Бозор иқтисодиётини соат механизмига қиёслаш мумкин. Ана шу механизмнинг қайсидир мурвати ўз функциясини тўғри бажармаса ёки унга бегона бўлган детал зўрлаб тиқиштириб қўйилса, у ўз-ўзидан нотўғри ишлай бошлайди, умуман тўхтаб қолиши ҳам мумкин. Демак, механизмнинг ҳар бир детали ўз ўрнида бўлмоғи ва ўз функциясини уддаламоғи лозим.

Ушбу механизмни нима ёки қандай куч ҳаракатга келтиради? Товар ишлаб чиқарилар экан, хизматлар кўрсатилар экан, уни кимдир истеъмол қилиши керак. Истеъмол бўлмаса товар ишлаб чиқаришнинг ҳам, хизмат кўрсатишнинг ҳам кераги бўлмайди. Демак, истеъмолчи бозор иқтисодиётини ҳаракатлантирувчи куч сифатида марказий ўрин тутади.

Корея Республикасида «consumer centered management», яъни «мижозларга, уларнинг
талабларига йўналтирилган бошқарув» деган фан даражасида кўриладиган соҳа мавжуд. Бунинг қисқача мазмуни шундан иборат эканки, дейлик, газ плитаси лозим даражада ишламаса, улар бунинг учун айбни истеъмолчидан, газ босимидан, об-ҳаводан қидиришдан кўра мазкур қурилмани амалдаги шароитда ишлай оладиган даражага келтириш устида бош қотиришар экан.

Шу нуқтаи назардан «Бугунги кунда истеъмолчиларни қийнаб турган муаммоларнинг
сабаблари, уларни келтириб чиқараётган асосий омилларни ўрганиш ва ёритиш» мавзусида олиб борилган тадқиқот жараёнида соҳага дахлдор идоралар мутахассислари билан фикр алмашилди, аҳоли ўртасида сўров ўтказилди, истеъмолчилардан келиб тушаётган мурожаатларда кўтарилаётган муаммолар таҳлил қилинди, шахсий кузатув ва соҳада тўпланган тажрибага асосланилди.

Ижтимоий сўров иккита саволдан иборат бўлиб, ҳар бирига 3 тадан жавоб варианти таклиф қилинди. Сўров матнида «қонун» дейилганда Ўзбекистон Республикасининг «Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги қонуни назарда тутилди. 4 мингга яқин респондент иштирок этган ижтимоий сўров натижаларини қуйида кўришингиз мумкин.

1-савол. Кундалик турмуш жараёнида истеъмолчи сифатида турли муаммоларга дуч келинишининг энг асосий сабаблари нимада деб ўйлайсиз?

Истеъмолчига олди-сотди (иш ва хизматлардан фойдаланиш) жараёнида шу товар (иш, хизмат)га оид бўлган, етарли даражадаги маълумот берилмаслигида 26,3%

Аҳолида истеъмолчилик соҳасига оид билимларнинг етишмаслиги, бу борада етарли даражада таълим берилмаслигида 25,5%

Амалдаги қонуннинг бугунги кун талабларига жавоб бера олмаётганида 48,1%

2-савол. Бугунги кун истеъмолчиларини қийнаб турган муаммоларнинг олдини олиш, такрорланмаслигига эришиш мақсадида қандай ишларни амалга ошириш керак деб ўйлайсиз? 

Аҳолига истеъмолчилик соҳасига оид таълим ва билим бериш ишларини кучайтириш керак – 38,0%

Қонунбузилиши ҳолатлари содир этилганлиги учун жазо санкцияларини кучайтириш керак – 25,6%

Қонун талабларининг сотувчи (ишлаб чиқарувчи, хизмат кўрсатувчи)лар томонидан бажарилмаслиги учун жазоланиши бўйича амалдаги нормаларни сақлаб қолган ҳолда, ўз вақтида бажаришларидан кўпроқ манфаатдор бўладиган нормаларни ҳам киритиш керак – 36,4%

Респондентларнинг 48,1 фоизи ёки салкам тенг ярми амалдаги қонуннинг бугунги кун талабларига жавоб бера олмаётганини кўрсатиб ўтган.

Шунингдек, респондентлар бугунги кунда юзага келаётган муаммоларнинг тўлақонли ҳал қилиниши учун сотувчи (ишлаб чиқарувчи, хизмат кўрсатувчи)лар томонидан қонун талаблари бажарилмагани (бузилганлиги) учун жазоланиши бўйича амалдаги нормаларни сақлаб қолган ҳолда, уларнинг қонун талабларини ўз вақтида бажаришидан кўпроқ манфаатдор бўладиган нормаларни ҳам киритиш кераклигини (36,4 фоиз) кўрсатиб ўтишган.

