“Адолат” Миллий ҳуқуқий ахборот маркази ҳамда Тошкент давлат юридик университети ўртасида ҳамкорлик келишуви имзоланди.

Ҳамкорликдан кўзланган асосий мақсад “юриспруденция” мутахассислиги бўйича юридик кадрларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш бўйича базавий олий таълим ва илмий-методик муассасаси ҳисобланган Тошкент давлат юридик университетининг илмий салоҳиятидан қонунчилик ҳужжатлари, шу жумладан, кодексларга шарҳлар ёзишда фойдаланиш, қонунчилик ҳужжатларининг моҳиятини ҳамда мамлакатда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг аҳамиятини кенг ёритишга доир тарғибот ва медиа материалларини биргаликда ишлаб чиқиш ва тарқатишдан иборат.

Келишувга кўра, қуйидаги йўналишларда ҳамкорлик олиб бориш кўзда тутилган:

– 2021 йил сўнггига қадар Ўзбекистон Республикасининг барча кодексларига шарҳлар тайёрлаш;

– ҳуқуқий тарғибот тадбирларини биргаликда ўтказиш, тарғибот ҳамда медиа материалларни биргаликда ишлаб чиқиш ва тарқатиш;

– юридик адабиётларни биргаликда тайёрлаш;

– юридик адабиётлар ва илмий тадқиқот ишларини таҳрир қилиш ва нашрга тайёрлаш.

Бунда, юридик адабиётлар ва қонунчилик ҳужжатларига шарҳлар тайёрлашда, шунингдек, энг долзарб бўлган ҳаётий ҳуқуқий масалалар, қонунчиликдаги янгиликлар юзасидан тарғибот ва медиа материалларини ишлаб чиқиш ишларига ТДЮУнинг профессор-ўқитувчилари бевосита жалб қилинади.

“Адолат” миллий ҳуқуқий
ахборот маркази