0,00 UZS

No products in the cart.

17.5 C
London
Shanba, Iyul 31, 2021

Инсон, ҳуқуқ ва илм

- Advertisement -
- Advertisement -

Ахборот майдони

Суҳбатлардан бирида Ўзбекистон ҳуқуқшунослиги фани, адвокатлари тарихи тўғрисида сўз борди. «Бу тарих етти минг йилдан ошиб кетади» дейилганда даврадаги олий маълумотли зиёлилардан кўпчилигининг чеҳрасида истеҳзоли табассум пайдо бўлди. Бу гап талотумларга тўла олис ўтмишнинг узундан-узоқ йўлидан бизга етиб келгунча бугунги авлод ҳазм қила олмайдиган тушунчага айланиб қолган.

Чунки мамлакат ҳуқуқшунослик тарихи аниқ бир тизимга солиниб, ҳозирги даврда амал қилинаётгани билан илмий қиёсланмаган. Мавзуга оид кўплаб тадқиқотлар амалга оширилган бўлишига қарамай, масалан, Х асрда жамиятда мавжуд бўлган ижтимоий муносабатларни мувозанатда тутиб турган ҳуқуқий маданият ва саводхонлик масаласи етарли даражада ўрганилмаган, уларга баҳо берилмаган. Агар мамлакатнинг ҳуқуқшунослик тарихи тизимли равишда мукаммал илмий тадқиқ этилса, бугунги кўп стереотип қарашларни бузиб юбориши тайин.

Вақт силсиласи ва инсон ҳуқуқи

Юрт ва миллат ўтмишига нигоҳ ташлаган бугунги мутахассис қаршисида қарийб етти-саккиз минг йиллик маданий ҳаёт масофаси ястаниб ётганини кўради. Келажак мутахассиси назари ундан ҳам узоқроққа етиши аниқ. Яқин асрларда Ўзбекистон ҳуқуқшунослиги фани ё адвокатлари тарихини қидириб, бу чегарага ҳеч ким кирмаган. Тасаввур минглаб бўлакларга сочилиб кетмаслиги ва тарихий воқеалар йўқолиб қолмаслиги учун дастлаб бу масофа ўзига хос хусусиятлари билан алоҳида ажралиб турувчи даврларга тақсимланиши лозим бўлади.

Миллий қомусимизда ушбу мавзуга оид «Ўзбекистон ҳудудида ҳуқуқшунослик узоқ ўтмиш ва нотекис ривожланиш тарихига эга. Уни шартли равишда беш босқичга бўлиш
мумкин. Ҳуқуқшуносликнинг илк босқичи бундан 2,7 минг йил аввал бошланган. Энг қадимги Ўрта Осиё ҳуқуқ манбаи Спитама Зардушт ёзган қомусий ёдгорлик «Авесто» ҳисобланади» деган маълумот берилади1.

Ундан сўнг ислом, Россия истилоси, шўролар ва мустақиллик ҳуқуқшунослиги босқичларига ажратилади.

Кейинги ўн йилликларда топилаётган тарихий ашёлар, манбалар ва янги маълумотларга таянган ҳолда ҳозирча шартли равишда бу соҳани Янги босқич (1991 – 2018), Шўролар (1917 – 1991), Туркистон вассаллиги (1865 – 1917), Ислом (VII – XX аср биринчи чораги), Турк хоқонлиги (VI – VIII), Авесто (милоддан олдинги VII – милодий VIII асрлар) ва Тур (Турон) маданияти (милоддан олдинги 700 – ≈5000-йиллар) даврлари билан белгилаш тадқиқотчини тўғрироқ йўлга олиб кирса керак.