Бу бизни амалдаги қонун ва унинг нормалари, ушбу нормаларнинг қай даражада ишлаётгани ёки ишламаётгани борасида фикр юритишга ундайди.

Истеъмолчи – фойда чиқариб олиш билан боғлиқ бўлмаган ҳолда шахсий истеъмол ёки бошқа мақсадларда товар сотиб олувчи, иш, хизматга буюртма берувчи ёхуд шу ниятда бўлган фуқаро (жисмоний шахс).

Қонуннинг биринчи моддасидаёқ истеъмолчи термини (унга берилган таъриф)нинг ўзи айрим саволларни келтириб чиқаради. Ушбу таърифнинг асосида «фойда чиқариб олиш билан боғлиқ бўлмаган ҳолда» деган тушунча ётади.

Шу ўринда савол туғилади: банкка омонатга пул қўйган шахс, шахсий томорқасида ҳосил етиштириб даромад кўришни кўзлаган ҳолда кетмон, белкурак ёки мотоблок сотиб олган шахс, савдо дўкони фаолиятини кенгайтириш, ижтимоий тармоқларда турли саҳифалар очиб, фаолиятини реклама қилиш учун сўнгги маркадаги смартфон сотиб олган шахс фойда чиқариб олишни кўзламайдими? Ахир юқоридаги мисолларда пул, кетмон, мотоблок, смартфон фойда чиқариб олиш қуроли вазифасини ўтайди-ку.

Яна юқоридаги таърифда «фуқаро (жисмоний шахс)» деб доира янада торайтирилади. Таърифда «сотиб олувчи, шу ниятда бўлувчилар» бор, лекин товардан (иш, хизматдан) амалда «фойдаланаётганлар» йўқ.

Россия қонунчилигида эса бунга «тадбиркорлик фаолияти билан боғлиқ бўлмаган ҳолда» деб тушунарлироқ ва аниқроқ йўналиш берилган. Лекин уларда ҳам «гражданин» (фуқаро) деб истеъмолчилар тоифасига истеъмолчилар тоифасига кирувчилар доираси бироз торайтирилган. Аммо товар (иш, хизмат)­ дан амалда «фойдаланувчилар» ҳам истеъмолчи эканлиги кўрсатиб ўтилган.

Корея Республикаси қонунчилигида эса доирани торайтирувчи бундай тушунчанинг ўзи йўқ. Товар (иш, хизмат)лардан фойдаланувчиларга «истеъмолчи» деб таъриф берилиб, истеъмолчиларнинг доираси кенгроқ олинади.

Бу билан нима демоқчиман? Амалдаги қонунчилик талабидан келиб чиқилса, ариза ва шикояти билан турли идораларга келган аксарият одамларни «Сиз бу ҳолатда истеъмолчи эмассиз» деган важ билан қайтариб юбориш учун асослар етарли. Бу менинг шахсий фикрим, албатта.

Истеъмолчининг энг асосий ҳуқуқларидан бири маълумот олиш ҳуқуқидир (4-модда). Лекин кўча-кўйда, идора ва ташкилотларда унинг бу ҳуқуқи қай даражада таъминланмоқда? Аҳоли ўртасида ўтказилган сўровимизда ҳам респондентларнинг 26,3 фоизи муаммоларнинг сабабларидан бири сифатида айнан «Истеъмолчига олди-сотди (иш ва хизматлардан фойдаланиш) жараёнида шу товар (иш, хизмат)га оид маълумотларнинг етарли даражада берилмаслиги»ни белгилаган.

Айрим савдо дўконларига кирсангиз товарларнинг, ошхоналарга кирсангиз тайёр таомларнинг нархлари ёзиб қўйилмаган. Бозорни-ку қўяверинг. Сартарошга соч-соқолингизни олдирмоқчи бўлсангиз, хизмат нархини олдиндан сўраб олишга мажбурсиз. Автобус бекатига келиб, бу ердан қандай йўналишлардаги автобуслар ўтишини ўтган-кетгандан сўрамасликнинг иложи йўқ (Тошкент шаҳрини истисно этганда). Автобусга чиқсангиз тушадиган бекатингизни қайта-қайта эслатиб борасиз, чунки ҳайдовчи одатда қайси бекатга тўхтаганини эълон қилиб бормайди. Вақти-вақти билан тиббий кўрикдан ўтиши лозим бўлган ўқитувчи ёки боғча тарбиячисида тиббий кўрикдан ўтиш билан боғлиқ харажатлар кимнинг ҳисобиданлиги тўғрисида аниқ маълумот йўқ. Аксарият товарлар сотилгандан сўнг қайтариб олинмайди, лекин олди-сотди амалга оширилаётганда сотувчилар харидорга бу ҳақда маълумот бермайди…

