0,00 UZS

No products in the cart.

17.5 C
London
Yakshanba, Avgust 1, 2021

Ижтимоий тармоқларда ҳуқуқий тарғибот: тавсиф, таҳлил ва тавсиялар

- Advertisement -
- Advertisement -

Ҳар бир инсоннинг ахборот олиш, тўплаш ва тарқатиш ҳуқуқи қонун билан кафолатланган. Аммо олинаётган ва тарқатилаётган ахборот ишончли, хавфсиз ва холис бўлиши, давлат ва жамият манфаатларига зиён етказмаслиги керак.

Ижтимоий тармоқларнинг пайдо бўлиши дунёни икки қисмга бўлиб юборди: онлайн ва оффлайн. Халқаро электр алоқаси иттифоқининг 2019 йил 5 ноябрдаги маълумотига кўра дунёда 4,1 миллиард одам, яъни сайёрамиз аҳолисининг ярмидан кўпи интернетдан фойдаланмоқда ва бу кўрсаткич тобора ортиб бораяпти. Айни пайтда дунёда юзлаб ижтимоий тармоқлар мавжуд, ҳар бири 10 миллиондан ортиқ аъзога эга бўлган тармоқлар сони ҳам
20 дан ошади. Мазкур тармоқлардаги аккаунтларнинг умумий сони 6 миллиарддан кўпроқ.

Тадқиқотлар ижтимоий тармоқлар фойдаланувчиларининг асосий қисмини 16 ёшдан 30 ёшгача бўлганлар ташкил этаётганини кўрсатади. Бугунги ёшларнинг деярли барчаси ижтимоий тармоқларда фаол эканини инобатга оладиган бўлсак, бу тармоқларнинг қанчалик жиддий куч эканини тасаввур қилиш қийин эмас.

Маълумки, ижтимоий тармоқларда исталганча дўст орттириш, гуруҳларга аъзо бўлиш, улашилган ҳаволаларга кириб кўриш, тарқатилган материалларга лайк босиш, ўз қарашларини тарғиб қилиш имкониятлари мавжуд.

Ижтимоий тармоқларнинг қулай жиҳат ва имкониятларидан илм-фан, техника ва технологиялар, адабиёт ва санъат, жумладан, ҳуқуқ-тартибот тизимида ҳам фаол фойдаланилмоқда.

Жумладан, ижтимоий медиа ҳуқуқ тарғиботи ва аҳолининг ҳуқуқий саводхонлигини оширишнинг энг қулай, оммабоп воситаси эканини бугун ҳеч ким инкор этолмайди. Фақат бу воситадан фойдаланиш самарадорлигини оширишда унинг имкониятларини тўла ўзлаштириш, контентнинг қизиқарли ва жозибадорлигини ошириш, тарғибот материалларининг халқчил, оммабоп, осон тил ва усулда тайёрланишига эришиш лозим.

Бугун «YouTube», «Telegram», «Facebook», «Twitter» ва бошқа ижтимоий тармоқларда ҳуқуқий мавзудаги юзлаб гуруҳлар, бот ва каналлар, аккаунтлар фаолият кўрсатади. Уларнинг айримлари аллақачон юз минглаб обуначиларни тўплаб улгурган.

Ижтимоий тармоқлар ҳаётимизни анча осонлаштириш баробарида бизни ўзига янада кучлироқ жалб этмоқда. Улар ёрдамида мусиқа тинглаш, китоб ўқиш, суратлар томоша қилиш ва бошқа кўплаб ишларни бажариш мумкин.

Ижтимоий тармоқ тилимиздаги ҳали оҳори тўкилмаган атамалар қаторидан чиқмаган бўлса-да, унинг илдизлари анча узоққа бориб тақалади. У ҳақидаги ибтидоий тасаввурлар бир қатор ёзувчиларнинг асарларида ҳам учрайди. Бунга Томас Мор, Герберт Уэльс, Жорж Оруэлл, Рей Брэдбери, Генри Слизар, Жанни Родари сингари адибларнинг асарларини мисол келтириш мумкин.

