Кейинги йилларда Ўзбекистон қишлоқ хўжалигини ислоҳ қилиш, хусусан соҳада бозор муносабатларини кенг жорий қилиш, соҳа иштирокчилари ўртасидаги муносабатларнинг ҳуқуқий асосини мустаҳкамлаш, соҳага инвестицияларни жалб қилиш борасида кенг қамровли ишлар амалга оширилмоқда. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 23 октябрдаги 5853-фармони билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалигини ривожлантиришнинг 2020-2030 йилларга мўлжалланган стратегиясида ҳам қишлоқ хўжалигини модернизация қилиш ва бошқарувнинг замонавий тизимини яратиш, соҳа бошқарувида давлат иштирокини камайтириш ва хусусий инвестициялар оқимини кўпайтириш сингари бир қатор устувор вазифалар белгиланган.

Бироқ фермерлар ҳуқуқини ҳимоя қилиш, уларнинг мустақиллигини таъминлаш борасида қонунчиликда ҳуқуқий бўшлиқлар ва камчиликлар мавжуд бўлиб, уларни бартараф этиш зарур. Хусусан, фермерлар амалда ҳокимларнинг тазйиқларидан, шартномаларни ўзи истаган тараф билан туза олмаётганидан, мулклари ёки ерлари тортиб олинишидан жабр кўрмоқда.

МАЗКУР МУАММОЛАР ҚУЙИДАГИЛАРДАН ИБОРАТ:

1. Шартнома эркинлигининг бузилиши. 2004 йил 26 августдаги «Фермер хўжалиги тўғрисида»ги қонуннинг 17-моддасида фермер хўжалиги тузилган контрактация шартномаларига мувофиқ давлат эҳтиёжлари учун қишлоқ хўжалиги маҳсулотини назарда тутилган ҳажмларда етказиб беришни таъминлаши шартлиги белгиланган.

Ушбу қонуннинг 32-моддасида контрактация шартномасида назарда тутилмаган экинларни экканида ер участкасини олиб қўйиш зарурати бўлган тақдирда, ер участкасини ижарага олиш шартномаси белгиланган тартибда бекор қилинса, фермер хўжалиги тугатилиши мумкинлиги кўзда тутилган.

Вазирлар Маҳкамасининг 2003 йил 4 сентябрдаги 383-қарори билан тасдиқланган Қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштирувчилар билан тайёрлов, хизмат кўрсатиш ташкилотлари ўртасида шартномалар тузиш, уларни рўйхатдан ўтказиш, бажариш, шунингдек уларнинг бажарилиши мониторингини олиб бориш тартиби тўғрисидаги низомда эса туман ҳокимликлари ўз ваколатлари доирасида хўжаликлар билан тайёрлов ва хизмат кўрсатиш ташкилотлари ўртасида давлат эҳтиёжлари учун шартномалар тузилиши ва бажарилиши бўйича ишларни мувофиқлаштирадилар деб белгиланган.

Шунга ўхшаш норма Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 25 январдаги «Пахта-тўқимачилик ишлаб чиқаришини ташкил этишнинг замонавий шаклларини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги 53-қарорида ҳам белгиланган. Хусусан, ҳокимликлар фермер хўжаликлари рўйхатини белгилаши ҳамда уларга пахта-тўқимачилик ишлаб чиқариши ташкилотчилари билан контрактация шартномаларини тузишда ёрдам кўрсатиши назарда тутилган.

Мисол сифатида бугунги кунда фермер ва тўқимачилик корхоналари ўртасида тузиладиган пахта хомашёсини етиштириш ва етказиб бериш юзасидан тўғридан-тўғри контрактация шартномалари тузилаётганини олиш мумкин. Бунда фермер етиштирилган пахта хомашёсини тўқимачилик корхонасига контрактация шартномасида назарда тутилган миқдор ва ассортиментда топшириши шарт.

