Сўнгги кунларда Давлат хизматлари марказларида ҳайдовчилик гувоҳномасини янги намунадагисига алмаштириш хизматидан фойдаланиш учун ташриф буюрувчилар оқими ортган. Бу эса, Марказларимизда узун навбатларнинг ҳосил бўлишига сабаб бўлмоқда.

Ушбу муаммони бартараф этиш ҳамда фуқароларимизга қулайлик яратиш мақсадида, Давлат хизматлари агентлиги томонидан бир қатор чоралар кўрилмоқда.

Биринчидан, эндиликда миллий ҳайдовчилик гувоҳномасини янги намунадагисига алмаштириш учун Тошкент шаҳрининг Мирзо Улуғбек, Яккасарой ва Сергели туманлари Давлат хизматлари марказларига ҳам мурожаат қилиш мумкин. (Аввал бу хизматдан пойтахтимизнинг Олмазор, Учтепа, Шайхонтоҳур, Миробод, Юнусобод, Чилонзор, Яшнобод туманлари Давлат хизматлари марказларида фойдаланиш мумкин бўлган. Эндиликда эса, юқоридаги учта туманда ҳам ушбу имконият қўшимча равишда яратилди).

Иккинчидан, фуқароларимиз ҳайдовчилик гувоҳномасини янгисига алмаштириш учун рўйхатдаги Давлат хизматлари марказларига дам олиш кунлари (шанба ва якшанба, ! байрам кунларидан ташқари) соат 9:00 дан 15:00 гача ҳам мурожаат қилишлари мумкин.

Бунда, меҳнат қонунчилигига тўлиқ риоя қилинган ҳолда шанба-якшанба кунлари ишлайдиган ходимларнинг умумий иш вақти ҳафтасига 40 соатдан ортмайди.

Давлат хизматлари агентлиги халқимизга давлат хизматларидан фойдаланишда қулайликларни яратишда давом этади.

Маълумот учун, Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 31 майдаги 408-сон қарорига асосан эски ҳайдовчилик гувоҳномасини янги намунадагисига алмаштириш учун ИИББ ЙҲХБ бўлимларига ҳам мурожаат қилишингиз мумкин.