Хуллас, куни бўйи «қанча?», «неча пул?», «қаерга?» каби саволларни бераверасиз-бераверасиз. Сотувчи (хизмат кўрсатувчи) ҳам керакли маълумотни кўзга кўринарли жойга осиб қўйишдан кўра, кун узоғи бу саволларга жавоб бериб ўзини ҳам, асабларини ҳам чарчатиш йўлидан кетаверади.

Қисқа қилиб айтганда, бугун истеъмолчининг маълумот олиш ҳуқуқи етарли даражада, тўлақонли таъминлаб берилаяпти дея олмаймиз.

Истеъмолчининг маълумот олиш ҳуқуқи таъминлаб берилмагани учун ҳеч қандай ҳуқуқий таъсир чораси йўқми, дейишингиз мумкин.

Бор. Қонуннинг 27-моддаси иккинчи қисмида «Ишлаб чиқарувчининг (ижрочининг, сотувчининг) мансабдор шахслари, шунингдек якка тартибдаги тадбиркорлар… истеъмолчиларга товарлар (ишлар, хизматлар) тўғрисида ахборот тақдим этмаганлик ёки била туриб нотўғри маълумотлар тақдим этганлик… учун маъмурий жавобгарликка тортилади» деб белгилаб қўйилган ва Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 178-моддасига ҳавола берилган.

Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг мазкур моддаси еттинчи қисмида «…истеъмолчиларга товарлар (ишлар, хизматлар) тўғрисида ахборот тақдим этмаганлик ёки била туриб нотўғри маълумотлар тақдим этганлик… ҳуқуқбузарлик ашёларини мусодара қилиб, фуқароларга базавий ҳисоблаш миқдорининг уч бараваридан етти бараваригача, мансабдор шахсларга эса – етти бараваридан ўн бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади» деб белгилаб қўйилган.

Бугун қонунчиликнинг ана шу нормаси кенг миқёсда ва оммавий равишда қўлланаяптими? Йўқ.

Кўпчилик истеъмолчилик соҳасига оид муаммоларнинг сабабларини бу борадаги ҳуқуқий билимсизлик билан ҳам боғлайди. Хусусан, ўтказган сўровимизда респондентларнинг 25,5 фоизи «Аҳолида истеъмолчилик соҳасига оид билимларнинг етишмаслиги, бу борада етарли даражада таълим берилмаслиги»ни энг асосий сабаблардан бири сифатида кўрсатгани ҳам бежиз эмас. Бу ерда ана шу билим ва таълим олиш ҳуқуқи қонунда акс этганми деган савол ҳам туғилади.

Афсуски, 1996 йилда қабул қилинган «Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги қонунда истеъмолчининг билим ва таълим олиш ҳуқуқи ўз аксини топмаган. Тўғри, кейинчалик Вазирлар Маҳкамасининг 2002 йил 28 ноябрдаги «Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилишда жамоатчилик иштирокини кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги 414-қарорининг 7-банди билан қонундаги ушбу етишмовчиликнинг ўрнинитўлдиришга ҳаракат қилинган.

Лекин қонуннинг тўлақонли бўлиши учун ушбу нормани нега қонунда алоҳида ёки прим модда сифатида акс эттириш мумкин эмас?

Билим ва таълим деган тушунчаларни нега алоҳида қўллаётганимизга тўхталсак. Россия қонунчилигида ушбу норма «право на просвещения», яъни «маърифатли бўлиш ҳуқуқи» тарзида келтирилиб, унга алоҳида модда ажратилган, истеъмолчининг таълим олиши давлат таълим стандартлари ва таълим дастурларига тегишли талабларни киритиш йўли билан, истеъмолчининг билим олиш ҳуқуқи эса тизимли равишда маълумотлар бериш йўли билан таъминлаб берилиши кўрсатиб ўтилган.

