0,00 UZS

No products in the cart.

16.6 C
London
Seshanba, Avgust 3, 2021

Хорижий мамлакатлар жиноят процессида реабилитация институти

- Advertisement -
- Advertisement -

Ҳар қандай ҳуқуқий давлат учун асосий вазифалардан бири жиноят содир этган шахсларни адолатли жазолашдир. Шу билан бирга айбсиз одамнинг нафақат судга берилиши, балки жиноий жавобгарликка тортилмаслигини таъминлаш ҳам. Лекин, афсуски, тергов ва суд органлари фаолиятида хатолар учраб туради. Шу хатоларни тузатиш мақсадида реабилитация институти пайдо бўлган.

Реабилитация институти даврлар ўтган сари ривожланиб, мукаммаллашиб бормоқда. Мазкур соҳа бўйича хориж тажрибасини ўрганиш мамлакат қонунчилигини такомиллаштириш учун фойдали бўлади. Аммо бу ҳолатда Ўзбекистон қонунчилиги ва ҳар қандай давлат қонунчилигининг ривожланиш хусусиятларини ҳисобга олиш керак. Акс ҳолда киритилган ўзгартиришлар миллий қонунчиликда кутилган натижани бермаслиги ёки кўриб чиқилаётган ҳуқуқий муносабатлар соҳасига салбий таъсир кўрсатиши мумкин.

Реабилитация институти конституциявий даражада, кодекслар ёки махсус қонунларда мустаҳкамланган давлатлар тажрибасини ўрганиш мақсадга мувофиқ. Чунки Ўзбекистонда ҳам реабилитация Жиноят-процессуал кодексида ўз аксини топган.

Зарарни қоплаш ва фуқароларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш принципи кўплаб давлатларда конституциявий даражада мустаҳкамланган. Бу давлатларга Япония, Швейцария, Руминия, Польша, Португалия, Корея Республикаси, Хитой, Испания, Италия, Германия, Греция, Ветнам, Венгрия, Бразилия, Болгария, Австрия, Албания, Озарбайжон, Жазоир киради. Анна Яшина ўзининг монографиясида ушбу мамлакатлар оддий қонунчилик даражасида эканлигига қарамасдан, юқоридаги принципни ўз қонунчилигида мукаммал акс эттирган ва такомиллаштириб бормоқда деб таъкидлайди1.

Англо-саксон ҳуқуқ тизимидаги айрим мамлакатларда реабилитация Ўзбекистондагига қараганда бошқача тушунилади. Масалан, Буюк Британияда реабилитация – ахлоқ тузатиш муассасасида жазони ўтаб бўлган фуқароларнинг ҳуқуқларини тиклаш бўйича чоратадбирлар мажмуидир. АҚШ қонунчилигининг ғарбий энциклопедиясида реабилитация бузилган ҳуқуқларни, олдинги ваколатлар ёки қобилиятни тиклаш, шахсни қамоқдан чиққандан кейинги ҳаётга тайёрлашга қаратилган фаолият деб тушунтирилади2.

Албания, Ветнам, Гватемала ва Ҳондурас давлатларида етказилган зарарни қоплаш принципи, шунингдек, фуқаронинг реабилитация қилиниш ҳуқуқи конституциявий даражада белгиланган3. Албатта, реабилитация институтини конституциявий даражада мустаҳкамлаш жуда тўғри, чунки бу инсоннинг бузилган ҳуқуқларини тиклашдир.

МДҲга аъзо аксарият давлатларнинг жиноят-процессуал кодексларида реабилитация қилинган фуқароларга етказилган зарарни қоплаш тўғрисидаги нормалар мавжуд. Лекин Украина бундан истисно бўлиб, Украинада 1994 йил 1 декабрда «Тергов, дастлабки тергов, прокуратура ва суднинг ноқонуний хатти-ҳаракатлари билан фуқарога етказилган зарарни қоплаш тартиби тўғрисида»ги махсус қонун қабул қилинган. Украина Жиноят-процессуал кодексига реабилитация нормалари киритилмаган.

