Бугунги кунда мамлакатимизда интеллектуал мулк билан боғлиқ жараёнларнинг жадаллашаётгани ҳамда унга нисбатан ҳуқуқ эгалари ва муаллифларда ўз ҳуқуқларини англаш билан боғлиқ қарашларнинг уйғонаётгани қувонарли ҳолдир.

Ўзбекистонда интеллектуал мулк соҳасини ривожлантириш, унинг мамлакат ялпи ички
маҳсулотидаги ўрнини яратиш ва ошириш, муаллиф ва ҳуқуқ эгаларининг қонуний манфаатларини етарли даражада ҳимоя қилишга катта эътибор берилмоқда.

Соҳадаги ислоҳотлар, хусусан, муаллифлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, тижоратлаштириш, тадбиркорларнинг ўз «бренд»ига эгалик қилиши билан боғлиқ масалалар, аввало, интеллектуал мулк йўналишидаги таълим ва тарғиботга дахлдордир. Конституциямизга кўра, ҳар кимнинг илмий ва техникавий ижод эркинлиги кафолатланади. Мазкур норма «Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси»нинг 27-моддаси билан ўзаро ҳамоҳангдир. Унда ҳар бир инсон жамиятнинг маданий ҳаётида эркин иштирок этишга, санъатдан баҳраманд бўлишга, илмий тараққиётда иштирок этиш ва унинг самараларидан фойдаланиш ҳуқуқига эгалиги қайд этилган.

Интеллектуал мулкни рағбатлантиришга доир нормалар кўплаб ривожланган мамлакатларнинг асосий қонунларидан ўрин олган. Хусусан, АҚШ Конституциясига кўра, Конгресс илм-фанни ривожлантириш ҳамда муаллиф ва ихтирочиларга уларнинг ижодий маҳсулотларига нисбатан мутлақ ҳуқуқларни белгилаш билан боғлиқ ваколатга эга. Россия Федерацияси Конституциясининг 44-моддасида ҳар бир шахсга адабий, бадиий, илмий, техник ва ижодиётнинг бошқа турлари билан шуғулланиш ҳамда таълим бериш кафолатланиши ҳамда интеллектуал мулк қонун билан ҳимоя қилиниши белгиланган.

2021 йил 28 январь куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Интеллектуал мулк объектларини муҳофаза қилиш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги 4965-қарори қабул қилинди. Мазкур қарордан интеллектуал мулк объектлари экспертизасини ташкил этишнинг тезкор усулларини қўллаш, тадбиркорлик субъектлари ва ихтирочилар учун замонавий ахборот технологияларидан фойдаланган ҳолда ташкилий ишларни амалга ошириш, шунингдек, интеллектуал мулк объектларини тижоратлаштириш, соҳада таълим билан боғлиқ ислоҳотларни амалга ошириш каби муҳим масалалар ўрин олган.

Юқоридаги вазифаларни бажариш учун фақатгина қонунчилик базасини такомиллаштиришнинг ўзини етарли деб бўлмайди.

Муаллиф ва ҳуқуқ эгаларининг ижодий фаолияти натижаларидан фойдаланилганлик учун ҳақ олишга бўлган интилишларини ошириш мақсадида таълим ва ҳуқуқий тарғибот масалалари муҳим аҳамият касб этади.

ЭЪТИБОРЛИ ЖИҲАТИ, ЮҚОРИДАГИ ҚАРОР БИЛАН ҚУЙИДАГИЛАР:

  • интеллектуал мулк соҳасига оид фанларни кадрлар тайёрлаш тизимига, жумладан республика таълим ташкилотлари, қайта тайёрлаш ва малака ошириш марказларида босқичма-босқич жорий этиш;
  • интеллектуал мулк соҳасига оид фанларни кадрлар тайёрлаш тизимига жорий этишнинг биринчи босқичида, 2021/2022 ўқув йилидан бошлаб олий таълим ташкилотларида, хусусан, ишлаб чиқариш ва техник, қишлоқ ва сув хўжалиги соҳаларидаги таълим йўналишларида илғор хорижий тажриба асосида ҳамда ёш авлод орасида ижодкорларнинг меҳнатига бўлган ҳурмат ҳиссини шакллантиришга қаратилган интеллектуал мулк фанларини жорий этиш ва улар бўйича ўтказиладиган машғулотларда соҳада фаолият олиб борувчи амалиётчилар иштирок этишини таъминлаш;
  • олий таълим муассасалари, илмий ташкилотлар ва ишлаб чиқарувчилар ўртасида узвий ҳамкорликни йўлга қўйиш;
  • олий таълим тизимида «Патентшунослик» (бакалавр) йўналишини ташкил этиш ҳамда Интеллектуал мулк агентлиги, Фанлар академияси, олий таълим муассасалари ва ишлаб чиқариш корхоналари учун бугунги кунда ўта зарур бўлган интеллектуал мулк соҳасидаги кадрларни тайёрлашни йўлга қўйиш;
  • олий таълим муассасалари ва тармоқ тадқиқот институтларида яратиладиган илмий ишланмаларни патентлаш ва тижоратлаштириш ишларининг самарадорлигини ошириш;
  • ҳудудларда соҳавий «фан – таълим – ишлаб чиқариш» интеграциялашувини ихтирочилар, инноваторлар, бизнес-жамоалар, таълим ва илм ёшларига махсус ахборот базаси, бошқа ахборот ресурслардан фойдаланишни ўргатувчи конференциялар, таълим семинарлари, тренинг ва давра суҳбатларини ўтказиш хизматларини кўрсатувчи ахборот майдончалари яратилишида Технологиялар ва инновацияларни қўллаб-қувватлаш марказлари ролини ошириш каби масалалар аниқ белгилаб берилди.

Тошкент давлат юридик университети мамлакатимизда биринчи бўлиб, интеллектуал мулк соҳасида кадрларни тайёрлаш ва мазкур йўналишдаги фанларни олий юридик таълим тизимига киритиш бўйича муҳим ишларни амалга оширди. Хусусан, 2018 йилда Бутунжаҳон интеллектуал мулк ташкилотининг бевосита ҳамкорлигида университетда Интеллектуал мулк ҳуқуқи кафедраси ҳамда 2019/2020 ўқув йилидан эса магистратура мутахассислиги фаолияти йўлга қўйилди. Бакалавр босқичи талабалари учун «Интеллектуал мулк ҳуқуқи» ўқув фанидан, магистратура босқичи талабалари учун эса «Халқаро интеллектуал мулк ҳуқуқи», «Патент ҳуқуқи», «Интеллектуал мулк соҳасида шартномалар тизими», «Интеллектуал мулк соҳасидаги низоларни ҳал этиш» ва «Муаллифлик ҳуқуқи ва турдош ҳуқуқлар» ўқув дастурлари бўйича машғулотлар олиб борилади.

Бакалавр таълим босқичи талабаси «Интеллектуал мулк ҳуқуқи» ўқув курсини тугатганда, интеллектуал мулк тушунчаси, унинг иқтисодий-ижтимоий муносабатларда тутган ўрни, мулкий ҳуқуқлар ва уларнинг таснифи, унинг иқтисодий даромад манбаси эканлиги, ҳуқуқий муҳофаза ва ҳимоя масалалари, шунингдек, ундан ноқонуний фойдаланганлик учун жавобгарлик жиҳатлари бўйича билимларга эга бўлади.

«Интеллектуал мулк ҳуқуқи» ўқув дастури қуйидагича тизимлаштирилган ҳолда олиб борилади:

  • интеллектуал мулк ҳуқуқининг умумий қоидалари;
  • интеллектуал мулк тизими ва унинг бошқа соҳалар билан алоқадорлиги;
  • интеллектуал мулкнинг ҳуқуқий муҳофазаси;
  • интеллектуал мулкнинг иқтисодий аҳамияти;
  • интеллектуал мулк ҳимояси ва уни таъминлаш чоралари;
  • интеллектуал мулк соҳасидаги шартномалар;
  • интеллектуал мулкнинг халқаро-ҳуқуқий муҳофазаси;
  • интеллектуал мулкни тижоратлаштириш ва баҳолаш асослари.