Корея Республикаси қонунчилигида эса истеъмолчининг билим ва таълим олиш ҳуқуқлари алоҳида берилади. Яъни «товар (иш, хизматлар)ни танлаш билан боғлиқ зарурий билим ва маълумотга эга бўлиш ҳуқуқи», «истеъмолчи сифатида самарали ҳаёт кечириши учун зарур бўлган таълимни олиш ҳуқуқи» сифатида келтирилиб, товардан самарали ва оқилона фойдалана олишга оид билим ишлаб чиқарувчи (сотувчи, ижрочи) томонидан, таълим эса тегишли равишда давлат таълим стандартлари, таълим дастурлари ва тегишли ташкилотлар томонидан берилиши лозимлиги кўрсатиб ўтилади. Бизнингча, бу ерда Корея модели маъқулроқ кўринади.

Қонуннинг ишлаб чиқарувчи (сотувчи, ижрочи)нинг мажбуриятлари билан боғлиқ 5, 6, 7, 8, 11-моддаларидаги талабларни бажармаслик билан боғлиқ ҳолатлар учун жарима назарда тутилади (27-модда). 14 (нуқсонли товарни алмаштириш), 15 (бепул таъмирлаш), 19 (иш бажариш, хизмат кўрсатишда шартнома шартлари бузилиши)-моддаларидаги мажбуриятларни бажармаслик эса неустойка (пеня) ундиришга сабаб бўлади.

Амалдаги қонунчиликдан бизга маълумки, мазкур неустойка (пеня) суммаси товар баҳосининг 50 фоизига етиб борганда тўхтайди. Россия қонунчилигида ана шу неустойка (пеня) суммаси товар (иш, хизмат) баҳосига қадар, яъни 100 фоиз қилиб белгиланган.

Россия қонунчилигига «удовлетворения требований потребителя в добровольном порядке», яъни «истеъмолчи талабининг ихтиёрий равишда бажарилиши (қондирилиши)» шартлиги тўғрисидаги норма киритилган бўлиб, жаримани қўллашда барча ҳолатларда ана шу норманинг бажарилмагани нуқтаи назаридан келиб чиқилади. Бу эса ишлаб чиқарувчи (сотувчи, ижрочи)ни истеъмолчи талабини бажармагандан кўра, ихтиёрий равишда бажаришдан кўпроқ манфаатдор қилади.

Шу билан бирга, Россия аҳолисида ишлаб чиқарувчи (сотувчи, ижрочи)га ўз қонуний талабларини ёзма равишда бериш (*претензия – эътироз хати шаклида) одати шаклланган бўлиб, бу қонуний талаб билдирилган кун (соат, агар соатларда белгиланган бўлса)ни белгилаб олишда асос вазифасини ўтайди. Истеъмолчи эътироз хати берганидан сўнг ҳам талаби бажарилмаса, ушбу эътироз хатини илова қилиб  истеъмолчилик ҳуқуқини ҳимоя қилиш ваколатига эга бўлган идораларга ариза, шикоят беради. Бунинг натижасида аризани кўриб чиқувчи ташкилотга ҳам неустойка (пеня)ни ҳисоблаб чиқиладиган кун (соат, агар соатларда белгиланган бўлса)ни белгилаб олиш нуқтаси аниқ ва равшан бўлади.

Бизда эса аҳоли сотувчи (ижрочи)га ўз эътирозини асосан оғзаки равишда билдиради. Бир кун боради, икки кун боради, бир ой қатнайди, лекин эътироз хатини беришни ўйламайди. Шу ҳолатда юриб-юриб, бирор идорага ариза ёки шикоят ёзади. Албатта, бу ўринда аҳолини айблашдан йироқмиз. Аввало, уларга эътироз хатини қандай ёзиш ўргатилиши ва унинг афзалликлари тушунтирилиши керак. Вақти келиб сотувчи ёки ижрочи истеъмолчининг қонуний талабини шунча кундан буён бажармай келган дейиш учун, неустойка (пеня)ни ундириш бошланадиган вақтни белгилаб олиш учун асос бўлувчи сана керак бўлади. Истеъмолчининг сотувчи (ижрочи)га шу кунлар давомида неча бор мурожаат қилганини эса исботлаб бериш қийин масала. Агар истеъмолчи қонуний талабини эътироз хати тарзида ифодалаб сотувчи (ижрочи)га ёзма мурожаат берган бўлганида эди, ана шу сана бунга асос вазифасини ўтаган бўлар эди.

Қонуннинг 5-моддасида ишлаб чиқарувчи (ижрочи, сотувчи)га  ўзи ҳақидаги маълумотларни, 6-моддасида эса ўзи реализация қилаётган товар (иш, хизмат)лар ҳақидаги маълумотларни истеъмолчига тақдим этиши шартлиги белгилаб қўйилган бўлса-да, ушбу маълумотлар қайси тилда берилиши тўғрисидаги талаблар келтирилмаган. Ўзбекистон Республикаси ҳудудида давлат тили ўзбек тили бўлгани боис ва аҳолининг аксарият қисми шу тилда сўзлашишини назарда тутган ҳолда, ушбу моддаларга тақдим этилаётган маълумот давлат тилида берилиши шартлиги тўғрисидаги норма киритилишидан барча бирдай манфаатдор.