Арманистоннинг Жиноят-поцессуал кодексида реабилитацияга аталган алоҳида боб йўқ. Бироқ ушбу кодекснинг 22-моддаси «суд хатоларидан жабрланган шахслар ҳуқуқларини тиклаш» деб белгиланган. Унда оқланган шахснинг ҳуқуқларини тиклаш ва унга етказилган зарарни қоплаш қайд этилган. Мазкур модда тергов органларига фуқароларнинг бузилган ҳуқуқларини тиклаш бўйича чоралар кўриш мажбуриятини юклайди. Бундан ташқари, кодекснинг 66-моддасида оқланган шахс тушунчаси ва унинг ҳуқуқлари белгиланган.

Беларусь Жиноят-процессуал кодексининг 7-моддасида реабилитация, етказилган зарарни тўлиқ қоплаш, шунингдек, ноқонуний жиноий тақиб қилиш натижасида бузилган ҳуқуқларни тиклаш жиноят процессининг вазифаларидан бири этиб белгиланган. Бироқ реабилитация қилиш тартиби кодексда белгиланмаган. Кодекснинг 465-моддасига кўра жиноят процессини олиб борган ва етказилган зарарни қоплашга маъсул орган ушбу фуқародан расмий узр сўрайди. Ушбу кодекснинг 48-боби «Жиноят процессини олиб борувчи органнинг ноқонуний хатти-ҳаракати оқибатида етказилган зарарни қоплаш тўғрисидаги ишлар» деб номланган. Унда жисмоний, маънавий ва мулкий зарар тушунчалари, шунингдек, шахснинг меҳнат, пенсия, уй-жой ва бошқа шахсий номулкий ҳуқуқларини бузиш тушунчалари очиб берилган. Унда етказилган зарар учун товон пули талаб қилиш ҳуқуқи берилган шахслар рўйхати келтирилган.

Венгрия конституциясининг 18-моддасида шахс маълум муддат ичида холис ва адолатли суд қилиниши кафолати белгиланган. Ҳокимият суд ҳукмларининг сабабларини ошкор қилишга мажбур. Ҳар бир фукаро ҳокимият органлари ўз вазифаларини бажаришда унга нисбатан етказган ноқонуний зарар учун товон пули талаб қилишга ҳақли. Худди шунга ўхшаш норма Ўзбекистон Республикаси Конституциясида ҳам ўз аксини топган.

Руминия конституциясининг 48-моддасига «давлат ҳокимияти органи томонидан шахснинг бузилган ҳуқуқи» нормаси киритилган. Ушбу моддага асосан шахс маъмурий
хатти-ҳаракатлар ёки қарорлар билан давлат органлари бузган ҳуқуқларини тиклашга, актни бекор қилишга ва бунинг оқибатида етказилган зарарни қоплашга ҳақлидир. Агар жиноят ишини юритиш даврида хатога йўл қўйилган бўлса, тергов органлари зарар етказган шахс давлатдан етказилган зарарни қоплашни талаб қилишга ҳақли.

Албания конституциясида реабилитация қилиш ва зарарни қоплаш ҳуқуқлари мавжуд. Конституциянинг 44-моддасида «ҳар ким давлат органларининг ноқонуний ҳаракати ёки ҳаракатсизлиги туфайли зарар кўрган бўлса, қонунга мувофиқ реабилитация қилиниш ёки озод қилиниш ҳуқуқига эга» дейилган. Албания жиноят-процессуал кодексининг 9-моддасида қонунга хилоф равишда жавобгарликка тортилган шахслар учун зарарни қоплаш ва ҳуқуқларни тиклаш ҳуқуқи белгиланган4.