Лекин мазкур шартномалар шартнома эркинлиги принципларига зид равишда тузилиб келинмоқда. Вазирлар Маҳкамасининг 53-қарори билан туман ҳокимлари қарори билан фермер хўжаликларини муайян пахта-тўқимачилик ишлаб чиқариш корхоналарига бириктириш амалиёти шаклланган.

Ҳокимларнинг ушбу ваколати бевосита уларнинг фермер хўжаликларининг фаолиятига аралашишига сабаб бўлиб, фермер хўжаликларининг мустақил тарзда тўқимачилик корхоналари билан шартномавий муносабатларга киришишига тўсқинлик қилмоқда. Натижада фермер хўжалиги шартноманинг иккинчи тарафини, шартноманинг шартларини эркин танлай олмай, уларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари бузилмоқда. Ҳатто амалиётда шартномада қишлоқ хўжалиги маҳсулотининг миқдор ва ассортименти кўрсатилмасдан, фермерларга мажбурий равишда шартномани имзолатиш ҳолатлари ҳам мавжуд.

МАЪЛУМОТ ЎРНИДА:

Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон-Германия форуми Ўзбекистонинг 12 та туманида фаолият юритаётган кластерларни ўрганиш мақсадида фермерлар билан суҳбатлар ўтказган ҳамда кластерларни ташкил қилиш орқали пахтачилик секторини хусусийлаштириш ўзбек фермерларига қандай таъсир кўрсатаётганлиги тўғрисида маълумотлар олган.

Аниқланишича, 2020 йил 20 февралда Фарғона вилояти Фурқат туманидаги 77 нафар фермер хўжалиги ҳукуматга йўллаган хатида «бўш шартнома»ни имзолашга мажбур бўлганини, унда кластерга етказиб беришлари керак бўлган пахта миқдори кейинчалик қўшиб қўйилганини таъкидлаганлар.

Бундан ташқари, фермерлар кластер томонидан берилган ўғитларнинг нархи бозор нархидан икки баравар юқори бўлгани, кластер ўз вақтида минерал ўғитларни етказиб бериш мажбуриятини бузгани ва бу маҳсулот етиштириш учун ҳукумат ажратган кредитларни тўлашни кечиктирганини айтган.

Уларнинг фикрича, ўғитлар, дизел ёқилғиси ва техника нархлари шартномалар имзолашдан олдин келишилмайди ва кластернинг оширилган нархларида белгиланади. Фермерлар кўпинча уларнинг нархини пахта мавсуми охирида, кластерлар ҳосилни йиғиш бўйича якуний ҳисоб-китобларни якунланганидан сўнг билиб олишади.

«Cotton Campaign» халқаро коалициясининг 2020 йил пахта ҳосилида мажбурий меҳнатга доир ҳисоботида фермерлар ҳақ-ҳуқуқларига ҳам тўхталиб ўтилган бўлиб, уларда кластер билан шартнома имзолаш борасида танлов мавжуд эмаслиги танқид қилинган. Жумладан, «Ҳар бир туманда камида битта кластер фаолият юритади. Шу боис фермерларда шартнома имзолаш борасида танлов йўқ, уларда ўзлари етиштирган пахта нархини белгилаш бўйича назорат ёки музокара ўтказиш кучи мавжуд эмас. Камида бир ҳолатда мустақил кооперативларини ташкил этмоқчи бўлган фермерлар ушбу тумандаги кластер билан шартнома имзолашдан бошқа чораси йўқлиги ҳақида маҳаллий ҳокимиятдан кўрсатма олишган. Пахта етиштиришни инкор қилган фермерларнинг ерлари олиб қўйилади.

Бундан ташқари, ҳукумат майда ва ўрта фермерлар ерларини қишлоқ хўжалиги юритиш учун кластерларга олиб бериш сиёсатини юритмоқда. Бу эса қишлоқларда яшаш учун ўта оғир оқибатларни келтириб чиқаряпти. Бу жараёнларда айрим фермерлар қишлоқ хўжалиги ишчилари сифатида кластерларда ишламоқда. Бунда улар ва уларнинг ходимлари қишлоқ хўжалиги экинлари етиштириш, чорва боқиш ва пахтанинг қуриган ғўзапояларини йиғиб олиш имкониятидан маҳрум бўлмоқда.

