Ахборот-коммуникация технологиялари соҳасидаги инқилобий ривожланиш иқтисодиётда янги тармоқ – электрон тижоратнинг ривожланишига имконият ва шароит яратди. Мазкур жараён истеъмолчилар учун қулайлик ва енгилликлар яратиш баробарида муайян муаммолар ҳам туғдирмоқдаки, улар анъанавий тижоратда учрайдиган ҳолатлардан фарқ қилади.

Электрон тижорат иқтисодий, ижтимоий ва маданий алоқаларни рақамли технологиялар асосида амалга ошириш тизими бўлган «рақамли иқтисодиёт»нинг таркибий қисми саналади. Иқтисодиёт ва жамиятнинг «рақамлаштириш» жараёни (инглиз тилида – digitization, яъни рақамлаштириш, баъзан эса digitalization, яъни рақамлаштирилиши маъносини билдиради) рақамли технологияларни кенг қўллаш ва ассимиляция қилиш ташаббуси билан бошланган ижтимоий-иқтисодий ўзгаришни англатади.

1995 йилда АҚШлик дастурчи, Масачусетс университети профессори Николас Негропонте ўзининг «Being Digital» номли китобида биринчи бор «рақамли иқтисодиёт» терминини амалиётга киритган1.

Рақамли иқтисодиёт тушунчасига бир қатор таърифлар берилган. Жумладан, иқтисодиёт фанлари доктори, Россия Фанлар академиясининг мухбир аъзоси В.Иванов «Рақамли иқтисод – ҳақиқатимизни тўлдирадиган виртуал муҳит» деб таъриф берган2.

Академик С. Гулямов ва профессор Р.Аюповларнинг фикрича, рақамли иқтисодиёт – жамият неъматларини ишлаб чиқариш, тақсимлаш ва истеъмол қилиш жараёнларида электрон ҳамда ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий этишни кўзда тутадиган инсоннинг хўжалик фаолияти3дир.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 5 октябрдаги 6079-фармони билан мамлакатимизда «Рақамли иқтисодиёт – 2030» стратегияси қабул қилинди. Юридик фанлар доктори Ш.Рўзиназаровнинг фикрича, мазкур стратегияни ҳаётга татбиқ этиш юридик фан, хусусан, фуқаролик ҳуқуқининг илғор илмий доктриналарини яратишни тақозо этади. Юридик фан ютуқларига таянмасдан туриб рақамли иқтисодиётдаги муносабатларни ҳуқуқий жиҳатдан шаффоф ҳолга келтириб бўлмайди4.

Моҳиятан электрон тижорат электрон бизнес, яъни глобал ахборот тизимининг имкониятларидан фойдаланган ҳолда фойда олишга қаратилган ишбилармонлик фаолиятининг муҳим элементи ҳисобланади.

Ўзбекистон Республикасининг «Электрон тижорат тўғрисида»ги қонуни 3-моддасида тижоратнинг ушбу турига қуйидагича таъриф берилган: «Ахборот тизимларидан фойдаланган ҳолда тузиладиган шартномага (бундан буён матнда электрон тижоратдаги шартнома деб юритилади) мувофиқ амалга ошириладиган товарлар (ишлар, хизматлар) олди-сотдиси электрон тижоратдир»5.

Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилоти электрон савдо операциясига «товарлар ё хизматларни буюртмаларни олиш ва жойлаштириш учун махсус яратилган методлар ёрдамида компютер тармоғи орқали сотиш ёки сотиб олиш» деб таъриф бериб ўтган6.

Электрон савдо операциясига «товарлар ё хизматларни буюртмаларни олиш ва жойлаштириш учун махсус яратилган методлар ёрдамида компютер тармоғи орқали сотиш ёки сотиб олиш» деб таъриф бериш ҳам мумкин7.

Тижоратнинг электрон шакли дастлаб АҚШда, ўтган асрнинг 60-йилларида пайдо бўлди ва қисқа вақт ичида Европа давлатларида ривожланди. 1990-йиллардан бошлаб Хитой ва Россияда кенг тарқалди. Сўнгги ўн йилликларга келиб МДҲ давлатлари, жумладан Ўзбекистонда ҳам ривожлана бошлади.

Илмий адабиётларда электрон тижоратнинг ривожланиш тарихини одатда интернетнинг пайдо бўлиши билан боғлашади. Буни аксар ҳолатларда электрон тижорат фақатгина интернет воситасида амалга ошириладиган фаолият деб тушунилиши билан изоҳлаш мумкин. Аслида электрон тижорат интернетдан бошқа тизимлар орқали ҳам амалга оширилиши мумкин. Масалан, ёпиқ тармоқли интранет (ёки интрасет) тизимлари, мобиль телефон каби коммуникация воситаларига мослаштирилган тизимлар орқали ҳам амал қилиши мумкин.

