0,00 UZS

No products in the cart.

17.9 C
London
Chorshanba, Oktabr 20, 2021

ХАЛҚНИНГ ДАВЛАТГА ИШОНЧИ НИМА УЧУН МУҲИМ?

- Advertisement -
- Advertisement -

Сўнгги йилларда Президентимиз томонидан халқнинг давлат ҳокимиятига, одил судловга, инвесторларнинг давлатга ишончини таъминлашга қаратилган юзлаб фармон ва қарорлар чиқарилди, ўзгаришлар қилинди. Бу давлат учун халқнинг кайфияти ва ишончи нақадар аҳамиятли эканини кўрсатади.

ИШОНЧ ТУШУНЧАСИ

      Аслида коронавирус пандемияси бутун дунёда давлат ва халқ ўртасидаги ишонч масаласини кун тартибига олиб чиқди. Умуман, доим турли инқирозлар, йирик ижтимоий-сиёсий воқеалар жамиятнинг давлатга ишончини жиддий синовдан ўтказиб келган.

      Ишонч жамиятда кўп ишлатиладиган ва қадрланадиган тушунчалардан бири. 1990 йиллардан бошлаб социологлар ишончга ижтимоий муносабатларнинг муҳим элементи сифатида қарай бошлашди.

Назарияда асосан инсонлар ўртасидаги ишонч, фуқароларнинг турли тузилмаларга, жумладан давлат ҳокимияти, институтларига бўлган ишончи фарқланади. Аксарият олимлар иккинчи турдаги ишончни институционал ишонч деб ҳам номлашади. Бу фикрга қўшилган ҳолда унинг ўзига хос жиҳатлари, давлат бошқарувида, жамият ривожланишида тутган ўрни ҳақида фикрлашамиз.

Политологларнинг фикрича, аҳолининг ишончи ҳокимиятда турган ҳар қандай сиёсий кучнинг фаолияти самарадорлигини баҳолашнинг муҳим мезони саналади.

Давлатга нисбатан ишонч – фуқароларнинг давлат тўғри ва адолатли иш олиб бораётганига ишончидир. У фуқароларнинг нима тўғри ва адолатли, нима адолатсиз эканини тушунишлари ўртасидаги изчилликка асосланган.

ИШОНЧНИНГ АҲАМИЯТИ

      Конфуций яхши бошқариладиган давлатда етарлича озиқ-овқат, қурол ва халқ ишончи керак деган фикрни илгари сурган. У «Жуда зарур пайтда қуролдан, озиқ-овқатдан воз кечиш мумкин, лекин зинҳор халқнинг ишончидан воз кечиб бўлмайди, негаки халқ ишонишдан тўхтаса, ундай давлат йиқилмай қолмайди» дейди.

Ислоҳотлар ва ишонч ўртасидаги боғлиқлик икки томонламадир. Ислоҳотларнинг самарали бўлиши халқ ишончининг ортишига олиб келса, институтларга ишончсизлик тескари натижа келтиради.

Айнан халқнинг давлатга бўлган ишончи емирилиши турли давлат ва жамиятларда исён ва инқилоблар келиб чиқишига сабаб бўлган. Бунга яқин тарихдан кўп мисол келтириш мумкин. «Араб баҳори», «рангли инқилоблар» феноменининг келиб чиқишида ҳам ҳукуматга, келажакка ишончсизлик ҳал қилувчи омиллардан бири бўлган.

Бугун, сир эмаски, бошқа мамлакатларга таъсирини ўтказишни режа қилган йирик давлатлар, кучлар ўша мамлакат халқининг ижтимоий кайфияти, ҳукумат ва раҳбарларига бўлган ишончини ўрганишга ва баҳолашга ҳаракат қилади. Халқида ишончсизлик кайфияти юқори бўлган давлатларга ичкаридан таъсир этиш осон.

Бундан ташқари, жамиятдаги ишончнинг пастлиги «олтин бошлар»нинг мамлакатни тарк этишига, капиталнинг мамлакатдан чиқиб кетишига туртки бўлади. Ишончсизлик кайфиятининг юқорилиги мамлакатдаги ишбилармонликка, инвестициявий муҳитга ва албатта, тараққиётга салбий таъсир этади.

