Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 8 февралдаги «Интеллектуал мулк соҳасида давлат бошқарувини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги 4168- ва 2021 йил 28 январдаги «Интеллектуал мулк объектларини муҳофаза қилиш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги 4168-қарорлари интеллектуал мулкнинг ҳимоясини самарали таъминлаш учун муҳим қадам бўлди.

Интеллектуал мулк объектлари иқтисодий фаолият ривожланишининг зарурий омили ҳисобланади. Шунингдек у, ички ва ташқи бозорда хўжалик юритувчи субъектларнинг барқарор мавқеини таъминлаш билан бир қаторда, мамлакатда рақобатбардош иқтисодиётни шакллантириш ва инновацион фаолиятни ривожлантиришда ғоят муҳим аҳамият касб этади.

Интеллектуал мулк объектларини тижоратлаштириш механизмини такомиллаштириш масалалари ҳар қандай даврда иқтисодий ривожланишнинг муҳим жиҳатларидан бири бўлиб келган. Замонавий технологиялар асосида ишлаб чиқаришни жорий этиш ва уни узлуксиз такомиллаштириб бориш ҳозирги ривожланиш босқичида долзарб вазифалардан ҳисобланади.

Интеллектуал мулкни тижоратлаштириш ва баҳолаш соҳасидаги муаммоларни ўрганиш, уларни ҳал этиш йўлларини ишлаб чиқиш фуқаролик муомаласи иштирокчиларининг диққат марказида бўлиши керак.

Хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятида инновация жараёнлари ташкил этиш жуда муҳимдир. Субъектларни бошқаришнинг кўплаб иқтисодий, ташкилий, ҳуқуқий муаммолари мавжуд бўлиб, уларнинг самарали ҳал этилиши илмий ёндашув асосидаги тизимли таҳлилни талаб этади.

Маълумки, мутлақ ҳуқуқларнинг мавжудлиги туфайли интеллектуал маҳсулот унинг эгаси учун алоҳида иқтисодий аҳамиятга эга бўлиб, бозор муносабатларини шакллантириш ва рақобатни тартибга солишнинг самарали воситаларидан бири ҳисобланади.

Интеллектуал мулк объектларини корхонанинг активи сифатида қўллаш ва бундай мулкка эгалик қилиш монопол фойда олиш турининг пайдо бўлишига ёрдам беради. Шунингдек, янги турдаги маҳсулотлар ишлаб чиқаришнинг кўпайишига олиб келади. Бундан ташқари, интеллектуал мулкни хўжалик юритувчи субъектларнинг устав капитали сифатида шакллантириш, кредит олишда интеллектуал фаолиятнинг ҳимояланган натижаларидан гаров сифатида фойдаланиш имконини беради.

Интеллектуал мулк объектларини баҳолаш уларни тижоратлаштириш жараёнидаги бирламчи омил ҳисобланади, чунки бозорга (умумий маънода) кириб келган ҳар қандай объект муайян қийматга эга бўлиши лозим. Бироқ, шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, ҳар бир интеллектуал мулк объекти ўзига хос бўлиб, уларнинг тижоратлашуви, хусусан уларнинг баҳоланиши ҳам бир хил ҳолатда кечмайди, балки уларнинг ўзига хослигидан келиб чиқиб амалга оширилади.

Бугунги кунда мамлакатимизда интеллектуал мулк объектларини баҳолаш бўйича мутахассисларни тайёрлаш ва уларни лицензиялаш бўйича махсус тартиб мавжуд эмас.

Масалан, профессор О. Окюловнинг эътироф этишича, «фан, адабиёт, санъат асарлари тижоратлаштирилишидан олдин у баҳоланиши лозим. Бунда одатдаги иқтисодий мезонларни қўллаш қай даражада ўринли бўлади деган савол туғилади. Одатда ҳар қандай товарнинг баҳоси унга сарф қилинган меҳнат миқдори билан ўлчанади. Фан, адабиёт, санъат асарлари ҳам инсон меҳнатининг маҳсули, бироқ бу меҳнат интеллектуал фаолият ҳисобланади»1.

Тадқиқотчи Б. Ходжаев товар ва хизматларнинг индивидуаллаштириш воситалари, хусусан товар белгисини баҳолашда «товар ишлаб чиқаришга асосланган тадбиркорлик фаолиятида фойдаланилаётган товар белгиси даромад кўриш воситаси бўлиши билан бирга ўзи ҳам алоҳида савдо объекти сифатида баҳоланиш қийматига эга»2 деб таъкидлайди.