Электрон тижорат тизимидан маҳсулотларни сотиш ва хизмат кўрсатиш соҳасида фойдаланишга бўлган ҳаракатлар дастлабки электрон ҳисоблаш машиналари (ЭҲМ) пайдо бўлган даврларданоқ кузатилган.

1960 йилда АҚШнинг «American Airlines» компанияси IBM компанияси кўмагида авиақатновлар учун чипталарга олдиндан буюртма беришнинг автоматлаштирилган тизимини ишлаб чиқади. Шу тариқа SABRE (SemiAutomatic Business Research Environment) тизими ёрдамида ҳаво транспортидан фойдаланувчи истеъмолчилар учун қулайлик яратилган8. Мазкур тизим электрон тижорат соҳасидаги энг дастлабки амалиёт ҳисобланади.

1968 йилда АҚШда компаниялараро электрон ахборот алмашиш тизими – EDI (Electronic Data Interchange) тармоғи жорий этилади. Авиация, темирйўл ва автомобиль
транспорти тизимларини ўзида жамлаган бу тармоқ маълумотларни бир компьютер тизимидан бошқасига узатиш имконини яратган. Қисқа муддат ичида жуда кўплаб компаниялар ушбу тизимдан самарали фойдаланишни бошлаган.

Электрон ахборот алмашиш тизимига бўлган қизиқиш қисқа муддатларда Европа давлатлари, жумладан Англия ва Швецияда янги тармоқлар вужудга келишига сабаб бўлган. Натижада Европа иқтисодий комиссияси бу йўналишда GTDI стандартини жорий этади. Шу тариқа электрон ахборот алмашишнинг икки хил тизими – АҚШда EDI, Европада GTDI вужудга келади. Ҳар икки тизимни ягона тизимга бирлаштириш зарурати пайдо бўлгани сабабли 1980-йилларга келиб БМТ қошидаги халқаро савдо бўйича ишчи гуруҳ ўз дастурига ЭДИФАКТ стандартини ишлаб чиқишга доир масалани киритади9. Кейинчалик, GTDI тармоғи негизида EDIFACT (Electronic Data Interchange for Administration, Commerce and Transport) халқаро стандарти яратилади.

Бироқ 1990-йилларга келиб электрон маълумот алмашишнинг «EDIFACT»га қараганда анча самарали ва истиқболли шакли – интернет тармоғи пайдо бўлди.

Шуни ҳам айтиб ўтиш ўринлики, интернет-дўконларнинг илк шакли 1979 йилда ўйлаб топилган. 1980-йилларга келиб бундай дўконлардан «Ford», «Peugeot», «General Motors» ва «Nissan» каби йирик ишлаб чиқарувчилар ҳам фойдалана бошлаган.

Иқтисодий фаолият тури сифатида электрон тижоратнинг анъанавий тижоратга нисбатан афзаллик ва камчиликлари ҳам мавжуд.

Бугунги кунга келиб, электрон тижорат ҳажмининг ортиши, унга оид норматив-ҳуқуқий
ҳужжатлар ва техник таъминот соҳаларини такомиллаштириш, мазкур жараёнда истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш заруратини кун тартибига олиб чиқди.

UNCTAD – БМТнинг савдо ва тараққиёт бўйича конференцияси ишлаб чиққан «Киберқонунчиликни мониторинг қилиш бўйича глобал дастур»да электрон тижорат соҳасида тартибга солиниши керак бўлган 4 та соҳа белгилаб берилган:

1) электрон битимлар ҳақидаги қонунлар;

2) маълумотлар ва шахсий ҳаёт дахлсизлиги ҳимоясига оид қонунлар;

3) кибержиноятлар тўғрисидаги қонунлар;

4) истеъмолчилар ҳуқуқини ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонунлар10.

Электрон тижоратга оид муносабатларни тартибга солишда халқаро-ҳуқуқий ҳужжатлар муҳим ўрин тутади. Бизнингча, мазкур ҳужжатларнинг шаклланиш ва амалга татбиқ қилиниш жараёнини уч босқичга бўлиб ўрганиш мумкин бўлади:

биринчи босқич ўтган асрнинг 70-йилларидан 90-йилларигача бўлган даврни ўз ичига қамраб олади;

иккинчи босқич 1991 йилдан 2005 йилгача бўлган даврни ўз ичига олади;

учинчи босқич 2006 йилдан бугунги кунгача бўлган даврни қамраб олади.

