0,00 UZS

No products in the cart.

10.1 C
London
Payshanba, Oktabr 21, 2021

Интеллектуал мулк ҳуқуқи қандай тартибга солинади?

- Advertisement -
- Advertisement -

Интеллектуал мулкнинг юқори ҳимояланганлик даражаси мамлакатнинг инвестицион жозибадорлиги ва ташқи имижини оширишнинг муҳим кафолати ҳисобланади. Интеллектуал мулк соҳасида самарали ҳуқуқий муҳофаза ва ҳимоя тизимини яратмасдан туриб, мамлакатнинг инновацион тараққиёти ҳамда иқтисодий хавфсизлигини таъминлаб бўлмайди. Бу борада нафақат интеллектуал мулк бўйича ваколатли давлат органлари, балки ҳуқуқни муҳофаза қилувчи, божхона, монополия ва инновацион фаолият билан шуғулланувчи турли мутасадди органлар ҳамда судларнинг ҳам алоҳида ўрни мавжуд. Ҳозир ҳар бир давлатнинг бой  лиги ундаги инсон капитали, адабий-бадиий фонди, анъанавий ҳунармандчилиги ва билимлари, генетик ва биологик ресурслари билан ўлчаниши ҳеч кимга сир эмас.

2020 йилнинг 12 октябрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида интеллектуал мулк объектларини муҳофаза қилиш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари юзасидан ўтказилган йиғилишда соҳа ривожи учун билдирилган кўплаб масалалар қатори, патент эгалари ва тадқиқотчиларни турли тадбиркорлик субъектлари билан боғлаш, уларнинг ўзаро ҳамкорлигига ҳам алоҳида эътибор қаратилди1. Давлат раҳбарининг 2018 йил 21 сентябрдаги «2019 – 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини инновацион ривожлантириш стратегиясини тасдиқлаш тўғрисида»ги 5544-фармони билан тасдиқланган «2019 – 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини инновацион ривожлантириш стратегияси»да ҳам илмий фаолият натижаларини тижоратлаштириш даражасининг пастлиги алоҳида таъкидлаб ўтилган2.

Ҳақиқатан ҳам 2019 йилда юртимизда патент ҳуқуқи йўналишида (ихтиро, фойдали модел, саноат намунаси) ҳуқуқларни ўтказиш билан боғлиқ шартномалар ва лицензия шартномалари сони бор-йўғи 26 тани ташкил этган. Бу йўналишда Россия Федерациясида 3257 та шартнома, Қозоғистон Республикасида эса 32 та шартнома рўйхатдан ўтказилган. Ушбу кўрсаткичнинг пастлиги, ўз навбатида, корхоналарнинг замонавий саноат технологияларидан фойдаланиш самарадорлигига ва фаолиятига инновацион услубларни кенг жорий этиш амалиётига ҳам салбий таъсир кўрсатади.

Мамлакатнинг инновацион тараққиёти ва саноати ривожида интеллектуал мулк объектларининг тижоратлаштирилиши муҳим ўрин тутади. Маълумки, Президентнинг 2018 йил 14 июлдаги «Илмий ва илмий-техникавий фаолият натижаларини тижоратлаштириш самарадорлигини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги 3855-қарорига мувофиқ илмий ва илмий-техникавий фаолият натижаларини тижоратлаштиришнинг асосий усуллари сифатида қуйидагилар белгиланган:

  • илмий ва илмий-техникавий фаолият натижаларидан фойдаланган ҳолда яратилган товарларни реализация қилиш ёки ушбу натижалардан ўз эҳтиёжлари учун фойдаланиш;
  • тижорат ташкилотларини ташкил этиш, бунда уларнинг таъсисчиларидан бири устав фондига ҳисса сифатида интеллектуал мулк объекти ёки тайёр технологияни киритган муассаса ҳисобланади;
  • интеллектуал мулк объектларига бўлган мулк ҳуқуқларини учинчи шахсларга ўтказиш ва мазкур объектлардан фойдаланиш ҳуқуқини лицензия шартномаларини тузиш орқали, шу жумладан, уларни кейинчалик ушбу ҳуқуқлар олувчиси томонидан тижоратлаштириш шарти билан бериш3.

Юқорида келтириб ўтилган усулларнинг учинчисида бевосита тегишли мамлакатдаги тижоратлаштириш билан боғлиқ кўрсаткичлар халқаро рейтинглар ва индексларда акс этади. Сабаби айнан ушбу усул натижаларидан тегишли тадқиқот ишлари ва расмий статистик маълумотларда фойдаланиш аниқ ва ишонарли ҳисобланади.

