0,00 UZS

No products in the cart.

10.6 C
London
Shanba, May 15, 2021

Ижтимоий шартнома – камбағалликни камайтириш механизми

- Advertisement -
- Advertisement -

Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги маълумотларига кўра 2020 йилнинг январьиюнь ойларида мамлакатимизда ишсизлик даражаси 13,2 фоиз бўлган, иш билан таъминланишга муҳтожлар сони 1,94 млн. кишигача ортган. Ёшлар орасида ишсизлик даражаси эса 20,1 фоизни ташкил қилган. Агар ишсизлик даражасини аёлларга нисбатан қўллайдиган бўлсак, бу миқдорнинг янаям катта бўлиши табиий.

Давлат томонидан ижтимоий кўмакка муҳтож аҳолига кўрсатилаётган ёрдам, ажратилган маблағлар, имтиёзли кредитлар маълум маънода шу тоифага мансуб аҳолининг муайян муддат ижтимоий-иқтисодий эҳтиёжини таъминлаб турган бўлсада, уларни ўз ижтимоий ҳолатини ўзгартиришга рағбатлантирувчи механизм сифатида ўзини оқламаётгани кузатилмоқда. Аксарият ҳолатларда ижтимоий ёрдам коррупцион схемалар орқали амалга оширилаётгани, аҳоли, айниқса, аёллар кредит ва ажратилган маблағлардан норационал фойдаланаётгани, шу билан бирга давлатнинг кўмагидан яна умидвор бўлиш ва «давлат менга ёрдам бериши шарт» деган кайфият пайдо бўлаётганини кўрсатди. Шу боис аҳолининг айнан шу тоифасини камбағаллик ва у билан боғлиқ кайфиятдан халос қилишга йўналтирилган янги механизмга эҳтиёж туғилмоқда.

Бугунги кунда ижтимоий шартнома қийин иқтисодий вазиятга тушиб қолган кишиларнинг ушбу ҳолатдан чиқиб кетишига кўмаклашадиган ва рағбатлантирадиган механизм ҳисобланади. Айнан шу механизм кўплаб ривожланган давлатларда оқилона йўлга қўйилган, улар оилалар, алоҳида шахсларни инқироздан олиб чиқиш бўйича ижобий тажрибага эга.

Замонавий талқинда ижтимоий шартнома камбағал фуқаро билан давлатнинг ижтимоий таъминот муассасалари ўртасида унга ва унинг оиласига давлат томонидан ижтимоий тўловларни нақд пул, ижтимоий хизматлар ёки энг муҳим товар (ёқилғи, озиқ-овқат, кийим-кечак, пойабзал, дори-дармон) шаклида бериш бўйича ўзаро мажбуриятлар тўғрисидаги келишувдир.

Ижтимоий шарномадан кўзланган асосий мақсад аҳолини камбағалликдан ҳамда қийин вазиятдан олиб чиқиш, давлатнинг кам таъминланган аҳолига кўрсатаётган ёрдамини аниқ йўналтириш ҳамда самарадорликка эришиш ҳисобланади.

Ижтимоий шартнома механизми аввало камбағал оилалар ва қийин вазиятга тушиб қолган ёки ўз муаммоларини мустақил ҳал қила олмайдиган аёллар, кам таъминланган ва ночор аҳволда яшаётган, жамият иқтисодий ҳаётида ўз ўрнини топа олмайдиган, ўзини таъминлашга қодир бўлмаган ва фақат давлатдан моддий ёрдам кутаётган фуқароларни қамраб олади.

Мазкур ҳолатдан келиб чиқиладиган бўлса, бу борада аҳолиси қарийб бир ярим миллиардга яқинлашиб қолган Хитой тажрибаси алоҳида аҳамият касб этади. Бу тажрибани ўрганиш давлат олдида турган мазкур муаммони оқилона ва тизимли ҳал қилиш имконини беради.

Шакл жиҳатдан социализм, мазмун жиҳатдан эса бозор иқтисодиётига эга бўлган Хитойда ХХ асрнинг 80–90-йилларида олиб борилган иқтисодий ислоҳотлар уни жаҳоннинг энг тез ривожланаётган ва улкан иқтисодий ўсиш кузатилаётган давлатига айлантирди. Шу билан бирга, Хитой ҳукумати асосий демографик қатламлардан бири – хотин-қизлар бандлигини таъминлаш борасида ҳам муайян ютуқларга эришганини эътироф этиш лозим.