Бугунги замонавий блоглар, ижтимоий тармоқлар, интернет тизими рус ёзувчиси ва файласуфи Владимир Одоевскийнинг (1803-1869) «4338 йил» романида ҳам ўз аксини топган эди. 1837 йилда ёзилган ушбу асарда тас­ вирланган манзаралар нимаси биландир XXI асрни эсга солади. Унда тасвирланишича, турли уйлар ўртасида магнетик телеграф мосламалари ўрнатилган бўлиб, одамлар уйларидан чиқмасдан туриб ўзаро мулоқот қиладилар. Ушбу мосламалар орқали улар ўз оилаларида юз бераётган воқеа-ҳодисалар, жамиятдаги ўзгаришлар, кундалик масалалар юзасидан фикр алмашадилар.

Албатта, ўша пайтда ўқувчилар бу тафсилотларга шунчаки адибнинг тахайюли маҳсули ўлароқ қараганлар. Орадан бир ярим асрдан кўпроқ вақт ўтиб бу тахайюл ҳақиқатга айланиши ҳеч кимнинг тасаввурига сиғмаган бўлса керак.

«Ижтимоий тармоқ» атамасини 1954 йилда социолог Жеймс Барнс муомалага
киритган бўлиб, ўша пайтларда унинг интернетга алоқаси бўлмаган ва унга шундай таъриф берилган:

«Ижтимоий тармоқ – ижтимоий объектлар ҳисобланадиган (одамлар ва ташкилотлар) тугунлар гуруҳи ва улар орасидаги алоқалар (ижтимоий муносабатлар)дан таркиб топган ижтимоий тузилмадир».

Оддийроқ қилиб айтганда, ижтимоий тармоқ – маълумотлар, бир тарафлама ёки икки тарафлама алоқаларга эга бўлган одамлар гуруҳидир.

1969 йилда интернет тармоғи пайдо бўлиши билан Жеймс Барнснинг назарияси долзарб аҳамият касб эта бошлади. Бу эса ўз навбатида ижтимоий тармоқларнинг «халқаро ўргимчак тўри»да янада кенг оммалашувига олиб келди.

Компьютер техникаси ёрдамида яратилган илк ижтимоий тармоқ 1971 йилга тегишли –
унинг аъзолари ўша пайтларда муомалада бўлган ARPANET тизими орқали ўзаро маълумот алмашишган. Орадан 17 йил ўтиб, 1988 йилда финляндиялик олим Ярко Ойкаринен «IRC» – қайта трансляция қилинадиган интернет-чатга асос солди. Бу эса фойдаланувчиларга реал вақт давомида ўзаро мулоқотга киришиш имконини берди.

Бугунги кўринишдаги дастлабки ижтимоий тармоқ – Classmates.com илк бор америкалик Рэнди Конрадс томонидан тузилган. Унга дастлаб турли олий ўқув юртлари битирувчилари аъзо бўлишган. Бу тармоқ орқали кейинчалик ҳар бир битирувчи синфдош ва курсдошларини излаб топа оладиган бўлди. Бизда бир пайтлар анча оммалашган «Одноклассники» ҳам ушбу ижтимоий тармоқнинг русча кўриниши эди.

Айни пайтда оммалашган айрим ижтимоий тармоқ ва мессенжерларга қисқача таъриф бериб, уларда ҳуқуқий тарғиботни қандай юритишга доир тавсияларимизни бериб ўтсак.

YouTube – фойдаланувчиларга видеомаҳсулотни сақлаб олиш, етказиб бериш ва кўриш имконини берувчи видеохостинг ҳисобланади. Фойдаланувчилар тармоққа чиқарилган видеолавҳаларга изоҳ билдиришлари, баҳолашлари, сақлаб олишлари, бўлишишлари мумкин. 2012 йил январь ойида сайтга жойлаштирилган жами видеолавҳалар сони 4 миллиардга етган.

Бугунги кунда YouTube халқаро реклама бозоридаги энг йирик платформалардан биридир. 2019 йил якунларига кўра YouTube видеосервисидаги рекламадан тушган даромад 15,15 миллиард АҚШ долларини ташкил этди.

Бу каналда иш юритиш ва кутилган натижаларга эришиш учун ижтимоий тармоқлардаги фаолликдан ташқари бошловчилик, режиссёрлик, журналистлик, продюсерлик маҳорати ҳам талаб этилади. YouTube саҳифаси орқали минглаб, юз минглаб мухлисларга эга блогерлар жуда кўп.

Ҳар бир интернет фойдаланувчиси деярли ҳар куни ҳуқуқий масалалар билан тўқнаш келади. YouTube эса бундай масалаларга ечим топишда муҳим платформа экани кўпчиликка маълум.

Шу билан бирга, YouTube видеоблог юритишнинг энг ишончли ва осон ҳамкорларидан бири саналади. Чунки YouTube ўз аъзолари сони ошишидан манфаатдор: намойиш этилаётган материаллар учун сиздан пул талаб қилмайди. Фақат бунинг эвазига сизнинг ушбу тармоққа жойлаган контентингиз орасида (агар обуначилар сони 10 минг кишидан ошса) ўз рекламаларини жойлаштиради ва бундан пул ишлаб олиш имкониятини ҳам тақдим этади.

YouTubeда бемалол йирик ҳажмдаги тарғибот фильмлари, видеороликлар, видеоблоглар, кўрсатувларни жойлаш мумкин. YouTube асосан видеоконтент учун мўлжалланган. Шу сабабли ундан интернет тезлиги юқори бўлган жойларда кўпроқ фойдаланишади.

Facebook бугунги кунда икки миллиарддан ортиқ аъзоси билан дунёдаги энг йирик ижтимоий тармоқ бўлиб турибди. У фойдаланувчилар учун ўзи ҳақида суратлар ва маълумотлар бериш, дўстларни таклиф қилиш, улар билан хабар алмашиш, ўзининг ва бошқаларнинг «девор»ларида хабар қолдириш, «тасма»да айланаётган суратлар ва материалларни изоҳлаш, турли соҳа ва қизиқишлардан келиб чиқиб гуруҳлар яратиш имконини беради.

Тармоққа 2004 йил 4 февраль куни Ҳарвард университети талабаси Марк Цукерберг ҳамда унинг сабоқдош дўстлари Эдуардо Саверин, Дастин Москевиц, Крис Хьюзлар асос солишган. Тармоққа дастлаб фақат Ҳарвард университети, кейинчалик Бостондаги бошқа олий таълим муассасалари ва ниҳоят АҚШнинг барча университетлари талабалари кира олишган бўлса, 2006 йилдан бошлаб электрон почтага эга бўлган бутун дунё интернет фойдаланувчилари бундай имкониятга эга бўлишган.

Ўзбекистон шароитида Facebook орқали ҳуқуқий тарғибот материалларини тарқатиш яхши самара бериши мумкин. Facebook нафақат бирор маълумотни қолдириш, балки у
ҳақда бошқаларнинг фикрини, изоҳларини ўрганиш учун ҳам анча қулай. Facebookдан бугунги кунда деярли бутун дунёда фойдаланилиши ундаги материалларни хориждаги ҳамюртларимиз билан ҳам бўлишиш имконини беради. Ҳар бир хабарга (пост) муносабат билдириш имконининг борлиги ҳуқуқий соҳадаги бирон-бир ўзгаришни жамоатчилик қандай қабул қилаётганини билишда муҳим ўрин тутади.