«Авесто»дан олдинги ҳуқуқшунослик даври тўғрисидаги фикрдан ўқувчида бирдан эътироз пайдо бўлиши кутилган ҳолатдир. Чунки шу пайтга қадар бирор мактаб ё олий ўқув юрти дарсликларига киритилган Ўкуз ва Яксарт дарёлари оралиғи ҳамда атрофида яшаган халқларнинг «Авесто» давридан аввалги маданий тарихига оид маълумотлар, илмий қарашлар, таҳлиллар мутлақо қониқарли эмас. Бор тарихий далил ҳамда кўҳна манбалардаги ахборотларни «тош даври», «бронза даври», «темир даври» сингари ўта умумий ва мавҳум тушунчалар пардаси тўсиб туради. Бу ўша даврларда Турон заминида маданий тарих бўлмаганидан эмас, аксинча, мазкур мавзу махсус тадқиқ этилмагани, XXI асрга қадар мутахассислар ўша даврларга йўл топа олмаганидандир. Шу каби яна бир қанча сабабларга кўра ҳозирча кўрсатилган мазкур даврларни бу мақолада тўлиқ ва батафсил изоҳлашга шошилмаймиз. Фурсати етганда уларнинг ҳар бири алоҳида ёритилади. Унутмайлик, шахс ҳуқуқи бўлмаса, кишилик жамияти ҳам шаклланмасди.

Юқорида белгилаб олинган вақт силсиласи бизга айни пайтда жамиятда инсон ва ҳуқуқ масалалари соҳасининг ўзбек халқи ўтмишидаги ўрнини аниқроқ тасаввур қилиш учун зарур бўлаётир. Бу муаммо тарихи илдизи қайси замонларга боради ва узоқ маданий ўтмишга қай тариқа туташади? Зикр этилган даврларнинг улкан кенгликларини ахборот билан тўлдириш учун илм ва меҳнат ёнига энди каттагина вақт қўшилиши ҳам талаб қилинади. Айнан вақт масаласи тадқиқотчи учун ҳамиша ишдаги оғирроқ масалалардан бири бўлиб қолаверади. Ушбу тадқиқотда масофани бор бўйига жуда узун олмаймиз, Ислом (VII – XX аср биринчи чораги) даври инсон ва ҳуқуқ тарихининг айрим жиҳатларига  қисқа назар ташлаш билан чекланамиз.

Ўкуз ортига қўйилган илк қадам

Арабларнинг кўҳна Турон ҳудудига биринчи ҳарбий юриши VII аср охирги чорагида содир бўлганди. Ҳижрий 53 йилнинг охирларида Убайдуллоҳ ибн Зиёд Хуросонга келгач, қўшин тўплайди ва Ўкуздан (Амударё) ўтиб Бухорога яқинлашади. Бу пайтда Тағшода тегинкичик ёшли бўлгани сабабли онаси Бухоро ҳукмдори эди. Ўрта асрлар муаллифлари асарларида бу аёл Хотун номи билан қайд этилади. Убайдуллоҳ ибн Зиёд Байканд ва Ромитанни эгаллаб, кўп ўлжани қўлга киритади. Бир ўзи тўрт минг бухоролик асирга эгалик қилади. Муҳаммад ибн Жаъфар Наршахий Ўкуз ортига қўйилган бу илк қадам ҳақида аниқроқ қилиб: «Ҳижрий эллик учинчи йилнинг охири ва эллик тўртинчи йилнинг бошида (673 йил ноябр-декабр) рўй берган эди», – деб ёзади3.

Қутайба ибн Муслим ҳижрий 94 йили (713) Бухоро қалъаси ичкарисида жоме масжиди қурдиргунига қадар араблар Ўкуз ортига камида беш-олти марта юриш қилади ва кейинчалик бу ўлка тарихда янги «Мовароуннаҳр» номи билан танилиб, шуҳрат қозонади. Шу тариқа узлуксиз қонли тўқнашувлар натижасида тарихий Туронда ижтимоий ҳаёт тубдан ўзгаради ва ислом ҳуқуқ илми пайдо бўлади. Қадимги илмлар тасниф қилинган асарларда бу йўналиш «фиқҳ илми» (илм ул-фиқҳ) деб аталган.