Умуман олганда контрактация шартномасининг мазмуни бугунги бозор иқтисодиёти талабларига зид бўлиб, шартнома тузиш эркинлиги принципини таъминламайди. Ушбу шартнома тури фақат собиқ социалистик давлатлар қонунчилигида назарда тутилган бўлиб, ривожланган давлатлар қонунчилигида мазкур шартнома тури учрамайди.

БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ ҳўжалиги ташкилоти (Food and Agriculture Organization of the United Nations) 2017 йилда «Фермер хўжалиги шартномаларининг ҳуқуқий жиҳатлари» (Legal aspects of contract farming agreements) номли қўлланмани чоп этган. Қўлланмада фермер хўжалиги шартномаси деганда, харидор ва фермер ўртасида фермер хўжалиги маҳсулотларини ишлаб чиқариш ва сотиш шартларини белгилайдиган шартнома тушунилиши назарда тутилган. Бошқача айтганда фермер хўжалиги шартномаси олди-сотди шартномасидир.

Юқорида санаб ўтилганларни инобатга олиб фермер хўжаликлари, қишлоқ хўжалигининг бошқа ишлаб чиқарувчилари ва тўқимачилик корхоналари ўртасида бозор муносабатларини янада ривожлантиришга, фермер хўжаликларининг иқтисодий манфаатдорлигини, шартномавий муносабатларда тарафлар эркинлигини таъминлашга қаратилган қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш таклиф этилади.

2. Мулк ҳуқуқи кафолатларига зид қоидаларнинг мавжудлиги. 2004 йил 26 августдаги «Фермер хўжалиги тўғрисида»ги қонуннинг 19-моддасида фермер хўжалигининг мулк ҳуқуқи давлат ҳимоясида эканлиги белгиланган. Унга кўра, бинолар, иншоотлар, қишлоқ хўжалиги экинзорлари ва кўчатзорлари, дов-дарахтлар, чорва моллари, паррандаларга, етиштирган маҳсулотига, қишлоқ хўжалик техникаси, инвентарь, асбоб-ускуналар, транспорт, пул, интеллектуал мулк объектларига, шунингдек, фермер хўжалигининг балансидаги бошқа мол-мулкка бўлган мулк ҳуқуқи фермер хўжалигига қарашлидир.

Фермер хўжалиги бошлиғининг пул ва моддий маблағлари, товарларни реализация қилишдан (ишлар бажаришдан, хизматлар кўрсатишдан) олинган даромадлар (фойда), қимматли қоғозлардан келган даромадлар, қонунларда тақиқланмаган бошқа манбалар фермер хўжалигининг мол-мулкини шакллантириш манбалари бўлиши мумкин.

Фермер хўжалиги қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда мол-мулкни яратиш, кўпайтириш, олиш, сотиш, ижарага ёки вақтинча фойдаланишга олиш ҳуқуқига эга.

Фермер хўжалиги тугатилаётганда фаолиятни амалга ошириш даврида ўз маблағлари
ҳисобига яратилган мол-мулкни қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда эркин тасарруф этиши мумкин.

Аммо Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 18 декабрдаги 1012-қарори билан тасдиқланган Иқтисодий жиҳатдан самарасиз, кам ҳосил берадиган боғ ва токзорларни яроқсиз деб топиш тартиби тўғрисидаги низом талаблари фермерларнинг мулк ҳуқуқини бузмоқда. Ушбу низомга кўра, фермер хўжаликлари ёки бошқа қишлоқ хўжалиги ташкилотларининг иқтисодий жиҳатдан самарасиз, кам ҳосил берадиган боғ ва токзорларини яроқсиз деб топиш, уларнинг ўрнида интенсив боғ ва токзор барпо этиш ёки ҳайдаладиган ерлар тоифасига ўтказиш туман ҳокимликлари томонидан Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Боғдорчилик ва иссиқхона хўжалигини ривожлантириш агентлиги ҳамда Узумчилик ва виночиликни ривожлантириш агентлиги билан келишилган ҳолда амалга оширилади.

