0,00 UZS

No products in the cart.

10.6 C
London
Shanba, May 15, 2021

Исмга бўлган ҳуқуқ

- Advertisement -
- Advertisement -

Исм, от – инсоннинг туғилиши билан унга бериладиган ном. У шахсларни оила, авлод, маҳалла, жамоа доирасида ажратишга имкон беради. Одатда чақалоққа исмни ота­онаси, қариндош­уруғи, оиладаги кекса инсонлар танлайдилар. Қандай исм қўйилиши эстетик ва этик тамойиллар, исм танловчиларнинг орзу­истаклари, тасаввур ва дунёқараши, миллий менталитет билан боғлиқ.

Исмга бўлган ҳуқуқ энг муҳим субъектив ҳуқуқдир. У бошқа барча субъектив ҳуқуқларнинг амалга оширилишини олдиндан белгилаб беради ва уларга ҳамроҳ бўлади. Аксарият шахсий номулкий ҳуқуқларга бағишланган монографик асарлар, уларнинг ҳуқуқий таҳлили исмга бўлган ҳуқуқнинг моҳиятини кўриб чиқишдан бошланиши бежиз эмас.

Шахсий номулкий ҳуқуқнинг ўзига хос хусусиятлари унинг олдига қўйган мақсади, объектнинг хусусиятлари, шунингдек таркибига кирадиган ваколатларнинг ўзига хослиги билан алоҳида ажралиб туради. Исмга бўлган ҳуқуқ фуқаронинг ўзига хос исмга эга бўлиш ҳуқуқини қонуний равишда таъминлаш учун зарур. Шахс бошқалардан унга исми билан мурожаат қилишларини талаб қилиши, исмини қонунга мувофиқ ўзгартириши мумкин.

Ушбу ҳуқуқнинг объекти исм ҳисобланади ва фуқароларнинг исми, отасининг исми ва фамилияси билан бирга тўлиқ исм-фамилия сифатида тушунилади. Исм (фамилия ва ота исми) унинг эгасини кўрсатадиган шахсий, номоддий, маънавий манфаатларни англатади. Фуқароларнинг алоҳида ажратиб кўрса- тилиши масаласининг ечими ҳеч қандай қийинчилик туғдирмайди, чунки ҳар бир шахс ўзича ягонадир. Бунда қонун фақат ушбу ҳо- латни қонуний равишда тузатади, алоҳида фуқаронинг ҳуқуқий мақоми ва ижтимоий муносабатларда иштирок этишининг ҳуқуқий шаклларини тартибга солади. Шундай қилиб, исм фуқарони қайд қилиш усули, шахсни расмий алоҳида белгилаш воситаси сифатида ишлатилади.

Ҳуқуқ соҳасида исмга бўлган ҳуқуқ узоқ вақт давомида ўзига нисбатан ноаниқликлар- ни келтириб чиқарди. Ўтган асрнинг 70-йилларидаги ҳуқуқий манбаларда исмга бўлган ҳуқуқни маъмурий ҳуқуқ ёки оила ҳуқуқи орқали тартибга солишга оид фикрлар билдирилган. Хусусан, С. Братус «исмга бўлган ҳуқуқ оилавий муносабатлардан, никоҳ муносабатларидан келиб чиқадиган шахсий ҳуқуқдир. Исм ва фамилияни никоҳ ёки оилавий муно- сабатлардан ташқари ўзгартириш маъмурий қонунчилик билан тартибга солинади» деб таъкидлаган. Б. Черспахин ҳам «исмни бериш ва ўзгартириш тартиби маъмурий ҳуқуқ нормалари ҳамда оила ва никоҳ тўғрисидаги қонун ҳужжатлари билан белгиланади» деган фикрни илгари сурган. Шунингдек, фуқаролик ҳуқуқи бўйича бир қатор дарсликларда ушбу ҳуқуқни субъектив маъмурий қонун сифатида тан олиш зарурлиги тўғрисидаги қоидалар мавжуд.

Ҳозирги замон ўзбек олимларидан Р. Рўзиев «исмга бўлган ҳуқуқ муайян исмнинг соҳиби сифатида танилишга бўлган субъектив фуқаролик ҳуқуқидир. Мазкур исм воситасида фуқаро жамият аъзоси сифатида бошқа фуқаролардан ажралиб туради, индивидуаллашади. Фуқаронинг исми деганда унинг исми ҳам, ота исми ва насаби (уруғ-авлоди номи) ҳам назарда тутилади. Юқорида айтилганидек, ном олиш, яъни насаб, исм ва ота исмини олиш, номни ўзгартириш махсус қонунлар билан тартибга солинади» деган оқилона хулосага келади.

Фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар тўғриси­ даги халқаро пактнинг 24­моддасида «Ҳар бир бола туғилганидан сўнг дарҳол рўйхатдан ўтказилиши ва исмга эга бўлиши керак» деб белгилаб қўйилган. Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенциянинг 7­моддасида эса «Бола туғилгандан сўнг дарҳол рўйхатга олинади ва туғилган кунидан бошлаб исмга эга бўлади» деб таъкидланган.

Фуқаролик ҳолатларини қайд этиш жойларида исмни қайд қилиш ёки исмни ўзгартириш ҳолатларининг рўйхатдан ўтказилиши ушбу муносабатлар моҳиятини аниқлай олмайди. Масалан, маъмурий органлар уйни сотиш ва сотиб олиш шартномасини рўйхатдан ўтказадилар, аммо ушбу ҳаракатнинг моҳияти фуқаролик ҳолати бўлиб қолавергани каби.

