Маълумки, Корпоратив назорат механизмларининг етарлидаражада ривожланмагани, хусусийлаштирилган корхоналарда акциядор-давлатнинг имтиёзли мақоми, корпоратив секторга давлат органларининг асоссиз аралашув ҳолатлари мавжудлиги, мулкдор ҳуқуқининг етарли ҳимояланмагани акциядорлар ҳуқуқлари бузилишига олиб келади ҳамда инвесторларнингреспублика корхоналарига нисбатан ишончсизлигига сабаб бўлади.

Акциядорлик жамиятлари корпоратив тамойиллардан фойдаланиб, оддий акциядорлар эмас, унинг органлари орқали бошқарилади. «Корпоратив бошқарув» тушунчаси бошқа хўжалик жамиятлари ва ширкатларини ҳам қамраб олади. Акциядорлик жамиятлари мураккаб таркибли, иштирокчилар сонининг чекланмагани, катта миқдордаги мулкни бошқариш заруратининг мавжудлиги боис жаҳон тажрибасига эътибор берадиган бўлсак, бошқарув тизимининг икки ва уч бўғинли кўринишларига дуч келамиз1. Яъни, акциядорлик жамиятининг умумий йиғилиши корпоратив бошқарувни амалга оширувчи, юқори турувчи органи бўлиб, унинг ваколатларини аниқлаштириш, у амалга оширадиган ташкилий бошқарув муносабатларини белгилаш муҳим аҳамият касб этади.

Айниқса, корпоратив бошқарув органларининг ҳуқуқ ва мажбуриятларини белгилаш, жавобгарлигини аниқлаштириш корпоратив бошқарув органлари ва акциядорлари манфаатлари тўқнашувида, бошқача айтганда, корпоратив қарама-қаршиликларда долзарблик касб этади ва акциядорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш нуқтаи назаридан қонун ҳужжатларида қатъий белгилашни талаб қилади. Д. Валеевнинг фикрича, корпоратив қарама-қаршилик деганда акциядорлик жамияти, унинг акциядорлари ва менежерлари, жамият инвесторлари (потенциал акциядор), давлат, шунингдек, корпорация фаолиятига жалб қилинган бошқа субъектлар ўртасидаги келишмовчилик ва низолар тушунилади.

Бундай келишмовчиликлар қуйидаги оқибатларга олиб келади:

амалдаги қонунчилик нормалари, жамиятнинг устави ёки ички ҳужжатлари, акциядор ёки акциядорлар гуруҳи ҳуқуқлари бузилишига;

жамиятга, унинг бошқарув органлари ёки улар қабул қилган қарорларнинг мазмунига нисбатан даъволар қўзғатилишига;

акциядорлик жамияти бошқарув органлари фаолиятининг муддатидан олдин бекор қилинишига;

акциядорлар таркиби ва акциядорлик капитали тузилишининг ўзгаришига ва бошқалар2.

Д. Васильевнинг фикрича, дунё амалиётида кенг тарқалган қонунчиликни ижро этишдаги камчиликлар (хусусан, Наполеон кодекси амал қиладиган, инвесторларнинг ҳуқуқлари заиф ҳимояланган давлатларда ҳам) сифатида мулк концентрацияси қанчалик кучсиз бўлса, «директорлик ҳуқуқига қарши» шунчалик кучли қарама-қаршилик амалга оширилади. Бу эса бухгалтерлик ҳисоботларининг яхшиланиши ва шу каби бошқа акциядорлар манфаатлари учун ижобий ишларга олиб келади3.

Фикримизча, корпоратив бошқарув каби ташкилий-ҳуқуқий муносабатлар тизимини назорат органлари ҳуқуқларини миноритар акциядорларнинг ҳуқуқлари бузилишига ва улар манфаатларига путур етказмаслик нуқтаи назаридан белгилаш мақсадга мувофиқ бўлади.