Польша конституциясига реабилитация тушунчаси киритилмаган. Лекин конституция шахсга давлат ҳокимияти органларининг ноқонуний хатти-ҳаракатлари натижасида етказилган зарарни қоплаш учун товон пули тўланишини кафолатлайди. Конституциянинг 41-моддасида озодликдан ноқонуний маҳрум этилган шахслар учун етказилган зарарни қоплаш ҳуқуқи мустаҳкамланган. Конституциянинг 77-моддасига «ҳеч кимга бузилган ҳуқуқ ва эркинликларини суд йўли билан тиклашга тўсқинлик қилувчи қонуний чеклов қўйилиши мумкин эмас» деган норма киритилган5.

Юқоридаги икки давлатдагига ўхшаш норма Ўзбекистон Конституциясида ҳам ўз аксини топган. Бироқ давлат органларининг шахсга ноқонуний етказган зарарини қоплаш учун товон пули тўлаш нормаси мавжуд эмас.

Зарар етказган давлат органининг фаолияти кенг маънода ҳар қандай ҳаракат ёки ҳаракатсизлик, алоҳида чора-тадбирлар, фармойишлар, суд қарорлари, маъмурий қарорлар, меъёрий ҳужжатлар ва қонунчилик фаолияти сифатида талқин қилиниши муҳим аҳамиятга эга6.

Қозоғистон конституциясида реабилитация ва зарарни қоплаш тўғрисидаги қоидалар назарда тутилмаган. Бироқ Қозоғистон Жиноят-процессуал кодексининг 4-боби реабилитацияга бағишланган. У «Реабилитация. Жиноят процессини юритувчи органнинг ноқонуний ҳаракатлари оқибатида етказилган зарарни қоплаш» деб номланади. Кодекснинг моддаларида қисман ва тўлиқ реабилитация тушунчаси очиб берилган. Реабилитация қилиниш ҳуқуқига эга бўлган шахслар доираси маълум қилинган, шунингдек, етказилган зарарни қоплаш тартиби белгиланган ва мулкий зарар мазмуни очиб берилган.

Туркманистон Жиноят-процессуал кодексининг 38-моддасида шахсни тўлиқ ва қисман реабилитация қилиш белгиланган. Туркманистон конституциясининг 41-моддасида жисмоний шахсларга давлат органлари, ташкилотлар ва жисмоний шахслар ноқонуний етказган моддий ва маънавий зарарни суд орқали қоплаш назарда тутилган. Жиноят-процессуал кодексида ҳам 4-боб «Жиноят ишини юритиш органининг ноқонуний ҳаракатлари туфайли етказилган зарарни қоплаш»га қаратилган.

1992 йил 15 апрелда қабул қилинган Ветнам конституцияси фуқарога реабилитация қилиниш ва давлатдан товон олиш ҳуқуқини беради. Конституциянинг 72-моддасида «ғайриқонуний равишда ушланган, ҳибсга олинган, жавобгарликка тортилган ва қонунга хилоф равишда айбдор деб топилган шахслар компенсация олиш ва реабилитация қилиниш ҳуқуқига эгадирлар» дейилган7. Ушбу қоида жиноий ва маъмурий иш юритишда шахсни реабилитация қилиш имконини беради.

Гватемала ва Ҳондурасда реабилитация конституция даражасида тартибга солинган. 1956 йилги Гватемала конституциясининг 20-моддасида шахснинг фуқаролик ҳуқуқларини тиклаш йўлларидан бири сифатида реабилитация белгиланган.

1936 йил 28 мартда тасдиқланган Ҳондурас конституциясининг 26-моддасида фуқаро қонунга мувофиқ реабилитация қилинган тақдирда ҳуқуқлари тикланишини таъминлаш белгиланган. Шуни таъкидлаш керакки, Гватемалада ҳам, Ҳондурасда ҳам реабилитацияга озодликдан маҳрум қилиш жазосини ўтаган шахсларни қайта ижтимоийлаштириш тартиби сифатида қаралади.

