Барча соҳаларга инновацион технологиялар ва хизматларни жорий этиб боришни даврнинг ўзи талаб қилади. Шу каби ФҲДЁ соҳасида ҳам аҳолига қулайликлар яратиш мақсадида кўплаб ишлар амалга оширилмоқда.

Янги ўзгартиришларга кўра, ФҲДЁ бўлимларида ҳам худди давлат хизматлари агентлигидаги каби фойдаланилган хизмат учун тўланган пул маблағи СМС-хабар тарзида тўғри мобиль телефонингизга келиб тушади. Хабарда амалга оширилиши керак бўлган тўловнинг инвойс рақами ва белгиланган миқдори кўрсатилган бўлади. СМС-хабар ҳуқуқий хизматни олганда кўрсатилган мобил телефон рақамига юборилади. Кўрсатилган хизматлар учун тўловларни мамлакатимизда мавжуд бўлган барча электрон тўлов тизимлари орқали амалга оширишингиз мумкин. Шунингдек, 2021 йилнинг 31 январь кунидан кейин дунёга келган болаларнинг туғилганлик гувоҳномасини олиш учун ФҲДЁ бўлимида пул ундирилмайди.

Туғилганлик ва дафн маросимини ўтказиш учун бериладиган бир маротабалик нафақа пулини олиш учун ариза йўллаш – Давлат хизматлари агентлиги орқали амалга оширилиши белгиланган эди. Ушбу хизматларга талаб юқори бўлгани учун агентлик мутахассислари аҳолига янада қулайликлар яратиш мақсадида изланишлар олиб боришди. Эндиликда ушбу хизматлар композит тарзда яъни битта ариза билан ҳал бўлади. Яъни туғилганлик ёки ўлим тўғрисида гувоҳнома олиш учун ФҲДЁ бўлимига берилган ариза махсус электрон тизим орқали автоматик тарзда пенсия жамғармасига юборилади. Шундан сўнг қисқа фурсат ичида мобиль телефонингизга СМС-хабар келади. Сиз фақатгина паспорт ва тегишли гувоҳнома (туғилганлик ёки ўлим тўғрисидаги) билан ўзингизга қулай бўлган “Халқ банки” филиалига бориб, белгиланган маблағни олишингиз мумкин.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 23 мартдаги ПФ-6191-сонли “Ахоли ва тадбиркорлик субъектларига давлат хизматларидан фойдаланишда янада қулай шароитлар яратиш, бу борада бюрократик тўсиқларни қисқартириши бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармони асосида 2021 йил 1 июндан бошлаб, ФҲДЁ бўлимларида фуқароларнинг доимий (вақтинча) рўйхатдан ўтган жойидан қатъи назар фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш ҳамда никоҳланувчи шахсларни тиббий кўрикдан ўтказишни экстерриториаллик тамойили асосида амалга ошириш, экстерриториаллик тамойили асосида келиб тушган мурожаатларни далолатнома ёзувни қайд қилган ФҲДЁ органига “ФҲДЁнинг ягона электрони архиви» ахборот тизими орқали юбориш, бyндa, далолатнома ёзувини қайд қилган ФҲДЁ органи 2 иш кунида далолатнома ёзувини (тегишли харакатларни) расмийлаштириб, «ФҲДЁнинг ягона электрон архиви» ахборот тизими орқали тасдиқлаш, фуқаролик холати далолатнома ёзувларини бир нусхада расмийлаштириш тартиблари жорий этилди ҳамда никоҳ қайд этилганлиги, никоҳда турмаслиги ёки никоҳи ажралганлиги ҳақидаги маълумотларни фуқаролардан сўраш тартибини бекор қилинди.

Соҳада амалга оширилаётган бу каби ўзгартиришлар юзага келиши мумкин бўлган коррупцион ҳолатларнинг олдини олишда ҳамда давлат хизматлари тизимининг янада шаффофлигини таъминлашда муҳим аҳамиятга эгадир.

 Нилуфар Иноятова,

Тошкент шаҳар 2-сон «Шодлик» ниҳох уйи

1тоифали инспектори