Постлар хатосиз, содда, аниқ ва тўғри бўлиши керак. Имкони борича инфографика, фотосурат, роликлардан фойдаланган маъқул. Чунки аксарият фойдаланувчилар воқеликни визуал қабул қилишни афзал кўради. Яъни, ўқишни эмас, кўришни хоҳлашади. Шу сабабли қайсидир қонун ёки қарор матнини саҳифага жойлаш ёки тегишли сайтга ҳавола (линк) бериш билан мақсадга эришиш қийин.

Тарғибот сўзи одамларни чўчитиб қўйиши мумкин. Шу сабабли одатда тарғибот имкон қадар енгил, халқчил, аҳоли осон ҳазм қиладиган даражада бўлиши керак. Қонун, қарор ёки фармондан тўғридан-тўғри иқтибос ёки кўчирма келтиришдан қочиш керак. Чунки бундай матнларни ҳуқуқий сайтлардан ҳам бемалол топса бўлади.

Инстаграм – ижтимоий тармоқлар ичида юлдузи. Чунки бугун замонамизнинг барча юлдузлари ўша ерда. Балки шу сабаблидир, инстаграм контингенти бугун ижтимоий тармоқлар орасида энг шиддат билан ўсаётган тармоқдир. У ерда реклама ва тарғибот катта масштабли, салмоқли ва самарали бўлиши мумкин. Фақат инстаграмни тўғри юритишни ва у ернинг «аҳолиси» қизиқишларини ҳисобга олган мос контент тақдим қилишни билиш керак.

Инстаграмга олдинроқ кирганнинг ошиғи олчи, уларни кузатувчилар аудиторияси аллақачон шаклланган ва содиқ. Янги иштирокчи сифатида кириб бориб бирданига бундай муваффақиятга эришиш анча мушкул вазифа. Чунки рақобатчилар етарли, муштарийлар сони эса чекланган (инстаграмда уларни фолловерлар деб аташади). Лекин эпласа бўлади, айниқса ўзбек тилида юритиладиган ҳуқуқий мавзудаги инстаблоглар деярли йўқлигини ҳисобга олсак.

Хўш, ишни нимадан бошлаш керак? Қандай қилиб инстаграмга ҳуқуқий мазмундаги контентни тайёрлаш ва уни имкон қадар кенгроқ аудиторияга тарқатиш мумкин? Аудитория билан мунтазам мулоқот қандай амалга оширилади? Инстафолловерларнинг эътиборини қандай қозониш мумкин?

Одамларга таъсир ўтказиш – тарғиботчи учун жуда муҳим, зарур сифат. Аммо ижтимоий тармоқда обуначилар билан яқин, самимий алоқа ўрнатмай туриб, инфлюенсер бўлиш, яъни омманинг фикрига таъсир ўтказиш ва уни эргаштириш мумкин эмас. Ўқувчиларингиз сизни шунчаки ўқишлари кифоя эмас, улар сизга ишонишлари керак.

Инстаграмнинг бошқа ижтимоий тармоқлардан фарқи шундаки, унда маълумотлар асосан позитив йўсинда тақдим қилинса яхши оммалашади. Чунки инстаграм кўпинча гўзал, муаммосиз, ёрқин ҳаётни кўрсатадиган тармоқ.

Twitter сўзи инглизча tweet (чуғурлаш, вижирлаш, сайраш) сўзидан олинган бўлиб, сайровчи, бидирловчи, вижирловчи каби маъноларни англатади. Ушбу ижтимоий тармоқда жойланган материаллар, маълумотлар, постлар «твитлар» деб аталади.

2011 йилда бу ижтимоий тармоқ аъзолари сони 200 миллион киши эди, 2019 йил февраль ойида уларнинг умумий сони 320 миллиондан ошган. 2009 йил август ойидаги тадқиқот натижаларига кўра Twitter тармоғидаги жами хабарларнинг 41 фоизини дунёдаги ўзгаришлар билан боғлиқ мунозаралар, 38 фоизини оддий сўзлашувлар, 9 фоизини ретвитлар (такрорланган «твит»лар) 6 фоизини ўз-ўзини реклама, 4 фоизини спамлар ва фақат 4 фоизини янгиликлар ташкил қилган. 2017 йилдан бошлаб Twitterдаги ҳар бир хабар ҳажми 280 та белгигача оширилди.