Фиқҳ – илм

Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институти қўлёзмалар хазинасида 30 минг жилд атрофида қўлёзма, 40 минг жилд тошбосма ва қуйма ҳарфли китоблар, минглаб тарихий ҳужжатлар сақланади4. Ҳуқуқшуносликка оид асарлар хазинанинг салмоқли қисмини ташкил этади. Биргина асосий фонддаги 14 минг жилдга яқин қўлёзмалардан ўрин олган тахминан 23 мингта асарнинг 2 мингдан ошиқроғи ҳуқуқшунослик илмига тегишлидир. Ҳозиргача улардан баъзиларининг айрим жиҳатларигина ўрганилган.

Фиқҳ илмида шариат аҳкомлари – эътиқод, ибодат масалалари алоҳида ва одатда улар ортидан инсон ва жамият турмуш тарзи, барча соҳаларга тааллуқли ҳуқуқ масалалари тадқиқ қилинган, низомга солинган. Фиқҳ илми ҳуқуқшуносликнинг барча соҳаларини қамраган кўплаб алоҳида мустақил тармоқларга бўлиниб кетган фан эди. Бу тармоқларнинг барчаси иккита йирик «Усул ал-фиқҳ» ва «Фуруъ ал-фиқҳ» йўналишида жамланади.

Усул ал-фиқҳ йўналиши фиқҳ илмининг шаклланишида муҳим ўрин тутади. Унда Қуръон, ҳадис, ижмоъ, раъй ва қиёс йўли орқали ҳуқуқ асослари назарияси ишланган – давлат қонунлари ва шахс ҳуқуқлари меъёри умумий тарзда белгилаб берилган.

Фуруъ ал-фиқҳ соҳаси амалий аҳамиятга эга эди. У орқали аниқ ҳаётий масалалар кўриб чиқилган ва муаммолар ҳал қилинган.

Ислом оламида ҳуқуқ соҳаси VIII асрнинг биринчи ярмидаёқ алоҳида илм бўлиб шаклланган ва Х асрда мукаммал даражага етган эди. Барча тадқиқотларда Имом Аъзам Абу Ҳанифа (80 – 150/699 – 767), Имом Молик (90 – 179/709 – 795), Имом Шофеъий (150 – 204/767 – 819), Имом Аҳмад ибн Ҳанбал (164 – 241/781 – 855) исломда фиқҳ илми ва сунна мазҳаби асосчилари деб қаралади. Кўплаб манбаларда исломда 72 фирқа мавжудлиги таъкидланади5. Бу фирқаларнинг ҳуқуқий қарашлари, ҳаётий масалаларга муносабатлари ҳам фарқ қилади. Мовароуннаҳрда асосан ҳанафия мазҳаби таълимоти асосларида шахс ҳуқуқлари белгиланган ва ҳукмлар ҳам шунга мувофиқ чиқарилган6.

Нақл қилишларича, Абу Ҳанифа ҳуқуқ илмини «фанлар отаси» деб таърифлаган экан. Абу Мансур Саолибий у тўғрида: «Одамларнинг фиқҳдаги энг ирқлиси7 Исмоил ибн Ҳаммод ибн Абу Ҳанифадир. У фақиҳ эди, отаси Ҳаммод ҳам фақиҳ бўлган. Лекин отаси каби эмас. Абу Ҳанифа фиқҳда илғор эди, ҳозиргача унга ҳеч ким етолмаган, тенглаша олмаган», – деб ёзади8.

Шарқшунослик институти қўлёзмалар хазинасининг асосий фондида Имом Абу Ҳанифанинг «Фиқҳ ул-акбар» асари сақланади. Унга ёзилган шарҳлар билан қўшиб ҳисобланганда ҳозиргача аниқланган нусхалари 20 тага етади.

Қисқача айтганда, фиқҳ – барча фанлар қаторида ҳуқуқшуносликка оид жамият тараққиётига хизмат қилувчи муҳим илм эди.

