0,00 UZS

No products in the cart.

9 C
London
Chorshanba, Oktabr 28, 2020

Ишга қабул қилишдаги кафолатлар

- Advertisement -
- Advertisement -

Ушбу мақола журналнинг 2018 йил 5 сонида чоп этилган.

Ишга қабул қилиш меҳнат муносабатларининг бошланишини билдиради. Барча учун умумий асослардан ташқари аёллар ва оилавий вазифаларни бажариш билан машғул шахслар учун меҳнат қонунчилиги ишга қабул ­қилиш жараёнида ҳам алоҳида кафолат ва имтиёзларни белгилайди.

Меҳнат муносабатларида ходимларнинг манфаатларини ҳимоя қилиш Ўзбекистон меҳнат қонунчилигининг асосий хусусиятларидан саналади. Меҳнат кодексининг 68-моддасида давлат ижтимоий ҳимояга муҳтож, иш топишда қийналаётган ва меҳнат бозорида тенг шароитларда рақобатлашишга қодир бўлмаган шахсларга, шу жумладан, ўн тўрт ёшга тўлмаган болалари ва ногирон болалари бор ёлғиз ота, ёлғиз оналарга ҳамда кўп болали ота-оналарга; ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаларини тамомлаган ёшларга, шунингдек, олий ўқув юртларининг давлат грантлари асосида таълим олган битирувчиларига; Ўзбекистон қуролли кучларидан муддатли ҳарбий хизматдан бўшатилганларга; ногиронларга ва пенсия ёшига яқинлашиб қолган шахсларга; жазони ижро этиш муассасаларидан озод қилинган ёки суд қарорига кўра тиббий йўсиндаги мажбурлов чораларига тортилган шахсларга; одам савдосидан жабрланганларга қўшимча кафолатларни таъминлаши белгиланган. Бу кафолатлар миллий қонунчилигимизнинг инсонпарварлик принципларига мослигини англатади.

Глобаллашув шароитида яшаётганимизга қарамай одам савдоси масаласи ҳалигача долзарб муаммолардан саналади. Одам савдоси кўпинча меҳнат миграцияси билан боғлиқ бўлади. Билиб-билмай одам савдоси қурбонига айланган аёллар реабилитациясининг бир кўриниши уларни муносиб иш ўринлари билан таъминлашдир. Бироқ Меҳнат кодексининг 68-моддасида назарда тутилган кафолат эзгу мақсадни назарда тутса ҳам, айнан одам савдосидан жабрланганларнинг ­йўлланма билан ишга юборилишида акс таъсир беради. Чунки ишга жойлашувчи шахс одам савдосидан жабрлангани фактининг иш берувчига маълум бўлишининг ўзиёқ унинг (кўп ҳолларда аёлнинг) «маънавий қиёфаси» ҳақида нотўғри тасаввур шаклланишига олиб келади. Шу боис бизнингча, Меҳнат кодексининг 68-моддасидаги одам савдосидан жабрланганлар тоифасини ижтимоий меҳнат реабилитациясига муҳтожлар деб ўзгартириш лозим.

Мамлакатимизда ишга­ қабул қилишни ғайри­қонуний равишда рад этишга йўл қўйилмайди. Аёллар ва оилавий вазифалар билан машғул шахсларни ишга қабул қилишда уларни камситиш ҳолатлари учраб туради. Кўпинча аёлларнинг ҳоми­ладорлиги ёки ёш боласи борлиги уларнинг ишга қабул қилинишида «муаммолар»ни юзага келтиради.

Бизнингча, Меҳнат кодекси­нинг 78-моддасига кўра ишга қабул қилишни ғайриқонуний равишда рад этиш деб саналувчи асослар қаторида ҳомиладор аёлларни ва уч ёшга тўлмаган болалари бор аёлларни — тегишинча уларнинг ҳомиладорлиги ёки боласи борлигини важ қилиш ҳолатини алоҳида кўрсатиш лозим (иш берувчи қонунга мувофиқ меҳнат шартномаси тузиши шарт бўлган шахслар таркибида эмас). Чунки мазкур тоифани иш берувчи қонунга мувофиқ меҳнат шартномаси тузиши шарт бўлган шахслар жумласига киритиш ноўрин.