Амалиётдан маълумки, қонун билан тақиқлаб қўйилмаган ёки шартлиги белгилаб қўйилмаган ҳаракатни амалга ошириш қонун бузилиши ҳисобланмайди. Демак, Ўзбекистон ҳудудига ўзининг товарини олиб кирган франциялик тадбиркор француз тилида, хитойлик тадбиркор хитой тилида маълумот беришини қонунга зид дея олмаймиз. Шундай бўлиб чиқаяпти-да.

Истеъмолчи ҳуқуқи устувор экан, бу ўринда истеъмолчи ўзбек тилида сўзлашувчи аҳоли экан, маълумот ҳам шу тилда берилмоғи шарт.

Қонуннинг 6-моддасида товар (иш, хизмат)лар тўғрисида бериладиган маълумотлар бўйича талаблар келтирилган бўлиб, мазкур модданинг иккинчи қисми учинчи хатбошисида «баҳоси (тарифи)» деган жумлалар бор. Яна Россия мисолига қайтсак, ана шу жумла уларнинг қонунчилигида «цена в рублях», яъни «рублдаги баҳоси» тарзида келтирилади ва бу билан, назаримизда, Россия ҳудудида миллий пул бирлиги рубл эканига алоҳида урғу берилади. Нега биз шу жойда «сўмдаги баҳоси (тарифи)» деган жумла ишлатиб, бизнинг ҳам алоҳида миллий пул бирлигимиз борлигини, унинг номи «сўм» эканини таъкидлаб ўтишдан чўчиймиз? Ахир миллий пул бирлигимиз ҳам герб, байроқ, гимн каби давлатимизнинг рамзларидан бири эмасми?!

Қонуннинг 4-моддасида истеъмолчининг «товар (иш, хизмат)ни эркин танлаш ва унинг тегишли даражада сифатли бўлиши»га ҳуқуқи борлиги, 8-моддасида «… шартномага кўра сотувчи (ишлаб чиқарувчи, ижрочи) истеъмолчига муайян миқдордаги ва мақбул сифатли товарни мулк қилиб топшириш (иш бажариш, хизмат кўрсатиш) мажбуриятини» ўз зиммасига олиши, 18-моддасида «Истеъмолчи мақбул сифатли ноозиқ-овқат товарини харид қилган кунидан эътиборан ўн кун ичида ушбу товар сотиб олинган жойдаги сотувчидан уни айни шундай товарга алмаштириб олишга, бундай товар сотувда бўлмаса пулини қайтариб олишга ҳақли» экани кўрсатиб ўтилган бўлса-да, қонуннинг асосий тушунчаларида «мақбул сифатли товар» ўзи қандай товарлигига таъриф берилмаган.

Масалан, Россия қонунида «Товар (иш, хизмат) сифати» деган алоҳида модда бор ва шу сабабли бўлса керак, қонундаги асосий тушунчаларда унинг алоҳида таърифи келтириб ўтилмаган (Закон РФ от 07.02.1992 N2300-1 (ред. от 22.12.2020) «О защите прав потребителей»). Бизнинг қонунчиликда эса товарнинг сифати бўйича нормалар етишмайди. Қонуннинг 1-моддаси (асосий тушунчалар)да «товар (иш, хизмат)нинг нуқсони», «хизмат муддати», «яроқлилик муддати» ва бошқа тушунчаларга таъриф берилгани ҳолда, «мақбул сифатли товар» тушунчаси ва таърифи келтирилмаган. Шу нуқтаи назардан, бу борадаги тушунмовчиликларнинг олдини олиш мақсадида «мақбул сифатли товар» тушунчасини қонундаги асосий тушунчалар қаторига қўшиш ёки бўлмаса 6-моддага «Товар (иш, хизмат)нинг сифати» деган прим модда киритиш мақсадга мувофиқ.