Интеллектуал мулкнинг юқоридаги тармоқлари бўйича базавий билимга эга бўлган талаба, давлат органи ёки халқ хўжалигининг турли соҳаларида интеллектуал мулк сиёсатига доир фаолият билан шуғулланиши мумкин.

Магистратура босқичида эса мазкур йўналиш мутахассислиги талабалар қуйидаги йўналишлардан келиб чиқиб махсус чуқурлаштирилган билим ва малакага эга бўлади:

  • муаллифлик ҳуқуқи ва турдош ҳуқуқлар;
  • патент ҳуқуқи;
  • патент ҳуқуқи субъектларининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари;
  • саноат мулки объектларига нисбатан патент қидирувини амалга ошириш лаёқати;
  • саноат мулки объектлари, товар (хизмат кўрсатиш) белгиси, селекция ютуғи, ЭҲМ учун дастур ва маълумотлар базасига талабнома тўлдириш ва топшириш қобилияти;
  • интеллектуал мулк соҳасида лицензия шартномаси ва ҳуқуқларни ўтказишга доир шартномаларни юритиш бўйича билимлар;
  • интеллектуал мулкнинг ноанъанавий турлари.

Таъкидлаш керакки, интеллектуал мулк йўналиши мамлакатимиз учун энди ривожланиб келаётган юриспруденциянинг муҳим ва тор йўналишларидан бири ҳисобланади. Шу сабабли ҳам бугунги кунда талабаларни бу йўналишдаги амалий билимларини янада мустаҳкамлаш мақсадида дарс машғулотларига патент вакиллари, соҳадаги ваколатли органлар мутахассис ва экспертларини жалб қилиш амалиёти йўлга қўйилган. Шу билан бирга ушбу соҳадаги назарий билимларни амалиёт билан уйғунлаштириш мақсадида Адлия вазирлиги ҳузуридаги Интеллектуал мулк агентлигида Амалий ҳуқуқшунослик кафедраси ташкил этилган. Ушбу соҳа бевосита амалиёт билан боғлиқ бўлиб, магистратура босқичи талабаси интеллектуал мулк бўйича етук мутахассис бўлиб етишади. Бу эса ўз-ўзидан мазкур соҳа вакили сифатида фаолият юритиш имконини беради. Шу сабабдан ҳам бугунги кунда мазкур соҳа магистратура битирувчисига патент вакили мақомини бериш таклифи илгари сурилмоқда. Сабаби, патент вакили деганда нафақат интеллектуал мулк объектларига талабнома топширувчи шахс тушунилиши керак, балки соҳа бўйича назарий билимларга эга бўлиши лозим. Айнан патент вакили институти давлат ва тадбиркорлар, ихтирочилар ўртасида кўприк ҳамда аҳолининг бу йўналишдаги билимларини оширувчи сифатида қаралиши керак.

Интеллектуал мулкка доир таълимнинг ривожланиб бориши қувонарли ҳол. Хусусан, жорий йил Ўзбекистон Миллий университети Ижтимоий фанлар факультетида юриспруденция соҳасида 60421100 – Патентшунослик йўналиши ташкил этилди. Бу эса ўз-ўзидан келгусида ижобий натижаларни беради. Келгусида ОТМлараро кафедралар фаолиятини ҳам йўлга қўйиш мақсадга мувофиқ. Чунки интеллектуал мулкда нафақат юридик билимлар балки техник, иқтисодий билимларга ҳам эга бўлиш ҳам талаб этилади.

Адлия вазирлиги ҳузуридаги Интеллектуал мулк агентлиги ҳамда Тошкент давлат юридик университети, Юристлар малакасини ошириш маркази, бир қатор ОТМларда фаолият юритаётган Технологиялар ва инновацияларни қўллаб-қувватлаш марказлари билан ҳамкорликда аҳоли ўртасида кенг тушунтириш ва тарғибот тадбирларини ўтказиш мақсадга мувофиқ.

