Дуранг ҳолати

0
237

– Айбсиз, – деди қайтъиян Генри Уатсон.

Стенли Вэттер суд ҳайъати аъзоларидан сўрашда давом этди.

– Ротуэлл?

– Айбдор.

– Женкинс?

– Айбдор.

– Коулмен?

– Айбдор, – деб фикримни билдирдим.

Шундан сўнг ўн бир нафар маслаҳатчи Уатсонга тикилди.

– Шундай қилиб, хулоса сифатида айтишим керакки, – деди Вэттер, – йигирма олтинчи овоз бериш жараёнидаям айбдор деб топиш учун ўн битта овозга ва оқлаш учун битта овозга эгамиз.

Мен беихтиёр хўрсиниб қўйдим:

– Менимча, биз эси пастга қарши чиқяпмиз.

Уатсон ўрнидан ирғиб турди:

– Ҳой, сиз, эшитиб қўйинг…

– Ўзингизни босинг, Уатсон, аминманки, Коулмен бундай демоқчимасди, – ўртага тушди Вэттер.

– Айнан шундай демоқчийдим, – деб Вэттернинг оғзидан гапини олдим. – Умрим бино бўлиб бунақанги эшакдай ўжар одамни кўрмаганман.

Вэттер энгашиб, қулоғимга шипшиди:

– Агар уни ўзимизга қарши қайрасак, ҳеч нимага эришолмаймиз.

– Аллақачон яхшиликча фикридан қайтаришга уриндиг-у, ҳеч балога эришмадик, – деб эътироз билдирдим. – Биз уни инсофга чақириб кўрдик, лекин, афтидан, бундан иш чиқмайди.

Вэттер ҳамма муаммони елкага енгилгина қоқиб қўйиш йўли билан ҳал этишга ўрганиб
қолганди:

– Келинг, ҳаяжонга берилиб, жаҳл отига минмайлик.

Мен ўқрайиб Уатсонга ўгирилдим:

– Сиз, нима, чиндан ҳам Дьюк О’Брайенни айбсиз деб ҳисоблайсизми?

У хижолатомуз ўтирган ерида қимирлаб қўйди:

– Э йўқ, уни, албатта, айбдор деб ўйлайман. Лекин сиз менинг фикримни тушунмадингиз, чоғи. Менинг фикри ожизимча, суд у Мэтт Тайсонни ўлдирганини исботлаганича йўқ.

– Балки шундайдир, бўтам, – деди Вэттер.

– Бироқ агар фикрингиз шундай экан, бу ерда сиз рус армиясидаги капеллан1 сингари якка-ёлғизсиз.

Мен оғир-вазминлик билан дона-дона қилиб гапиришга ўтдим:

– Дьюк О’Брайен билан Тайсон бир хонада бўлишган. Тамаки дўконининг орқа хонасида. Шундай бўлганки, бекорчи вақтида дўконга чўбуқ харид қилгани кириб қолган миршаб ўқ овозини эшитиб орқа хонага отилган. Эшикни очган заҳоти қуйидаги ҳолатга кўзи тушган: Мэтт Тайсон полда ўлик ҳолда ётибди, ҳавода порох ҳиди анқиган, Дьюк О’Брайен эса дераза орқали қочишга уринмоқда. Миршаб унинг ортидан қувишга тушади, барча мавзе ва торкўчалар бўйлаб таъқиб қилади, бир неча марта огоҳлантирувчи ўқ узади. Шунгами ёки О’Брайен нафаси ўпкасига тиқилганими… охир-оқибат, у таслим бўлади.

– Аммо миршаблар ҳеч қандай қотиллик қуролини топишолмаган, – деб туриб олди Уатсон.

Кўринишидан бош оғриғи билан туғилгандай рамақижон дорихоначи Ротуэлл ҳужумни
қўллади:

– Таъқибдан қочар экан, О’Брайен ҳовлилар ва шохдеворлар оралаб бир нечта мавзени югуриб ўтади. Кечаси, қоп-қоронғида қўлидаги тўппончадан халос бўлишга минг битта имконияти бўлган. Миршаблар қидирув ишларига фақат тонгда киришишган. – Ротуэллнинг бундай виждонсизликдан нафрати қўзиётгани очиқ-ойдин кўриниб турарди. – Маҳкамага олиб келишганда, О’Брайен биринчи галда нима қилади? У ўз адвокатини талаб қилади ва унинг бу талаби қондирилади. О’Брайен адвокати билан нима ҳақда гаплашганини сизга айтишим мумкин. О’Брайен унга тўппончани ташлаб юборганини айтади, адвокат эса Дьюкнинг йигитларидан бири билан боғланиб, ўша кечасиёқ тўппончани топишни буюради.

– Лекин Дьюк тўппончаси бўлмаганини айтиб турибди-ку.

– Унда тўппонча қини бор эди. Елкасидан ўтказилган бўм-бўш қин. Агар тўппончани олмаганда, қинини тақармиди?

– Аммо Дьюк одатда тўппончани ўзи билан олиб юришини, шунчаки ўша кеча унутиб қолдирганини таъкидлаб ўтди.

Ротуэлл бир лаҳзага кўзини юмди.

– Миршаблар О’Брайеннинг ўнг қўлида порох изларини топишган.

– Биламан, – тасдиқлади Уатсон. – Бироқ О’Брайен бунгача икки соат олдин нишонга қараб ўқ отиш билан шуғулланганини айтди. Ўшанда қўлида порох излари қолган экан.

Эшик тақиллаб, суд котибининг боши ва елкаси кўринди.

– Судья ҳукм чиқардингларми-йўқми, билмоқчи.

Зардам қайнаб унга ўгирилдим:
– