0,00 UZS

No products in the cart.

12.7 C
London
Shanba, Oktabr 23, 2021

Гулдан нозик, тоғлардан кучли

- Advertisement -
- Advertisement -

                                                              Сен гулсену мен ҳақир булбулдурмен,
                                                              Сен шуъласен, ул шуълага мен қулдурмен.
                                                              Нисбат йўқдур, деб ижтиноб айламаким,
                                                              Шоҳмен элга, вале сенга қулдурмен.

                                                                                     Заҳириддин Муҳаммад Бобур

Аёл ҳилқатига гўзал таърифлар туганмасдай. Гарчи феъли ҳам, ўзи ҳам баҳорга менгзалса-да, баъзан тушуниксиз туюлса-да… Агар у бўлмаганида буюклар, ботирлар туғилмас эди, шоирлар яралмас эди, муҳаббат қасрлари қурилмас эди…

Аслида қиз фарзанд туғилгандаёқ отасига нодир туҳфа бўлади. Яъни, ҳадисларда айтилганидек, ҳатто биргина оқила қиз ўстирганга жаннат ваъдаси бор. Турмушга чиққач эса улар эрларига омонатдорлик лавозимини берганки, омонатга хиёнат қилмаганлар чин мўъминлардандир. Оқила аёл умрини яшаб ўтиш чиндан катта мукофот. Айниқса, унинг ҳам адаб, ҳам касб-кор, илму маърифатда беназир бўлиши эса жамият ривожи йўлида олтин кўприкдир.

Беихтиёр машҳур ривоят ёдга тушади: бир фақир киши донишманд ҳузурига борибди. – Менинг ўғил ва қиз фарзандим бор. Аммо уларнинг ҳар иккисини илмли қилиб вояга
етказишга қурбим етмайди. Қай бирини ўқитай?

Донишманд унга қиз фарзандини ўқитиш ҳақида маслаҳат берибди. Сабабки, агар ўғлига таълим берса, фақат бир кишини илмли қилган, қизини ўқитса, бутун авлодига таҳсил берган бўлур экан…

Дарҳақиқат, истаймизми, йўқми, дебоча зиё – онадан. Оқ сутию алласига қўшиб, илоҳий сўз сеҳрини ўргатган ҳам шул зот. Тили сўзга дўна бошлаган фарзандига борлиқни танитган ҳам, ул. Болаларча туганмас саволларига бир-бир жавоб берадиган ҳам. Агар она маърифатли бўлса, сўзнинг қудратию уволини мурғак вужуд ҳис қила бошлайди, борлиқнинг қонуниятларини осон ўзлаштиради, илк саволларининг илмий жавобларини топа билади. Агар она саводсиз бўлса-чи? Бола туғилгандаёқ бўшлиқда қолади. Пойдевори бўш бинонинг қад рости эса даргумондир. Шу боис ҳам даҳолар оналари хусусда суриштирсангиз, албатта, илму фасоҳати юксак аёллар бўлиб чиқади. Бу қонуниятни яхши билган халқимиз азалдан хотин-қизларнинг таълим олишига эътиборли бўлган.

Аёлларнинг оналик мақомию рафиқалик адаби, фарзандлик меҳри ҳақида кўп ва хўп гапирилган. Шу ўринда бу соҳир қалб эгаларининг тарихимиз сўқмоқлари аро жамиятда тутган ўрни ҳақида баҳоли қудрат фикр юритсак. Аввалбошдан айтиш жоиз, узоқ мозийда хотин-қизлар орасида ҳам динни чуқур билган, фиқҳ илмида мукаммал, ҳадисшунос, шариат қонун-қоидаларидан пухта хабардор момоларимиз номлари кўплаб учрайди.

Манбаларга назар солсак, XII асрда тўлиқ исми Алоуддин Абу Бакр ибн Аҳмад ал-Косоний бўлган, «Малик ал-уламо» (олимлар подшоҳи) дея шарафланган буюк фиқҳшунос яшаган. Ҳар қандай фиқҳий масалаларнинг тугал ечимини топа олган олим турли илмий баҳсларга таклиф этилган. Ана шундай мунозаралардан бири Рум диёрида бўлади. Аллома Шаъроний тахаллусли кишининг анчайин хом фикрига чуқур исботи билан эътироз билдиради. Аммо ўз қарашини бир ёқламалик билан ҳимоялашда давом этаётган ўша кишидан табиатан қизиққон бўлган олимнинг ғазаби келиб, қўлидаги қамчи билан музокарадошини тартибга чақиришга уринади. Қамчи аралашган илмий баҳсдан Рум подшоҳига арз қилинади. Аммо гарчи бироз тезлиги бўлса-да, чуқур илмли бу алломадан воз кечиб бўлмасди. Шунда доно вазирнинг маслаҳати билан подшоҳ Алоуддин Косонийни Ҳалаб юртига элчи қилиб юборади. Шу-шу, олим умрининг охирига қадар ўша шаҳарда яшаб қолади.