Шуни алоҳида эътироф этиш лозимки, амалдаги молиявий меъёрий ҳужжатларда интеллектуал мулк объектлари пул қийматини белгиловчи мезонлар мавжуд эмас. Шундай экан, интеллектуал мулк объектларининг қийматини белгиловчи асосий ҳакам бозор бўлиб қолаверади. Бироқ интеллектуал мулк бозорида сотувчи – мулкдор ҳам, олувчи – харидор ҳам бу масалада ўз субъектив нуқтаи назаридан эмас, балки илмий ва иқтисодий асосланган мезонлардан келиб чиқмоғи лозим.

Ҳар қандай ҳолатда ҳам интеллектуал мулкни баҳолаш мезонларига:

© интеллектуал мулк объектини яратишга кетган харажатлар;

© интеллектуал мулк объектининг ҳуқуқий муҳофаза қувватига эгалиги (патентланганлиги, рўйхатдан ўтгани);

© интеллектуал мулк объекти қўлланилишидан олинадиган самара, унинг бугунги инновацион жараёнларга таъсири (маҳсулот сифати, рақобатбардошлигининг ошиши, иқтисодий тежами ва ҳ.);

© худди шундай турдаги ўхшаш объектларнинг бозордаги баҳоси;

© интеллектуал мулк объектини қўллаш, ундан фойдаланишда олиниши мумкин бўлган ижтимоий самара (экологик, эргонометрик ва ҳ.);

© интеллектуал мулк объектини қўллаш билан боғлиқ қўшимча сарф-харажатлар, шу жумладан, муаллифларга тўланиши лозим бўлган мукофотлар киради.

Интеллектуал мулк объектларини баҳолаш иқтисодий қонуниятлар асосида амалга оширилса-да, бироқ ушбу муносабатларни ҳуқуқий тартибга солиш муаммоларининг мавжудлиги мазкур масала ҳуқуқий тадқиқот предмети бўла олишини белгилаш билан бир қаторда, уларнинг ягона тизимли ҳуқуқий тартибот асосида бошқарилишга муҳтожлигини ҳам англатади.

Ҳозирги кунда интеллектуал мулк объектларини тўғри баҳолаш мураккаб жараён бўлиб, хорижий давлатлар амалиётида уларнинг бир неча тури фарқланишини кўриш мумкин.

Интеллектуал мулк объектларини баҳолаш ўзининг мақсади, тамойиллари ва усулларидан келиб чиққан ҳолда даромад, қиёсий ва харажат ёндашувлари асосида амалга оширилади.

Давлат активларини бошқариш агентлиги томонидан 2020 йил 1 майда қабул қилинган ҳамда Адлия вазирлиги томонидан 2020 йил 4 июнда рўйхатга олинган «Ўзбекистон Республикасининг Ягона миллий баҳолаш стандарти»нинг 9-бўлими «Номоддий активларни баҳолаш» (9-МБС) деб номланган. Ушбу бўлим ташкилотлар балансида интеллектуал мулк ҳисоби юритишни тартибга солувчи мамлакатимиздаги ягона норматив-ҳуқуқий ҳужжат ҳисобланади. Унда юқорида таъкидланган барча учта ёндашув қўлланилиши лозимлиги белгиланган.

Баҳоловчи баҳолаш усулини танлашда бозор шароитларига, интеллектуал мулкка бозор субъектларининг талаб ва эҳтиёжларига, мулкдан фойдаланиш муддатлари ва баҳолаш пайтидаги иқтисодий вазиятга эьтибор беради.

Хусусан, қиёсий ёндашувдан фойдаланилганда номоддий актив қиймати бозорнинг фаоллигидан келиб чиққан ҳолда аниқланади. Қиёсий ёндашув бозор шароитлари ва бир хил активлар таклиф этилаётган нархлар даражасидан келиб чиқиб, уларнинг тафовутини таққослашни ўз ичига олади. Сотувчи ўз харажатларидан келиб чиқиб эмас, балки бозорда ўхшаш товарларнинг сотилган нархларидан келиб чиқиб таҳлилни амалга оширади.

Баҳоловчилар қуйидаги шартлар бажарилган тақдирда номоддий активларни баҳолашга қиёсий ёндашувни қўллаши керак:

  • мустақил тарафлар ўртасидаги бир хил ёки ўхшаш номоддий активлар жалб қилинган битимлар ҳақида баҳолаш санасидаги ёхуд унга яқин санадаги ахборотдан фойдаланиш мумкин;
  • баҳоловчи баҳоланаётган номоддий актив билан бундай битимларда иштирок этаётган активлар ўртасидаги барча аҳамиятли тафовутларни ҳисобга олиш мақсадида тузатишларни амалга ошириши учун етарли ахборотга эга бўлганда3.

