Сўнгги йилларда мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотлар мукаммал ва янги қонун ҳужжатлари қабул қилинишини талаб этади. Шу сабабли сўнгги уч йилда қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси ҳажми сезиларли даражада ортди.
Қонун ҳужжатларининг бу қадар жадал қабул қилинаётгани мамлакатдаги ислоҳотларнинг юқори тезликда амалга оширилишини таъминлаш билан бир қаторда, ҳуқуқ ижодкорлиги соҳасида ҳам ҳал этилиши лозим бўлган янги масалаларни вужудга келтирмоқда.
Жумладан, ушбу ҳолат юртимиздаги ҳуқуқий барқарорликнинг издан чиқишига, қонун ҳужжатларининг тарқоқлигига, амалиётда уларни қўллашдаги турли ёндашувларга, ҳуқуқий тафовут ва коллизияларга, ҳаддан ташқари тартибга солиш ҳамда бюрократияга сабаб бўлмоқда.
Мисол учун Адлия вазирлиги томонидан ўтказилган хатловга асосан 2,5 мингга яқин эскирган ва ўз аҳамиятини йўқотган, ҳаддан ташқари тартибга солиш юкини, бюрократик тўсиқ ва ғовлар ҳамда ҳуқуқни қўллаш амалиётида коллизияларни келтириб чиқараётган қонун ҳужжатлари аниқланган.
Юқорида қайд этилган масалаларни ҳал этиш мақсадида 2020 йил 27 сентябрда Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўз аҳамиятини йўқотган қонунчилик ҳужжатларини қайта кўриб чиқиш тизимини жорий этиш орқали мамлакатда ишбилармонлик муҳитини яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармонига мувофиқ Адлия вазирлиги қонун ҳужжатлари ва улар лойиҳаларининг тартибга солиш таъсирини баҳолаш соҳасидаги фаолиятни мувофиқлаштириш бўйича махсус ваколатли орган этиб белгиланди. Вазирликка ҳукуматнинг 2 мингдан ортиқ эскирган ва ўз аҳамиятини йўқотган қарорини танқидий қайта кўриб чиқиш вазифаси юклатилди.
Шунингдек, қонун ҳужжатларини баҳолаш жараёни самарали ва тизимли бўлиши учун
махсус электрон майдончадан фойдаланиш белгиланди.
Хусусан, норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларининг тартибга солиш таъсирини баҳолаш лойиҳани ишлаб чиққан идора ва ташкилотлар томонидан норматив-ҳуқуқий
ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси портали (regulation.gov.uz)дан фойдаланган ҳолда
амалга оширилади.
Амалдаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг тартибга солиш таъсирини баҳолаш эса ҳуқуқий мониторинг бўйича электрон майдончадан фойдаланган ҳолда амалга ошириладиган бўлди.
Таъкидлаш жоизки, Адлия вазирлиги томонидан ҳозирги кунга қадар 30 дан ортиқ норматив-ҳуқуқий ҳужжатнинг ҳуқуқий мониторинги ўтказилган.
Бундан ташқари, 2021 йил 1 июнга қадар Олий Мажлис палаталарининг қарорлари ва маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг амалдаги барча норматив-ҳуқуқий ҳужжатлари Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасига киритилиши шартлиги белгиланди. Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари қарорларининг тартибга солиш таъсирини баҳолаш «E-qaror» ягона электрон тизимидан фойдаланган ҳолда ташкил этилади.
Юқоридаги фармонда қайд этилишича:
- қонун ҳужжатларидаги муаммолар таҳлили ва уларни ҳал этиш йўллари;
- рақобатга таъсирини баҳолаш;
- янги тартибга солиш воситаларини жорий
этишнинг эҳтимолий оқибатларини прогнозлаш
ва баҳолаш; - шу жумладан, фуқаролар ва тадбиркорлик субъектлари учун фойда ва харажатларни таҳлил қилишни назарда тутувчи тартибга солиш таъсирини баҳолаш бўйича таҳлилий материаллар норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасининг жамоатчилик муҳокамаси, идоралараро келишув ва ҳуқуқий экспертизадан ўтказиш босқичларида
лойиҳага илова қилиниши лозим.
Адлия вазирлиги ҳар йили мамлакатда тартибга солиш таъсирини баҳолаш тизимининг ҳолати тўғрисида ахборот тайёрлаб, уни оммавий ахборот воситаларида эълон қилади
ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президенти администрацияси ва Вазирлар Маҳкамасига киритади.
Алибек БЕКМИРЗАЕВ,
Адлия вазирлиги Ижтимоий-иқтисодий соҳада ҳуқуқни
қўллаш амалиётини ўрганиш бошқармаси
катта маслаҳатчиси