Низомга кўра, фермер хўжалиги ёки бошқа қишлоқ хўжалиги ташкилоти раҳбари туман ҳокимининг қарорига асосан олти ой муддатда:

яроқсиз деб топилган боғ ёки токзорни бузиш ҳамда далани дарахт қолдиқларидан (илдизларидан) тозалаш;

яроқсиз деб топилган боғ ёки токзор ўрнида интенсив боғ ёки токзор барпо қилиш ишларини амалга оширади.

Кўриниб турибдики, фермернинг мулкида бўлган боғ ва токзорларни яроқсиз деб топиш ҳолати туман ҳокимликлари ихтиёрига боғлиқ қилиб қўйилган бўлиб, бу ўз навбатида фермерларнинг мулк ҳуқуқига дахл қилмоқда.

Хорижий давлатлар, жумладан, ХХРнинг «Қишлоқ хўжалиги тўғрисида»ги қонунига асосан ҳеч қандай ташкилот ёки шахс бундай ташкилотларнинг мол-мулкига ёки бошқарувда қарор қабул қилиш ҳуқуқига аралашиши мумкин эмас.

Фермерлар ва бошқа қишлоқ хўжалиги ташкилотлари қонунларда ёки қоидаларда мавжуд бўлмаган ҳар қандай тўловларни тўлашдан бош тортишга ҳақлидирлар.

3. Ер муносабатларини тартибга солишдаги муаммолар. Бугунги кунда қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерга эгалик ҳуқуқининг вужудга келиши ва уни амалга ошириш билан боғлиқ муаммолар фермер хўжаликларининг бундай ерлардан самарали фойдаланишига имкон бермайди.

Хусусан, «Фермер хўжалиги тўғрисида»ги қонуннинг 11-моддасида фермер хўжаликлари юритиш учун ер участкалари очиқ танлов асосида ижарага эллик йилгача бўлган, лекин ўт-тиз йилдан кам бўлмаган муддатга берилиши белгиланган.

Лекин фермер хўжалиги фаолияти амалда ер участкасини ижарага олиш шартномаси билан чегараланиб қолмоқда. Яъни ушбу қонуннинг 32-моддасида давлат ва жамият эҳтиёжлари учун ёки ер тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганлик учун, шу жумладан, фермер хўжалиги ер участкасидан белгиланган мақсадда фойдаланмаганда, хусусан контрактация шартномасида назарда тутилмаган экинларни экканида ер участкасини олиб қўйиш зарурати бўлган тақдирда, ер участкасини ижарага олиш шартномаси белгиланган тартибда бекор қилиниши муносабати билан фермер хўжалиги тугатилиши назарда тутилган.

Мазкур нормада фермер хўжалигининг тугатилиши ва ер майдонининг олиб қўйилиши бир-бирига боғлиқ қилиб қўйилган. Таъкидлаш керакки, фермерлар контрактация шартномаларини бузгани учун ижара шартномаси бекор қилиниши ва фермер хўжалиги тугатилиши орқали эмас, балки шартномавий қоидалар орқали тартибга солиниши лозим.

Бундан ташқари, Ер кодексининг 53 ва 55-моддаларида қишлоқ хўжалигига мўжалланган ерлар узоқ муддатли ижарага фақат фермер хўжаликларига ёки фуқароларга деҳқон хўжалиги шаклида юридик шахс ташкил этиш шарти билан берилади. Аммо мазкур норма бошқа шаклдаги юридик шахсларнинг (масалан, МЧЖ, ҚМЖ, АЖ сингари) қишлоқ хўжалиги билан шуғулланиш учун узоқ муддатли ижарага ер олиш имкониятини чекламоқда. Бу эса қишлоқ хўжалиги соҳасига янги иштирокчилар ва уларнинг маблағлари кириб келишига тўсиқ бўлмоқда.