ЮҚОРИДАГИЛАРДАН КЕЛИБ ЧИҚИБ, ИНТЕЛЛЕКТУАЛ МУЛК СОҲАСИ ТАЪЛИМИГА ДОИР ҚУЙИДАГИ ТАКЛИФЛАРНИ БИЛДИРАМИЗ:

I. Интеллектуал мулк ҳуқуқи йўналиши ўзининг хусусияти ва йўналишларидан келиб чиқиб қуйидаги 3 та тармоққа (гуруҳ) бўлинади:

  • патент (саноат мулки) ҳуқуқи йўналиши (ихтиро, фойдали моделлар, саноат намуналари (дизайн);
  • муаллифлик ҳуқуқи ва турдош ҳуқуқлар объектлари (адабий, бадиий, санъат асарлари, ихтиролар, эшиттириш ва кўрсатув берувчи ташкилотлар ҳуқуқи);
  • индивидуаллаштириш воситалари (товар белгиси, фирма номи, домен номи).

Ушбу йўналишлардан келиб чиқиб малака ошириш ва қайта тайёрлаш билан боғлиқ курсларни ташкил этиш мақсадга мувофиқ. Негаки, ушбу уч йўналиш ўзининг аудиторияси ва амалиётдаги фаолияти нуқтаи назаридан кескин фарқ қилади. Хусусан, патент ҳуқуқи – Фанлар академияси илмий-тадқиқот институтлари, саноат кохоналари (НКМК, ОКМК каби), аниқ ва табиий фанлар йўналишида фаолият кўрсатувчи олим ва мутахассислар учун, муаллифлик ҳуқуқи ва турдош ҳуқуқлар – шоир, ёзувчи ва бошқа турдаги ижодкорлар (Бастакорлар уюшмаси, Ёзувчилар уюшмаси, Бадиий ижодкорлар уюшмаси, радио, телевидение (давлат ва хусусий), «ИТ парклар», кутубхоналар каби) учун, индивидуаллаштириш воситалари эса барча турдаги тадбиркорлик субъектлари учун аҳамиятли саналади. Фикримизча, ушбу йўналишларнинг ҳар бири бўйича тегишли курсларнинг ташкил этилиши мақсадга мувофиқ.

II. Амалдаги патент вакиллари ҳамда патент вакиллигига номзодлар учун махсус малака ошириш ва тайёрлов ўқув курсларини (умумий – 1 ойлик, тармоқлар кесимида – 1 ҳафталик) ташкил қилиш (илгари Интеллектуал мулк агентлиги қошидаги ўқув марказида 120 соатга мўлжалланган (1 ойлик) ўқув курслари мавжуд эди). Бунда юқоридаги барча йўналишларни қамраб олган ҳолда ўқув курсларини ташкил этиш лозим.

III. Бугунги кунда олий таълим муассасаларида тижоратлаштириш масалаларига жиддий эътибор қаратилмоқда. Хусусан, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ва Таълим инспекцияси томонидан таълим муассасалари томонидан яратилган интеллектуал мулк объектларини тижоратлаштириш бўйича махсус рейтинглар юритилади, КПИ тизимга ҳам алоҳида балл бўйича киритилган. Шу билан бирга, хусусий тартибда махсус венчур фондлар, инновацион ва рақамли марказлар фаолияти йўлга қўйилмоқда. Шу мақсадда «Интеллектуал мулк асослари» рукни остида махсус ўқув курсларининг ташкил этилиши мақсадга мувофиқ.

Мазкур таклифлардан асосий мақсад муаллиф ва патент эгаларининг ҳуқуқ ҳамда манфаатларини ҳимоя қилиш ҳамда интеллектуал мулк объектларини амалиётда тижоратлаштиришга кенг жорий этишдан иборат. Зеро, интеллектуал фаолият натижалари мамлакатимиз учун катта иқтисодий фойда келтириши ҳамда миллий брендларимиз, адабий ва бадиий асарларимиз ҳамда ихтиролар орқали Ўзбекистонни жаҳонга танитиши мумкин.

Абдумўмин ЮЛДАШОВ,
ТДЮУ Интеллектуал мулк ҳуқуқи кафедраси
доценти в.б., юридик фанлар бўйича фалсафа доктори (PhD)