Халқимиз учун ернинг қадри, қиммати баланд. Ер одамзоднинг нафақат муқаддас мулки, балки улуғ қадрияти ҳам ҳисобланади. Президентимизнинг янги фармони ана шу жиҳатдан ҳам юксак аҳамиятга эга.

Аслида ерга бўлган мулк ёки ижара ҳуқуқи аукцион орқали сотиб олинганидан кейин унинг нархи пайдо бўлади. Бугун одамлар орасида ернинг “яширин” нархи борлигини, ҳар бир ҳудудда 1 сотих ер қанча туришини ҳаммамиз яхши биламиз. Лекин давлат томонидан ер шу пайтгача текинга берилар эди. Энди ўзингиз ўйлаб кўринг: ер давлат томонидан текинга берилади, лекин у одамлар орасида катта “қийматга” эга. Бу ҳолат истасак истамасак коррупцияни келтириб чиқаради. Шунинг учун давлат томонидан ернинг молиявий оборотга киритилгани жуда катта тарихий воқеадир.

Туман ва шаҳар ҳокимларининг ерга доир ваколатлари бекор қилинмоқда. Ҳозирда ер соҳасида ваколатлар туман ва вилоят ҳокимлари ўтасида тақсимланган. Масалан, туман ҳокими ер ажратиш ҳақида қарор қабул қилади, лекин бу қарор вилоят ҳокими тасдиқлаганидан кейин кучга киради. Амалиётда туман ҳокими қарори қабул қилиниб, вилоят ҳокими қарори чиқмаган ҳолатлар жуда кўп бўлган. Шу сабабли, бу ўзгариш ер соҳасида ортиқча бюрократия ва сансоларликни йўқ қилади.

Кейинги 2 йилда (2019-2020 йиллар) туман ва шаҳар ҳокимларининг қарорлари билан 1 минг 356 та тадбиркорнинг ер участкалари давлат ва жамоат эҳтиёжи учун олиб қўйилган.

Ер бозорида энди ўғирлик бўлмайди…

Яқин-яқингача солиқ ва божхона имтиёзлари, масалан, қўшилган қиймат солиғи бўйича имтиёзлар жуда кўп эди. Кимгадир катта солиқ юки қўйилиб, кимдир солиқдан бутунлай озод эди. Бугун аста-секинлик билан одамлар ҳам, тадбиркорлар ҳам барчага тенг солиқ сиёсати жорий этилгани қанчалик тўғри эканлигини англашмоқда. Ҳозирда ер бўйича ҳолат ҳам айнан ўша 2-3 йил олдинги солиқ сиёсатига ўхшаш. Жуда кўпчилик ҳолатларда ер участкаларини тўғридан-тўғри бериш бўйича имтиёзлар назарда тутилган. Фармон билан буларнинг барчаси бекор қилинмоқда. Табиийки, бу айримларга ёқмаслиги мумкин. Лекин барча учун бир хил, шаффоф ва тенглик асосида, электрон аукцион ва танлов асосида ер бериш жорий этилгач, бу тизим ўзининг ижобий самарасини бера бошлайди. Ер бозорида энг асосий таклиф давлатнинг ўзи томонидан тўғридан-тўғри тақдим этилади.

Фармонда қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқаришида деҳқон хўжаликларининг улушини кўпайтириш топширилган. Бу, оддий сўз билан айтганда, ерларни майда товар ишлаб чиқарувчиларга бериш дегани. Қишлоқда яшаётган, ишсиз фуқаро очиқ танловда қатнашиб деҳқон хўжалиги юритиш учун ер олиш имкониятига эга бўлади, шу орқали минглаб одамларни даромад манбаи билан таъминлаш мумкин бўлади.

Шунингдек, фармонда одамларга эгалик қилиш ёки фойдаланиш ҳуқуқи билан тегишли бўлган, бино-иншоотлар ва турар жойлар остидаги ерларни хусусийлаштириш ҳам назарда тутилган. 2019 йилда бу бўйича алоҳида Қонун ҳам қабул қилинган эди. Фармон ушбу қонун асосида одамлар ўзлари эгаллаб турган ерларни мулк қилиб бериш жараёнини тезлаштиради. Хусусий мулкни жорий этиш ернинг дахлсизлигини таъминлайди, унинг иқтисодий қийматини оширади, одамларнинг қўлидаги ер ҳақиқий капиталга айланади.

Қишлоқ хўжалиги ерлари фақат ижарага берилади

Қишлоқ хўжалиги ерларини алоҳи муҳофаза қилиш бугунги кунда жуда долзарб масала. Чунки, аҳоли сони кўпайиши ҳисобига суғориладиган ерларнинг жон бошига бўлган ҳажми кескин камаймоқда. Ҳисоб-китобларга кўра, сўнгги 15 йилда суғориладиган ерлар жон бошига 24 фоизга камайган, яъни аввал жон бошига 0.23 гектар ер тўғри келган бўлса, хозир — 0.16 гектар тўғри келмоқда.

Ўтган икки йил давомида 50 мингдан ортиқ ҳолатда 6 минг гектарга яқин суғориладиган ва 10 минг 400 гектар бошқа ерлар ўзбошимчалик билан эгалланиб, ноқонуний қурилишлар қилинганлиги аниқланган. Бундай қилмишлар учун 492 нафар шахс жиноий жавобгарликка тортилган.

Бугунги кунда ерни тўғридан-тўғри олиш ҳуқуқига эга айрим имтиёзли тоифадаги шахслар мавжуд. Масалан, тураржойи бузилишга тушганлар. Айтайлик бузилишга тушган уй 100 миллион сўмга баҳоланса, шунинг 60 миллион сўми ҳисобига янги ер участкаси, қолган қисмига 40 миллион сўм пул бериларди. Фармонга кўра энди, компенсация сифатида ер бериш тўхтатилади, бунинг ўрнига фуқарога бузилишга тушган уйининг қиймати тўлиқ қоплаб берилади. Агар фуқаро аукционда қатнашиб ер оладиган бўлса, унга тўланадиган компенсация ҳисобидан аукционда ер сотиб олиш харажатлари тўлиқ ёки қисман қоплаб берилади. Оддий сўзлар билан айтадиган бўлсак, давлатдан ер кўринишида олинадиган ёрдам энди пул шаклига ўзгартирилади.

2021 йил 1 августдан жамоа боғдорчилиги, узумчилиги ва полизчилиги ҳамда ёрдамчи қишлоқ хўжалигини юритиш учун ер бериш ҳам бекор қилинмоқда.

Маълумотларга кўра, республикамиз бўйича 730 та боғдорчилик-узумчилик ширкатлари ҳудудида 74 минг 82 та дала-ҳовли объектлари (шундан 12 минг 34 таси уй-жой сифатида фойдаланиб келинмоқда) аниқланиб, шундан 37 минг 847 тасида кадастр ҳужжати расмийлаштирилган бўлиб, уларнинг 19 минг 95 таси давлат рўйхатидан ўтказилган.

Мухтасар қилиб айтганда, ерга боғлиқ мазкур ислоҳот бюрократиядан холи ислоҳот бўлиши керак.

Нодир ТИЛЛАЕВ,
Адлия вазирлиги бошқарма бошлиғи