Жиноят кодексининг 148-мод­дасида аёлни ҳомиладорлиги ёки ёш болани парвариш қилаётганини била туриб ишга олишдан ғайриқонуний равишда бош тортиш ёки ишдан бўшатиш — меҳнат қилиш ҳуқуқини бузиш деб ҳисобланиб, мазкур қилмиш маъмурий жазо қўлланганидан кейин содир этилса, энг кам ойлик иш ҳақининг йигирма беш бараваригача миқдорда жарима ёки уч йилгача муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш ёхуд уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари билан жазоланиши белгиланган. Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 49-моддаси «Меҳнат тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузиш» деб номланиб, мансабдор шахс томонидан меҳнат ва меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисидаги қонун ҳужжатларининг бузилиши энг кам иш ҳақининг икки бараваридан беш бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлиши белгиланган. Мазкур модда ва меҳнат муносабатларига тааллуқли бошқа моддаларда ҳам аёлни ҳомиладорлиги ёки уч ёшгача боласи борлигини била туриб ишга олишдан ғайриқонуний равишда бош тортиш ёки ишдан бўшатиш алоҳида санаб ўтилмаган. Шу жиҳатдан, назаримизда МЖТК­га «Аёлни ҳомиладорлиги ва уч ёшгача фарзанди борлигини била туриб ишга қабул қилишни ғайриқонуний равишда рад этиш ёки ишдан бўшатиш» деб номланган 494-моддани киритиш лозим. Бу аввало МЖТК билан ЖКнинг ўзаро мутаносиблигини таъминласа, бошқа жиҳатдан аёлнинг ҳомиладорлиги ва уч ёшгача фарзанди борлиги учун ишга қабул қилишни ғайриқонуний равишда рад этиш ёки ишдан бўшатишнинг олдини олади.

Меҳнат кодексининг 78-мод­­даси 2-қисмида ишга қабул қилиш рад этилганда ходимнинг талаби билан иш берувчи ишга қабул қилишни рад этишнинг сабабини асослаб уч кун ичида ёзма жавоб бериши шартлиги, 224-моддада ҳомиладор ­аёлни­ ёки уч ёшга тўлмаган боласи бор аёлни ишга қабул қилиш рад этилган тақдирда, иш берувчи рад этишнинг сабабларини уларга ёзма равишда маълум қилиши (мурожаатга неча кун ичида жавоб бериши лозимлиги белгиланмаган) шартлиги келтирилган.

Аёллар ва оилавий вазифаларни бажариш билан машғул бўлган ­шахсларни ишга қабул қилиш масаласидаги кафолатларни бошқа давлатларнинг ­қонунларида ҳам учратиш мумкин.

Молдова Меҳнат кодексининг 247-моддаси бўйича ҳомиладорлиги ва олти ёшгача фарзанди борлиги сабабли аёлни ишга қабул қилишни рад этиш ёки иш ҳақини камайтириш тақиқланади. Ҳомиладор аёл ёки олти ёшгача фарзанди бор шахсни ­бошқа сабаблар туфайли ишга қабул қилиш рад этилганда мурожаатчининг ишга қабул қилиш ҳақидаги аризаси корхонада рўйхатга олингандан бошлаб беш кун ичида рад этишнинг сабаби иш берувчи томонидан ёзма асослантирилган ҳолда маълум қилиниши лозим. Ишга қабул қилишни рад этиш устидан судга шикоят қилиниши мумкин.

Қирғизистон Меҳнат кодексининг 305-моддасида аёлларни ҳомиладорлиги ва фарзанди борлиги важидан ишга қабул қилишни рад этиш тақиқланиши белгиланиб, мазкур кафолатларга амал қилинмаган тақдирда меҳнат ­қонунчилигига риоя қилинишини текшириш ва назорат қилиш бўйича ваколатли давлат органлари ёки судга мурожаат этилиши мумкинлиги белгиланган.

Бизнингча, Ўзбекистон Меҳнат кодексининг 224-моддасига  ҳомиладор аёлни ёки уч ёшга тўлмаган боласи бор аёлни ишга қабул қилиш рад этилганда иш берувчи рад этишнинг сабабини мурожаатчининг ишга қабул қилиш ҳақидаги аризаси рўйхатга олингандан бошлаб беш кун ичида ёзма равишда маълум қилиши шартлиги тўғрисида аниқлик киритилиши лозим. ­Шундагина амалиётда тушунмовчиликлар бўлмайди ва қонун нормаси конкретлашади.

