuvchi mehnat ta’tillarini olishga bo‘lgan huquqlarini kafolatlash xodimlarning mehnat munosabatlaridagi huquqlarini ustuvor darajada himoya qilishni ta’minlaydi. Xodimlarning dam olish vaqti...

Related news

“Tadbirkorlik kodeksi” – tadbirkor manfaatlari uchun”

Adliya vazirli tomonidan manfaatdor idoralar bilan hamkorlikda Tadbirkorlik kodeksi loyihasi ishlab chiqilib muhokamaga joylashtirilgan. Kodeks loyihasi yuzasidan taklif va mulohazalarni muhokama qilish, loyihani takomillashtirish bo‘yicha...

2022-yil avgust soni

«Huquq va burch» jurnali Chop etilgan vaqti: 2022-yil, avgust Sahifalar soni: 64 sahifa Chop etilgan maqolalar soni: 13 tа Jurnal bahosi: 20 000 so‘m   MUNDARIJANI KO‘RISH YUKLAB OLISH     USHBU SONDA: O‘ZBEKISTON NOTARIATI...

O‘z-o‘ziga huquqiy xizmat ko‘rsatish – “Legal Tech” orqali huquqiy xizmatlarga bo‘lgan ehtiyojni ta’minlash

Hozirda butun dunyo mamlakatlari mavjud ijtimoiy munosabatlarning har bir sohasini tez va shaffof rivojlantirish maqsadida raqamli texnologiyalarni qo‘llayapti. Mana shunday texnologiyalar huquq sohasiga ham...

Yillik mehnat ta’tillari haqida nimalarni bilamiz?

Dam olish vaqtining alohida turi hisoblanuvchi mehnat ta’tillarini olishga bo‘lgan huquqlarini kafolatlash xodimlarning mehnat munosabatlaridagi huquqlarini ustuvor darajada himoya qilishni ta’minlaydi. Xodimlarning dam olish vaqti...
- Advertisement -