Мамлакатимизда Twitter фойдаланувчиларининг аксарият қисмини зиёли қатлам вакиллари ташкил этади. Аммо секин-аста бошқа тармоқлар қатори оммалашиб бормоқда.

Эътибор қилган бўлсангиз, кўпгина йирик ахборот агентликлари, телеканаллар ва сайтлар машҳур сиёсатчилар, давлат раҳбарлари, кино ва эстрада юлдузларининг Twitterдаги саҳифаларидан бирламчи манба сифатида фойдаланадилар. Чунки машҳур инсонлар ўзларининг аниқ, лўнда фикрларини ифодалашда Twitter имкониятларидан кенг фойдаланишади.

Ҳуқуқий тарғиботда қисқалик ва аниқлик муҳим ҳисобланади. Айрим қонун ва қарорлардаги узундан-узоқ, мураккаб жумлалар Twitter учун хос эмас. Шу сабабли Twitterга мўлжалланган тарғибот материаллари имкон қадар қисқа ва тушунарли бўлса, кўпчиликка манзур бўлади.

Telegram – бугунги кунда энг кенг тарқалган мессенжерлардан бири. Россиялик дастурчи ва тадбиркор Павел Дуров томонидан 2011 йилда яратилган. Дастлаб ВКонтакте ижтимоий тармоғига асос солган ёш миллиардер Павел Дуров акаси Николай билан яширин ёзишмаларни амалга ошириш учун янги мессенжер яратади. Кўп ўтмай бу мессенжер катта тезликда оммалашади.

Telegram мессенжери бугунги кунда 400 миллиондан ортиқ фаол фойдаланувчига эга. Бу мессенжердан асосан МДҲ ва Болтиқбўйи мамлакатлари, Эрон, Афғонистон, Малайзия сингари давлатларда кенг фойдаланилади.

Дастлаб фақат ёзишмалар ва хабар алмашиш мақсадида ташкил қилинган мессенжер йил сайин ўз имкониятларини кенгайтириб келмоқда. Ҳозир Telegram тармоғида ташкил этилган минглаб каналлар ахборот етказишдаги муҳим манбалар қаторидан ўрин олмоқда. Телеграм-гуруҳлар турли мақсадларда бирлашган жамоа аъзоларининг оммавий фикр алмашиши учун энг ишончли воситалардан бирига айланган. Турли корхона ва ташкилотлар учун жамоатчилик билан ишлашда автоматик тарзда фаолият кўрсатадиган телеграм-ботлар катта ёрдам бермоқда.

Мамлакатимизда ҳам Telegram мессенжери онлай-мулоқотнинг энг қулай воситаси саналади. Айни пайтда Ўзбекистон аҳолисининг 70 фоизидан ортиғи ушбу тармоқ хизматларидан фойдаланади. Бошқа ижтимоий тармоқлар ва мессенжерлардан фарқли ўлароқ, Telegramнинг қамрови кенг. Бу иловадан фойдаланадиганлар орасида турли ёшдагилар, ҳар хил қизиқиш ва касб-кор эгаларини учратиш мумкин.

Юртимизда телеграм-каналлар ахборот тарқатишнинг энг қулай ва тезкор воситасига айланиб улгурди. Бугунги кунда kun.uz, daryo. uz сингари телеграм каналларнинг ҳар бири миллиондан ортиқ ўқувчисига эга. Шунингдек, кўпгина блогерлар ҳам ўз блогларини асосан Telegram тармоғидаги каналлар орқали юритишни афзал кўришмоқда.

Бундай телеграм каналлар орасида ҳуқуқий тарғиботга йўналтирилганлари ҳам анчагина. Улар қаторида Адлия вазирлигининг Huquqiy axborot телеграм каналини алоҳида кўрсатиб ўтиш мумкин.