Юқоридагилардан хулоса қилиш мумкинки, аксарият хорижий давлатларнинг конституциявий қонунчилиги ҳуқуқий муносабатлар субъектларига етказилган зарар учун давлат ҳокимияти органларининг жавобгарлиги нуқтаи назаридан такомиллаштирилган. Дастлаб давлат органлари ва мансабдор шахсларнинг ноқонуний ҳаракатлари учун жавобгарликка тортиш имконияти йўқ эди. Лекин бугунги кунда хорижий давлатлар қонунчилигида давлат органлари ва мансабдор шахслар ноқонуний етказган зарарни давлат хазинасидан қоплашнинг аниқ тенденцияси кузатилаяпти.

Европа ва МДҲ мамлакатларида мавжуд ҳуқуқий ҳужжатларнинг аксарияти давлат органлари ва мансабдорларнинг ноқонуний ҳаракатлари оқибатида етказилган зарар учун товон тўлаш ва бузилган ҳуқуқларни тиклаш масалаларини тартибга солувчи реабилитация нормаларини ўз ичига олади. Шунингдек, турли давлатлар қонунчилигида ушбу конституциявий даражадаги норма турлича талқин этилган: «реабилитация қилиш ҳуқуқи» (Ветнам), «реабилитация қилиниш ҳуқуқи» (Албания), «реабилитация» (Гватемала, Ҳондурас); «компенсация» (Венгрия, Польша); «зарарни қоплаш», «моддий зарарни қоплаш» (Руминия, Эстония).

Қатор мамлакатлар реабилитация соҳасидаги ҳуқуқий муносабатларни тартибга солувчи махсус қонунлар қабул қилдилар. АҚШ, Буюк Британия, Украина, Озарбайжон шулар жумласидандир. Масалан, Францияда махсус орган – қамоққа олишни кузатувчи миллий комиссия ташкил этилган. Мазкур давлат тузилмаси ноқонуний айбловлар билан етказилган зарарни қоплаш бўйича қарор қабул қилиш масалалари билан шуғулланади8.

Қозоғистон қонунчилигида реабилитациянинг 2 тури белгилаган: жиноят-процессуал ва маъмурий. Фикримизча, конституциявий даражада ва махсус қонунчиликда реабилитация ўрнатган хорижий давлатлар тажрибасига эътибор қаратиш мантиқан тўғри.

Албания, Ветнам, Гватимала ва Ҳондурас давлатларида етказилган зарарни қоплаш принципи, шунингдек, фуқаронинг реабилитация қилиниш ҳуқуқи конституциявий даражада белгиланган.

Қозоғистон Жиноят-процессуал кодексининг 39-моддасида жиноят ишини юритиш ва реабилитация қилиш тўғрисида қарор қабул қилган давлат органига реабилитация қилинган шахсга етказилган зарар учун расмий узр сўраш мажбурияти юкланган. Бу албатта эътиборга лойиқ, чунки айбсиз жабр кўрган шахсдан бунга сабабчи бўлган орган кечирим сўраши керак. Ушбу нормани Ўзбекистон қонунчилигига татбиқ этиш мақсадга мувофиқ бўлар эди.

Ғулом ШОДИЕВ,
Бош прокуратура академияси
ўқитувчиси, юридик фанлар номзоди

 

1 Яшина А.А. Конституционно-правовые основы реабилитации в Российской Федерации: дисс. канд. юрид. наук: 12.00.02 / А.А. Яшина. — Пенза,
2016. — 233 с.

2 Михалева Н.А. Конституционное право зарубежных стран СНГ: учеб. пособие / Н.А. Михалева. — М. : Юрист, 1998. — 350 c.

3 Правовые системы стран мира. Энциклопедический справочник / под ред. А.Я. Сухарева. — М. : НОРМА, 2003. — 976 c.

4 А.А. Бученков «Институт реабилитации в уголовном процессе зарубежных стран». Электронный научный журнал «Наука. Общество. Государство», 2018. Т. 6, № 2 (22) http://esj.pnzgu.ru ISSN 2307-9525.

5 А.А. Бученков «Институт реабилитации в уголовном процессе зарубежных стран». Электронный научный журнал «Наука. Общество. Государство» 2018. Т. 6, № 2 (22) http://esj.pnzgu.ru ISSN 2307-9525.