Биз кўриб чиқаётган масала шахснинг фуқаролик-ҳуқуқий муносабатларининг бошланишидир. Қонун субъектнинг исм танлаш билан боғлиқ ҳуқуқларига ҳеч қандай шаклда аралашмайди, яъни исм танлаш танловини фақат ҳуқуқ эгасининг ихтиёрига қолдиради. Шунга ўхшаш асосда субъектнинг ҳаракатлари келиб чиқади ва 16 ёшга тўлганида фамилияси, исми, ота исмини ўзгартириши мумкин бўлади. Никоҳ билан боғлиқ ҳолда фамилияни ўзгартирганда диспозитивликнинг нисбий шаклини кўриш мумкин, чунки бу ерда субъектга икки турдаги танлов имконияти берилган – никоҳгача бўлган фамилияни сақлаш ёки турмуш ўртоғининг фамилиясини қабул қилиш.

Бинобарин, тартибга солишнинг диспозитив хусусияти (императив тартибга солиш усулидан фарқли ўлароқ) кўриб чиқилаётган муно- сабатларнинг фуқаролик-ҳуқуқий табиатининг яна бир тасдиғи бўлиб хизмат қилади. Ҳеч ким ота-оналардан фарзандларини қандай номлаш- ни талаб қила олмайди. Ҳеч ким фуқародан фамилиясини, исмини, отасининг исмини ўзгартиришни талаб қилиш ҳуқуқига эга эмас.

Кўриниб турибдики, исмга бўлган ҳуқуқни оила қонунчилиги асосида тартибга солиш мақсадга мувофиқ эмас. Кўпчилик ҳолларда исм (фамилия, ота исми) берилиши, унинг кейинги ўзгариши оилавий-ҳуқуқий муносабатларнинг мавжудлиги билан боғлиқ бўлиши мумкин, аммо бу боғлиқлик мутлақ эмас. Бундан болага исм бериш нафақат ота-оналар, балки васийлик ва ҳомийлик органлари, болалар муассасаси маъмурияти, ички ишлар ор- гани ёки болани топган шахс томонидан ҳам амалга оширилиши мумкинлиги ҳақидаги қоидалар тўғри қабул қилинган деган хулосага келиш мумкин.

Фамилияни (исмини, ота исмини) ўзгартириш барча ҳолатларда ҳам шахснинг оилавий аҳволидаги ўзгаришлар билан боғлиқ бўлмайди. Диссонанс исмлар (фамилиялар, оталарнинг исмлари) шахснинг турмуш қуриш ниятидан қатъи назар, уни ўзгартириш учун тўлиқ қонуний асос бўлиб хизмат қилиши мумкин. Бинобарин, исмга бўлган ҳуқуқни оилавий қонунчиликни тартибга солиш соҳасига боғлаш мумкин эмас ва унинг қўлланилиш доираси оилавий муносабатлар доираси билан чеклангандир.

Ушбу масала ўзининг махсус таркибига эга ва унга қуйидаги муҳим элементлар киради:

1)      бошқа шахслардан унинг фамилияси, исми ва отасининг исми билан мурожаат қилишни талаб қилиш ҳуқуқи; 2) фамилияни, исмни, отанинг исмини ўзгартириш ва алмаштириш ҳуқуқи; 3) ноқонуний фойдаланилган фамили- яни, исмни, отанинг исмини бекор қилишни талаб қилиш ҳуқуқи.

Юқоридагиларни батафсил таҳлил қилайлик.

  1. Фуқаронинг фамилияси, исми, отасининг исми билан мурожаат қилишларини талаб қилиш ҳуқуқи исмга бўлган субъектив ҳуқуқий ваколатдир. Қонунда белгиланган тартибда исм (фамилияси, отасининг исми) унга эга бўлган шахснинг ўзи учун ҳам, бошқа барча шахслар учун ҳам мажбурийдир. Шу билан бирга, айрим ҳолларда қонун фуқарога ўз хоҳишига кўра исмини (фамилиясини, отасининг исмини) ўзгартириш ёки алмаштириш имкониятини беради. Ҳеч қандай давлат ёки жамоат ташкилотлари, бошқа (юридик ва жисмоний) шахслар фуқаронинг фамилияси, исми, отасининг исмини ўзбошимчалик билан ўзгартириш (алмаштириш) ҳуқуқига эга эмас. Фамилияни (исмини, отасининг исмини) ҳар қандай бузиш фуқарога тегишли бўлган шахсий номулкий ҳуқуқни бузиш ҳисобланади.

Амалдаги қонунчилигимиз фуқаронинг исмга бўлган ҳуқуқи бузилган ҳолатларда унинг манфаатларини қандай қилиб ҳимоя қилади?

Қонун фуқарога исми, отасининг исми ёки фамилияси бузилиб кўрсатилганида судга шикоят қилиш имкониятини берган. Фуқаролик процессуал кодексининг «Юридик аҳамиятга эга бўлган фактларни аниқлаш» деб номланган 28-бобининг 295-моддаси 6-бандига кўра суд шахснинг ҳуқуқини белгиловчи ҳужжатларда (жамоат бирлашмаларига аъзолик билетлари, ҳарбий ҳужжатлар, паспортлар, фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш органлари берадиган гувоҳномалар бундан мустасно) кўрсатилган фамилияси, исми ёки отасининг исми унинг паспортидаги ёки туғилганлик тўғрисидаги гувоҳномасидаги фамилияси, исми ёки отасининг исми билан мос келмаган тақдирда, мазкур ҳужжатларнинг унга тегишлилиги ёхуд тегишли эмаслиги тўғрисидаги ишларни кўриб чиқади.