Хўш, бу воқеани айнан келтиришдан мурод не дерсиз? Гап шундаки, чала, хом-хатала фикрларга аёвсиз, муросасиз муносабатда бўлган аллома билан суҳбатдош – ёр бўлиш учун камида унинг ўзичалик ақлу заковат керак. Яъни, бу ўринда алломанинг аёли зеҳнияти ҳақда тасаввур пайдо бўлади.

Алоуддин Косонийнинг рафиқаси – Фотима бинти Алоуддин ас-Самарқандий фиқҳ илмида беназир бўлган. Тарихий манбаларнинг гувоҳлик беришича, аёл фиқҳ ва ҳадис илмида, ҳуснихатда турмуш ўртоғидан қолишмаган экан.

Косоний ўз даврининг улуғ мударрисси Алоуддин Самарқандийга шогирд тушиб, унинг китобларидан бирига шарҳ ёзади ва уни устозига туҳфа қилади. Китоб олимга манзур келиб, обрўли совчилар воситасида қизини шу шогирдига никоҳлаб беради. Оила қурилганидан сўнг Алоуддин Косоний, Алоуддий ас-Самарқандий ва Фотима бинти Алоуддин ас-Самарқандий биргаликда фатво беришган экан. Демакки, бу аёлнинг илмига ҳурмат билан ёндашилганки, унинг маслаҳати, фикри отаси ва турмуш ўртоғи томонидан инобатга олинган.

Кейинчалик биз юқорида тилга олиб ўтган воқеа юз бергач, Фотима бинти Алоуддин ас-Самарқандий турмуш ўртоғи билан бир умр Ҳалабда яшаб қолади. Табиатан ноҳақликка муросасиз ва қизиққон эри умр бўйи унинг кўнглига қарагани ва баҳсли мавзуларда маслаҳатлашгани манбаларда зикр қилинади.

Келинг, бир лавҳа келтирайлик. Ҳикоя қилинишича, кунлардан бир куни ватанини соғинган Косоний юртга қайтишга ҳозирлик кўра бошлайди. Ҳатто ҳукмдор Нуриддин аз-Зангийнинг қолишини сўраб, қилган илтимосини ҳам рад этади. Шунда подшоҳ олимнинг рафиқасига хат юбориб, турмуш ўртоғини Ҳалабда яшашга кўндириб беришини сўрайди. Буни қарангки, рафиқасининг илтимосини инобатга олиб, аллома бутун умр ўша шаҳарда қолади. Бу икки фиқҳшунос аллома бугунги кунда Ҳалабдаги «Эр-хотин қабри» номи билан машҳур бўлган қабристонга дафн қилинган.

Шунингдек, Фотима бинти Алоуддин ас-Самарқандий илми, салоҳияти билан ўз даврининг «Малик ал уламо»сига муносиб ёр бўла олгани таҳсинга сазовордир. Биз одатда даҳоларнинг онаси ёки шунчаки рафиқаси бўлгани учун аёлларга ҳурмат кўрсатамиз, гўё. Мана шу ҳурматнинг ёнига улуғ алломага муносиб аллома бўлгани учун деган эҳтиромни ҳам бемалол қўллаш мумкин. 

Аёллар борасида бироз «зиқнароқ» тарихимиз қатларини қайирсак, аллома хотин-қизлар ҳақида маълумотлар учратамиз.

Аёл – бунёдкор. Биргина Темурий маликаларнинг ўзинигина келтиришнинг ўзи кифоя. Сароймулкхонимдан тортиб, Зебуннисобегимгача ва ундан кейинги даврларда ҳам аёлларнинг турли иншоотлар, мадрасаю мақбаралар, боғлар барпо этишгани маълум. Кўплаб ривоятларга сабаб бўлган Сароймулкхоним мадрасаси эса бу борада алоҳида эътирофга лойиқ. Чунки у Амир Темурдан ижозат сўраб, ўз маблағи ҳисобидан, яъни Қозонхон совға қилган бир жуфт олмос кўзли балдоғининг пулига мадраса қурдиради. Хоссатан қурилиш жараёнлари ва кейинчалик у ерда таҳсил олган толиби илмларга маликанинг турфа ҳомийлиги ҳақида халқ орасида кўп ривоятлар тарқаган. Ушбу мадраса замонасининг жуда маҳобатли ва машҳур таълим даргоҳларидан бири бўлган.