6 Дело «Брониовский (Broniowski) против Польши» (жалоба № 31443/96): постановление ЕСПЧ от 22.06.2004 / Правовой Сервер КонсультантПлюс [Электронный ресурс]. — Режим доступа: http://www.consultant.ru/cons/cgi/online.cgi?req=doc&base=ARB002&n=669#04202005255900574
/ (дата обращения: 09.04.2018).

7 Конституции государств (стран) мира / Интернет-библиотека конституций Романа Пашкова [Электронный ресурс]. — Режим доступа: https://
worldconstitutions.ru/?cat=27/ (дата обращения: 05.04.2018).

8 Jeffrey Lehman, Shirelle Phelps. West’s Encyclopedia of American Law. Detroit: Thomson/Gale, 2005, 7000 p.

- Advertisement -

Latest news

ОАВга эслатма: шахснинг қадр-қиммати қонун ҳимоясида

Ўзбекистонда сўз ва фикр эркинлиги соҳасида туб ўзгаришлар бўлаётгани бугун инкор этиб бўлмас ҳақиқатга айланди. Бироқ барча соҳаларда бўлгани каби сўз ва фикр эркинлигидан фойдаланиш...
- Advertisement -

Адлия вазирлиги ахборот сайтлари билан меморандум имзолади

Адлия вазирлиги "kun.uz", "daryo.uz", "газета.uz" "human.uz" ва "bugun.uz" каби катта аудиторияга эга бўлган электрон ахборот нашрлар билан ҳамкорлик меморандумларини имзолади. Тадбирда иштирок этган Адлия вазири...

Истеъмолчилар ҳуқуқига тааллуқли қонун бугунги кун талабига жавоб берадими?

Бозор иқтисодиётини соат механизмига қиёслаш мумкин. Ана шу механизмнинг қайсидир мурвати ўз функциясини тўғри бажармаса ёки унга бегона бўлган детал зўрлаб тиқиштириб қўйилса, у...

Фуқаролик ташкилий-юридик муносабатларни такомиллаштириш истиқболи

Маълумки, Корпоратив назорат механизмларининг етарлидаражада ривожланмагани, хусусийлаштирилган корхоналарда акциядор-давлатнинг имтиёзли мақоми, корпоратив секторга давлат органларининг асоссиз аралашув ҳолатлари мавжудлиги, мулкдор ҳуқуқининг етарли ҳимояланмагани акциядорлар...

Related news

ОАВга эслатма: шахснинг қадр-қиммати қонун ҳимоясида

Ўзбекистонда сўз ва фикр эркинлиги соҳасида туб ўзгаришлар бўлаётгани бугун инкор этиб бўлмас ҳақиқатга айланди. Бироқ барча соҳаларда бўлгани каби сўз ва фикр эркинлигидан фойдаланиш...

Адлия вазирлиги ахборот сайтлари билан меморандум имзолади

Адлия вазирлиги "kun.uz", "daryo.uz", "газета.uz" "human.uz" ва "bugun.uz" каби катта аудиторияга эга бўлган электрон ахборот нашрлар билан ҳамкорлик меморандумларини имзолади. Тадбирда иштирок этган Адлия вазири...

Истеъмолчилар ҳуқуқига тааллуқли қонун бугунги кун талабига жавоб берадими?

Бозор иқтисодиётини соат механизмига қиёслаш мумкин. Ана шу механизмнинг қайсидир мурвати ўз функциясини тўғри бажармаса ёки унга бегона бўлган детал зўрлаб тиқиштириб қўйилса, у...

Фуқаролик ташкилий-юридик муносабатларни такомиллаштириш истиқболи

Маълумки, Корпоратив назорат механизмларининг етарлидаражада ривожланмагани, хусусийлаштирилган корхоналарда акциядор-давлатнинг имтиёзли мақоми, корпоратив секторга давлат органларининг асоссиз аралашув ҳолатлари мавжудлиги, мулкдор ҳуқуқининг етарли ҳимояланмагани акциядорлар...
- Advertisement -