0,00 UZS

No products in the cart.

13.3 C
London
Shanba, Oktabr 23, 2021

Хусусий мулк ҳуқуқи кафолатларини кучайтириш зарурати

- Advertisement -
- Advertisement -

Фуқароларнинг мулкий муносабатлари билан боғлиқ масалаларни самарали ҳал этиш механизмларини ишлаб чиқиш, бу борада мансабдорларнинг вазифа ва жавобгарликларини қатьий белгилаш бугунги куннинг устувор вазифаларидан бири ҳисобланади. Президент Шавкат Мирзиёев «Ерга бўлган ҳуқуқлар кафолати кучайтирилиб, мулкий ҳуқуқларни бекор қилиш фақат суд тартибида ҳал этилишини қатъий белгилаш зарур» деб таъкидлаган эди1.

Конституциянинг 53-моддасида «Бозор муносабатларини ривожлантиришга қаратилган Ўзбекистон иқтисодиётининг негизини хилма-хил шакллардаги мулк ташкил этади. Давлат истеъмолчиларнинг ҳуқуқи устунлигини ҳисобга олиб, иқтисодий фаолият, тадбиркорлик ва меҳнат қилиш эркинлигини, барча мулк шаклларининг тенг ҳуқуқлилигини ва ҳуқуқий жиҳатдан баб-баравар муҳофаза этилишини кафолатлайди. Хусусий мулк бошқа мулк шакллари каби дахлсиз ва давлат ҳимоясидадир. Мулкдор фақат қонунда назарда тутилган ҳолларда ва тартибдагина мулкидан маҳрум этилиши мумкин» деб белгилаб қўйилган. Бундан ташқари, Фуқаролик кодексининнг 18-моддасида «Фуқаролар: мулк ҳуқуқи асосида мол-мулкка эга бўлишлари; мол-мулкни мерос қилиб олишлари ва васият қилиб қолдиришлари; банкда жамғармаларга эга бўлишлари; тадбиркорлик, деҳқон (фермер) хўжалиги билан ҳамда қонунда тақиқлаб қўйилмаган бошқа фаолият билан шуғулланишлари; ёлланма меҳнатдан фойдаланишлари; юридик шахслар ташкил этишлари; битимлар тузишлари ва мажбуриятларда иштирок этишлари; етказилган зарарнинг тўланишини талаб қилишлари; машғулот турини ва яшаш жойини танлашлари; фан, адабиёт ва санъат асарларининг, ихтиронинг, қонун билан қўриқланадиган бошқа интеллектуал фаолият натижаларининг муаллифи ҳуқуқига эга бўлишлари мумкин. Фуқаролар бошқа мулкий ва шахсий номулкий ҳуқуқларга ҳам эга бўлишлари мумкин» деб қайд этилган.

Кодекснинг 164-моддасида мулк ҳуқуқи тушунчасига қуйидагича таъриф берилган: «Мулк ҳуқуқи шахснинг ўзига қарашли мол-мулкка ўз хоҳиши билан ва ўз манфаатларини кўзлаб эгалик қилиш, ундан фойдаланиш ва уни тасарруф этиш, шунингдек ўзининг мулк ҳуқуқини, ким томонидан бўлмасин, ҳар қандай бузишни бартараф этишни талаб қилиш ҳуқуқидан иборатдир. Мулк ҳуқуқи муддатсиздир»2.

Евгений Сухановнинг таъкидлашига кўра мулкнинг дахлсизлиги – хусусий мулкда ҳам, оммавий мулкда ҳам мулкдорнинг ўзига тегишли мулкни фақат ўзининг манфаатлари йўлида, мулкнинг ўзбошимчалик билан олиб қўйилиши ёки ундан фойдаланишнинг ўзбошимчалик билан чекланишидан хавфсирамаган ҳолда фойдаланиши таъминланганлигини ҳамда шунга доир чораларнинг белгиланганлигини билдиради3.