Баҳолашда қиёсий ёндашувдан фойдаланишнинг асосий муаммоси кўпинча тижорат сирига эга бўлган интеллектуал мулкнинг ўзига хос хусусиятларидан келиб чиқади.

Даромад ёндашувидан фойдаланилганда эса баҳоланаётган номоддий активнинг қиймати, даромад қиймати, пул оқими миқдори ёки сарфхаражат суммасидан келиб чиқиб аниқланади.

Номоддий активлар билан боғлиқ даромад кўпинча товарлар ёки хизматлар учун тўланадиган нархга киритилади. Даромад ёндашувининг кўпгина усуллари баҳоланаётган номоддий актив билан боғлиқ бўладиган иқтисодий фойдани ажратиш учун қўлланилади. Даромадга нисбатан ёндашиш усуллари қуйидагиларни ўз ичига олади: ортиқча фойда усули, роялтидан озод қилиш усули, фойдадаги устунлик усули, гринфилд усули, дистрибьютор усули, таннархдаги ютуқ усули, эксплуатацион харажатлар тежамкорлиги усули, қолдиқ усул ва ҳ.

Даромад ёндашуви номоддий активларни баҳолашда энг кенг тарқалган усул бўлиб, кўпинча қуйидагиларни баҳолашда қўлланилади:

  • технологияларни;
  • мижоз билан боғлиқ номоддий активларни (масалан, бажарилмаган бўлажак буюртмалар журналлари, контрактлар, шартномавий муносабатлар);
  • савдо номлари /товар белгилари/брендларни;
  • фаолиятни амалга ошириш учун лицензияларни (масалан, франчайзинг ҳақида келишувлар, фойдали қазилмаларни қазиб олишга, қурилишга лицензиялар ва ҳ.);
  • рақобатни чеклаш ҳақида келишувларни.

Харажат ёндашувини қўллаганда эса номоддий актив қиймати ўхшаш актив ёки ўхшаш сервис салоҳиятига ёҳуд фойдалиликка эга актив билан алмаштиришга кетган харажатлар асосида аниқланади.

Харажат ёндашуви қоида тариқасида учинчи тарафдан сотиб олинган дастурий таъминотлар, ўз кучи билан ишлаб чиқилган, лекин компания ичида фойдаланиладиган ва сотишга мўлжалланмаган дастурий таъминотлар ҳамда тўлиқ бутланган ходимлар штатларига нисбатан қўлланилади.

Кўпинча харажат ёндашуви бошқа баҳолаш ёндашувларини амалга ошириш имконияти бўлмаган ҳолларда қўлланилади.

Харажат ёндашувида асосан алмаштириш харажатлари усули, яратиш қиймати усули, такрор ишлаб чиқариш қолдиқ қиймати усулларидан фойдаланилади. Харажат ёндашуви билан баҳолаш жараёнида иш ҳақи, маркетинг харажатлари, таваккалчилик хавф-хатарини суғурталаш, ҳуқуқий ҳимоя харажатлари ва бошқа шу каби омилларни ҳам ҳисобга олиш зарур бўлади.

Шуни таъкидлаш лозимки, бугунги кунда мамлакатимиз иқтисодиётини инновацион ривожлантиришда интеллектуал мулк объектларини баҳолаш ва тижоратлаштириш жараёнини ташкилий-ҳуқуқий таъминлаш борасида бир неча муаммолар мавжуд.

Маълумки, дунёнинг барча ривожланган мамлакатларида интеллектуал мулкни баҳолаш бўйича экспертларни тайёрловчи таълим муассасалари тизими, баҳоловчи мутахассисларни лицензиялаш тартиби ва баҳолашни амалга оширувчи махсус инфратузилмалар фаолият юритади.

Афсуски, бугунги кунда мамлакатимизда интеллектуал мулк объектларини баҳолаш бўйича мутахассисларни тайёрлаш ва уларни лицензиялаш бўйича махсус тартиб мавжуд эмас. Ҳозирча интеллектуал мулк объектлари баҳолашни амалга оширувчи тузилмалар томонидан баҳоланмоқда. Республикамизда рақамли иқтисодиёт ва инновацион фаолиятни кенг ривожлантириш мақсадида интеллектуал мулкни баҳоловчи махсус инфратузилмани шакллантириш талаб этилади. Бунинг учун авваламбор юридик ва иқтисодий-молиявий таълим муассасаларида бу турдаги мутахассислар тайёрланиши лозим.