Хитой ҳукумати 1995–2000 йиллар давомида «Хотин-қизларни ривожлантириш миллий дастури»ни ишлаб чиқди ва 2001–2010 йиллар давомида ривожланишнинг асосий мақсад ва вазифалари, аёлларнинг мавқеини ошириш бўйича йўналишларни аниқлаштириб олди. Дастурда аёлларнинг сиёсий, иқтисодий, таълим, соғлиқни сақлаш ва бошқа соҳалардаги ҳуқуқларини ўз ичига олган 34 та асосий мақсад белгиланди. Унда хотин-қизлар таълимини ривожлантириш, ишчи хотин-қизларларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, қишлоқларда соғлиқни сақлаш хизматини яхшилаш орқали хотин-қизлар саломатлигини мустаҳкамлаш, яшаш муҳитини яхшилаш, уларни ҳуқуқбузарликлар ва шахсий ҳуқуқлари бузилишидан муҳофаза қилиш белгилаб берилди. Маҳаллий ҳукуматлар ва идоралар, шунингдек ижтимоий ташкилотлар ва гуруҳлар ҳам ўз ривожланиш режаларини ишлаб чиқди, уларни амалга ошириш дастурлари мувофиқлаштирилди. Марказий ҳукумат ва маҳаллий ҳукуматлар лойиҳаларни молиялаштиришни кафолатлади ва инвестициялар киритди. Ҳукумат илмий ва объектив баҳолашни амалга оширди, бунда шу мақсадда қабул қилинган турли миқдорий кўрсаткичлардан фойдаланилди. «Хотин-қизларни ривожлантириш миллий дастури»ни амалга ошириш бўйича операцион тизим ишга тушди. Хотин-қизлар ривожланишини рағбатлантириш ва аёллар ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг институционал тизими вужудга келтирилди.

Давлат кенгашининг аёллар бўйича махсус органлари сифатида «Аёллар ва болалар» қўмитаси, «Гендер тенглигини тарғиб қилиш» миллий идораси ташкил топди. Ҳозир Хитойда барча поғонадаги ҳукумат идоралари ҳузурида аёллар ва болалар масалалари бўйича агентликлар ташкил қилинган. Хитой аёллар федерацияси, Бутунхитой касаба уюшмалари федерацияси, Аёллар қўмитаси ва Хитой тадбиркор аёллар уюшмаси давлат органлари билан тенг даражада миллий қонунларни ишлаб чиқиш ва такомиллаштириш жараёнида иштирок этади, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари фаолияти устидан назорат олиб боради. Ҳукумати аёллар орасида тадбиркорликни кенг тарғиб қилиб келмоқда.

1949 йилда Хитой Халқ Республикаси ташкил этилганидан сўнг социалистик тузум аёлларнинг ҳам сиёсий, ҳам иқтисодий ҳаётдаги иштирокини осонлаштириб берди. Ҳукумат аёлларга нисбатан камситишни бартараф этди – аёллар ҳар жиҳатдан эркаклар билан тенг ҳуқуққа эга бўлди. Асрлар оша давом этиб келган «аёллар тадбиркорлик билан шуғулланиши мумкин эмас» деган қараш ислоҳ қилинди. 1949 йилдан бошлаб аёллар меҳнат ҳуқуқи борасида бир қатор қонун ва қоидалар қабул қилинди, жумладан хотин­қизлар тадбиркорлигини муҳофаза қилиш қоидалари ишлаб чиқилди.

Ўн йиллик иқтисодий ислоҳот, мафкуравий, ҳуқуқий тайёргарлик аёллар тадбиркорлигига кенг йўл очди. Хотин-қизларнинг таълим билан тўлиқ қамраб олиниши улардаги тадбиркорлик қобилиятини ҳам оширди. Тўққиз йиллик мажбурий таълим талаби янада қатъийлашди: барча қизлар, жумладан, қишлоқлардаги қизларнинг мактабга боришига имкон яратилди.

1990 йиллар ўрталарига келиб, Хитой гендер тенглиги бўйича институтлари юқори даражага эга деб ҳисобланган Япония, Буюк Британия ва АҚШдан кўра анча яхши натижаларга эришди.

Хитой ҳукуматининг аёллар тадбиркорлигини рағбатлантириш сиёсати профессионал касбий тайёргарлик бўйича субсидиялар ни ўз ичига олади. Микрокредитлар, солиқ имтиёзлари, зарурий шарт-шароитлар билан таъминлаш, турли инкубаторлар яратиш, тадбиркор аёллар учун тадбиркорликка оид таълим аттестациясининг жорий этилиши шулар жумласидандир.

Тадбиркорликни рағбатлантириш бўйича лойиҳалар татбиқ этилди, тадбиркорлик кўникмалари ва ҳунар ўргатишга маблағ ажратилди. Аёлларни тадбиркорликка кўпроқ жалб этишда нодавлат ташкилотлар ҳам муҳим рол ўйнади.