Жумладан, «Хусусий мулкни ҳимоя қилиш ва мулкдорлар ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида»ги қонунда бузилган хусусий мулк ҳуқуқининг суд орқали тикланиши ва ҳимоя қилиниши кафолатланганини, хусусий мулк ҳуқуқини ҳимоя қилиш масаласига алоҳида урғу берилганини кўриш мумкин. Шунингдек, мазкур қонуннинг 6-моддасига мувофиқ «Давлат бузилган хусусий мулк ҳуқуқининг тикланишини ва унинг суд орқали
ҳимоя қилинишини кафолатлайди. Мулкдорга етказилган зарар уни етказган шахс томонидан қонун ҳужжатларига мувофиқ тўла ҳажмда қопланиши керак».

Бироқ давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун фуқаролар ва юридик шахсларнинг ер участкаларини олиб қўйиш, уларнинг уй-жойлари, биноиншоотлари ва бошқа мулкларига етказилган зарарларни қоплашда қонунчиликдаги бўшлиқлар сабаб бугунги кунда кўплаб муаммолар келиб чиқиб, бу мулк эгаларининг норозиликларига сабаб бўлаётгани кузатилмоқда.

Ҳуқуқий адабиётларда кооператив квартираларга мулк ҳуқуқи қонун асосида ва фақатгина битта шарт – пай бадалларини тўлиқ тўлаш асосида вужудга келиши эътироф этилган4. Умуман олганда дастлабки усулларда мулк ҳуқуқининг вужудга келиши уй-жойга нисбатан мулк ҳуқуқини амалга оширишнинг асосий элементларидан
бири ҳисобланади. Аҳолининг уй-жойга бўлган эҳтиёжларини қондиришда бу усулларни қўллаш муҳим аҳамият касб этади.

Бу Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясининг 17-моддасида ҳам ўз аксини топган: «Ҳар бир инсон якка ҳолда, шунингдек, бошқалар билан биргаликда мулкка эгалик қилиш ҳуқуқига эга. Ҳеч ким зўравонлик билан ўз мулкидан маҳрум этилиши мумкин эмас».

Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, судлар томонидан ундирилиши лозим бўлган неустойка миқдорини белгилаш жараёнида уни камайтириш ёки умуман рад этиш ҳолатлари мавжуд. Олий суд раёсатининг 2018 йил 25 январдаги «Хўжалик (иқтисодий) судлари томонидан 2015-2016 йиллар ҳамда 2017 йилнинг биринчи ярмида мулк ижараси шартномаларидан келиб чиққан низоларни кўриш билан боғлиқ суд амалиётини умумлаштириш натижалари ҳақида»ги қарорида кўрсатилишича, айрим судлар томонидан мулк ижараси шартномаларидан келиб чиққан низоларга оид ишларни кўришда моддий ва процессуал ҳуқуқ нормаларини нотўғри қўллаш ҳолатлари учрамоқда.

Хусусан, ижарага олинган мулк ўз вақтида қайтарилмагани учун шартномада неустойка ундириш назарда тутилган тақдирда, ижарага берувчи ижарага олинган мулк қайтарилмагани сабабли фойдаланганлик учун ҳақдан ташқари неустойкани тўлашни талаб қилишга ҳақли бўлса-да, айрим судлар тарафлар ўртасидаги шартномавий-ҳуқуқий муносабатлар бекор қилинганлиги важи билан неустойкани ундириш талабини қаноатлантиришни рад этган5.

Юқоридаги вазият юзасидан туман-шаҳар ҳокимларининг фуқаролар ва юридик шахсларга тегишли бўлган ер участкаларини олиб қўйиш, уй-жойлар, иншоотлар ва бошқа мулкларни бузиш ҳақидаги қарорларида мулк эгаларига етказилган зарар туман-шаҳар молия бўлими, қурувчи ташкилот ва бошқа ташкилотларнинг ҳисобидан қопланиши лозимлиги кўрсатилмоқда.

Лекин мазкур ташкилотларнинг тасдиқланган сметаларида бундай зарарларни қоплаш учун маблағ ажратиш кўзда тутилмаганлиги оқибатида йиллар давомида мулк эгаларига етказилган зарарлар қопланмасдан қолмоқда.

И. Зокиров ва М. Баратовларнинг фикрича, мулкнинг дахлсизлиги мулкдорга қарши турган барча субъектларнинг унинг мулк ҳуқуқини бузишдан ўзларини сақлашларидан
иборатдир. Мулкдор қонун йўл қўйган асосларда, доирада ўз мулкига ўзи эгалик қилади, ўзи фойдаланади ва ўзи тасарруф этади. Бу мулкдорнинг конституциявий ҳуқуқидир. Унга ташқи томондан тазйиқ ўтказишга, унинг ички ишларига аралашишга, мулкини олиб қўйишга ҳеч ким ҳақли эмас. Ҳаттоки мулкдорнинг ўз ҳуқуқини амалга оширишдан воз кечиши ҳам унинг мулк ҳуқуқини бекор қилмайди6.

Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 26 декабрдаги «Давлат ва жамият эҳтиёжлари учун ер участкаларининг олиб қўйилиши муносабати билан жисмоний ва юридик шахсларга етказилган зарарларни қоплаш бўйича марказлаштирилган жамғармалар маблағларини шакллантириш ва улардан фойдаланиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида»ги 1047-қарорига асосан давлат ва жамият эҳтиёжлари учун ер участкаларининг олиб қўйилиши муносабати билан жисмоний ва юридик шахсларга етказилган зарарларни қоплаш бўйича марказлаштирилган жамғармалар: Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида – республика миқёсида (республика жамғармаси); Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари ҳузурида – ҳудудий миқёсда (ҳудудий жамғармалар) ташкил этилган.

Юқоридаги низомнинг 2-бандига кўра жамғармалар юридик шахс ҳисобланмайди.

Низомнинг 8-бандига кўра эса жамғарма маблағлари вилоят маҳаллий бюджетининг қўшимча манбалари маблағлари, ҳомийлик ва хайрия ёрдамлари тарзидаги маблағлар ҳамда бошқа манбалардан шакллантирилиши белгиланган.

Аммо амалиётни ўрганадиган бўлсак, ушбу жамғармага низомда кўрсатилган манбалардан маблағлар тушиши ҳам мумкин, тушмаслиги ҳам мумкин. Жамғармага маблағ тушган тақдирда ҳам баъзи вилоят ҳокимлари бу пулни биринчи навбатда ҳокимлик эҳтиёжлари учун сарфлаётгани кузатилмоқда.

Оқибатда бугунги кунда мулк ҳуқуқи бузилган жисмоний ва юридик шахсларга етказилган зарарлар йиллар давомида қопланмасдан, суд қарорлари ижро этилмасдан қолиб, мулк эгалари ҳокимлик, марказлаштирилган жамғарма, суд ва мажбурий ижро идоралари ўртасида сарсон бўлишмоқда.

Юқоридагилардан келиб чиқиб, мазкур муаммолар юзасидан қуйидаги таклиф ва тавсияларни келтириб ўтишни лозим топдик:

биринчидан, давлат ва жамият эҳтиёжлари учун мулклари бузилган жисмоний ва юридик шахсларга етказилган зарарларни қоплаш бўйича марказлаштирилган жамғармаларга юридик шахс мақоми берилиши;

иккинчидан, марказлаштирилган жамғармага маблағлар бюджет маблағларидан ажратилиши, ушбу пулларнинг тўғри сарфланиши қатъий назорат қилиниши;

учинчидан, жисмоний ва юридик шахсларга тегишли бўлган мулкларнинг бузилиши ёки олиб қўйилишидан олдин ҳокимлик, марказлаштирилган жамғарма ва мулкдор ўртасида барча шартлар, ҳуқуқ ва мажбуриятлар кўрсатилган ҳолда битимлар тузилиши;

тўртинчидан, мулкларни олиб қўйиш ёки бузишдан олдин мулкдорга бошқа ҳудуддан жой ажратиш ва етказилган зарарлар тўлиқ қопланиши ҳақидаги норма ушбу соҳага оид норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга киритилиши керак.

Хулоса қилиб айтиш мумкинки, мулкий-ҳуқуқий муносабатларни ҳамда мулкдорлар манфаатларини самарали ҳимоя қилиш механизмларини яратмай туриб, ҳуқуқий демократик жамият ва барқарор бозор иқтисодиётига асосланган фаолиятни амалга ошириш мушкулдир.