Адашмасам, мамлакатимизда банк пластик карталари 2005 йиллардан жорий этила бошлаган эди. Ўтган йиллар давомида банк карталаридан тўлов қилинганда нақд пулдаги тўловга қараганда бошқачароқ нархлар белгилаш ҳолатларига ҳам гувоҳ бўлинди. Бунга қарши турли йўллар ва воситалар билан курашишга ҳаракат қилиб келинди. Лекин ҳали ҳануз биз ҳозир муҳокама қилиб турган қонунга банк пластик карталарига доир нормалар киритилмагани эътибордан четда қолмоқда. Қонуннинг 10-моддаси айнан товар (иш, хизмат)лар учун ҳақ тўлаш шакли ва тартибини белгилайди. Бошқа давлатлар тажрибасидан келиб чиқиб, шу моддага ҳар хил тўлов воситалари билан пул тўланганда бир хил товарга ҳар хил нарх белгилашни тақиқловчи нормаларни киритиш керак.

Яна бир нарса. Қонуннинг 10-моддасида олди-сотди амалга оширилганда истеъмолчига касса ёки товар чеки берилиши шартлиги кўрсатиб ўтилган. Касса чеки сотувчи (хизмат кўрсатувчи)га тўланган маълум пул суммасини кўрсатса, товар чеки шу тўланган пулнинг қайси товар (хизмат) ва унинг қанча миқдори учун тўланганини ҳам кўрсатиб ўтади. Айтайлик, ёқилғи қуйиш шохобчасидан автомобилингизга 10 литр бензин қуйдингиз. Пулини тўлагангиздан сўнг, сизнинг қўлингизга 50 000 сўм тўланди деган касса чеки берилди (литри 5 000 сўмдан). Лекин кейин билсангиз, унинг литри 4600 сўмдан экан. Бирор жойга шикоят қилсангиз, ўша ёқилғи қуйиш шохобчасидагилар сизни 11 литр қуйганмиз деб енгиб юборади. Сабаби – касса чекида умумий сумма кўрсатилади, лекин неча литр сотилгани кўрсатилмайди. Товар чеки бўлганда-чи? Унда харид қилинган бензин литри, ҳар бир литр нархи ва умумий сумма кўрсатилар, юқоридаги тушунмовчилик ҳам келиб чиқмас эди. Агар кундалик турмуш жараёнимизни кузатсак, аксарият ҳолатларда товар чеки берилиши шартлиги маълум бўлиб қолади.

Умуман олганда, қонуннинг 10-моддаси алоҳида, синчиклаб кўриб чиқилиши ва қўшимча ва ўзгартишлар киритилиши зарур бўлган моддадир. Унда ҳақ тўлаш шакли сифатида миллий тўлов тизимлари ўз ўрнини топиши, нақд ёки бошқа кўринишда пул тўланганда бир хил товар учун хар хил нарх белгилаш мумкин эмаслиги (бу ерда нархнинг ошиш тенденциясига эътибор қаратиш муҳим), шунингдек харид учун товар чеки берилиши шартлиги, қандай ҳолатларда истисно тариқасида касса чеки берилиши мумкинлиги бўйича нормалар киритилиши керак.

Қонуннинг 18-моддасига биноан истеъмолчи мақбул сифатли ноозиқ-овқат товарини харид қилган кунидан эътиборан ўн кун ичида ушбу товар сотиб олинган жойдаги сотувчидан айни шундай товарга алмаштириб олишга, бундай товар сотувда бўлмаса пулини қайтариб олишга ҳақли. Лекин қонуннинг амалдаги таҳририда истеъмолчига пул қайтарилади деган норма бўлса-да, пул қачон қайтарилади, дарҳолми ёки сотувчи хоҳлаган пайтдами, сотувчи товарни сотганидан кейинми, аниқлик киритилмаган. Қонуннинг эса тили равон, аниқ, тушунарли ва пичоғи кескир бўлиши керак. Шу сабабли ушбу қонун амалдаги Фуқаролик кодекси талабларидан келиб чиқиб, сотувчи пулни дарҳол қайтариб бериш чораларини кўриши лозимлиги, агар мажбуриятни дарҳол бажариш вазифаси шартнома ёки мажбуриятнинг моҳиятидан англашилмаса, бундай мажбуриятни истеъмолчи талаб қилган кундан бошлаб етти кунлик муддат ичида бажариши шартлиги бўйича норма билан бойитилса, бу борадаги тушунмовчиликларнинг олди олинган бўлар эди.

Қонун бўлар экан, унинг ижроси таъминланмоғи шарт. Бунинг учун эса қонун нормаларида жамоатчилик назорати билан боғлиқ нормаларга кенг ўрин берилиши зарур. Амалдаги қонунимизда мазкур соҳада амалда жамоатчилик назоратини олиб бораётган истеъмолчиларнинг жамоат бирлашмаларининг ҳуқуқлари ва уларнинг қонун ижросидаги ўрнини белгилаб берувчи нормалар етишмаяпти.