«Аёлларнинг муваффақият мартабаси», «Хотин-қизларнинг инновациялари ва тадбиркорлиги» ва «Машҳур тадбиркор аёл» дастурлари Хитой аёллар федерацияси ва Хитой тадбиркорлар аёллар уюшмаси томонидан қўллаб-қувватлаб келинади. Тадбиркор аёллар учун ўқув ва қўллаб-қувватлаш марказлари ташкил этилди. 22 та вилоят, 5 та автоном вилоят ва 4 та марказлашган шаҳарда аёллар тадбиркорлигига раҳбарлик қилувчи марказлар фаолият юритади. Масалан, «Tianjin» тадбиркор аёллар маркази БМТнинг Тараққиёт дастури ва Жаҳон банки томонидан қўллаб-қувватланмоқда. Аёлларнинг иқтисодий ҳуқуқларини реал кафолатлаш, бандлик бўлимларини кенгайтириш мақсадида «Бандликка кўмаклашиш қонуни» қабул қилинди.

Қишлоқ аёлларини беш тармоқ бўйича таълим ва тарбия, технология билан қамраб олиш учун ахборот хизмати, кооператив корхоналар, камбағалликни камайтириш ва ёрдам тизими йўлга қўйилди. Қишлоқдаги аёллар учун технологиялар намойиши марказлари ташкил этилди. Ишсиз аёлларга бепул маслаҳат ва маълумотлар бериш, ишга жойлаштириш, қайта иш билан таъминлаш хизматлари доираси кенгайтирилди. Аёллар университети битирувчилари учун «Тадбиркор устоз ҳаракати» дастури амалга оширилмоқда. Хотин-қизлар таълимида сезиларли ўсиш бўлди – Хитойда аёллар инсон ресурслари ривожланишига катта ҳисса қўша бошлади.

Хитой учун қишлоқ камбағаллиги энг оғриқли муаммолардан бири бўлиб келган. Мамлакатда 1953 йилда илк бор «Ривожланишнинг 5 йиллик миллий дастури» қабул қилинган. Унга кўра қишлоқларда камбағаликка қарши кураш ва аёлларни қўллаб-қувватлаш «камбағалсиз қишлоқ» давлат хизмати томонидан амалга оширилади.

1978 йилда Хитой қишлоқларида яшаётган аҳолининг 250 миллиони камбағал саналган. 2012 йилда аҳоли жон бошига ўртача реал даромади 7917 юанга тенг бўлган фуқароларнинг сони 2011 йилга нисбатан 10,7 фоиз ўсган. 2019 йилга келиб эса миллий камбағаллик даражасидан қуйида яшаётган фуқаролар сони 16,6 миллионни ташкил этди, бу мамлакат аҳолисининг тахминан 1,7 фоизи демакдир.

Хитой ҳукуматининг мамлакат ғарбий ҳудудларини ривожлантиришга оид лойиҳаси «Буюк стратегия» деб номланади. Унга кўра ғарбий вилоятларни ривожлантириш бўйича молиявий кўмак ажратилиб, ер хусусийлаштирилди. Натижада қишлоқларда иқтисодий ўсиш ва камбағалликни қисқартиришга имкон туғилган. Мазкур стратегияни амалга оширишда учта жиҳатга эътибор қаратилган.

Биринчисикамбағалликни қисқартиришнинг аниқ мақсадларини ишлаб чиқиш. Мақсад қишлоқ аҳолиси учун етарли озиқ-овқат, кийим-кечак, мажбурий таълим, зарурий тиббий хизмат ва уй-жой хавфсизлигини барқарор кафолатлашдан иборат. Камбағал деҳқонлар орасида аҳоли жон бошига бир марталик даромад ўсиши 2020 йилда ялпи ички маҳсулотнинг ўртача даражасидан ошиши лозим деб белгилаб берилди.

Бу билан Хитой ҳукумати БМТ кун тартибидаги 2030 йилда камбағалликка барҳам бериш мақсадига 10 йил олдин эришиш ва камбағалликни камайтириш бўйича глобал даражадаги мавқени қўлга киритишни мақсад қилган эди.

Иккинчисибарча камбағал фуқаролар ҳукумат томонидан рўйхатга олинди. 2014 йилда Хитой ҳукумати камбағал аҳолининг аниқ рўйхатини туза бошлади. Камбағалликни қисқартириш ва тараққиёт давлат кенгаши томонидан тайинланган 800 минг мутахассис қишлоқларга юборилди. Улар 128 минг камбағаллашган қишлоқ, 29,48 миллион камбағал оила ва 89,62 миллион камбағал фуқарони рўйхатга олдилар. Бу орқали ҳукумат камбағаллик сабаблари, қамрови ҳақида аниқ тасаввурга эга бўлди. 2015 йилнинг августидан 2016 йилнинг июнига қадар мамлакат бўйлаб қарийб 2 миллион киши рўйхатга олишнинг аввалги раундига қўшимча равишда яна сафарбар этилди. 8,07 миллион камбағал рўйхатга олинди ва 9,29 миллион камбағал деб нотўғри эътироф этилган фуқаро рўйхатдан чиқарилди. Рўйхатга олиш аниқлиги янада кучайтирилди. Биринчи марта камбағал аҳолини рўйхатга олиш, қишлоқлардаги камбағал оилалар ва аёлларга оид маълумотларни тўплаш илк бор Хитойда амалга оширилди.