ИШОНЧГА САЛБИЙ ТАЪСИР ҚИЛАДИГАН ОМИЛЛАР

      Бутун дунёда аҳолининг сиёсий ҳокимият, давлат тузилмаларига ишончи тушиб кетишига олиб келадиган бир қатор омиллар бор. Уларнинг асосийлари сифатида оммавий коррупция ва ҳуқуқий нигилизм, аҳолининг асосий эҳтиёжлари қондирилмаслиги (озиқ-овқат етишмаслиги, электр энергияси, газ таъминотининг меъёрда бўлмаслиги), сиёсий ваъдаларнинг бажарилмаслиги, бюрократия, инфляциянинг меъёрдан ошиши, мансабдорларнинг маданиятсизлиги (кибр, фуқароларга муомаласи қўрслиги, этика қоидаларини менсимаслиги), ҳақиқий жиноятчилик статистикасининг ўсиши, уюшган жиноятчиликнинг кучайиши кабиларни келтириб ўтиш мумкин. Бундай омилларнинг кўпайиши ва жиддийлашиши институтларга бўлган ишончга путур етказади, бошқача айтганда, институционал ишонч инқирозига олиб келади.

Ишонч идрокка асосланган, шунинг учун уни баҳолашнинг объективлиги муаммолидир. Бироқ, юқорида таъкидланганидек, давлат ва унинг тузилмалари учун аҳолининг, истеъмолчиларнинг ишончини билиш, кузатиб бориш объектив зарурият.

ИШОНЧ НИМА УЧУН МУҲИМ?

     Демократик давлатларда жамиятнинг кайфияти давлатнинг қарорларига бевосита таъсир кўрсатадиган воситадир.

Шу мантиқдан келиб чиқсак, ишонч жамият кайфиятини белгиловчи унсурлардан бири бўлиб, унинг даражаси доимий равишда ўрганилиб ва у билан ҳисоблашиб борилиши лозим.

Бизда бу борада қилиниши шарт бўлган ишлар кўп. Аввало, жамоатчиликнинг давлатга ишончини белгиловчи индикаторларни ишлаб чиқиш, улар асосида мунтазам мониторинг олиб бориш ва, энг асосийси, олинган натижалар билан ишлаш керак.

Кейинги масала эса ишончни таъминлаш, мунтазам равишда уни орттириб боришдир.

Ишончни таъминлаш учун нима қилиш керак деган анъанавий савол қўйилса, жавоблар ҳам анъанавий бўлади, аммо бу билан уларнинг аҳамияти камаймайди.

Халқнинг давлатга ишончини таъминлаш учун нималар керак?

  1. Ҳуқуқ устуворлиги. Аввало қонунчилик барқарор бўлиши лозим. Яъни бугун жорий қилинган тартиб эртага ўзгариб қолмаслиги, бир ҳужжатга бошқаси зид келмаслиги керак. Шунингдек, қабул қилинган дастурлар, режалар бажарилиши зарур. Мабодо бажариш имкони бўлмаса, бунинг сабаби оммага маълум қилиниши шарт. Фақат ана шу ҳисобдорлик ва унинг ортидан келадиган масъулият халқ ва инвесторларнинг ишончини орттириши мумкин.
  2. Ишончга салбий таъсир қиладиган барча омиллар бўйича тизимли ва комплекс чоралар кўриш. Айнан тизимлилик ва изчиллик туфайли бошланган ишлар охирига етади, қарорлар бир­бирини мантиқий давом эттиради, тизимлар ва механизмлар аниқ ишлайди, натижалар салмоқли ва барқарор бўлади. Бу эса бир томондан муаммоларнинг ҳал бўлишига, бошқа томондан халқнинг давлатга ва эртанги кунга ишончи ортишига олиб келади.
  3. Айбдорлар, коррупционерлар учун жазонинг муқаррарлиги тўлиқ таъминланиши. Жазо муқаррарлиги принципи бутун жамиятни тарбиялайдиган ва унинг хулосаларига таъсир кўрсатадиган жиддий механизм. Жамият давлатнинг бу борада берган ваъдалари бажарилаётганини ва, энг асосийси, қонунлар барчага баробар ишлаётганини кўриши керак.
  4. Аҳолининг ҳокимият тузилмаларига, мансабдорларга ишониш­ишонмаслигидан келиб чиқиб доимий ташкилий ўзгаришлар амалга ошириб борилиши. Масалан, маълум бир ҳудудда аҳолининг ҳокимга бўлган ишончи кескин камайиб кетганда халқнинг ишончини оқламагани учун уни лавозимидан четлатиш амалиёти йўлга қўйилиши лозим. Бунда ишонч даражасини аниқлаш учун ижтимоий сўров ва интервьюлар, бошқа тадқиқотлар ўтказилиши, уларнинг методологияси тасдиқланиши зарур бўлади.
  5. Чет эл ташкилотлари ёки уларнинг молиявий кўмагида аҳолининг ишончига салбий таъсир қилишга йўналтирилган ёлғон ахборот тарқатишга йўл қўймаслик.