Миллий қонунчиликка кўра, интеллектуал мулк объектларига бўлган ҳуқуқларни ўтказиш тўғрисидаги ва улардан фойдаланиш бўйича лицензия шартномалари ваколатли орган (Адлия вазирлиги ҳузуридаги Интеллектуал мулк агентлиги)да расмий рўйхатдан ўтказилиши лозим4.

Фуқаролик кодексининг 1034-моддасига кўра, интеллектуал фаолият натижасига ёки хусусий аломатларни акс эттирувчи воситага нисбатан мулкий ҳуқуқлар эгасига ана шу интеллектуал мулк объектидан ўз хоҳишига кўра ҳар қандай шаклда ва ҳар қандай усулда мутлақ қонуний фойдаланиш ҳуқуқи тегишли бўлади. Ҳуқуқ эгасига мутлақ ҳуқуқ асосида тегишли бўлган интеллектуал мулк объектларидан бошқа шахсларнинг фойдаланишига фақат ҳуқуқ эгасининг рухсати билан йўл қўйилади.

Юқоридагилардан келиб чиқиб, «мутлақ ҳуқуқ» тушунчаси қуйидаги ҳаракатларни ўз ичига олади:

  • интеллектуал фаолият натижаси (ихтиро, фойдали модель, саноат намунаси)да яратилган бирон-бир товарни тайёрлаш, сотиш, фойдаланиш ва уни давлат ҳудуди орқали тарқатиш имконияти;
  • белгиланган тартибда патент олинган технология, методология, усул ёрдамида маҳсулот ишлаб чиқариш имконияти;
  • патент билан муҳофазаланган технологиядан фойдаланиш имконияти.

Интеллектуал фаолият натижалари турли усуллар орқали учинчи шахсларга ўтказилиб, бунда ушбу ўтказиш тижорат ва нотижорат турларга бўлинади. Ушбу усуллар ўзининг алоҳида хусусиятларига эга бўлади. Одатда нотижорий усулда илмий-техник ахборотни ўзаро алмашиш ёки бериш ёхуд бошқа ҳамкорлик даражасида бўлиши мумкин.

Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 20 июлдаги 609-қарори билан тасдиқланган Адлия вазирлиги ҳузуридаги Интеллектуал мулк агентлиги тўғрисидаги низомга кўра, агентлик интеллектуал мулк объектларидан фойдаланишга ҳуқуқлар бериш тўғрисидаги лицензия шартномаларини, шунингдек, уларни тўлиқ ёки қисман бериш тўғрисидаги шартномаларни рўйхатдан ўтказади ва тегишли реестрларни юритади5.

Айнан ушбу йўналишда агентлик қуйидаги муҳим функцияларни амалга оширади:

  • интеллектуал мулк объектларидан фойдаланишга ҳуқуқлар бериш тўғрисидаги лицензия шартномалари, шунингдек, уларни тўлиқ ёки қисман ўтказиш тўғрисидаги шартномаларни рўйхатга олиш ва тегишли реестрларни юритиш;
  • агентликнинг расмий нашрлари учун давлат рўйхатидан ўтган интеллектуал мулк объектлари, муҳофаза ҳужжатларига берилган дубликатлар, муҳофаза ҳужжатларига киритилган ўзгартиришлар, муҳофаза ҳужжатларининг амал қилиш муддатини тиклаш ва бекор қилиш;
  • рўйхатдан ўтказилган лицензия ва бошқа шахсга ҳуқуқ бериш тўғрисидаги шартномалари ҳақидаги барча ахборотларни тақдим қилиш;
  • рўйхатдан ўтказилган лицензия шартномаларига ўзгартириш киритиш.

Интеллектуал фаолият натижаларининг муаллифлари (ҳуқуқ эгалари) ана шу натижаларга нисбатан мулкий ва шахсий номулкий ҳуқуқларга эга бўлади. Ўз навбатида, муаллифга мутлақ ҳуқуқ асосида тегишли бўлган интеллектуал мулк объектларидан бошқа шахсларнинг фойдаланишига фақат унинг рухсати билан йўл қўйилади. Шунга мувофиқ интеллектуал мулк объектига нисбатан мутлақ ҳуқуқ эгаси бу ҳуқуқни бошқа шахсга тўлиқ ёки қисман ўтказишга, интеллектуал мулк объектидан бошқа шахс фойдаланишига рухсат беришга ҳақли.