Таъкидлаш лозимки, бозор муносабатлари шароитида фуқаролик ташкилий-ҳуқуқий муносабатларнинг ўрни ва аҳамияти ортиб бормоқда. Бу ҳолат, биринчи навбатда, иқтисодий муомала иштирокчиларига кенг эркинликлар берилиши билан боғлиқ. Айниқса, юридик шахслар фаолияти доираси ва соҳаларининг кенгайиб бориши ҳамда улар фаолиятини тартибга солишга қаратилган қонунчиликнинг жадал ривожланиши натижасида корпоратив муносабатлар кенг ривожланди.

Бугунги кунда ташкилий-ҳуқуқий муносабатлар тизимида умумий йиғилиш, кузатув кенгаши, тафтиш комиссияси, йирик битимлар бўйича қарор қабул қилиш, юридик шахс аъзолари, иштирокчилар ва муассислар ўртасидаги муносабатлар, муассислар, аъзолар, раис, директорлар кенгашининг юридик шахс билан боғлиқ манфаатларидан келиб чиқадиган муносабатлар алоҳида ўринга эга бўлмоқда. Бу ҳолат, бир томондан, тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш ва мамлакатнинг иқтисодий юксалишидаги асосий омиллардан бири сифатида баҳоланса, иккинчи томондан, назарий ва амалий эътиборга молик янги ҳуқуқий конструкцияларни ва шартли равишда ташкилий-ҳуқуқий муносабатлар деб номланадиган турли хил муносабатларни юзага келтиради.

Шу нуқтаи назардан ташкилий-ҳуқуқий муносабатлар тизимидаги, хусусан, корпоратив муносабатлар тизимидаги умумий йиғилишни чақириш, ташкил этиш, ўтказмаслик, қарорлар қабул қилиш, ахборотлар тизими, бланкалар, почта манзиллари масалалари билан боғлиқ ташкилий муносабатлар алоҳида илмий қизиқиш уйғотади. Мазкур ҳолатлардаги ҳуқуқбузарликлар бўйича ҳуқуқни қўллаш амалиётининг таҳлили ҳам эътиборга молик. Бироқ умумий йиғилишни чақириш тартибига риоя этмаслик ва унинг оқибатлари билан боғлиқ ташкилий муносабатлар амалдаги қонунчиликда етарли даражада тартибга солинмаган.

Масалан, «Акциядорлик жамиятлари ва акциядорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги4 қонунда умумий йиғилиш чақириш ва хабардор қилиш тартиби белгилангани ҳолда умумий йиғилишни чақириш ва бу ҳақда хабардор қилиш тартибига риоя этмаганлик учун жавобгарлик хусусида аниқ норма белгиланмаган. Умумий йиғилишни чақиришга масъул шахсларнинг жавобгарлиги эса қонунда ўта мавҳум тарзда баён этилган. Жумладан, мазкур қонуннинг 81-моддасида жамият кузатув кенгашининг аъзолари, яккабошчилик асосидаги ижроия органи (директор) ва (ёки) коллегиал ижроия органи (бошқарув, дирекция) аъзолари, шунингдек, бошқарувчи ташкилот ёки бошқарувчининг асосан қарорлар қабул қилиш жараёнидаги жавобгарлиги белгиланган холос. Умумий йиғилиш ҳақида акциядорларни хабардор қилиш билан боғлиқ ташкилий масалани ҳал этиш юзасидан жавобгарлиги ва бунинг оқибатлари назарда тутилмаган. Шу боис юқоридаги қонуннинг 62 ва 81-моддаларига бу ҳақдаги қоидаларни киритиш мақсадга мувофиқ.

Хусусан, 62-модда 6-қисми сифатида қуйидаги қоидани киритиш лозим:

акциядорларнинг умумий йиғилишини ўтказиш тўғрисида акциядорларга ва давлат вакилига хабар бериш ва билдиришнома юборишнинг белгиланган тартибига риоя қилинмаганлиги сабабли акциядорларнинг умумий йиғилишида иштирок эта олмаган акциядорлар ва давлат вакилининг талаби билан умумий йиғилиш ҳақиқий эмас деб топилиши мумкин.