Бу борадаги хорижий давлатлар тажрибасини ўрганиш шуни кўрсатадики, Литванинг «Ер тўғрисида»ги қонуни 9-моддасида қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ер участкалари ҳукумат томонидан белгиланган тартибда кимошди савдоларини ўтказмасдан ижарага берилиши белгиланган.

Бундай ерларни ижарага беришда қуйидагилар устун ҳуқуққа эга бўлади:

1) «Фермер хўжаликлари тўғрисида»ги қонунда белгиланган тартибда фермер хўжалигини рўйхатдан ўтказган ёки ваколатли орган томонидан белгилаган фермер хўжалигини юритишга тайёрлигини билдирган жисмоний шахслар;

2) қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини сотишдан олган йиллик даромади умумий даромадининг 50 фоизидан кўпроғини ташкил этадиган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ишлаб чиқарувчи юридик шахслар.

Хитойнинг «Қишлоқ хўжалиги тўғрисида»ги қонунида ер участкалари ижара шартномаларига мувофиқ давлат идораларига, корхона ва муассасаларга, фермер хўжаликлари жамоаларига ва жисмоний шахсларга, шунингдек, хорижий капитал иштирокидаги корхоналарга берилиши, ерга бўлган мулк ҳуқуқи ўзгаришсиз қолиши, шартнома бўйича ер сотиб олиниши ёки сотилиши мумкин эмаслиги назарда тутилган. Ердан фойдаланишнинг энг кам муддати – 50 йил.

Беларусь Республикасининг «Фермер хўжаликлари тўғрисида»ги қонуни 2-моддасида Беларуснинг меҳнатга лаёқатли фуқаролари, Беларусь ҳудудида доимий яшовчи чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар фермер хўжалигини ташкил этиш ҳуқуқига эга эканлиги белгиланган.

Литванинг 1999 йил 4 майдаги «Фермер хўжалиги тўғрисида»ги қонунига биноан, фермер хўжалиги ҳуқуқий ҳолатига кўра жисмоний шахс ҳисобланади ҳамда ер участкасига хусусий мулк шаклида эгалик қилади. Фермер ҳўжаликлари юридик шахс ҳуқуқларига эга эмас. Фермерлар фермер хўжалигига тегишли ўрмонлар, ер ва бошқа мулкларга мулк ҳуқуқи асосида эгалик қиладилар ва уларни бошқариш ва фойдаланиш учун шартнома асосида бошқа шахсларга ўтказишлари мумкин.

Юқорида келтирилган нормалар ерни узоқ муддатли ижарага олиш ҳуқуқи нафақат фермер ёки деҳқон хўжаликларига, балки жисмоний ва юридик шахсларга ҳам берилиши мумкинлигини кўрсатмоқда.

4. Фермерлар таъминотида камчиликларнинг мавжудлиги. Вазирлар Маҳкамасининг 2003 йил 4 сентябрдаги 383-қарори билан тасдиқланган Қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштирувчилар билан тайёрлов, хизмат кўрсатиш ташкилотлари ўртасида шартномалар тузиш, уларни рўйхатдан ўтказиш, бажариш, шунингдек уларнинг бажарилиши мониторингини олиб бориш тартиби тўғрисидаги низомнинг 3-бандига кўра, моддий-техник ресурслар (эҳтиёт қисмлар, уруғлик, ўсимликларни ҳимоя қилиш воситалари, ёнилғи-мойлаш материаллари, минерал ўғит ва бошқалар) етказиб бериш юзасидан тузилган шартнома бўйича етказиб берувчи ташкилот хўжаликка ўзи ишлаб чиқарадиган ёки харид қиладиган моддий-техник ресурсларни қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштиришда фойдаланиш учун келишилган муддатда етказиб бериш мажбуриятини олади, хўжалик эса моддий-техник ресурсларни қабул қилиб олиш ва улар учун белгиланган ёки келишилган нархлар бўйича ҳақ тўлаш мажбуриятини олади.