Фуқароларнинг сайлов жараёнида иштирок этиши билан боғлиқ сиёсий ҳуқуқларини амалга оширишида исм, фамилия ва отасининг исмидаги ноаниқликлар тўғрисида шикоят қилиш ҳуқуқи белгиланган. Сайлов кодексининг «Сайловчиларнинг рўйхатлари хусусида баҳслашув» деб номланувчи 30-моддасига кўра ҳар бир фуқаро сайловчиларнинг рўйхатларидаги хато ёки ноаниқлик тўғрисида участка сайлов комиссиясига арз қилиши мумкин. Участка сайлов комиссияси 24 соат ичида мурожаатни текшириши ва хатони ёки ноаниқликни бартараф этиши ёхуд мурожаат қилувчига унинг мурожаати рад этилгани тўғрисида асослантирилган жавоб бериши шарт. Жавоб қониқтирмаган тақдирда участка сайлов комиссиясининг ҳаракатлари ва қарорлари устидан судга шикоят қилиниши мумкин.

Шундай қилиб, фамилия, исм, отанинг исмидаги бузилишларни бартараф этишни талаб қилиш имконияти авваламбор овоз беришга халақит бериши мумкин бўлган сайловчилар рўйхатидаги хатоларни бартараф этиш усулларидан бири сифатида пайдо бўлади. Бундай ҳолда исмга бўлган ҳуқуқни ҳимоя қилиш мустақил равишда амалга оширилмайди, ушбу ҳуқуқ фақат сайлов ҳуқуқини амалга ошириш билан боғлиқ бўлган ҳолларда амалга оширилади.

Юқоридагилар қонунда исм (фамилия, отасининг исми)нинг ҳуқуқий муҳофазаси жуда тор доираларда амалга оширилади деган хулосага келишимизга имкон беради. Бошқа барча ҳолатларда фуқаро исмининг бузилиши билан боғлиқ ҳуқуқини ҳимоя қилиш учун реал имкониятга эга эмас.

Исм, от — боланинг туғилганлиги қайд этилаётганда унга бериладиган ном. Уни тўғри, асл шаклида ишлатиш мақсадга мувофиқ бўлиб, унга эркаловчи, ундовчи қўшимчалар қўшиб чақириш исм бузилишини англатмайди.

Аммо ўзбошимчалик билан фуқароларнинг фамилияларини (исмларини, отасининг исмларини) бузиб кўрсатиб, уларнинг исмга бўлган ҳуқуқи бузилишининг олдини олиш ҳамда ушбу имтиёзларни ҳуқуқий ҳимоя қилиш кўламини кенгайтириш зарур. Жумладан, агар босма нашрларда, ташкилотлардан келган ҳужжатларда фуқаронинг фамилияси (исми, отасининг исми) бузилишига йўл қўйилган бўлса уларни бартараф этишни талаб қилиш ҳуқуқини мустаҳкамлаш; ихтиёрий равишда тузатиш киритишни рад этган тақдирда, фуқаронинг судга мурожаат қилиш ҳуқуқини янада кенгайтириш керак.

«Оммавий ахборот воситалари тўғрисида»ги қонуннинг «Раддия бериш ва жавоб қайтариш ҳуқуқи» деб номланувчи 34-моддасида жисмоний шахс оммавий ахборот  воситасида эълон қилинган, ҳақиқатга мос келмайдиган ҳамда ўзининг шаъни, қадр-қиммати ёки ишчанлик обрўсини таҳқирловчи маълумотлар учун раддия беришни таҳририятдан талаб қилишга, эълон қилинган материал туфайли ҳуқуқ ва қонуний манфаатлари бузилган жисмоний шахслар мазкур оммавий ахборот воситасида раддия ёки жавобни эълон қилишга ҳақли экани белгилаб қўйилган. Раддия ёки жавоб газеталарда улар олинган кундан эътиборан бир ой ичида, бошқа даврий нашрларда навбатдаги сонда эълон қилиниши шарт.

Оммавий ахборот воситаси раддияни, жавобни эълон қилишдан бўйин товласа ёхуд уларни эълон қилиш учун белгилаб қўйилган муддатни бузса, юридик ёки жисмоний шахс даъво аризаси билан судга мурожаат қилишга ҳақли.

Миллий қонунчиликдаги ушбу жиҳат бироз изоҳга муҳтож.

Биринчидан, қонун ҳақиқатга мос келмайдиган ҳамда фуқаронинг шаъни ва қадр-қиммати ёки ишчанлик обрўсини таҳқирловчи маълумотлар оммавий ахборот воситаларида берилган ҳоллардагина қўлланилиши мумкин. Бу қоидалар бошқа идоралар томонидан йўл қўйилиши мумкин бўлган қасддан содир этилган камситилишларга (ташкилотлардан берилган ҳужжатлар, сертификатлар, тавсифномалар ва бошқалар) тааллуқли эмас.

Иккинчидан, фуқаро учун жавоб, шарҳ ёки тушунтириш муҳим эмас. Унинг учун исми (фамилияси, отасининг исми) бузилиши ҳолатининг бартараф этилиши, номига бўлган ҳуқуқларининг тикланиши муҳим.

Учинчидан, ушбу қоидалар исмга бўлган ҳуқуқ бузилган ҳолларда қўлланиши учун Фуқаролик кодексини қуйидаги норма билан тўлдириш лозим бўлади:

«Исм (фамилия, ота исми)га бўлган ҳуқуқлар.