Баъзи корхоналарнинг иш берувчилари аёлларни ишга қабул қилишда келгусидаги ижтимоий кафолатлардан қочиб, улардан маълум муддат давомида фарзандли бўлмаслик ҳақида тилхат олаётганини кузатиш мумкин. Бу ҳолат меҳнат қонунчилигини жиддий бузиш ҳисобланади, ёзилган тилхат ҳам ҳеч қандай юридик аҳамиятга эга бўлмайди. Чунки ишга қабул қилишда қонунда белгиланганидан бошқа ҳужжатларни талаб қилиш мумкин эмас ҳамда ҳар қандай ҳолатда ходимнинг аҳволини ёмонлаштирувчи шартлар ҳақиқий ҳисоб­ланмайди.

Мамлакатимизда виждон ва эътиқод эркинлиги кафолатланган. Шу жиҳатдан баъзи аёллар ҳижобда юрадилар. Баъзан иш берувчилар аёлларни ҳижобда юргани туфайли ишга қабул қила олмасликларини очиқ-ойдин айтишади. Бу ҳолатни баъзилар МЖТКнинг 1841-моддасига кўра фуқароларнинг жамоат жойларида ибодат либосларида юриши маъмурий жавобгарлик белгиланиши учун асос бўлиши билан изоҳлайдилар. Бу ҳолат кўпгина тушунмовчиликларни келтириб чиқаради. Шунинг учун қонунда «ибодат либоси» атамасига аниқлик киритилиши лозим.

Меҳнат кодексининг 225-мод­­даси аёллар ­меҳнати қўлланиши ­тақиқланадиган ишлар ҳақида бўлиб, унга кўра меҳнат шароити ноқулай ишларда, шунингдек, ер ости ишларида аёлларни ишлатиш тақиқланади, ер остидаги баъзи ишлар (жисмоний бўлмаган ишлар ёки санитария ва маиший хизмат кўрсатиш ишлари) бундан мустаснодир. Адлия вазирлиги томонидан 2000 йил 5 январда рўйхатдан ўтказилган «Аёллар меҳнати тўлиқ ёки қисман қўлланиши тақиқланадиган меҳнат шароити ноқулай бўлган ишлар рўйхати» юқоридаги нормани аниқлаштиради. Мазкур чеклов бевосита аёлларнинг репродуктив саломатлигини муҳофаза қилиш мақсадида белгиланган.

Меҳнат кодексининг 80-моддасида ишга қабул қилишда талаб қилинадиган ҳужжатлар санаб ўтилиши асносида ишга кираётган шахсдан қонунларда кўрсатилмаган ҳужжатларни талаб қилиш тақиқланиши белгиланган.

Ҳозир ишга қабул қилинувчилардан кодексда назарда тутилган ҳужжатлардан ташқари солиқ тўловчининг идентификация рақами (СТИР) маълумотномаси ҳамда жамғариб бориладиган пенсия дафтарчаси ҳам талаб этилади. Солиқ кодексининг 78-моддасига кўра СТИР солиқ тўловчи ҳисобга қўйилганда унга бериладиган рақам бўлиб, у бошқа ҳужжатлар қаторида юридик ва жисмоний шахс­лар томонидан тузиладиган хўжалик, фуқаролик-ҳуқуқий ҳамда меҳнат шартномаларида албатта ёзиб қўйилиши керак. Шу сабабли ишга қабул қилиниш чоғида шахслардан СТИР сўралиши қонун белгилаган талаблар доирасидадир.

2004 йил 2 декабрда қабул қилинган «Фуқароларнинг жамғариб бориладиган пенсия таъминоти тўғрисида»ги қонуннинг 6-моддасида меҳнат шартномаси асосида ишловчи фуқароларнинг жамғариб бориладиган пенсия тизимида иштирок этиши мажбурийлиги белгиланган. Шу туфайли ишга қабул қилиш пайтида жамғариб бориладиган пенсия дафтарчаси сўралиши ҳам қонунга мувофиқдир.