Кузатишлардан шу нарса маълум бўлмоқдаки, телеграм фойдаланувчилари қисқалик, аниқликни ёқтиришади. Шу боис бу тармоқда ҳуқуқий мавзудаги хабарлар қисқа, тушунарли, содда, аниқ ва лўнда бўлиши лозим.

Телеграм-гуруҳлар ҳам бугунги кунда Ўзбекистон медиамаконида энг асосий ахборот манбаларидан бири бўлиб қолмоқда. Унинг телеграм-каналдан фарқи гуруҳ аъзоларининг ҳар бири ўзи тайёрлаган ёки бошқа манбалардан олган маълумотларини эълон қилиши мумкин. Албатта, гуруҳда ҳар хил савиядаги, ҳар хил қарашдаги инсонлар бўлиши табиий. Шу боис уни мавзу жиҳатдан бошқариш, материалларни муайян «фильтр»дан ўтказиш имкони йўқ. Шундай бўлса-да, гуруҳ аъзолари фикрлар оқимини йўналтириб туриши мумкин.

Телеграм-каналда йирик матнларни худди сайт кўринишида юклаш учун алоҳида telegra.ph платформаси ҳам ташкил қилинган. Мазкур платформада ўз матнларингизни жойлаштириш учун алоҳида аккаунт очиш ёки рўйхатдан ўтиш шарт эмас. Сиз платформа сайтига (telegra.ph) киришингиз билан мақола қўйиш учун ажратилган жой очилади. Сиз белгиланган қаторларга мақола номи, матн ва муаллиф номи (ўз номингиз)ни ёзсангиз кифоя. Агар сиз матн орасига видео ёки фотосурат жойламоқчи бўлсангиз, курсорни матннинг керакли жойига келтирасиз.

Шунда экраннинг чап қисмида видео (< >) ва фото (фотоаппарат сурати) белгилари пайдо бўлади. Сиз исталган белгини босиб, телефон ёки компьютерингиз хотирасидан зарур файлни матн орасига жойлайсиз. Матнни ўзингиз истагандек таҳрир қилишингиз, шрифт танлашингиз, бойитишингиз мумкин. «Чоп этиш» (Publish) буйруғини белгилашингиз билан матн платформадан жой олади. Унинг ҳаволасини кўчириб олиб, исталган кишига юборишингиз, телеграм-канал ёки бошқа манбага жойлашингиз мумкин бўлади.

TikTok. Бу ижтимоий тармоқ 2016 йилда Хитойда «ByteDance» компанияси томонидан ишга туширилган бўлиб, асосан қисқа видеотасвирлар платформаси ҳисобланади. У дастлаб Хитойда ички фойдаланиш учун «Доуинь» номи билан очилган, кейинчалик халқаро бозор учун TikTok номи билан чиқарилган.

2019 йилда мазкур компания TikTok дастури орқали 300 миллион АҚШ долларига яқин маблағ тўплаган. 2020–2021-йилларда компания миллиардлаб доллар фойда кўриши тахмин қилинмоқда.

Мазкур дастур контентини асосан мемлар, қўшиқлар, лабларни синхронлаш, комик видеолар ташкил қилса-да, айни пайтда ундан реклама, ижтимоий роликлар, ҳуқуқий тарғибот мақсадларида ҳам кенг фойдаланилмоқда. Ўзбекистон ёшлари орасида ҳам ниҳоятда оммалашиб бораётган бу ижтимоий тармоқдан йигит-қизларнинг ҳуқуқий саводхонлигини оширишда унумли фойдаланиш мумкин. Бунинг учун эса TikTokдаги ёшлар нимага кўпроқ қизиқиш билдираётганини ўрганиш зарур.