Фуқаро ўз исми (фамилия, ота исми)га эга бўлиш ҳуқуқига эга. Фуқароларнинг исми, фамилияси, отасининг исми қонун билан ҳимояланган. Исм, отасининг исми ёки фамилиясининг ўзбошимчалик билан бузилишига йўл қўйилмайди. Фуқаро судда ўз исми (фамилия, ота исми)нинг бузилиши бекор қилинишини талаб қилишга ҳақлидир. Агар исм (фамилия, ота исми) бузилишига босма нашрларда йўл қўйилган бўлса, тузатишлар босма нашрларда эълон қилиниши, агарда бу ҳолатга ташкилотдан чиққан ҳужжатларда йўл қўйилган бўлса, бундай ҳужжат алмаштирилиши шарт».

Таклиф қилинаётган модда қоидалари, уларни бошқа фуқаролик ҳуқуқи институтлари (муаллифлик ҳуқуқи, шаън ва қадр-қиммат институти) ёки бошқа ҳуқуқ соҳалари (жиноят, масалан, ҳақорат учун жавобгарликни назарда тутувчи) нормалари билан тартибга солиш имконияти мавжуд ёки йўқлигидан қатъи назар, муносабатларнинг махсус доирасига таъсир кўрсатадиган объектга эга бўлади.

Кодексга ушбу модданинг киритилиши фуқаролик қонунчилигидаги бўшлиқни тўлдиради.

Янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодекси (лойиҳаси)нинг 19-моддаси фуқаронинг исми билан боғлиқ муносабатларни тартибга солишга бағишланган бўлиб, унда агар қонундан ёки миллий одатдан бошқача тартиб келиб чиқмаса, фуқаро ўз фамилияси ва номи, шунингдек отасининг исми билан ҳуқуқ ва бурчларга эга бўлиши ҳамда уларни амалга ошириши, қонунда назарда тутилган ҳолларда ва тартибда тахаллусдан (тўқилган исмдан) фойдаланиши, қонунда белгиланган тартибда ўз исмини ўзгартиришга ҳақли экани кўрсатилган. Исмини ўзгартирган фуқаро ўзининг аввалги исмига расмийлаштирилган ҳужжатларга ўз таклифи билан ўзгартириш киритилишини талаб қилишга ҳақли экани ҳамда фуқаро туғилган вақтида олган исмини, шунингдек ўзгартирилган исмини фуқаролик ҳолати ҳужжатларини қайд этиш учун белгиланган тартибда рўйхатдан ўтказиши кераклиги, бошқа шахс исмидан фойдаланиб ҳуқуқ ва бурчларга эга бўлишга йўл қўйилмаслиги батафсил кўрсатиб берилган.

Бу шубҳасиз, фуқаролик қонунчилигида афзалликлар беради. Шунга қарамай, кўриб чиқилаётган қоида қўшимча ва тушунтиришга муҳтож кўринади.

Биринчидан, Фуқаролик кодексининг 19-моддаси «Фуқаронинг исми» деб номланган. Гап фақат номоддий, шахсий ва номулкий манфаатлар ҳақида эмас, балки исмга эга бў- лиш туфайли фуқарога қонун томонидан тақдим этилган ҳуқуқий имкониятларнинг бутун мажмуи ҳақида кетмоқда. Бинобарин, мазкур моддада назарда тутилган нарса исмга бўлган ҳуқуқдан бошқа нарса эмас, яъни ваколатли шахснинг, исм эгасининг мумкин бўлган хатти-ҳаракатларининг қонуний ўлчовини акс эттирган. Модданинг сарлавҳаси унинг мазмунини акс эттириши керак.

Кодекснинг 19-моддаси сарлавҳасини аниқлаштириш зарурлиги сабабларидан бири «Фуқаронинг исми – агар қонундан ёки миллий одатдан бошқача тартиб келиб чиқмаса, фуқаро ўз фамилияси ва номидан, шунингдек отасининг исми билан ҳуқуқ ва бурчларга эга бўлади ҳамда уларни амалга оширади» деб кўрсатилган. Бу ҳолатлар кодекснинг 20-моддасида «Ўз исми билан яшаш ҳуқуқига эътироз билдирилаётган ёки исмидан қонунсиз фойдаланилаётганлиги муносабати билан манфаатлари бузилаётган шахс манфаатларини бузувчидан бундай ҳаракатларга чек қўйишни ва раддия беришни талаб қилиши мумкин» деган сўзларга ўхшаш кўринади.

Кодексда исмга бўлган ҳуқуқлар чуқур эътиборга олинмаган ҳамда унда номга бўлган ҳуқуқнинг таркибига кирадиган ҳуқуқ ва алоҳида ваколатларга чуқур эътибор қаратилмаган. Муайян исмга эга бўлиш, бошқа шахслардан фамилияси, исми ва отасининг исми билан мурожаат қилишни талаб қилиш ҳуқуқи белгиланмаган. Исм бузилган тақдирда унга бўлган ҳуқуқни ҳимоя қилишнинг махсус усуллари назарда тутилмаган.

Фуқарога берилган ягона ваколат – ҳужжатларга ўз маблағлари ҳисобидан тегишли тузатишлар киритилишини талаб қилиш ҳуқуқидир.

Фамилия, исм, ота исмини ўзгартириш ҳуқуқи исмга бўлган ҳуқуқ таркибига киритилган муҳим элементлардан биридир. Бу фуқаронинг шахсий ихтиёрига боғлиқ ҳуқуқ, фуқаро ушбу ваколатларни амалга ошириши учун бу имкониятдан фойдаланадими ёки бутун ҳаётини туғилган пайтида олган фамилия, исм ва ота исми билан ўтказадими, ўзи белгилайди. «Алмаштириш» тушунчаси фамилия, исм, ота исмининг «ўзгариши»га қараганда кенгроқ, чунки фамилия, исм, ота исмидаги ҳар бир ўзгариш бир вақтнинг ўзида аввалгисининг ўзгариши ҳисобланади. Ушбу тоифалар ўртасидаги фарқлар нафақат терминологик, балки ҳуқуқий ҳамдир.