Қонуннинг 81-моддаси 7-қисми сифатида эса қуйидаги нормани ўрнатиш зарур:

акциядорларнинг умумий йиғилишини ўтказиш тўғрисида акциядорларга ва давлат вакилига хабар бериш ва билдиришнома юборишнинг белгиланган тартибини бузган жамият кузатув кенгашининг аъзолари, яккабошчилик асосидаги ижроия органи (директор) ва (ёки) коллегиал ижроия органи (бошқарув, дирекция) аъзолари, шунингдек, бошқарувчи ташкилот ёки бошқарувчи қонун ҳужжатларига ва жамият уставига мувофиқ жамият олдида жавобгардир.

Амалдаги норматив-ҳуқуқий база ўзига хос мураккаб ташкилий-ҳуқуқий муносабатлар тизимини ўз ичига оладиган юридик шахслар ва якка тадбиркорларни давлат рўйхатидан ўтказишга оид нормалар турли қонун ҳужжатларида ифодаланиши, улар бир тизимга солинмагани билан характерланади. Бунда юридик шахслар ва якка тадбиркорларни давлат рўйхатидан ўтказиш билан боғлиқ ташкилий жараёнларнинг аниқ ҳуқуқий механизми шаклланмагани бозор иқтисодиётини либераллаштириш жараёнида тадбиркорлар ва давлат органлари ўртасидаги муносабатларда турли тушунмовчиликларни вужудга келтиради. Қонун ҳужжатларидаги бундай бўшлиқларни тўлдириш, шунингдек, давлат рўйхатидан ўтказиш соҳасидаги камчиликларни бартараф этиш учун Ўзбекистон Республикасининг «Юридик шахслар ва якка тадбиркорларни давлат рўйхатидан ўтказиш тўғрисида»ги махсус қонуни қабул қилиниши лозим.

Ушбу қонун юридик шахсларни давлат рўйхатидан ўтказиш соҳасидаги иштирокчиларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятларини аниқ ифодалайдиган норматив ҳуқуқий ҳужжат ҳисобланади. У ташкилий-ҳуқуқий шаклидан қатъи назар юртимизда юридик шахсларни ташкил этиш, қайта ташкил этиш, тугатиш ҳамда юридик шахснинг таъсис ҳужжатларига қўшимча ва ўзгартиришлар киритишни давлат рўйхатидан ўтказишнинг ягона тартибини белгилайди. Жумладан, бу ҳужжат, биринчидан, юридик шахсларнинг ягона давлат реестрини юритиш тартибини белгилайди. Иккинчидан, ташкил этилган, қайта ташкил этилган ва тугатилган юридик шахслар тўғрисида маълумот беради.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 5 апрелдаги «Ўзбекистон Республикасининг фуқаролик қонунчилигини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармойиши билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикасининг фуқаролик қонунчилигини такомиллаштириш концепциясининг 3-бўлими 4-бандида белгиланишича, корпоратив муносабатларни Фуқаролик кодексининг тартибга солиш предмети доирасига киритиш, жумладан, оммавий акциядорлик жамиятлари фаолиятининг ўзига хосликларини белгилаш, корпоратив ҳужжат кучига эга ва учинчи шахслар учун мажбурий бўлган «корпоратив шартнома»ни жорий қилиш, тенг акциялар пакети эгалари жамият фаолиятини издан чиқарганида корпоратив танглик вазиятидан чиқиб кетиш механизмларини белгилаш лозим.

Шу сабабли Фуқаролик кодексига 581-модда сифатида «Корпоратив шартнома» номли моддани киритиш ва уни қуйидаги мазмунда белгилаш мақсадга мувофиқ:

«Хўжалик жамияти иштирокчилари ёки уларнинг айримлари ўзларининг корпоратив ҳуқуқларини амалга ошириш тўғрисида корпоратив шартнома (масъулияти чекланган жамият, акциядорлик жамияти иштирокчиларининг ҳуқуқларини амалга ошириш тўғрисида шартнома) тузиш ҳуқуқига эгалар ва ушбу шартномага мувофиқ улар ўз ҳуқуқларини муайян тарзда амалга ошириш ёки амалга оширишдан тийилиш (амалга оширишни рад этиш), жамият иштирокчиларининг умумий йиғилишида муайян тарзда овоз бериш, жамиятни бошқариш бўйича бошқа ҳаракатларни келишиб амалга ошириш, устав капиталидаги улушлар (акциялар)ни муайян баҳо бўйича ёки муайян ҳолатларда қўлга киритиш ёки бегоналаштириш ёхуд муайян вазият юз бергунига қадар улуш (акция)ни бегоналаштиришдан тийилиб туриш мажбуриятини оладилар.

Корпоратив шартнома ўз иштирокчиларини жамият органларининг кўрсатмасига мувофиқ овоз беришга, жамият органларининг тузилиши ва уларнинг ваколатларини белгилашга мажбурлаши мумкин эмас.

Ушбу модданинг иккинчи қисмидаги қоидаларга зид бўлган корпоратив шартноманинг шарти ўз-ўзидан ҳақиқий эмасдир.

Агар ушбу кодекс ва бошқа қонунларда жамият органлари тузилиши ва жамият устави билан уларнинг ваколатлари ўзгартирилишига йўл қўйилса, корпоратив шартномада тарафларининг жамият иштирокчилари умумий йиғилишида жамият уставига жамият органлари тузилиши ва ваколатларини белгиловчи қоидаларни киритиш учун овоз бериш мажбурияти белгиланиши мумкин.

Корпоратив шартнома тарафлар имзолаган ёзма шаклдаги битта ҳужжат тарзида тузилади.

Корпоратив шартномани тузган хўжалик жамиятларининг иштирокчилари жамиятни корпоратив шартнома тузилиши факти тўғрисида хабардор қилишлари лозим, бунда унинг мазмунини ошкор қилиш талаб этилмайди. Ушбу мажбурият бажарилмаган ҳолларда корпоратив шартнома тарафи бўлмаган жамиятнинг иштирокчилари ўзларига етказилган зарарни қоплашни талаб қилишга ҳақлидирлар.

Оммавий акциядорлик жамияти акциядорлари томонидан тузилган корпоратив шартнома тўғрисидаги маълумот қонунда назарда тутилган доирада, тартибда ва шартларда ошкор қилиниши лозим.

Агар қонунда бошқа ҳолат белгиланган бўлмаса, оммавий бўлмаган жамият иштирокчилари ўртасида тузилган корпоратив шартнома тўғрисидаги маълумот ошкор этилмайди ва махфий ҳисобланади.

Корпоратив шартнома унда тараф сифатида иштирок этмаганлар учун мажбурият вужудга келтирмайди.

Башарти хўжалик жамияти органи томонидан тегишли қарорни қабул қилиш пайтида хўжалик жамиятининг барча иштирокчилари корпоратив шартноманинг тарафи бўлса, корпоратив шартномани бузиш тарафларнинг даъвоси бўйича хўжалик жамияти органининг қарорини ҳақиқий эмас деб топиш учун асос бўлиши мумкин.

Ушбу модда ўнинчи қисмига мувофиқ хўжалик жамияти органининг қарорини ҳақиқий эмас деб топиш ўз-ўзидан ушбу қарор асосида хўжалик жамияти учинчи шахслар билан тузган шартноманинг ҳақиқий эмаслигига олиб келмайди.

Корпоратив шартнома иштирокчисининг ушбу шартномани бузиб тузган битими битимнинг бошқа томони корпоратив шартномада назарда тутилган чеклашларни билган ва билиши лозим бўлган ҳолларда суд томонидан корпоратив шартнома тарафининг даъвоси бўйича ҳақиқий эмас деб топилиши мумкин.

Корпоратив шартноманинг тарафлари хўжалик жамияти устави қоидаларига зидлиги сабабли шартноманинг ҳақиқий эмаслигига ҳавола қилишга ҳақли эмаслар.

Корпоратив шартнома тарафларидан бирининг хўжалик жамияти устав капиталидаги улуши (акцияси)га бўлган ҳуқуқининг бекор бўлиши, агар шартномада бошқа ҳолат белгиланган бўлмаса, қолган тарафлар учун корпоратив шартнома бекор бўлишга олиб келмайди.