Хусусан, «Ихтиролар, фойдали моделлар ва саноат намуналари тўғрисида»ги қонуннинг 11-моддаси, «Селекция ютуқлари тўғрисида»ги қонуннинг 38-моддаси, «Товар белгилари, хизмат кўрсатиш белгилари ва товар келиб чиққан жой номлари тўғрисида»ги қонуннинг 30-моддаси, «Интеграл микросхемалар топологияларининг ҳуқуқий муҳофазаси тўғрисида»ги қонуннинг 15-моддаси, «Электрон ҳисоблаш машиналари учун дастурлар ва маълумотлар базаларининг ҳуқуқий муҳофазаси тўғрисида»ги қонуннинг 9-моддасига мувофиқ қуйидаги шартномалар агентликда рўйхатга олинади:

  • ихтиро, фойдали модель, саноат намунаси, селекция ютуғига берилган патентни бериш тўғрисидаги шартнома;
  • ихтиро, фойдали модель, саноат намунаси, селекция ютуғидан фойдаланиш тўғрисидаги лицензия шартномаси (сублицензия шартномаси);
  • Ўзбекистон Республикасида муҳофаза қилинаётган товар белгисига бўлган ҳуқуқни ўтказиш тўғрисидаги шартнома;
  • Ўзбекистон Республикасида муҳофаза қилинаётган товар белгисидан фойдаланиш тўғрисидаги лицензия шартномаси (сублицензия шартномаси);
  • рўйхатга олинган электрон ҳисоблаш машиналари учун дастур ёки маълумотлар базасига бўлган барча мулкий ҳуқуқларни тўлиқ ёки қисман бериш тўғрисидаги шартнома;
  • интеграл микросхемалар топологияларига бўлган ҳуқуқни тўлиқ ёки қисман ўтказиш тўғрисидаги шартнома.

Юқоридаги жараёнлар давлат патент идораси директорининг 2005 йил 11 майдаги 48-буйруғи билан тасдиқланган (2005 йил 17 июнда Адлия вазирлиги томонидан 1481-сон
билан давлат рўйхатидан ўтказилган) «Ихтиро, фойдали модел, саноат намунаси, селекция ютуғи, товар белгиси, хизмат кўрсатиш белгисига бўлган ҳуқуқларни бериш ва лицензия шартномаларидан фойдаланиш, интеграл микросхемалар топологиясига бўлган ҳуқуқни тўлиқ ёки қисман бериш, электрон ҳисоблаш машиналари учун дастурга, маълумотлар базасига бўлган барча мулкий ҳуқуқларни бутунлай ёки қисман ўзгаларга бериш ва мулкий ҳуқуқларни бериш тўғрисидаги шартномаларни рўйхатдан ўтказиш қоидаларини тасдиқлаш ҳақида»ги буйруғи билан тартибга солинади6.

Ушбу буйруқ билан тасдиқланган қоидаларга мувофиқ шартномаларни рўйхатга олиш учун агентликка қуйидаги ҳужжатлар тақдим этилади:

а) шартномани рўйхатга олиш учун ариза.

Ариза қоидаларда келтирилган шаклда ўзбек ёки рус тилида бир нусхада топширилади. Хорижий исмлар ва корхоналарнинг номлари ўзбекча ёки русча транслитерацияда келтирилади. Ариза битта шартномага тегишли бўлиши керак.

Агар патент эгаларининг бошқа шахсга лицензияни тақдим этиш ёки ҳуқуқни топширишга розилиги тақдим этилаётган бошқа бирон ҳужжатда қайд этилмаган бўлса, ариза уларнинг ҳаммалари томонидан имзоланади.

Юридик шахс томонидан ариза корхона, ташкилот раҳбари томонидан ёки бунга ваколатли шахс томонидан унинг лавозими кўрсатилган ҳолда имзоланади. Имзо муҳр билан тасдиқланади. Имзолар имзо қўяётган шахсларнинг фамилияси ва исми ва отаси исмининг бош ҳарфлари кўрсатилган ҳолда очиб берилади.

б) белгиланган тартибда тасдиқланган шартнома ёки шартномадан кўчирма уч нусхада.

Шартнома варақлари тикилган, рақамланган бўлиши ва уларда тузатишлар, қўшимча ёзувлар, ўчирилган сўзлар ва бошқа тўғрилашлар бўлиши керак эмас.