Учинчиданкамбағалликни қисқартиришнинг мақсадли стратегиясини амалга ошириш. Бунда камбағалликни камайтириш учун объектлар, лойиҳа келишувлари, фонд маблағларидан фойдаланиш чора-тадбирларини ишлаб чиқиш, қишлоқларга камбағалликни камайтириш бўйича масъулларни юбориш, бандликни таъминлаш, бир ҳудуддан иккинчи ҳудудга кўчириб ўтказиш, таълим ва тиббий хизмат соҳаларига эътибор қаратилди.

Хулоса қилиб айтганда, ижтимоий шартномани ночор иқтисодий вазиятдаги аҳоли бандлигини таъминлаш, касбий қайта тайёрлаш ва бу борада рационал қарорлар қабул қилишнинг механизми сифатида амалиётга татбиқ этиш, бунда Хитой тажрибасини ўрганиш мақсадга мувофиқ.

Хуршида САЙДИВАЛИЕВА,

Маҳалла ва оилани қўллаб қувватлаш вазирлиги ҳузуридаги

«Маҳалла ва оила» илмий тадқиқот

институти катта илмий ходими.

- Advertisement -

Latest news

Вояга етмаганларга нисбатан озодликдан маҳрум қилиш жазосини ижро этишда инсонпарварлик тамойиллари

Бугунги кунда жиноят ва жиноят-ижроия қонунчилигини такомиллаштириш ва либераллаштириш, жиноий жазолар ва уларни ижро этиш тартибини инсонпарварлик тамойиллари асосида йўлга қўйиш, қонун устуворлигини таъминлаш...
- Advertisement -

Коррупция тараққиёт тушови

Коррупция демократия ва ҳуқуқ устуворлиги асосларига путур етказиб, инсон ҳуқуқлари бузилишига олиб келади. Бозорлар фаолиятига тўсқинлик қилиб, турмуш сифатини ёмонлаштиради. Шунингдек, одамлар хавфсизлигига рахна...

Коррупцияга қарши курашишда муҳим омиллар

Ҳуқуқий онг ва маданиятни юксалтириб бориш қонун устуворлигини таъминлаш ҳамда мустаҳкамлашнинг муҳим шартларидан биридир. Аҳолининг ҳуқуқий онги ва маданиятини юксалтиришни мунтазам такомиллаштириб бориш алоҳида аҳамиятга...

Хорижий мамлакатлар жиноят процессида реабилитация институти

Ҳар қандай ҳуқуқий давлат учун асосий вазифалардан бири жиноят содир этган шахсларни адолатли жазолашдир. Шу билан бирга айбсиз одамнинг нафақат судга берилиши, балки жиноий...

Related news

Вояга етмаганларга нисбатан озодликдан маҳрум қилиш жазосини ижро этишда инсонпарварлик тамойиллари

Бугунги кунда жиноят ва жиноят-ижроия қонунчилигини такомиллаштириш ва либераллаштириш, жиноий жазолар ва уларни ижро этиш тартибини инсонпарварлик тамойиллари асосида йўлга қўйиш, қонун устуворлигини таъминлаш...

Коррупция тараққиёт тушови

Коррупция демократия ва ҳуқуқ устуворлиги асосларига путур етказиб, инсон ҳуқуқлари бузилишига олиб келади. Бозорлар фаолиятига тўсқинлик қилиб, турмуш сифатини ёмонлаштиради. Шунингдек, одамлар хавфсизлигига рахна...

Коррупцияга қарши курашишда муҳим омиллар

Ҳуқуқий онг ва маданиятни юксалтириб бориш қонун устуворлигини таъминлаш ҳамда мустаҳкамлашнинг муҳим шартларидан биридир. Аҳолининг ҳуқуқий онги ва маданиятини юксалтиришни мунтазам такомиллаштириб бориш алоҳида аҳамиятга...

Хорижий мамлакатлар жиноят процессида реабилитация институти

Ҳар қандай ҳуқуқий давлат учун асосий вазифалардан бири жиноят содир этган шахсларни адолатли жазолашдир. Шу билан бирга айбсиз одамнинг нафақат судга берилиши, балки жиноий...
- Advertisement -