Бундан ташқари, иқтисодий чегаралар тобора қисқариб бораётган даврда тўғри ташкил этилган маркетинг тизими интеллектуал мулкни самарали тижоратлаштиришнинг муҳим шартларидан бири бўлиб қолмоқда. Аммо ушбу шартлар ҳар доим ҳам тўғри амалга оширилавермаслиги мумкин. Бошқача айтганда, интеллектуал мулкка эгалик қилиш ва ундан саноатда фойдаланиш ўртасида катта тафовут мавжуд бўлиб, уни бартараф этиш катта сармоялар, узоқ вақт ва кўплаб инновацион хавфларни бошқаришни талаб этади.

Юқорида таъкидлаганимиздек, бугунги кунда мамлакатимизда интеллектуал мулк объектларини тижоратлаштириш билан боғлиқ бир қанча муаммолар мавжуд. Масалан, яратилган ихтироларни тижоратлаштириш тизими ва молиялаштириш механизми, уларни ҳуқуқий ҳимоя қилишнинг таъсирчан механизмлари етарлича ишлаб чиқилмаганлиги ва тизимли йўлга қўйилмаганлиги сабабли ихтироларнинг катта қисми ҳалқаро инновациялар бозори тугул миллий ишланмалар бозорига ҳам киролмай қолмокда.

Илмий тадқиқот институтлари ва айниқса олий таълим муассасаларида амалга оширилаётган ихтиролар, илмий ишланмаларни молиялаштириш ва бошқа техник кўмак кўрсатиш амалиётининг ягона тизими мавжуд эмаслиги, илмий доира билан хусусий сектор вакиллари ўртасидаги алоқанинг узуқ-юлуқлиги сабабли замонавий талабларга жавоб берадиган илмий (инновацион) ишланмалар охиригача етказилмасдан лойиҳа доирасида қолиб кетмоқда.

Масаланинг яна бир эътиборли тарафи шундаки, интеллектуал мулк объектларидан фойдаланиш бўйича хақ белгилаш ва ундириш тизими кўпроқ ноҳуқуқий майдонда намоён бўлмоқда. Бошқача айтганда, улар аксар ҳолларда хуфиёна иқтисодиёт сегментида қолиб кетмоқда. Бу эса мамлакатимизда интеллектуал мулк объектлари бўйича маданий қароқчилик юқори даражадалигидан ва интеллектуал мулк объектларидан фойдаланиш маданияти пастлигидан далолат беради.

Хулоса ўрнида шуни таъкидлаш керакки, бугунги кунда интеллектуал мулкни тижоратлаштириш соҳасидаги энг долзарб муаммолардан бири ушбу объектларнинг ўзига хос хусусиятларидан келиб чиқиб уларни оқилона баҳолаш тизимини яратиш ҳисобланади. Бунда энг асосий масала мазкур объектларнинг баҳолаш мезонлари ва уларни қўллаш механизмларини ишлаб чиқишдан иборат.

Бироқ ушбу жараёнлар тўғри ташкил этилиши учун биринчи ўринда унинг ҳуқуқий муаммолари тизимли ҳал қилиниши талаб этилади. Баҳолаш механизмини тушуниш ва тўғри қўллаш билан боғлиқ қийинчиликлар бартараф этилиши керак. Шунингдек интеллектуал мулк объектларини тижоратлаштириш жараёнидаги юқори даражадаги
таваккалчилик хавф-хатарларини бошқариш ва камайтиришнинг юридик воситалари институтини такомиллаштириш лозим.

Отабек ЭШОНҚУЛОВ,
мустақил тадқиқотчи

 

1 О.Окюлов. Фан, адабиёт, санъат асарларини баҳолаш ва тижоратлаштириш: қиёсий-ҳуқуқий таҳлил. Интеллектуал мулк ҳуқуқининг долзарб муаммолари. Илмий-амалий клнференция тўплами. ТДЮУ. –Тошкент, 2020. – 53-б.

2 Б.Ходжаев. Товар белгиларини тижоратлаштириш ва баҳолашнинг қиёсий-ҳуқуқий таҳлили. Интеллектуал мулк ҳуқуқининг долзарб муаммолари. Илмий-амалий клнференция тўплами. ТДЮУ. –Тошкент, 2020. – 176-б.

3 Ўзбекистон Республикасининг Ягона миллий баҳолаш стандарти https://lex.uz/docs/-4842496.