Шартномада қуйидаги маълумотлар бўлиши керак:

  • аниқ кўрсатилган шартнома томонлари;
  • шартнома предмети (муҳофаза ҳужжатининг рақами, товар белгисининг халқаро рўйхатга олиш рақами);
  • ҳуқуқни топшириш тури;
  • лицензия шартномаси бўйича топширилаётган ҳуқуқлар ҳажми;
  • шартноманинг амал қилиш ҳудуди;
  • шартноманинг амал қилиш муддати;
  • мукофот миқдори (ёки бу борада келишув мавжудлигини тасдиқлайдиган қоида).

Товар белгисига тааллуқли лицензия шартномасида лицензиат товарларининг сифати лицензиар товарларининг сифатидан паст бўлмаслиги ҳақидаги шарт бўлиши ва лицензиар ушбу шартнинг бажарилиши устидан назорат олиб бориши ҳақидаги талаб бўлиши лозим.

Товар белгисига ҳуқуқни қисман топшириш тўғрисидаги шартномада ҳуқуқлар топширилаётган белгиларни рўйхатга олиш учун Товарлар ва хизматларнинг халқаро классификациясига мувофиқ гуруҳлаштирилган товарлар ёки хизматларнинг рўйхати бўлиши керак.

в) мерос қилиб олиш ҳуқуқи ёки ворислик ҳуқуқини тасдиқлайдиган ҳужжат (зарур ҳолларда);

г) вакилнинг ваколатларини тасдиқлайдиган ишончнома;

д) шартномани рўйхатга олиш учун белгиланган миқдордаги патент божи ёки ҳақ тўланганини тасдиқлайдиган ҳужжат ёки патент божи ёки ҳақ тўлашдан озод қилиш учун асосларни тасдиқлайдиган ҳужжат.

Белгиланган миқдордаги патент божи ёки ҳақ тўланганини тасдиқлайдиган ҳужжат, патент божи ёки ҳақ тўлашдан озод қилиш учун асосларни тасдиқлайдиган ҳужжат тақдим этилмаган тақдирда аризани кўриб чиқиш бўйича юридик аҳамиятга молик ҳаракатлар амалга оширилмайди. Сублицензия шартномаси рўйхатга олинган ҳолда лицензия шартномасининг асли ёки унинг талабга кўра расмийлаштирилган нусхаси тақдим этилади. Аризага илова қилинаётган ҳужжатлар ўзбек, рус ёки бошқа тилда тақдим этилиши мумкин. Агар ҳужжатлар бошқа тилда тақдим этилган бўлса, уларнинг ўзбек ёки рус тилига таржимаси илова қилинади.

Ариза ва унга илова қилинаётган ҳужжатлар агентликка бевосита топширилади ёки почта орқали жўнатилади. Ариза ва унга илова қилинган ҳужжатлар агентликка келиб тушган кундан эътиборан ўн беш кун давомида керакли ҳужжатларнинг мавжудлиги ва белгиланган талабларга мувофиқлиги текширилади. Керакли ҳужжатлар мавжуд бўлмаган ёки шартномани рўйхатга олиш учун тақдим этилган ҳужжатлар юқоридаги қоидаларда белгиланган талаблар бузилган ҳолда тузилган ёхуд шартномада бир-бирини истисно қиладиган ҳолатларнинг мавжудлиги аниқланган ҳолларда ариза топширган шахсга билдиришнома юборилади. Унда билдиришнома юборилган санадан эътиборан уч ой мобайнида мавжуд бўлмаган ёки тўғриланган ҳужжатларни тақдим этиш ва тақдим этилган шартномага ўзгартириш ҳамда қўшимчалар киритиш таклиф қилинади.

Бунда талабномани кўриб чиқиш учун белгиланган муддатнинг кечиши етишмаётган ёки тўғриланган ҳужжатлардан охиргиси келиб тушмагунга қадар тўхтатиб турилади. Тақдим этилган ҳужжатлар қоидаларнинг талабига мувофиқ бўлса, бу ҳолда агентлик шартномани рўйхатга олади ва шартнома рўйхатга олинганлиги тўғрисидаги маълумотларни давлат реестрига киритади. Бунда аризада кўрсатилган ёзишмалар учун манзилга рўйхатга олиш рақами, рўйхатга олиш санаси кўрсатилган шартноманинг иккита нусхаси ва рўйхатга олинганлик тўғрисидаги белги қўйилган муҳофаза ҳужжати юборилади. Рўйхатга олинган шартноманинг бир нусхаси назорат нусха бўлиб, агентликда сақланади.