Фермерларга уруғ, ёқилғи-мойлаш маҳсулотлари, минерал ўғитлар, ўсимликларни кимёвий ҳимоя қилиш воситаларини етказиб бериш тартиблари ҳар доим ҳам шаффоф эмас. Етказиб берувчилар ўртасида рақобат муҳити яратилмаган бўлиб, кўплаб ҳудудларда бу иш билан асосан маҳаллий мансабдорларга алоқадор ташкилотлар шуғулланади. Натижада қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ишлаб чиқариш жараёнидаги харажатлар юқорилиги сақланиб қолмоқда. Маълумотларга кўра, Ўзбекистонда 1 гектар ерни шудгорлаш учун 250-280 литр ёқилғи сарфланади, АҚШда бу кўрсаткич 140 литрга тенг.

Германияда маҳсулот нархида умумий харажатлар улуши 7 фоизга тенг бўлгани ҳолда, Ўзбекистонда бу кўрсаткич 20 фоизга етади.

Кузатишларга кўра, фермер хўжаликларига ёқилғи, минерал ўғитлар ва кимёвий ҳимоя воситалари етказиб бериш жараёнидаги ноқонуний ҳаракатлар бундай харажатларнинг асоссиз даражада юқорилигига сабаб бўлиб қолмоқда. Яъни, етказиб берилган деб расмийлаштирилган ресурсларнинг 20-30 фоизи аслида фермерларга етиб бормайди, лекин бу харажатларни қоплаш бевосита фермерлар зиммасига тушмоқда.

5. Инвестиция муносабатларини ҳуқуқий тартибга солиш. Соҳага инвестициялар жалб қилиш талаб даражасида эмаслиги сабабли қишлоқ хўжалигига давлат харажатлари юқори бўлиб қоляпти. Соҳага давлат сарфлаётган харажатларнинг ялпи ички маҳсулотдаги улуши 1,68 фоизни ташкил этиб, бу кўрсаткич Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилотига (ИҲТТ) кирмайдиган ўртача даромадли давлатларга нисбатан қарийб уч баравар ва ИҲТТга аъзо мамлакатларга нисбатан ўн баравар кўп.

Фермер хўжаликларининг инвестицияларни жалб қилишга қаратилган давлат дастурлари мавжуд эмас.

Хорижий давлатлар, жумладан, Японияда 2002 йил 29 майда «Қишлоқ хўжалиги корпорацияларига инвестицияларни жалб қилишни соддалаштириш бўйича махсус чора-тадбирлар тўғрисида»ги қонун қабул қилинган бўлиб, ушбу қонуннинг мақсади қишлоқ хўжалиги корпорацияларига инвестицияларни жалб қилиш учун махсус чоралар кўриш орқали қишлоқ хўжалиги корпорацияларининг ўз капиталини кўпайтиришга, уларнинг барқарор ўсишига имкон бериш ва шу билан қишлоқ хўжалигининг барқарор ривожланишига ҳисса қўшишдан иборат.

Мазкур қонунга кўра, акциядорлик жамияти бизнесига инвестицияларни жалб қилиш бўйича режа тайёрлаб, уни қишлоқ, ўрмон ва балиқ хўжалиги вазирига тасдиқлаш учун тақдим этиши лозим. Режа маъқуллангандан сўнг инвестиция тўғридан-тўғри жалб қилинади.

Канадада қишлоқ хўжалигига инвестиция кириб келишини рағбатлантириш мақсадида янги сотиб олинган ишлаб чиқариш ва қайта ишлаш ускуналари учун 100 фоиз солиқ имтиёзлари жорий этилган.

6. Фермерларнинг биргаликдаги фаолияти. «Фермер хўжалиги тўғрисида»ги қонуннинг 25-моддасида фермер хўжаликлари ихтиёрийлик асосида бирлашиши, маҳсулот етиштириш, харид қилиш, уни қайта ишлаш ва сотиш, моддий-техник таъминоти, қурилиш, техникавий, сув хўжалиги, ветеринария, агрокимё, маслаҳат бериш йўсинидаги ва бошқа хил хизматлар кўрсатиш бўйича уюшмалар ҳамда бошқа бирлашмаларга кириши мумкинлиги, шунингдек, фермер хўжаликларининг Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгашига аъзолиги мажбурийлиги белгиланган.