Амалдаги қонуннинг 4-моддасида истеъмолчилар жамоат бирлашмаларини тузишлари мумкинлиги, 30-моддасида эса истеъмолчиларнинг бирлашмалари ўз фаолиятини қонун ҳужжатларига мувофиқ амалга оширувчи жамоат бирлашмаларидир деган норма киритилиши билан чекланилган. Қонун қабул қилиниб, орадан салкам 25 йил вақт ўтган бўлса-да, унда истеъмолчилар жамоат бирлашмаларининг ҳуқуқларини белгилаб берувчи нормалар ўз аксини топмай келмоқда. Менимча, бугунги кун талаблари, юртимизда жамоатчилик назоратини янада ривожлантириш борасидаги вазифалар мазкур қўшимчаларни ҳам тез киритишни талаб қилмоқда.

Мисол тариқасида айтсак, Россия қонунида «Государственная и общественная защита прав потребителей» – «Истеъмолчилар ҳуқуқларининг давлат ва жамоат ташкилотлари томонидан ҳимоя қилиниши» деган алоҳида боб, Корея Республикасининг қонунида «Consumer organisations» – «Истеъмолчилар ташкилотлари» деган алоҳида модда мавжуд бўлиб, унда истеъмолчилар жамоат бирлашмаларининг ҳуқуқ ва ваколатлари ҳамда уларнинг қонун ижросидаги иштироклари бўйича алоҳида-алоҳида нормалар бор.