Шартнома рўйхатга олинганлиги тўғрисидаги маълумотлар агентликнинг расмий ахборотномаси ва расмий веб-сайтида эълон қилинади.

Маълумотларга кўра, 2018 йилда 114 та шундай турдаги шартнома тузилиб, агентликдан рўйхатдан ўтган бўлса, 2019 йилда уларнинг сони 178 тага етди. Бу Ўзбекистондаги инвестицион муҳитнинг ижобий томонга ўзгаришлари тенеденцияси, тадбиркорлик фаолиятига кенг йўл очилиши, фан ва таълимга берилаётган эътиборнинг натижаси ўлароқ, интеллектуал мулк объектларига доир ҳуқуқларни тўлиқ ёки қисман ўтказиш билан боғлиқ шартномалар сони ҳам ортиб бораётганидан далолатдир.

Абдумўмин ЮЛДАШОВ,
Тошкент давлат юридик университети «Интеллектуал мулк
ҳуқуқи» кафедраси катта ўқитувчиси, юридик фанлари
бўйича фалсафа доктори (PhD)

1 https://president.uz/uz/lists/view/3887.

2 Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 22.09.2018 й., 06/18/5544/1951-сон.

3 Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 16.07.2018 й., 07/18/3855/1513-сон.

4 Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2013 й., 43-сон, 574-модда.

5 Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 22.07.2019 й., 09/19/609/3458-сон.

6 Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2005 й., 23-24-сон.

- Advertisement -

Latest news

Тошкент шаҳрига кириб келувчи йўловчи транспортлар учун 6 та метро бекати атрофида автотураргоҳлар ташкил этилади

“Тошкент метрополитени фаолиятининг самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент қарори (ПҚ–5260-сон, 16.10.2021 й.) қабул қилинди Қарорга мувофиқ, “Тошкент метрополитени” УК “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ таркибидан Транспорт...
- Advertisement -

Йил охиригача барча кодексларга шарҳлар тайёрланади

“Адолат” Миллий ҳуқуқий ахборот маркази ҳамда Тошкент давлат юридик университети ўртасида ҳамкорлик келишуви имзоланди. Ҳамкорликдан кўзланган асосий мақсад “юриспруденция” мутахассислиги бўйича юридик кадрларни тайёрлаш,...

Хусусий мактаблар тадбиркорлик субъекти ҳисобланадими?

Халқ таълими вазирлигининг ўтган йил ноябрь ойидаги маълумотида юртимизда 140 та хусусий мактаб фаолият юритаётгани қайд этилган. Президентимизнинг 2019 йил 29 апрелдаги 5712-сонли фармони...

2021 йил июнь сони

“Huquq va burch” журнали Чоп этилган вақти: 2021 йил, июнь Саҳифалар сони: 64 саҳифа Чоп этилган мақолалар сони: 12 та Журнал баҳоси: 20 000 сўм МУНДАРИЖАНИ КЎРИШ ЮКЛАБ...

Related news

Тошкент шаҳрига кириб келувчи йўловчи транспортлар учун 6 та метро бекати атрофида автотураргоҳлар ташкил этилади

“Тошкент метрополитени фаолиятининг самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент қарори (ПҚ–5260-сон, 16.10.2021 й.) қабул қилинди Қарорга мувофиқ, “Тошкент метрополитени” УК “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ таркибидан Транспорт...

Йил охиригача барча кодексларга шарҳлар тайёрланади

“Адолат” Миллий ҳуқуқий ахборот маркази ҳамда Тошкент давлат юридик университети ўртасида ҳамкорлик келишуви имзоланди. Ҳамкорликдан кўзланган асосий мақсад “юриспруденция” мутахассислиги бўйича юридик кадрларни тайёрлаш,...

Хусусий мактаблар тадбиркорлик субъекти ҳисобланадими?

Халқ таълими вазирлигининг ўтган йил ноябрь ойидаги маълумотида юртимизда 140 та хусусий мактаб фаолият юритаётгани қайд этилган. Президентимизнинг 2019 йил 29 апрелдаги 5712-сонли фармони...

2021 йил июнь сони

“Huquq va burch” журнали Чоп этилган вақти: 2021 йил, июнь Саҳифалар сони: 64 саҳифа Чоп этилган мақолалар сони: 12 та Журнал баҳоси: 20 000 сўм МУНДАРИЖАНИ КЎРИШ ЮКЛАБ...
- Advertisement -