Жамиятнинг кредиторлари ва бошқа учинчи шахслар хўжалик жамияти иштирокчилари билан шартнома тузишлари мумкин, ушбу шартномага мувофиқ хўжалик жамиятлари иштирокчилари бундай учинчи шахсларнинг қонун билан қўриқланадиган манфаатларини таъминлаш мақсадида ўзларининг корпоратив ҳуқуқларини муайян тарзда амалга ошириш ёки амалга оширишдан тийилиш (амалга оширишни рад этиш), жамият иштирокчиларининг умумий йиғилишида муайян тарзда овоз бериш, жамиятни бошқариш бўйича бошқа ҳаракатларни келишиб амалга ошириш, устав капиталидаги улушлар (акциялар) ни муайян баҳо бўйича ёки муайян ҳолатларда қўлга киритиш ёки бегоналаштириш ёхуд муайян вазият юз бергунига қадар улуш (акция)ни бегоналаштиришдан тийилиб туриш мажбуриятини оладилар. Ушбу шартномага нисбатан корпоратив шартнома қоидалари қўлланади».

Шунингдек, бугунги кунда АҚШ ҳуқуқи амалиётида кенг қўлланаётган қайтариб берилмайдиган ишончнома тўғрисидаги нормалар Ўзбекистон Фуқаролик кодексига киритилса, мақсадга мувофиқ бўлар эди.

Албатта, ҳуқуқни қўллаш ва суд амалиётида бугунги кунда юзага келаётган низоларни ҳал қилишда тарафлар ўртасидаги муносабатлар ташкилий-ҳуқуқий муносабат эканига алоҳида эътибор қаратиш, уларни ҳал этишда ушбу муносабатларнинг хусусиятлари ҳисобга олиниш ҳолати учрамайди. Кўпинча ташкилий-ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган низоларда умумий йиғилиш ваколатига кирадиган масалаларни умумий йиғилиш чақирмасдан ҳал этиш ёки умумий йиғилиш ҳақида хабар қилмаслик, акциядорни реестрга киритмаслик, кун тартибини алмаштириш ёхуд баённомани сохталаштириш каби ҳолатлар эътибордан четда қолиб кетмоқда. Акциядорлар ва акциядорлик жамияти бошқарув органлари ўртасидаги мулкий тусда бўлмаган, ташкилий-ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган низоларни ҳал этишда ҳуқуқни қўлловчилар қийинчиликларга дуч келишмоқда.

Айниқса, судлар томонидан корпоратив муносабатлардан келиб чиқадиган низоларни ҳал этишга оид умумий амалиётнинг шаклланмагани қонунларни қўллашда турли хилдаги ёндашувларга сабаб бўлмоқда. Бу, ўз навбатида, Олий суд пленумининг корпоратив низоларни ҳал қилиш юзасидан судларга муайян тушунтиришлар ва изоҳлар беришини талаб қилади.

Воҳиджон ТОПИЛДИЕВ,
Ўзбекистон миллий университети «Фуқаролик жамияти ва
ҳуқуқ таълими» кафедраси профессори,
юридик фанлар номзоди

 

1 Юлдашев Ж.И. Акциядорлик жамиятлари-фуқаролик ҳуқуқининг субъекти сифатида.-Т: ТДЮИ, 2004. – 69-б.

2 Валеев Д.Р. Проблемы защиты прав акционеров в корпоративных конфликтах. Автореф. дис…канд.юрид. наук. – Т: 2009. – С. 16.

3 Васильев Д. Корпоративное управление: есть ли шанс для улучшений? I- Международная научная конференция «Инвестиционный климат и перспективы экономического роста» 5 – 6 апреля 2000. http//www.corp-gov.ru/

4 Ўзбекистон Республикасининг «Акциядорлик жамиятлари ва акциядорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги қонуни (06.05.2014 й.) //»Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами», 2014 йил 12 май, 19-сон, 210-модда.