Аёл – тарихчи. Бу борада Гулбаданбегим энг муносиб вакилдир. «Ҳақгўй отанинг – ростгўй қизи» дея таъриф бериладиган бу аёл «Ҳумоюннома»си билан тарих зарварақларидан алоҳида ўрин эгаллади. Сабабки, отаси давридан бошлаб, ўзи яшаган замонгача рўй берган воқеалар, кўрган-кечирганларини маҳорат билан тасвирлади, шу орқали мозийнинг кўплаб нуқталари ойдинлашди.

Аёл – давлат арбоби. Машҳур саёҳатчи Ибн Баттута ўз китобида Амир Темур саройида бўлгани ва кўрган-кечирганлари ҳақида ёзаркан, Сароймулкхонимни алоҳида таърифлайди. Энг қизиғи, олиб келинган туҳфалар орасида қизил кимхоб Соҳибқиронга манзур бўлгани ва бу ҳақда рафиқаси билан фикрлашгани тасвирланади. Эрнинг вазири – хотин, дейди халқимиз. Гарчанд расман бўлмаса-да, зукко ва донишманд рафиқалар подшоҳлар учун ҳамиша давлат ишларида маслаҳатчи бўлишган.

Аёл – жангчи. Аслида баҳодирлик юртимиз аёлларининг қонида бўлса ажаб эмас. «Алпомиш» достонида Барчинойнинг алплар билан олишиб, ҳаммасининг курагини ерга теккизгани, афсонавий Тўмариснинг Ватан ҳимояси учун жангга киргани бунинг ёрқин далилидир. Қолаверса, Қурбонжон Додхоҳнинг от устида жангга киргани, Ватан, халқ озодлиги учун курашгани аёл фитратидаги яна бир тилсимни очади. Ҳатто ўз дилбанди – ўғлини дорга осишаётганини кўриб ҳам олий мақсадидан воз кечмаган бу саркарда аёл жасорати, тоғдан кучли бардошига ёмби далилдир…

– Эна-эй-й! – деб ҳайқирди. – Жоним энам!..

– Болам! – деди додхоҳ. Овози бир лаҳза титраб кетди-ю, шу ондаёқ мардона, қаҳрли тус олди. – Болам! Шаҳид ўлмоқ бизга мерос! Ота-боболаринг ҳам душман қўлида ўлган! Алвидо, болам! Берган сутим оқ бўлсин!..

(Хайриддин Султоновнинг «Бунчалар ширинсан,
эй аччиқ ҳаёт!»ҳикоясидан)

Яқинда ҳиндистонлик бобуршунос олим билан суҳбатлашганимда тадқиқотчи бобурий маликалар ҳақида гапира туриб, «Улар шоира, олима, хушхулқ ва баҳодир аёллар бўлган» деди. Энг охирги таъриф диққатимни тортди ва бу ҳақда кенгроқ маълумот сўрадим. Айтишича, темурийлар давлатидаги анъанага биноан бобурий маликалар худди бугунги мактаблардаги каби муайян соатларда зарур сабоқларни олишган. Мисол учун, тарих, фиқҳ, адабиёт илмидан. Эътиборлиси, булар сирасига жанг санъати-да кирган.

Аёл – мураббий. Жаҳон Отин Увайсий – нафақат оддий хотин-қизларни, балки хоннинг рафиқаси, кейинчалик Нодирабегим номи билан тариху адабиётдан муносиб жой олган шоиранинг устозидир. Нақл қилишларича, таъби назми юқори бўлган Амирий гўзалликда танҳо рафиқасининг шеъриятидан кўнгли тўлмайди. Ва, Увайсийни унга мураббийликка тайинлайди. Орадан бироз вақт ўтгач, ўзи билан қолишмай мушоира қилаётган жуфтининг фасоҳатига қойил қолиб, Увайсийнинг сабоқларидан мамнун бўлади.