Сарвиноз МАРИФЖОНОВА,
ТДЮУ магистри

1 Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида 30 июнь куни одил судловни таъминлаш ва коррупцияга қарши курашиш борасидаги вазифалар муҳокамасига бағишланган видеоселектор йиғилиши // http://xs.uz/uzkr/post.

2 Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик кодекси. –Тошкент: Адолат, 2018.

3 Гражданское право: В 2-х т. Т.1. Учебник. /Отв. ред. Е.А.Суханов (Автор этой главы – Е.А.Суханов). –М., БЕК, 2014. 39-с.

4 Исрафилов И.М. Право собственности на квартиру.-Махачкала:1994.-57 с.; Приходько И.А. Обязательственные и вещные отношения в ЖСК в свете Закона «О собственности в СССР»//Хозяйство и право.-Москва.1990.-№1.-С.90.; Туребеков Т.М. Общественные объединения как субъекты гражданского права. Автореф.дис…канд.юрид.наук.-Ташкент: 2002.-18 с.

5 Ўзбекистон Республикаси Олий судининг Ахборотномаси №2. 2018 (137). 2-3-б.

6 Зокиров И., Баратов М. Мулк нима? Мулдор ким?- Т.: ТДЮИ, 2003. -11-12-б.

- Advertisement -

Latest news

Тошкент шаҳрига кириб келувчи йўловчи транспортлар учун 6 та метро бекати атрофида автотураргоҳлар ташкил этилади

“Тошкент метрополитени фаолиятининг самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент қарори (ПҚ–5260-сон, 16.10.2021 й.) қабул қилинди Қарорга мувофиқ, “Тошкент метрополитени” УК “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ таркибидан Транспорт...
- Advertisement -

Йил охиригача барча кодексларга шарҳлар тайёрланади

“Адолат” Миллий ҳуқуқий ахборот маркази ҳамда Тошкент давлат юридик университети ўртасида ҳамкорлик келишуви имзоланди. Ҳамкорликдан кўзланган асосий мақсад “юриспруденция” мутахассислиги бўйича юридик кадрларни тайёрлаш,...

Хусусий мактаблар тадбиркорлик субъекти ҳисобланадими?

Халқ таълими вазирлигининг ўтган йил ноябрь ойидаги маълумотида юртимизда 140 та хусусий мактаб фаолият юритаётгани қайд этилган. Президентимизнинг 2019 йил 29 апрелдаги 5712-сонли фармони...

2021 йил июнь сони

“Huquq va burch” журнали Чоп этилган вақти: 2021 йил, июнь Саҳифалар сони: 64 саҳифа Чоп этилган мақолалар сони: 12 та Журнал баҳоси: 20 000 сўм МУНДАРИЖАНИ КЎРИШ ЮКЛАБ...

Related news

Тошкент шаҳрига кириб келувчи йўловчи транспортлар учун 6 та метро бекати атрофида автотураргоҳлар ташкил этилади

“Тошкент метрополитени фаолиятининг самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент қарори (ПҚ–5260-сон, 16.10.2021 й.) қабул қилинди Қарорга мувофиқ, “Тошкент метрополитени” УК “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ таркибидан Транспорт...

Йил охиригача барча кодексларга шарҳлар тайёрланади

“Адолат” Миллий ҳуқуқий ахборот маркази ҳамда Тошкент давлат юридик университети ўртасида ҳамкорлик келишуви имзоланди. Ҳамкорликдан кўзланган асосий мақсад “юриспруденция” мутахассислиги бўйича юридик кадрларни тайёрлаш,...

Хусусий мактаблар тадбиркорлик субъекти ҳисобланадими?

Халқ таълими вазирлигининг ўтган йил ноябрь ойидаги маълумотида юртимизда 140 та хусусий мактаб фаолият юритаётгани қайд этилган. Президентимизнинг 2019 йил 29 апрелдаги 5712-сонли фармони...

2021 йил июнь сони

“Huquq va burch” журнали Чоп этилган вақти: 2021 йил, июнь Саҳифалар сони: 64 саҳифа Чоп этилган мақолалар сони: 12 та Журнал баҳоси: 20 000 сўм МУНДАРИЖАНИ КЎРИШ ЮКЛАБ...
- Advertisement -