Амалдаги фуқаролик қонунчилигида фамилияни, исмни, отанинг исмини алмаштириш ва ўзгартиришнинг турли асослари ва тартиби белгиланган.

Ўз фамилиясини, исмини, отасининг исмини ўзгартириш ҳуқуқини фуқаро, қоида тариқасида, оилавий ҳуқуқий характерга эга бўлган айрим юридик фактлар юзага келганда амалга оширади. Бу соҳага алоқадор масалалар Оила кодексининг қуйидаги моддаларида тартибга солинган: боланинг исми, отасининг исми ва фамилиясини олиш ҳуқуқи (69-модда); боланинг исми ва фамилиясини ўзгартириши ҳуқуқи (70-модда). Фарзандликка олишни бекор қилиш оқибатлари, суднинг ҳал қилув қарорида фарзандликка олинувчининг фамилияси, исми ва ота исмини сақлаш-сақламаслиги кўрсатилиши керак. Ўн ёшга тўлган боланинг фамилияси, исми ва ота исми фақат унинг розилиги билан ўзгартирилиши мумкин (172-модданинг 4–5-бандлари); фамилия, исм ва ота исмини ўзгартириш ҳақидаги аризаларни кўриб чиқиш тартиби (226-модда); никоҳ тузиш вақтида эр ва хотин ўз хоҳиши билан эри ёки хотинининг фамилиясини умумий фамилия қилиб танлаши ёки уларнинг ҳар бири никоҳгача бўлган ўз фамилиясини сақлаб қолиши (Оила кодексининг 20-моддаси). Никоҳдан ажратилганда эр (хотин)нинг ўз фамилиясини ўзгартириши (46-модда).

Боланинг исм, ота исми ва фамилия олиш ҳуқуқи «Бола ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида»ги қонуннинг 9­моддасида, Вазирлар Маҳкамасининг 2016 йил 14 ноябрдаги 387­қарори билан тасдиқланган «Фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш қоидалари»нинг 22–27­бандларида белгиланган. «Фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш қоидалари»да фуқарога исмини (фамилияни, отасининг исмини) ўзгартиришга 18 ёшга тўлгандан кейингина рухсат этилган. Шундай қилиб, 15 ёшдан 18 ёшгача бўлган вояга етмаганларнинг ҳуқуқий лаёқати доираси кенгайтирилди, амалдаги Фуқаролик кодекси ушбу тоифадаги фуқаролар учун бундай имкониятни назарда тутмайди.

Қонунчиликдаги ушбу қадамалар мантиқий ва ўринли. 16 ёшдан бошлаб вояга етмаганлар иш билан таъминланиши мумкинлигини ҳисобга олган ҳолда, турли кооператив ва жамоат ташкилотларига аъзо бўлишлари, тадбиркорлик билан шуғулланишларига йўл очиб беради.

Ижтимоий алоқалар кўлами кенгаймоқда, мос равишда вояга етмаганларнинг исм-фамилиясига бўлган эҳтиёж кучаймоқда, шу сабабли шахсий исмнинг кўлами ва шахсий аҳамияти ошмоқда. Шунга кўра, Фуқаролик кодексини тегишли моддалар билан тўлдириш лозим бўлади. Вояга етмаганлар мустақил равишда кичик маиший битимлар тузиш, ўзларининг даромадлари ёки стипендияларини тасарруф этиш, муаллифлик ва ихтиро ҳуқуқларидан фойдаланиш, 16 ёшга тўлганларидан кейин фамилиясини (исми, отасининг исми) ўзгартириш ҳуқуқига эгалиги қонун ҳужжатларида назарда тутилган.

Ариза берувчининг фамилиясини (исми, отасининг исмини) ўзгартириш учун асослар аризачининг жиддий сабаблари ҳисобланади. Бундай сабаблар қай даражада асосли экани тўғрисида қарор чиқариш ҳуқуқи фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш қоидаларида белгиланган. Қоиданинг 149-бандига асосан қуйидаги ҳолларда далолатнома ёзувларига ўзгартиришлар, тузатишлар ва қўшимчалар киритилади: «Давлат тили ҳақида»ги қонуннинг 15-моддаси асосида тарихий ва миллий анъаналарга риоя қилиш мақсадида фамилияси, исми, отасининг исмини ёздириш истаги бўлганда; оталик белгиланганда; фарзандликка олинганда; ота-онанинг ўзаро келишувига кўра (шунингдек ота-она никоҳдан ажратилганда) ёки ҳоким қарорига кўра вояга етмаган боланинг фамилияси ўзгартирилганда; миллати ўзгартирилганда; никоҳда турмаган она томонидан боланинг отаси ҳақидаги маълумотларни ўзгартириш ҳақида ариза берилганда (бола 16 ёшга етгунга қадар); суд қарори билан оталикни белгилаш ҳақиқий эмас деб топилганда, ота ҳақидаги маълумотлар бекор қилинганда ёки фарзандликка олиш бекор қилинганда; ота-онасининг фамилияси, исми ва отасининг исми ўзгартирилиши муносабати билан вояга етмаган боланинг фамилияси ва отасининг исми ўзгартирилганда; далолатнома ёзувларида имловий хато ва ноаниқликлар бўлганда, шунингдек туғилган вақти, жойи ва отасининг исми ҳақидаги ёзув мавжуд бўлмаганда; 16 ёшга тўлмаган боланинг исми ва фамилияси ўзгартирилганда, агар исми ва фамилияси ота-онасининг хоҳиши ҳисобга олинмаган ҳолда берилган бўлса; агар далолатнома ёзувида исми қисқартириб ёки эркалатиш шаклида ёзилган бўлса; жинси ўзгартирилганда.