ТАКЛИФЛАР

  • «Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги қонуннинг 1-моддаси (асосий тушунчалар)даги «истеъмолчи» таърифида «фойда чиқариб олиш билан боғлиқ бўлмаган ҳолда шахсий истеъмол ёки бошқа мақсадларда» тушунчасини «тадбиркорлик фаолияти билан боғлиқ бўлмаган ҳолда, фақат шахсий, оилавий, уй-рўзғорда ва бошқа мақсадларда фойдаланиш учун» тушунчаси билан алмаштириш;
  • «истеъмолчи» таърифидаги «товар сотиб олувчи, иш, хизматга буюртма берувчи ёхуд шу ниятда бўлган фуқаро (жисмоний шахс)» таърифини «товар сотиб олувчи, иш, хизматга буюртма берувчи ёхуд шу ниятда бўлган ҳамда ундан фойдаланаётган фуқаро (жисмоний шахс)» шаклида ўзгартириш;
  • қонуннинг 4-моддасига истеъмолчининг маърифатли бўлиш (билим ва таълим олиш) ҳуқуқини киритиш: бунда билим олиш ҳуқуқини 4-модда биринчи қисми биринчи хатбошисига «товар (иш, хизмат) ҳақида, шунингдек, ишлаб чиқарувчи (ижрочи, сотувчи) ҳақида тўғри ва тўлиқ маълумот ҳамда истеъмолчилик билимини олиш» шаклида, таълим олиш ҳуқуқини шу модда биринчи қисмига алоҳида хатбоши сифатида киритиш. «Истеъмолчилик таълимини олиш ҳуқуқи» бешинчи хатбоши сифатида киритилиб, бешинчи хатбоши олтинчи хатбошига ўзгаради;
  • қонунга «Истеъмолчининг истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасида маърифатли бўлиш ҳуқуқи» деган 4 (прим)-моддани қўшиш;
  • бундан келиб чиқиб, қонуннинг 5 ва 6-моддаларига истеъмолчининг билим олиш ҳуқуқини таъминлаб бериш мажбуриятини ифодаловчи нормаларни қўшиш;
  • қонуннинг 5 ва 6-моддаларидаги ишлаб чиқарувчи (сотувчи, ижрочи) томонидан истеъмолчига маълумот бериш мажбуриятини маълумотнинг давлат тилида берилиши шартлиги бўйича норма билан бойитиш;
  • қонуннинг 5 ва 6-моддаларида кўзда тутилган маълумотларнинг берилмаслиги ёки лозим даражада берилмаслиги қонун бузилиши сифатида эътироф этилишини англатиш мақсадида шу моддаларга мазкур талабни бажармаслик 27-моддадаги ҳуқуқий таъсир чораларини келтириб чиқаришини эслатиб ўтиш ёки 27-моддага ҳавола бериш;
  • 6-модданинг иккинчи қисми учинчи хатбошисидаги «баҳоси (тарифи) ва сотиб олиш шартлари» жумласини «сўмдаги баҳоси (тарифи) ва сотиб олиш шартлари» тарзида ифодалаш;
  • асосий тушунчалар (1-модда)га «мақбул сифатли товар» тушунчасини киритиш ва унинг таърифини бериш ёки 6-моддага прим модда сифатида «Товар (иш, хизмат)­ нинг сифати деган модда ҳамда унга тегишли нормаларни киритиш;
  • қонуннинг 14 (нуқсонли товарни алмаштириш), 15 (бепул таъмирлаш), 19 (иш бажариш, хизмат кўрсатишда шартнома шартлари бузилиши)-моддаларидаги  истеъмолчининг қонуний талаблари ўз муддатида бажарилмаслиги натижасида келиб чиқувчи оқибат – неустойка (пеня) суммаси товар баҳосига етиб боргунга қадар ҳисобланиши бўйича нормани киритиш. Мажбуриятни бажарувчи томоннинг масъулиятини ошириш мақсадида кунига ҳисобланадиган неустойка (пеня) фоизини товар баҳосининг бир фоизи эмас, уч фоизи миқдорида белгилаш;
  • юқоридаги 3 та модда (14, 15, 19-модда)нинг ҳар бирига «сотувчи (ишлаб чиқарувчи, хизмат кўрсатувчи) истеъмолчи талабини ихтиёрий равишда қондириши шарт»лиги тўғрисидаги нормани киритиш;
  • 10-моддаси матнига бу соҳадаги муносабатлар «Истеъмол кредити тўғрисида»ги қонун бўйича тартибга солинишини ифодалаб берувчи жумлаларни киритиш;
  • шу моддага турли хил тўлов воситалари билан пул тўланганда бир хил товарга ҳар хил нарх белгиланишининг олдини олувчи нормаларни қўшиш;
  • шу модданинг «Олди-сотди амалга оширилганда истеъмолчига касса ёки товар чеки берилади» нормасини «Олди-сотди амалга оширилганда истеъмолчига товар чеки берилади, касса чеки берилишига мажбур бўлинувчи айрим истисно ҳолатларни ҳисобга олмаганда» мазмунидаги нормага ўзгартириш;
  • 18-моддадаги «Истеъмолчи мақбул сифатли ноозиқ-овқат товарини харид қилган кунидан эътиборан ўн кун ичида ушбу товар сотиб олинган жойдаги сотувчидан уни айни шундай товарга алмаштириб олишга, бундай товар сотувда бўлмаса, пулини қайтариб олишга ҳақли» нормасидан кейин «Сотувчи пулни дарҳол қайтариб бериш чораларини кўриши лозимлиги, агар мажбуриятни дарҳол бажариш вазифаси шартнома ёки мажбуриятнинг моҳиятидан англашилмаса, бундай мажбуриятни истеъмолчи талаб қилган кундан бошлаб етти кунлик муддат ичида бажариши шарт»лиги бўйича норма билан бойитиш;
  • 30-моддасини («Истеъмолчиларнинг жамоат бирлашмалари») истеъмолчилар жамоат бирлашмаларининг ҳуқуқ ва ваколатларини ифодаловчи нормалар билан бойитиш;
  • шунингдек, юртимизда истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонунчилик ижроси таъминланиши устидан жамоатчилик назоратини йўлга қўйиш мақсадида қонуннинг 25 ва 26-моддаларидаги истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ваколати берилган давлат бошқаруви идораларининг ваколат ва вазифалари қаторига «истеъмолчиларнинг жамоат бирлашмалари билан ҳамкорлик қиладилар» мазмунидаги нормаларни киритиш;
  • шиддат билан ривожланиб бораётган автоматлаштирилган тизимлар у бўйича қонунга тегишли нормалар киритилишини ҳам талаб қилишини эътибордан четда қолдирмаслик, хусусан, «маълумотлар йиғувчиси» термини (бошқача аталиши ҳам мумкин) қонуннинг 1-моддасидаги асосий тушунчаларга киритилиши ҳамда ишлаб чиқарувчи (сотувчи, хизмат кўрсатувчи)ларнинг мажбуриятлари кўрсатилган барча моддаларда ва ўринларда кўрсатиб ўтилишига эътибор қаратиш.

Ғайрат МАМАТҚУЛОВ, 

мустақил тадқиқотчи

 

* претензия (эътироз хати) – бу истеъмолчининг ёзма мурожаати бўлиб, у эркин равишда ёзилади ва истеъмолчининг юзага келган ҳолат бўйича ўз эътирозларини ҳамда мазкур ҳолатни бартараф этиш бўйича қонуний талабларини ўз ичига олади.