Бугунги кунда гендер тенглик туфайли ижтимоий ҳаётда аёллар кириб бормаган соҳа қолмади ҳисоб. Шу ўринда, айрим фикрларимни баён этмоқчиман. Гендер тенглиги, дея аллақандай мезонларни кўрсатаётганларга бир аёл сифатида айтгим келади. Бизда илмдан хабардор ҳеч бир киши аёл ҳуқуқини поймол қилмаган, аксинча, унинг имтиёзларини қўллай билган. Аллоҳнинг омонатига хиёнат қилмаган. Ҳануз миллий характеримизга сингиб кетган шу хусусият сабаб ҳам рози-ризолик асосида илмни Чину мочиндан бўлса ҳам излаётган хотин-қизларимизнинг сони кўп. Жамиятнинг нозик хилқат вакилларига оғирлик қилмайдиган жабҳаларида улар ўз маҳоратларини намойиш этишмоқда. Ҳатто сиёсий ҳаётда ҳам аёлларнинг ўз ўрни бор. Президентимизнинг шу йил 8-март халқаро хотин-қизлар айёми муносабати билан ўтказилган тантанали тадбирда сўзлаган нутқидаги қизларнинг билим олиши, олий таълим муассасаларига қабул қилиниши учун алоҳида имтиёзлар беришили ҳақидаги гаплари, айниқса, қувонарлидир.

Энг асосийси, аёл фитратида илмга, касбу корга бўлган кучли хоҳиш ва маҳоратнинг мавжудлигини момоларимиз исботлаб туришибди. Уларнинг ибрат мактаби йўлларимизни ёритгувчи маёқ бўлиши шубҳасиз.

Ситора ТОЖИДДИНОВА

- Advertisement -

Latest news

Тошкент шаҳрига кириб келувчи йўловчи транспортлар учун 6 та метро бекати атрофида автотураргоҳлар ташкил этилади

“Тошкент метрополитени фаолиятининг самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент қарори (ПҚ–5260-сон, 16.10.2021 й.) қабул қилинди Қарорга мувофиқ, “Тошкент метрополитени” УК “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ таркибидан Транспорт...
- Advertisement -

Йил охиригача барча кодексларга шарҳлар тайёрланади

“Адолат” Миллий ҳуқуқий ахборот маркази ҳамда Тошкент давлат юридик университети ўртасида ҳамкорлик келишуви имзоланди. Ҳамкорликдан кўзланган асосий мақсад “юриспруденция” мутахассислиги бўйича юридик кадрларни тайёрлаш,...

Хусусий мактаблар тадбиркорлик субъекти ҳисобланадими?

Халқ таълими вазирлигининг ўтган йил ноябрь ойидаги маълумотида юртимизда 140 та хусусий мактаб фаолият юритаётгани қайд этилган. Президентимизнинг 2019 йил 29 апрелдаги 5712-сонли фармони...

2021 йил июнь сони

“Huquq va burch” журнали Чоп этилган вақти: 2021 йил, июнь Саҳифалар сони: 64 саҳифа Чоп этилган мақолалар сони: 12 та Журнал баҳоси: 20 000 сўм МУНДАРИЖАНИ КЎРИШ ЮКЛАБ...

Related news

Тошкент шаҳрига кириб келувчи йўловчи транспортлар учун 6 та метро бекати атрофида автотураргоҳлар ташкил этилади

“Тошкент метрополитени фаолиятининг самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент қарори (ПҚ–5260-сон, 16.10.2021 й.) қабул қилинди Қарорга мувофиқ, “Тошкент метрополитени” УК “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ таркибидан Транспорт...

Йил охиригача барча кодексларга шарҳлар тайёрланади

“Адолат” Миллий ҳуқуқий ахборот маркази ҳамда Тошкент давлат юридик университети ўртасида ҳамкорлик келишуви имзоланди. Ҳамкорликдан кўзланган асосий мақсад “юриспруденция” мутахассислиги бўйича юридик кадрларни тайёрлаш,...

Хусусий мактаблар тадбиркорлик субъекти ҳисобланадими?

Халқ таълими вазирлигининг ўтган йил ноябрь ойидаги маълумотида юртимизда 140 та хусусий мактаб фаолият юритаётгани қайд этилган. Президентимизнинг 2019 йил 29 апрелдаги 5712-сонли фармони...

2021 йил июнь сони

“Huquq va burch” журнали Чоп этилган вақти: 2021 йил, июнь Саҳифалар сони: 64 саҳифа Чоп этилган мақолалар сони: 12 та Журнал баҳоси: 20 000 сўм МУНДАРИЖАНИ КЎРИШ ЮКЛАБ...
- Advertisement -