Кўриниб турибдики, шахснинг бирон-бир сабабга асосланиб ўзининг исми (фамилия ва ота исми)га бўлган ҳуқуқини амалга ошириш мослашувчанлик позициясига тўлиқ асосланади. Чунки ариза берувчи фамилиясини (исмини, отасининг исмини) ўзгартиришни хоҳлайдиган ҳар қандай аниқ ҳаётий вазиятларнинг тўлиқ рўйхатини келтириш имкони мавжуд эмас. Шунинг учун ҳам ушбу масалани ҳал қилишда шахснинг фикрига таяниш ва уни ҳурмат қилган ҳолда ҳуқуқларини амалга оширишга имконият яратиб бериш мақсадга мувофиқ бўлади. Бу катта ижтимоий ва шахсий аҳамиятга эга бўлган сабаблардир. Фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш қоидаларида фамилиялар, исмлар, отасининг исмларини ўзгартиришга йўл қўйилмайдиган ҳолатлар кўрсатилган: а) ички ишлар органининг хулосасида ариза берувчи фамилияси, исми, ота исмини ўзгартириш тўғрисида илтимос қилган пайтда тергов ёки суд остида бўлганлиги; б) фамилияси, исми, ота исмининг ўзгартирилиши қонун ҳужжатларига зид эканлиги кўрсатилган бўлса, ФҲДЁ органи фамилияси, исми, ота исмини ўзгартиришни рад этиши ва рад этиш сабабини ёзма шаклда хабар қилиши керак. Фамилияни, исмни, отасининг исмини ўзгартиришга монелик қиладиган ушбу ҳолатлар мавжудлигини аниқлаш учун яшаш жойидаги рўйхатга олиш идорасидан барча материаллар ички ишлар бўлимига ўтказилади. Ички ишлар вазирлиги ариза берувчининг шахсини аниқлаш мақсадида терговдан, суддан, алимент тўлашдан қочиш ёки бошқа ғаразли мақсадларда фамилияни (исмини, отасининг исмини) ўзгартиришга йўл қўймаслик мақсадида ФҲДЁ органидан келиб тушган материалларни текширади. Айнан шу тарзда «манфаатдор давлат органлари томонидан эътирозлар мавжудлиги» аниқланади, бу (эътирозлар) фамилияни (исмини, отасининг исмини) ўзгартиришга тўсқинлик қилади.

Табиийки, айрим шахсларнинг исмга бўлган ҳуқуқлар амалга оширилишига тўсқинлик қилишларига йўл қўйиб бўлмайди. Бундан ташқари, амалдаги фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш қоидаларида турли хил сабабларга кўра алоҳида фуқароларнинг эътирозлари фамилия, исм, отанинг исмини ўзгартиришга тўсиқ сифатида қаралмайди. Ўзининг фамилиясини, исмини, отасининг исмини ўзгартиришга монелик қиладиган ҳолатлардан норози бўлган фуқаролар ФҲДЁ идораларининг қабул қилган қарори устидан судга шикоят қилиш ҳуқуқига эга.

Юқоридагиларга кўра, фуқароларнинг фамилияларини, исмларини, отасининг исмларини ўзгартириши тўғрисида Фуқаролик кодексига «Фамилия, исм, отанинг исмини ўзгартириш рад этилгани тўғрисида масъул ташкилотнинг қарори устидан қарор қабул қилинган кундан бошлаб судга мурожаат қилиш ҳуқуқига эга» деган ўзгартириш киритиш лозим. Шунда фуқаро ўзи хоҳлаган вақтда судга мурожаат қилиши мумкин бўлади.

Исмнинг ноқонуний ишлатилишини бартараф этишни талаб қилиш ҳуқуқи исмга бўлган номулкий ҳуқуқлар таркибига ажралмас элемент сифатида киритилган. Қайд этилган ҳуқуқлар ҳуқуқ соҳасида олдиндан мавжуд бўлсада, аммо унинг моҳиятини тушунишда ягона қарашлар йўқ эди. Буни «исмдан ноқонуний фойдаланиш» тушунчаси турлича талқин қилинишидан ҳам билиш мумкин.

Бировнинг исмидан ноқонуний фойдаланиш шаклларидан бири бировнинг исмини ўзига қўйиб олиш, ўзлаштиришдир. Бу тарзда ҳуқуқи бузилган исм эгаси ҳуқуқини ҳимоя қилиш, исмга бўлган ҳуқуқни тан олиш ва тегишли ҳаракатларни амалга ошириш тўғрисида судга ариза билан мурожаат қилиши мумкин. Бунда даъвогар паспорти, туғилганлик тўғрисидаги гувоҳномаси ёки ўзи (даъвогар) исмини қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда олганини тасдиқловчи бошқа ҳужжатни тақдим этиши ва кейин ушбу исмни ўзлаштирган жавобгардан исмининг қонунийлиги тўғрисида тегишли далилларни тақдим этишини талаб қилиши етарли бўлади. Бироқ бу жойда иккита ҳолатни ҳисобга олиш лозим бўлади.