ХУЛОСА

      Тан олиш керак, бирданига эшикларнинг очилиши, пардалар кўтарилиши, очиқлик сиёсати, сўз ва матбуот эркинлигининг таъмин- ланиши давлат органларини халқнинг ошиб борувчи эҳтиёж ва талабларига рўбарў қилди. Бундай вазиятда эса ишончни оқлаш, сақлаб туриш мураккаб вазифа бўлиб қолмоқда.

Ишончни мустаҳкамлашга устувор вазифа сифатида қаралиши, давлат ташкилотлари фаолиятининг самарадорлигини баҳолашда аҳолининг ишончига муҳим ўрин берилиши зарур.

Аҳолининг давлатга, ислоҳотларга, келажакка бўлган ишончини қозониш халқ билан мулоқот сиёсатининг мантиқий давоми, барча даражадаги давлат ташкилотлари хизматчиларининг биринчи вазифаси бўлиши лозим.

Ўзбекистон бугунги кунда халқаро миқёсдаги имижи ва рейтинглардаги ўрнини оширишни асосий мақсадларидан бири қилиб белгилаган. Шу билан бирга, халқнинг давлатга ишончини ошириш масаласини ҳам эътиборда тутиш керак. Чунки халқнинг ишончини ошириш йўлидаги саъй-ҳаракатлар ҳам пировардида мамлакатнинг халқаро рейтинглардаги кўрсаткичлари яхшиланишига олиб келади.

Худоёр МЕЛИЕВ,

Адлия вазирлиги масъул ходими.

- Advertisement -

Latest news

Тошкент шаҳрига кириб келувчи йўловчи транспортлар учун 6 та метро бекати атрофида автотураргоҳлар ташкил этилади

“Тошкент метрополитени фаолиятининг самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент қарори (ПҚ–5260-сон, 16.10.2021 й.) қабул қилинди Қарорга мувофиқ, “Тошкент метрополитени” УК “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ таркибидан Транспорт...
- Advertisement -

Йил охиригача барча кодексларга шарҳлар тайёрланади

“Адолат” Миллий ҳуқуқий ахборот маркази ҳамда Тошкент давлат юридик университети ўртасида ҳамкорлик келишуви имзоланди. Ҳамкорликдан кўзланган асосий мақсад “юриспруденция” мутахассислиги бўйича юридик кадрларни тайёрлаш,...

Хусусий мактаблар тадбиркорлик субъекти ҳисобланадими?

Халқ таълими вазирлигининг ўтган йил ноябрь ойидаги маълумотида юртимизда 140 та хусусий мактаб фаолият юритаётгани қайд этилган. Президентимизнинг 2019 йил 29 апрелдаги 5712-сонли фармони...

2021 йил июнь сони

“Huquq va burch” журнали Чоп этилган вақти: 2021 йил, июнь Саҳифалар сони: 64 саҳифа Чоп этилган мақолалар сони: 12 та Журнал баҳоси: 20 000 сўм МУНДАРИЖАНИ КЎРИШ ЮКЛАБ...

Related news

Тошкент шаҳрига кириб келувчи йўловчи транспортлар учун 6 та метро бекати атрофида автотураргоҳлар ташкил этилади

“Тошкент метрополитени фаолиятининг самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент қарори (ПҚ–5260-сон, 16.10.2021 й.) қабул қилинди Қарорга мувофиқ, “Тошкент метрополитени” УК “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ таркибидан Транспорт...

Йил охиригача барча кодексларга шарҳлар тайёрланади

“Адолат” Миллий ҳуқуқий ахборот маркази ҳамда Тошкент давлат юридик университети ўртасида ҳамкорлик келишуви имзоланди. Ҳамкорликдан кўзланган асосий мақсад “юриспруденция” мутахассислиги бўйича юридик кадрларни тайёрлаш,...

Хусусий мактаблар тадбиркорлик субъекти ҳисобланадими?

Халқ таълими вазирлигининг ўтган йил ноябрь ойидаги маълумотида юртимизда 140 та хусусий мактаб фаолият юритаётгани қайд этилган. Президентимизнинг 2019 йил 29 апрелдаги 5712-сонли фармони...

2021 йил июнь сони

“Huquq va burch” журнали Чоп этилган вақти: 2021 йил, июнь Саҳифалар сони: 64 саҳифа Чоп этилган мақолалар сони: 12 та Журнал баҳоси: 20 000 сўм МУНДАРИЖАНИ КЎРИШ ЮКЛАБ...
- Advertisement -