Меҳнат кодексининг 84-мод­дасида ҳомиладор аёллар, уч ёшга тўлмаган боласи бор аёлларга дастлабки синов белгиланмаслиги ёзилган. Лекин бунда шунга эътибор қилиш лозимки, меҳнат қонунчилиги ишга кираётган ҳомиладор аёлга ҳомиладорлиги тўғ­рисидаги маълумотнома тақ­дим этишни белгиламайди, яъни ишга қабул қилишда талаб қилинадиган ҳужжатлар ичида ҳомиладорлиги тўғрисида маълумотнома санаб ўтилмаган. Шу туфайли иш берувчи ишга қабул қилинаётган аёлнинг ҳомиладорлигини билмасдан туриб дастлабки синов муддатини белгилаган тақдирда ҳам кейинчалик ҳомиладорлик тўғрисида тиббий маълумотнома тақдим этилганда дастлабки синов ўз-ўзидан муддатидан олдин бекор қилинади.

Ишга қабул қилиш буйруқ чиқариш орқали расмийлаштирилади. Тузилган меҳнат шартномаси буйруққа асос бўлади. Меҳнат кодексининг 82-модда­сига кўра ишга қабул қилиш ҳуқуқига эга мансабдор шахс томонидан ёки унинг ижозати билан ходимга ҳақиқатда ишлашга рухсат этилган бўлса, ишга қабул қилиш расмийлаштирилган ёки расмийлаштирилмаганидан қатъи назар, иш бошланган кундан эътиборан меҳнат шартномаси тузилган деб ҳисобланади.

Юқоридагилардан хулоса қилиб айтиш мумкинки, ишга қабул қилиш жараёни меҳнат муносабатларида муҳим ўрин тутади. Мазкур жараённинг тўғри расмийлаштирилиши кел­гусидаги меҳнат муносабатлари асосини ташкил этибгина қолмасдан, баъзи ҳолларда юзага келиши мумкин бўлган англашилмовчиликларнинг ҳам олдини олади.

Динора ОТАЖОНОВА,
ТДЮУ ўқитувчиси

- Advertisement -

Latest news

Судлар фаолиятини рақамлаштириш нима афзалликларга эга?

Мамлакатимизда судлар фаолиятини янада ривожлантириш, бу борада судлар фаолиятини рақамлаштириш юзасидан кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Хусусан, ўтган давр мобайнида судларга масофадан туриб мурожаат қилиш,...
- Advertisement -

Адлия вазирлиги аралашуви билан тадбиркорга 247 миллиард сўмлик қўшимча солиқ олди олинди

Юртимизда сўнги йилларда солиқ юкини камайтириш ва солиқ солиш тизимини соддалаштириш бўйича бир қатор ислоҳотлар амалга оширилиб келинмоқда. Шу билан бирга, Адлия вазирлиги томонидан тадбиркорлик...

Озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш – биринчи галдаги вазифа

Жорий йилнинг 9 ойида прокуратура органлари томонидан аграр ва озиқ-овқат соҳаларини ривожлантиришга оид қонунчилик ижроси йўналишида 182 та фермер хўжаликларига рўйхатдан ўтиш ва банкда...

Related news

Судлар фаолиятини рақамлаштириш нима афзалликларга эга?

Мамлакатимизда судлар фаолиятини янада ривожлантириш, бу борада судлар фаолиятини рақамлаштириш юзасидан кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Хусусан, ўтган давр мобайнида судларга масофадан туриб мурожаат қилиш,...

Адлия вазирлиги аралашуви билан тадбиркорга 247 миллиард сўмлик қўшимча солиқ олди олинди

Юртимизда сўнги йилларда солиқ юкини камайтириш ва солиқ солиш тизимини соддалаштириш бўйича бир қатор ислоҳотлар амалга оширилиб келинмоқда. Шу билан бирга, Адлия вазирлиги томонидан тадбиркорлик...

Озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш – биринчи галдаги вазифа

Жорий йилнинг 9 ойида прокуратура органлари томонидан аграр ва озиқ-овқат соҳаларини ривожлантиришга оид қонунчилик ижроси йўналишида 182 та фермер хўжаликларига рўйхатдан ўтиш ва банкда...
- Advertisement -