TikTok қисқа видеолавҳалар, суратлар билан анча машҳур. Шу боис ушбу тармоқ орқали ҳуқуқий мавзудаги видеороликларни тарқатиш мумкин. Хусусан, бу платформада ёш йигит-қизлар иштирокидаги енгил, юморга йўғрилган, содда ва қизиқарли кўринишда қисқа роликлар, савол-жавоблар, инфографикалар тарқатиш самара беради.

Бугун интернет маконида ижтимоий тармоқлар, мессенжерлар жуда кўп. Уларнинг барчасидан бирдек фойдаланишнинг эса имкони йўқ. Аммо ҳар бирининг ўзига яраша қулайликлари, аудиторияси борлигини ҳисобга олиб, уларнинг ҳар биридан хабардор бўлиш, аудитория билан ишлаш, имкониятларидан халқимиз, юртимиз манфаатлари йўлида фойдаланиш айни муддао бўлар эди.

Рустам ЖАББОРОВ,
«Адолат» миллий ҳуқуқий ахборот маркази ходими

- Advertisement -

Latest news

Адлия вазирлиги ахборот сайтлари билан меморандум имзолади

Адлия вазирлиги "kun.uz", "daryo.uz", "газета.uz" "human.uz" ва "bugun.uz" каби катта аудиторияга эга бўлган электрон ахборот нашрлар билан ҳамкорлик меморандумларини имзолади. Тадбирда иштирок этган Адлия вазири...
- Advertisement -

Истеъмолчилар ҳуқуқига тааллуқли қонун бугунги кун талабига жавоб берадими?

Бозор иқтисодиётини соат механизмига қиёслаш мумкин. Ана шу механизмнинг қайсидир мурвати ўз функциясини тўғри бажармаса ёки унга бегона бўлган детал зўрлаб тиқиштириб қўйилса, у...

Фуқаролик ташкилий-юридик муносабатларни такомиллаштириш истиқболи

Маълумки, Корпоратив назорат механизмларининг етарлидаражада ривожланмагани, хусусийлаштирилган корхоналарда акциядор-давлатнинг имтиёзли мақоми, корпоратив секторга давлат органларининг асоссиз аралашув ҳолатлари мавжудлиги, мулкдор ҳуқуқининг етарли ҳимояланмагани акциядорлар...

Мажбурий тиббий суғурта замон талаби(ми?)

Инсоннинг асосий ҳуқуқ ва эркинликлари БМТнинг 1948 йилда қабул қилинган Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси ҳамда қатор халқаро пакт ва конвенцияларда ўз ифодасини топган. Жумладан,...

Related news

Адлия вазирлиги ахборот сайтлари билан меморандум имзолади

Адлия вазирлиги "kun.uz", "daryo.uz", "газета.uz" "human.uz" ва "bugun.uz" каби катта аудиторияга эга бўлган электрон ахборот нашрлар билан ҳамкорлик меморандумларини имзолади. Тадбирда иштирок этган Адлия вазири...

Истеъмолчилар ҳуқуқига тааллуқли қонун бугунги кун талабига жавоб берадими?

Бозор иқтисодиётини соат механизмига қиёслаш мумкин. Ана шу механизмнинг қайсидир мурвати ўз функциясини тўғри бажармаса ёки унга бегона бўлган детал зўрлаб тиқиштириб қўйилса, у...

Фуқаролик ташкилий-юридик муносабатларни такомиллаштириш истиқболи

Маълумки, Корпоратив назорат механизмларининг етарлидаражада ривожланмагани, хусусийлаштирилган корхоналарда акциядор-давлатнинг имтиёзли мақоми, корпоратив секторга давлат органларининг асоссиз аралашув ҳолатлари мавжудлиги, мулкдор ҳуқуқининг етарли ҳимояланмагани акциядорлар...

Мажбурий тиббий суғурта замон талаби(ми?)

Инсоннинг асосий ҳуқуқ ва эркинликлари БМТнинг 1948 йилда қабул қилинган Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси ҳамда қатор халқаро пакт ва конвенцияларда ўз ифодасини топган. Жумладан,...
- Advertisement -