Туроннинг илк фақиҳи

Турон ўлкасидаги қарийб барча фиқҳ мактаблари силсиласи Имом Абу Ҳанифа мактабига бориб туташади.

Туронда ислом ҳуқуқ илми асосчиларидан бири Имом Аҳмад Абу Ҳафс Кабир Бухорий (767 – 832) эди. Наршахий ёзади: «Бухородан Бағдодга бориб, Имом Муҳаммад Ҳасан Шайбонийга9 шогирд тушган. Бухоро вилоятида унга тенглашадиган бирор киши бўлган эмас. Мутааххирлар жамоасидан зоҳид ва олим эди. У туфайли Бухоро «Қуббат ул-ислом» (Ислом гумбази) деб аталган. Бухоро аҳолисининг илмли бўлиши, Бухорода илм кенг тарқалиши ва имомлар, уламоларнинг халқ орасида ҳурмат қозонишига у киши сабабчи эди. Ўғли Абу Абдуллоҳ ҳам юксак илмли эди. Ҳаждан қайтиб келаётган карвондаги олимлар Хожа Имом Абу Ҳафс олдига келиб масала сўрашарди. Абу Ҳафс: «Ўзинг-ку, Ироқдан келяпсан, нега Ироқ олимларидан сўрамадинг?» – дерди. У олим: «Ироқ олимлари билан мунозара қилдим, улар жавоб бера олишмади ва Бухорога борганингда бу масалани Хожа Имом Абу Ҳафс Бухорий ёки унинг фарзандидан сўра дейишди», – деб жавоб берарди. Шундан сўнг Абу Ҳафс масаланинг тўғри жавобини айтар экан»10.

* * *

Аҳмад Абу Ҳафс Кабир Бухорий фиқҳ масалаларига оид «Ал-аҳваъ ва-л-ихтилаф» (Беҳуда гаплар ва ихтилофлар), «Ар-радду аъла ал-лафзия» (Нотўғри сўзларга эътироз) каби асарлар ёзган. У VIII аср охири ва IX аср бошларида Бухорода қурдирган мадраса (университет) икки дарё оралиғида бунёд этилган илк олий ўқув даргоҳларидан бири эди. Ушбу мадрасада XIII асрга қадар замонасининг машҳур олимлари илм толибларига дарс ўтгани тўғрисида маълумотлар сақланиб қолган. Ҳуқуқ илми унда ўқитиладиган фанларнинг асосийси эди. Шу тариқа мазкур илмий даргоҳни Турондаги ҳуқуқшунослик йўналишида милодий 800-йиллар бошларида асос солинган биринчи олий ўқув юрти деб ҳеч иккиланмай айтса бўлади.

Ҳуқуқшунос олимларнинг тарихий йўли

Ҳуқуқшунослик илми Мовароуннаҳр ҳудудида ниҳоятда юксалади. Бу юртдан Абу Ҳафс
Кабир Бухорий сингари Абу Мансур ал-Мотуридий (в. 945), Абу Бакр Муҳаммад Калабодий (в. 991), Абул Лайс Самарқандий (в. 1003), Абул Муин Насафий (1027 – 1114), Абу Ясир Муҳаммад Баздавий (в. 1100), Нажмиддин Умар Насафий (1068 – 1142), Бурҳониддин Марғиноний (1123 – 1197), Убайдуллоҳ ибн Масъуд Садр аш-шариа ал-Бухорий (в. 1345) каби кўплаб таниқли ҳуқуқ олимлари етишиб чиққан. Уларнинг асарлари ислом оламида машҳурдир ва ҳозиргача фойдаланилади, олий ўқув
юртларида дарслик сифатида ўқитилади. Ислом мамлакатлари давлат бошқарувида ҳамиша фиқҳ илмига таянилган.