Лекин фермер хўжаликларининг мазкур кенгашга аъзолиги мажбурийлиги ҳақидаги талаб аввало амалдаги қонунларга зид ҳисобланади.

Сабаби Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши нодавлат нотижорат ташкилоти ҳисобланади. «Нодавлат нотижорат ташкилотлари тўғрисида»ги қонунининг 2-моддасида эса нодавлат нотижорат ташкилоти тушунчасига таъриф берилган бўлиб, унга кўра, нодавлат нотижорат ташкилоти – жисмоний ва юридик шахслар томонидан ихтиёрийлик асосида ташкил этилган, даромад олишни ўз фаолиятининг асосий мақсади қилиб олмаган ҳамда олинган даромадларни ўз қатнашчилари (аъзолари) ўртасида тақсимламайдиган ўзини ўзи бошқариш ташкилотидир.

Қонунчиликда нодавлат нотижорат ташкилотлар фаолиятида иштирок этиш ихтиёрий бўлгани ҳолда, «Фермер хўжалиги тўғрисида»ги қонунда бу ҳолат мажбурий этиб белгиланган.

Хорижий давлатлар тажрибасини ўрганиш шуни кўрсатадики, Украинанинг «Фермер хўжаликлари тўғрисида»ги қонуни 26-моддасида фермер хўжаликлари бошқа қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқарувчилари билан биргаликда хизмат кўрсатувчи қишлоқ хўжалиги кооперативларини, кооператив банкларни, уюшмаларни ва бошқа бирлашмаларни тузишга, шунингдек, хўжалик жамиятларининг асосчилари бўлишга ҳақли.

Молдованинг 2000 йил 3 ноябрдаги «Деҳқон (фермер) хўжаликлари тўғрисида»ги қонуни 28-моддасига асосан деҳқон (фермер) хўжаликлари ҳудудий ёки ишлаб чиқариш тамойилига кўра бирлашма ва уюшмаларга бирлашиш ҳуқуқига эга.

300 мингга яқин фермер хўжалигининг 90 фоиздан ортиғини бирлаштирган Германия фермерлар уюшмасига (Deutsche Bauernverband) аъзо бўлиш ҳам ихтиёрий.

ХХРнинг «Қишлоқ хўжалиги тўғрисида»ги қонуни 10-моддаси асосида фермерлар ихтиёрий равишда турли ихтисослашган кооператив ташкилотларга аъзо бўлиши мумкин. Мазкур қонуннинг 74-моддасига мувофиқ, фермерларга ёки қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқариш ва эксплуатация ташкилотларига ишлаб чиқариш, технология, ахборот, маданият, суғурта ва бошқалар бўйича хизматлар кўрсатувчи ҳар қандай бирлик ёки шахс ихтиёрийлик принципига риоя қилиши керак ва фермерларни ёки қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқариш ва эксплуатация ташкилотларини бундай хизматларни қабул қилишга мажбурлашига йўл қўйилмайди.

7. Фермерларни қўллаб-қувватлаш. «Фермер хўжалиги тўғрисида»ги қонуннинг 29-моддасида фермер хўжаликларини давлат томонидан ва бошқа тарзда қўллаб-қувватлаш шакллари келтирилган бўлиб, уларнинг мазмуни замонавий фермер хўжаликларини ташкил этишга қаратилмаган.

Хусусан, ривожланган мамлакатларда ёш фермерларни қўллаб-қувватлашга қаратилган лойиҳалар амалга ошириб келинмоқда. Масалан, Литвада Қайта қуриш ва ривожланиш дастури (The Reconstruction and Development Programme) ёш фермерларни қўллаб-қувватлаш лойиҳасини амалга оширади.