Биринчидан, бундай ҳолатлар амалиётда жуда ёмон оқибатлар келтириб чиқариши мумкин. Бировнинг фамилиясини ўзига олиш ҳозирги глобаллашган, инсонларнинг бир давлатдан иш излаб бошқа давлат ҳудудига кўчиб ўтиши, уруш ҳолатидаги давлатлардан эса тинч ўлкаларга миграцияси кенг тус олган даврда жуда кўп кузатилмоқда. Мисол учун, Ўзбекистоннинг чет элга чиқишни орзу қилган кўплаб фуқаролари Америка Қўшма Штатларини танлайдилар. Қўшма Штатларда ишлаш ва яшаш имкониятига эга бўлиш учун фуқаронинг қўлида грин кард бўлиши керак. АҚШ ҳукумати ҳар йили бу соҳага 50 минг виза беради. Ўзбекистон, айнан Самарқанд вилояти- да грин картага ҳужжат топшириш ва «ютиш» жараëнида исм-фамилияларини миллийликка мос бўлмаган исмларга ўзгартириш, ютуқ чиққан шахсларнинг исмларига ўз исм-фамилиясини ўзгартириш каби ҳужжатларни сохталаштириш ҳолатлари кўп учрамоқда. Бу ўз навбатида ҳужжатларни қалбакилаштирган шахсларнинг жиноий жавобгарликка тортилишига сабаб бўлмоқда.

Юқоридагиларни инобатга олиб бировнинг исмини ноқонуний йўллар билан ўзига олиш ҳолатларини бартараф этиш учун судга мурожаат қилиш ва шахснинг исмга бўлган ҳуқуқларини осон ҳимоя қилишини таъминлаш, исмга бўлган ҳуқуқини ҳимоя қилиш имкониятини кенгайтириш мақсадида Фуқаролик кодексини «Фуқароларнинг исми, фамилияси, отасининг исмини қонун билан ҳимоялаш» деб номланган модда билан тўлдириш зарур.

Иккинчидан, босма нашрларда, радио ва телевидениеда фуқаронинг исмидан (фамилияси, отасининг исмидан) фойдаланиш эркинлиги масаласини ҳал қилиш ҳам долзарбдир. Бу жойда бошқа шахснинг фамилияси (исми, отасининг исми)ни кўрсатиб, бошқа шахснинг қилган ишлари тўғрисидаги маълумотлар оммага ошкор қилиниши мумкинми деган масалани кўриб чиқиш керак. Тадқиқотчилар фуқаронинг исмидан унинг розилиги- сиз фойдаланилганда унинг исмидан фойдаланишни тақиқлашни талаб қилиш ҳуқуқини бериш ва исмлардан фақат унинг эгасининг розилиги билан фойдаланиш мақсадга мувофиқ эканини ёқлаб келмоқдалар. Ушбу ёндашув авваламбор шахс манфаатларини ҳисобга олишга қаратилган бўлиб, маълум бир шахс, унинг ҳаракатлари ёки ҳаракатсизлиги тўғрисида маълумотни кенг оммага етказиш заруриятидан иборат бўлиши мумкин бўлган давлат (ва жамоат) манфаатлари билан ҳам чамбарчас боғлиқдир.

Шунинг учун қонун чиқарувчи ушбу илмий ёндашувни «маъқул кўрмайди» ва амалдаги қонунчиликда босма нашрларда, радиода ёки телевидениеда фамилияларни (исмларни, отасининг исмларини) ишлатишни чеклайди- ган ҳеч қандай қоидалар мавжуд эмас. Бинобарин, амалдаги қонунчиликка мувофиқ исмдан ҳар қандай фойдаланиш, агар бу фуқароларнинг маълумот олиш ҳуқуқини амалга ошириш билан боғлиқ бўлса, қонуний ҳисобланади. «Оммавий ахборот воситалари тўғрисида»ги қонуннинг 35-моддасида давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари томонидан таъсис этилган оммавий ахборот воситалари шу органларнинг расмий хабарлари ва материалларини, шунингдек норматив-ҳуқуқий ҳужжат- ларини эълон қилиши шартлиги, фавқулодда вазиятлар тўғрисидаги шошилинч хабарлар ёки ваколатли давлат органлари томонидан жамоатчиликка тезкорлик билан етказиш мақсадида берилган хабарлар барча оммавий ахборот воситаларида эълон қилиниши кўрсатилган.

Шубҳасиз, барча материалларнинг нашр этилишини манфаатдор шахснинг розилигини олиш билан амалга ошириб бўлмайди. Акс ҳолда газета, радио ва телевидение саҳифаларидан танқидий материаллар бутунлай йўқ бўлиб кетар эди. Жамият ва давлат манфаатлари расмий вазифалари ва касбий бурчини бажармаган шахсларга оид хабарлар ҳақиқий фамилиялари, «ўз номлари» билан тарқатилишини талаб қилади. Агар мақола мазмуни фуқаронинг шахсий ҳаёти масалаларига тегишли бўлса, унда юқори даражадаги нозиклик ва эҳтиёткорлик зарур бўлади – қонун шахсий ҳаётнинг дахлсизлигини, шахсий ва оилавий сирларини ҳимоя қилишни қатъий белгилаб қўйган. Бундай материалларни нашр қилиш фақат тегишли шахсларнинг розилиги билан ҳақиқий исмларни кўрсатмасдан амалга оширилиши мумкин. Бу ҳолатлар Ўзбекистон Республикаси Конституциясида инсон, унинг ҳаёти, эркинлиги, шаъни, қадр-қиммати ва бошқа дахлсиз ҳуқуқлари олий қадрият ҳисобланиши (13-модда), ҳар ким ўз шаъни ва обрўсига қилинган тажовузлардан, шахсий ҳаётига аралашишдан ҳимояланиш ва турар жой дахлсизлиги ҳуқуқига эгалиги (27-модда) ҳақидаги ҳуқуқларига тўла мос келади. Шуни инобатга олган ҳолда, «Оммавий ахборот воситалари тўғрисида»ги қонунда оммавий ахборот воситалари орқали фуқароларнинг шаъни ва қадр-қимматини ёки ишчанлик обрўсини таҳқирлаш, шахсий ҳаётига аралашиш тақиқланиши (6-модда) ахборот манбаини ошкор этмаслик, яъни таҳририят ўз номини ошкор этмаслик шарти билан берилган ахборот, маълумотлар, фактлар ёки далиллар манбаининг номини, шунингдек тахаллусини қўйган муаллифнинг номини уларнинг ёзма розилигисиз ошкор этишга ҳақли эмаслиги белгилаб қўйилган (33-модда).