Ўтмишда тариқатлар фаолияти ёзилган кўплаб тазкиралар ва тарихий асарларда сулук силсилалари изчил ёритилишига жиддий эътибор қаратилган. Нақшбандия, яссавия, кубровия, ишқия, қодирия, суҳравардия, чиштия каби тариқатлар фаолияти тарихини силсилаларсиз тасаввур қилиб бўлмайди. Бу йўналишдаги ижтимоий жараён ҳатто адабиёт ва тарих соҳасида мақомат, маноқиб, тазкира каби алоҳида ижод турларининг (жанрлар) пайдо бўлиши ва ривожланишига йўл очди. Мамлакатимизда VIII асрда пайдо бўлиб, ХХ асрнинг 30-йилларигача фаолият юритган ҳуқуқшунослик мактаблари тарихини ҳам муаррихлар баъзи ўринларда силсила кўринишида келтиришади. Бундай туркумдаги маълумотлар Мовароуннаҳр ҳуқуқшунослари (ва албатта Ўзбекистон адвокатлари) тарихини ёритиш бу илм соҳасининг ижтимоий моҳияти ҳамда тарихий аҳамиятини англашга кўмаклашади, бугунги ўқувчининг унга оид тасаввурини тиниқлаштиради, билимини бойитади. Шундай асарлардан бири Абу Абдураҳмон Абдуллоҳ Бухорийнинг «Тарихи Бухоро ва таржумат ул-уламо» асаридир. Муаллиф Мовароуннаҳрда Абу Ҳафс Кабир Бухорийдан давом этган фақиҳлар силсиласини қуйидаги тартибда кўрсатади:11

«Аш-шайх Абу Абдураҳмон Алоуддин Зайнуллоҳ ибн Ҳабибуллоҳ аш-Шарифий жаноблари зоҳирий илмни Аҳмад ибн Холид ал-Минкорийдан олган. У ҳижрий 1286 санада (1869 – 1870) вафот этган. У юқорида зикр этилмиш Ҳасан охунд ал-Бухорийдан ва яна Аҳмад Зиёвуддин ибн Мустафо ал-Кумушхонавийдан. У 1311 санада (1893 – 1894) вафот этган. У Аҳмад ибн Сулаймон ат-Тараблисийдан, у Муҳаммад ибн Обидиндан. У 1252 санада (1836 – 1837) вафот этган. У Муҳаммад Шокир ас-Солимийдан, у мулла Али ат-Туркманийдан, у Солиҳ ал-Жийинийдан. У 1204 санада (1789 – 1790) вафот этган. У отаси Иброҳимдан. У 1158 санада (1745 – 1746) вафот этган. У Хайриддин Аҳмад ибн Али ар-Рамалий (Румоли) ал-Ҳанафийдан. У 1081 санада (1670 – 1671) вафот этган. У Шамсиддин Муҳаммад ал-Хонутийдан, у Аҳмад ибн Юнус аш-Шиблийдан, у Абдулбар ибн аш-Шихнадан. У 921 санада (1515 – 1516) вафот этган. У «Футуҳ ал-қодир» соҳиби Ибн ал-Ҳуммомдан. У 861 санада (1456 – 1457) вафот этган. У ар-Рож Қораи ал-Ҳидоядан, у Алоуддин ас-Сайрамийдан, у «Ал-кифоя» соҳиби Жалолиддин ал-Кирланийдан, у «Кашф ул-асрор» муаллифи Абдулазиз ал-Бухорийдан. У 730 санада (1329 – 1330) вафот этган. У «Ал-минор ва ал-мадорак» соҳиби устоз Ҳофизиддин ан-Насафийдан. У 710 санада (1310 – 1311) вафот этган. У Шамс ул-аимма ал-Кирдарий ал-Мутақаддимдан, у «Ал-ҳидоя» соҳибидан, у Аҳмад ибн Умардан, у отаси Умар ан-Насафийдан, у Фахр ул-ислом ал-Баздавийдан. У 482 санада (1089 – 1090) вафот этган. У Шамс ул-аимма ас-Сарахсийдан. У 483 санада (1090 – 1091) вафот этган. У Шамс ул-аимма ал-Ҳалвонийдан. У 448 санада (1056 – 1057) вафот этган. У ал-қози Абу Али Ҳусайн ан-Насафийдан, у Абу Бакр Абдуллоҳ ас-Сабзамунийдан12. У 340 санада (951 – 952) вафот этган. У Абу Ҳафс Абдуллоҳ ибн Аҳмад ас-Сағирдан, у отаси Абу Ҳафс ал-Кабирдан таълим олган. У Бухорода дафн этилган. У ал-имом Муҳаммад ибн ал-Ҳасан аш-Шайбонийдан. У 189 санада (804 – 805) вафот этган. У ал-имом ал-Аъзамдандир».