Биринчи босқичда электрон тижоратни ҳуқуқий тартибга солиш бўйича турли халқаро ҳуқуқий ташкилотлар дастлабки муносабатларини билдира бошлади. Жумладан, 1984 йилда UNCITRAL (БМТнинг Халқаро савдо бўйича комиссияси) ўз дастурига халқаро савдо муносабатларида электрон ҳужжатлар алмашинувига доир банд киритди. 1986 йилда ИҲТТ компьютер техникаси орқали ишлов берилган маълумотлардан судда далил сифатида фойдаланишга доир резолюцияни қабул қилди. 1986 йилда UNCITRAL котибияти «ЭҲМ ёзувларининг ҳуқуқий мақоми» ҳақида маъруза тайёрлади11. 1990 йилда Халқаро савдо палатаси маълумотлар узатишнинг қоғозсиз шаклининг муомалага кириб келиши муносабати билан INCOTERMS қоидаларини қайта кўриб чиқди.

Иккинчи босқич интернет тармоғидан тижорий мақсадда фойдаланиш палласининг бошланиши билан боғлиқ. Жумладан, бу босқичда электрон битим ва шартномаларнинг ҳақиқий деб топилиши, ҳужжатларнинг электрон шакли қоғоз шаклининг эквиваленти сифатида эътироф этилиши электрон тижорат учун ҳуқуқий асос вазифасини ўтади.

1984 йилда «UNCITRAL»нинг ўн еттинчи сессиясида БМТ Бош котибининг «Маълумотларга автоматик ишлов беришнинг ҳуқуқий жиҳатлари» деб номланган маърузаси кўриб чиқилди. Бу – халқаро ташкилотларнинг анъанавий тижоратдан ностандарт тижоратга ўтиш жараёнига жиддий муносабат билдира бошлаганини англатади. Унда ЭҲМ ёзувларининг юридик қиммати, ёзма шакл талаби, ҳақиқийликни тасдиқлаш, умумий шартлар, жавобгарлик билан боғлиқ айрим ҳуқуқий масалалар белгиланди. 1996 йил 12 июнда «UNCITRAL»нинг йигирма тўққизинчи сессиясида электрон тижорат тўғрисидаги намунавий қонун лойиҳаси кўриб чиқилиб, намунавий қонун ва у бўйича қўлланма қабул қилинди. Электрон тижорат тўғрисидаги намунавий қонунни қабул қилишга ўн икки йил, яъни 1984 йилдан 1996 йилгача тайёргарлик кўрилган.

Учинчи босқич ахборот технологиялари индустрияси, автоматлаштирилган ишлаб чиқариш соҳасидаги кескин ривожланиш даврини англатади ва «Саноат инқилоби 4.0» (Industry 4.0/The Fourth Industrial Revolution) деб ҳам юритилади.

Бу атама 2011 йилда Европада пайдо бўлиб, Ганновер шаҳридаги саноат кўргазмаларидан бирида Германия ҳукумати томонидан ахборот технологияларини ишлаб чиқаришга кенг татбиқ этилиши эълон қилинган эди12. «Тўртинчи саноат инқилоби» деб номланаётган тараққиёт омили – ахборот технологияларини саноатга чуқур интеграциялаштириш («киберфизик тизимлар» ёки CPS) орқали амалга оширилмоқда.

2017 йилга келиб рақамли инқилоб ҳал қилувчи паллага кирди – Ер юзи аҳолисининг ҳар иккинчиси интернет тармоғига уланди.

Айни пайтда электрон тижорат масалалари билан бир қатор халқаро ва минтақавий ташкилотлар шуғулланиб келмоқда. Электрон тижорат муносабатларини минтақавий миқёсда тартибга солишда катта муваффақиятларга эришган ташкилотлар сифатида Европа иттифоқи, Араб давлатлари лигаси ва НАФТА ташкилотларини санаб ўтиш мумкин. Шунингдек, электрон тижорат муаммоларининг мураккаблиги ва ранг-баранглиги сўнгги йилларда уларни ечиш билан махсус шуғулланадиган бир қатор ноҳукумат ташкилотлар тузилишига сабаб бўлди. Хусусан, Европа электрон хабарлар бўйича уюшмаси, Интернет ҳуқуқи ва сиёсат форуми (Internet Law and Policy Forum, ILPF), Глобал ахборот инфратузилмаси бўйича форум (Forum for the Global Information Infrastructure, GIIC)13 шулар жумласидандир.