Ушбу қонунда «жамиятнинг қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш зарурати» деганда нимани тушуниш кераклиги аниқланмаган. Бу манфаатлар Ўзбекистон Республикаси Конституциясида фуқаролар ўз ҳуқуқ ва эркинликларини амалга оширишда бошқа шахсларнинг, давлат ва жамиятнинг қонуний манфаатлари, ҳуқуқлари ва эркинликларига путур етказмасликлари шарт (20-модда)лиги тўғрисидаги умумий мезонга асосланади.

Юқоридаги фикрларни инобатга олган ҳолда, Фуқаролик кодексига киритиш таклиф қилинган модданинг тегишли қисми қуйидаги таҳрирда баён этилиши керак: «Ўқув, илмий, АКТ ва бошқа адабиётларда, ҳужжатли, бадиий фильмлар, шунингдек, телевидение, радио ва бошқа оммавий ахборот воситаларида исм (фамилия, ота исми)дан фойдаланишга фақат шахснинг розилиги билан рухсат этилади. Шахснинг исми билан алоқадор маълумотларнинг ошкор этилиши ва фойдаланилиши унинг ўлимидан кейин – фарзандлари ва яқинларининг розилиги билан амалга оширилади. Конституциявий тузумга қаршилик қилиш, мамлакат мудофааси ва давлат хавфсизлигини таъминлаш, ахлоқий қоидаларни қўпол равишда бузиш, инсоннинг соғлиғига, бошқаларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларига зарар етказилган ҳолларда уларнинг розилиги талаб этилмайди».

Қудрат САДУЛЛАЕВ,

Президент ҳузуридаги Давлат бошқаруви

академияси бўлим бошлиғи, юридик фанлар номзоди.

- Advertisement -

Latest news

Вояга етмаганларга нисбатан озодликдан маҳрум қилиш жазосини ижро этишда инсонпарварлик тамойиллари

Бугунги кунда жиноят ва жиноят-ижроия қонунчилигини такомиллаштириш ва либераллаштириш, жиноий жазолар ва уларни ижро этиш тартибини инсонпарварлик тамойиллари асосида йўлга қўйиш, қонун устуворлигини таъминлаш...
- Advertisement -

Коррупция тараққиёт тушови

Коррупция демократия ва ҳуқуқ устуворлиги асосларига путур етказиб, инсон ҳуқуқлари бузилишига олиб келади. Бозорлар фаолиятига тўсқинлик қилиб, турмуш сифатини ёмонлаштиради. Шунингдек, одамлар хавфсизлигига рахна...

Коррупцияга қарши курашишда муҳим омиллар

Ҳуқуқий онг ва маданиятни юксалтириб бориш қонун устуворлигини таъминлаш ҳамда мустаҳкамлашнинг муҳим шартларидан биридир. Аҳолининг ҳуқуқий онги ва маданиятини юксалтиришни мунтазам такомиллаштириб бориш алоҳида аҳамиятга...

Хорижий мамлакатлар жиноят процессида реабилитация институти

Ҳар қандай ҳуқуқий давлат учун асосий вазифалардан бири жиноят содир этган шахсларни адолатли жазолашдир. Шу билан бирга айбсиз одамнинг нафақат судга берилиши, балки жиноий...

Related news

Вояга етмаганларга нисбатан озодликдан маҳрум қилиш жазосини ижро этишда инсонпарварлик тамойиллари

Бугунги кунда жиноят ва жиноят-ижроия қонунчилигини такомиллаштириш ва либераллаштириш, жиноий жазолар ва уларни ижро этиш тартибини инсонпарварлик тамойиллари асосида йўлга қўйиш, қонун устуворлигини таъминлаш...

Коррупция тараққиёт тушови

Коррупция демократия ва ҳуқуқ устуворлиги асосларига путур етказиб, инсон ҳуқуқлари бузилишига олиб келади. Бозорлар фаолиятига тўсқинлик қилиб, турмуш сифатини ёмонлаштиради. Шунингдек, одамлар хавфсизлигига рахна...

Коррупцияга қарши курашишда муҳим омиллар

Ҳуқуқий онг ва маданиятни юксалтириб бориш қонун устуворлигини таъминлаш ҳамда мустаҳкамлашнинг муҳим шартларидан биридир. Аҳолининг ҳуқуқий онги ва маданиятини юксалтиришни мунтазам такомиллаштириб бориш алоҳида аҳамиятга...

Хорижий мамлакатлар жиноят процессида реабилитация институти

Ҳар қандай ҳуқуқий давлат учун асосий вазифалардан бири жиноят содир этган шахсларни адолатли жазолашдир. Шу билан бирга айбсиз одамнинг нафақат судга берилиши, балки жиноий...
- Advertisement -