***

Муаллиф ўқувчини Мовароуннаҳр фиқҳ мактабининг яна бир тармоғи билан таништиради. Бундай мазмундаги силсилалар Мовароуннаҳр – бугунги Ўзбекистон ҳуқуқ илми соҳаси тарихини ўрганишда ўзига хос муҳим тарихий аҳамиятга эгадир. Ҳуқуқшуносликнинг турли тармоқларига доир мазкур туркумдаги ахборотлар бошқа қўлёзма манбаларда ҳам учрайди. Зарурат етганда улар тўғрисида кейинги мақолаларда алоҳида ахборот берилади.

Мавзуга кириш учун Мовароуннаҳр ҳуқуқшунослик илмининг асрларга чўзилган узун йўлини йиғилган ушбу маълумотлар орқали қисқа ва кичик матнда акс эттиришга уриндик. Бу илм жамиятга татбиқ этилишида – амир, хон, ҳукмдор, шайх ул-ислом, қози, аълам, муфти, садр, миршаб, муҳтасиб, котиб, ясавул, мударрис, талаба, фуқаро ва бошқалар фаол иштирок этган.

Кейинги тадқиқотимизда жамият ва ҳуқуқшунослик илми ўртасида содир бўлган ижтимоий тарихий жараёнларга назар ташлашга уриниб кўрамиз. Барча замонларда мазлум ҳуқуқини ҳимоя қилувчи, «инсон, ҳуқуқ ва илм»ни ўзида мужассам этган «ҳуқуқшунос» ва «адвокат»ларни худди шу жараёнларда учратамиз.

Абдусаттор ЖУМАНАЗАР,
ЎзФА Абу Райҳон Беруний номидаги
Шарқшунослик институти катта илмий ходими

 

1 ЎзМЭ. XII жилд. – 485-б.

2 Туркийлар хоқон ё хон ўғлини «тегин», деб аташган (Девону луғотит турк, I жилд. – 391-б.). Ҳозирги нутқда унинг мазмунини «шаҳзода», «хонзода» сўзлари
билан ҳам ифодаласа бўлади.

3 Бухоро тарихи. – 39-б; Тарихи муллазода. – 19-б; Таҳқиқоти арки Бухоро. – 20, 21-б.

4 Институт хазинаси – асосий фонд, иккинчи фонд, тошбосма ва қуйма ҳарфли нашрлар фондидан иборат эди. Ўтган асрнинг 90-йиллари ўрталарида Ҳамид Сулаймон номидаги қўлёзмалар фонди, тошбосма ва қуйма ҳарфли нашрлар фонди ҳам Шарқшунослик институти хазинасига қўшиб юборилди. Хазинада улардан ташқари алоҳида ҳужжатлар ва хориждан келтирилган фото нусхалар бўлимлари ҳам мавжуддир.

5 Нажмиддин Умар ан-Насафий. Ақоиди Насафий. ЎзР ФАШИ. №6614-6, 6460-4, 12366-2 . Ушбу асар жуда машҳур бўлган ва мадрасаларда ўқитилган. Унинг нусхалари турли минтақаларда кўплаб учрайди.