Истеъмолчиларнинг мурожаат ва шикоятларини кўриб чиқиш Европа иттифоқида яхши йўлга қўйилган. 2019 йилда Европа иттифоқига аъзо мамлакатлар истеъмолчиларидан жами 114 294 та шикоят келиб тушган. Шикоятларнинг 15,1 фоизи авиакомпаниялар хизмати, 10 фоизи кийим-кечак, 6,58 фоизи ахборот ва алоқа технологиялари, 4,48 фоизи электроника товарлари, 3,93 фоизи меҳмонхона ва бошқа дам олиш масканлари хизматлари бўйича бўлган. Ушбу шикоятларнинг 25 фоиздан ортиғини трансчегаравий шикоятлар ташкил этган14.

Электрон тижоратга оид муносабатларни тартибга солишга дахлдор ташкилотларнинг кўплиги соҳада ишлар мувофиқлаштирилганидан дарак бермайди – халқаро ташкилотлар фаолиятида баъзан бир-бирини такрорлаш ҳолатлари кузатилади. Кўпгина халқаро ташкилотлар электрон тижоратнинг у ёки бу жиҳатларини кўриб чиқаётганда хусусий масалаларга ҳам мурожаат этади ва бу электрон тижоратга доир
келишувларга эришишга монелик қилади.

UNCTAD маълумотларига кўра, ҳозир электрон тижорат соҳасида истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилишга доир қонун ҳужжатлари дунё мамлакатларининг 56 фоизида жорий қилинган, 6 фоизида шакллантирилмоқда, 9 фоизида эса мавжуд эмас. 29 мамлакат бўйича маълумот йўқ15. Шунингдек, турли давлатлар қонунчилигида истеъмолчилар ҳуқуқини ҳимоя қилиш масаласи ҳар доим ҳам бир хил талқин қилинмайди.

Хулоса ўрнида айтганда, жаҳонда электрон тижоратнинг ҳуқуқий таъминотини яратиш устида фаол иш олиб борилмоқда. Шунга қарамай, ҳар қандай мамлакатда, жумладан электрон тижоратнинг ватани ҳисобланадиган АҚШ ва Буюк Британияда ҳам бу борадаги қонунчилик ҳали ўз шаклланиш жараёнининг дастлабки босқичида. Албатта, вақт ўтиши билан соҳага оид қонунчилик базаси, хусусан халқаро-ҳуқуқий меъёрлар ҳам такомиллашиб бораверади. Муаммо уни самарали татбиқ этишда.

Жаҳонгир САРИМСОҚОВ,
ТДЮУ магистранти

 

1 Nicholas Negroponte, Being Digital (New York: Vintage, 1995).

2 Цифровая экономика: мифы, реальность, перспектива В.В. Иванов, Г.Г. Малинецкий. Российская академия наук, Москва, 2017.

3 С.Гулямов, Р.Аюпов. Рақамли иқтисодиёт ва электрон тижорат асослари. Ўқув қўлланма. Т.: ТМИ, «Иқтисод-молия» нашриёти, 2020 й.11-бет.

4 Ш.Рўзиназаров. Рақамли иқтисодиётни ҳуқуқий таъминлаш: цивилистик доктринал мўлжаллар. «Huquq va burch» журнали, 2021 йил, 1-сон.

5 «Электрон тижорат тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонуни (янги таҳрири). https://lex.uz/acts/2650293

6 http://stats.oecd.org/glossary/detail.asp?ID=4721.

7 http://stats.oecd.org/glossary/detail.asp?ID=4721.

8 Брагин Л. А. Электронная коммерция: [учебник по направлению 100700.52 «Торговое дело» (бакалавриат)] / Л. А. Брагин [и др.]. М.: – Москва: Форум : ИНФРА-М, 2012. – 191 с.

9 Кобелев О. А.Электронная коммерция учеб. пособие / О. А. Кобелев ; под ред. С. В. Пирогова. М.: Рос. гос. торгово-экон. ун-т ; Моск. междунар. высш. шк. бизнеса «МИРБИС» (Ин-т) М. Дашков и К .-2012. 3-е изд., перераб. и доп. – 682 с.

10 http://unctad.org/en/Pages/DTL/STI_and_ICTs/ICT4DLegislation/eCom-Global-Legislation.aspx.

11 Комиссия Организации Объединенных Наций по праву международной торговли. Восемнадцатая сессия. Вена, 3-21 июня 1985 года. Доклад Секретариата ЮНСИТРАЛ «Юридическая ценность записей ЭВМ». A/CN.9/265.

12 https://www.forbes.ru/brandvoice/sap/345779-chetyre-nol-v-nashu-polzu.

13 http://www.giic.org.

14 https://ec.europa.eu/consumers/odr/main/?event=main.statistics.show#CrossNational.

15 К.Хаджи. Защита прав потребителей в цифровой среде: международные практики. https://www.vavt-imef.ru/wp-content/uploads/2020/10/ Monitoring_55text2.pdf.