2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили”да амалга оширишга оид Давлат дастурида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш, шунингдек, эҳтиёжманд оилаларнинг фарзандларини, чин етимларни, оғир касалликка чалинган ва ногиронлиги бўлган болаларни даволаш, уларнинг таълим олишини, уй-жой билан таъминланишини ҳамда касб эгаллашларини қўллаб-қувватлаш мақсадида Болаларни қўллаб-қувватлаш жамоат фонди ташкил этилади.

Бу ҳақда давлатимиз раҳбарининг жорий йил 4 октябрда қабул қилинган “Болаларни қўллаб-қувватлаш жамоат фонди фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида белгилаб қўйилди.

Мазкур қарорга кўра, оғир вазиятга тушган, ижтимоий ҳимояга муҳтож болаларга ижтимоий ва моддий ёрдам кўрсатиш, болаларнинг ҳаёти учун хавф солувчи оғир, сурункали ҳамда кам учрайдиган (орфан) касалликларга ўз вақтида ташхис қўйиш ва уларни республикада ёки зарур ҳолларда хорижий давлатларда даволаш учун тиббий, ижтимоий ва молиявий ёрдам кўрсатиш, эҳтиёжманд оилаларнинг фарзандлари ҳамда имконияти чекланган болаларни бепул дори воситалари, тиббий ва протез-ортопедик буюмлар билан таъминлаш, жисмоний ёки психик ривожланишида нуқсони бўлган болаларни таълим олишларида кўмаклашиш, шу жумладан, махсус ўқув адабиётлар ва ўқув қуроллари билан таъминлаш ва ногиронлиги бўлган болаларни ижтимоий мослаштириш, уларга қизиқишларидан келиб чиқиб касб-ҳунар ўргатиш ва уларни уй шароитида ўзини ўзи банд қилиши учун асбоб-ускуналар билан таъминлаш, оғир ташхисли касалликлари бўлган болаларни парвариш қилаётган кам таъминланган оилаларни ҳомийликка олиш Болалар жамоат фондининг энг муҳим вазифалари этиб белгиланганди.

Болалар жамоат фонди учун давлат бюджети ҳисобидан 2021-2022 йилларда маблағларни амалда ўзлаштирилишига қараб 100 миллиард сўм миқдоридаги беғараз молиявий ёрдам кўрсатилиши белгиланган.