6 Мазкур минтақада шофия ва шиа мазҳаби вакиллари ҳам фаолият юритган. Улар камчиликни ташкил этган.

7 Бу сўз матнда «шарафли», «насабли» маъносида қўлланган.

8 Абу Мансур ас-Саолибий. Ажойиб маълумотлар. Тадқиқ қилувчи, таржимон, изоҳ ва кўрсаткичларни тузувчи Исматуллоҳ Абдуллаев. – Тошкент: Абдулла Қодирий номидаги халқ мероси нашриёти, 1995. – 20-б.

9 Муҳаммад ибн Ҳасан Шайбоний ҳижрий 189 санада (804 – 805) вафот этган, имом Абу Ҳанифа ва Абу Юсуфнинг шогирди эди.

10 Наршахий. Бухоро тарихи. – 53 – 54-б.

11 Матн аслида берилмоқда.

12 Бухоро қишлоқларидан бири.

- Advertisement -

Latest news

Адлия вазирлиги ахборот сайтлари билан меморандум имзолади

Адлия вазирлиги "kun.uz", "daryo.uz", "газета.uz" "human.uz" ва "bugun.uz" каби катта аудиторияга эга бўлган электрон ахборот нашрлар билан ҳамкорлик меморандумларини имзолади. Тадбирда иштирок этган Адлия вазири...
- Advertisement -

Истеъмолчилар ҳуқуқига тааллуқли қонун бугунги кун талабига жавоб берадими?

Бозор иқтисодиётини соат механизмига қиёслаш мумкин. Ана шу механизмнинг қайсидир мурвати ўз функциясини тўғри бажармаса ёки унга бегона бўлган детал зўрлаб тиқиштириб қўйилса, у...

Фуқаролик ташкилий-юридик муносабатларни такомиллаштириш истиқболи

Маълумки, Корпоратив назорат механизмларининг етарлидаражада ривожланмагани, хусусийлаштирилган корхоналарда акциядор-давлатнинг имтиёзли мақоми, корпоратив секторга давлат органларининг асоссиз аралашув ҳолатлари мавжудлиги, мулкдор ҳуқуқининг етарли ҳимояланмагани акциядорлар...

Мажбурий тиббий суғурта замон талаби(ми?)

Инсоннинг асосий ҳуқуқ ва эркинликлари БМТнинг 1948 йилда қабул қилинган Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси ҳамда қатор халқаро пакт ва конвенцияларда ўз ифодасини топган. Жумладан,...

Related news

Адлия вазирлиги ахборот сайтлари билан меморандум имзолади

Адлия вазирлиги "kun.uz", "daryo.uz", "газета.uz" "human.uz" ва "bugun.uz" каби катта аудиторияга эга бўлган электрон ахборот нашрлар билан ҳамкорлик меморандумларини имзолади. Тадбирда иштирок этган Адлия вазири...

Истеъмолчилар ҳуқуқига тааллуқли қонун бугунги кун талабига жавоб берадими?

Бозор иқтисодиётини соат механизмига қиёслаш мумкин. Ана шу механизмнинг қайсидир мурвати ўз функциясини тўғри бажармаса ёки унга бегона бўлган детал зўрлаб тиқиштириб қўйилса, у...

Фуқаролик ташкилий-юридик муносабатларни такомиллаштириш истиқболи

Маълумки, Корпоратив назорат механизмларининг етарлидаражада ривожланмагани, хусусийлаштирилган корхоналарда акциядор-давлатнинг имтиёзли мақоми, корпоратив секторга давлат органларининг асоссиз аралашув ҳолатлари мавжудлиги, мулкдор ҳуқуқининг етарли ҳимояланмагани акциядорлар...

Мажбурий тиббий суғурта замон талаби(ми?)

Инсоннинг асосий ҳуқуқ ва эркинликлари БМТнинг 1948 йилда қабул қилинган Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси ҳамда қатор халқаро пакт ва конвенцияларда ўз ифодасини топган. Жумладан,...
- Advertisement -