Канадада фермерларни молиявий қўллаб-қувватлашга қаратилган кўплаб имкониятлар яратилган. Хусусан, Илмий тадқиқотлар ва экспериментал ривожланиш (The Scientific Research and Experimental Development) дастури илмий-тадқиқот ишлари бўйича харажатлар учун солиқ имтиёзлари ва сарф қилинган маблағларни қайтаришни таъминлайди. Стратегик инновация жамғармаси (The Strategic Innovation Fund) эса қишлоқ хўжалиги ва қишлоқ хўжалиги-озиқ-овқат маҳсулотлари соҳасига рақамли технологияларни ривожлантириш учун 50 млн долларгача маблағ ажратади. Бундан ташқари, Advance Payments Program, AgriInnovate Program, AgriInsurance Program, AgriScience Program дастурлари ҳам мавжуд.

Кореяда Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Фан ва АКТ вазирлиги ақлли фермер хўжаликлари лойиҳаси (Smart K-Farm Model) бор. Лойиҳа қуйидаги босқичлардан иборат:

1-авлод. ИТ технологияларидан ва фермерларнинг смартфонларидан фойдаланган ҳолда бошқаришга асосланган ақлли ферма модели;

2-авлод. Ақлли ахборот технологиялари маълумотлар базалари, масалан Big Data, AI ва «IoT» дан фойдаланишга асосланган ақлли ферма модели;

3-авлод. Ақлли ахборот технологияси, робот ва янги қайта тикланадиган энергия технологияси каби юқори даражадаги технологиялар воситасида тўлиқ автоматлаштирилган модел.

Юқоридагилардан келиб чиқиб фермер хўжаликларининг фаолиятини такомиллаштиришга, шартнома эркинлиги ва мулк ҳуқуқи кафолатларини таъминлашга, соҳага инвестицияларни жалб этишга қаратилган қуйидаги таклифларни берамиз:

  • фермер хўжаликлари фаолиятидаги шартномавий муносабатларда шартнома эркинлигини таъминлаш, шу мақсадда контрактация шартномаларига оид қоидаларни Фуқаролик кодексидан чиқариб ташлаш ҳамда фермер хўжаликлари ва кластерлар ўртасида тузиладиган шартномаларга олди-сотди шартномалари қоидалари қўлланишини белгилаш;
  • туман ҳокимликларининг фермер хўжаликлари фаолиятига аралашувини камайтириш мақсадида амалдаги қонун ҳужжатларини хатловдан ўтказиш;
  • Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 18 декабрдаги қарори билан тасдиқланган иқтисодий жиҳатдан самарасиз, кам ҳосил берадиган боғ ва токзорларни яроқсиз деб топиш тартиби тўғрисидаги низомни бекор қилиш;
  • фермерларнинг қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерлардан фойдаланиш ҳуқуқлари ҳимоясини кучайтириш ва ижара шартномалари эркинлигини таъминлаш;
  • қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерларни танлов асосида беришда фермер ва деҳқон хўжаликлари билан бир қаторда, бошқа шаклдаги юридик шахсларга ҳам танловда қатнашиш имкониятини яратиш;
  • фермер хўжаликларига ёқилғи, минерал ўғитлар, кимёвий ҳимоя воситаларини етказиб беришда рақобатни шакллантириш;
  • қишлоқ хўжалигига инвестиция кириб келишини рағбатлантириш мақсадида норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасини ишлаб чиқиш;
  • фермер хўжаликларининг Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгашига аъзолиги мажбурийлигини бекор қилиш;
  • давлат томонидан ёш фермерларни қўллаб-қувватлашга, қишлоқ хўжалигини рақамлаштиришга қаратилган лойиҳаларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш.

Мазкур таклифларнинг амалга оширилиши фермер хўжаликларининг эркин бозор муносабатларига киришига, улар фаолиятида шартномавий муносабатларнинг мустаҳкамланишига, фермерларнинг мулк ҳуқуқи таъминланишига, соҳага инвестициялар кириб келишига имкон беради.

Адиба САФАРОВА,
Адлия вазирлиги ҳузуридаги
Ҳуқуқий сиёсат тадқиқот институти
масъул ходими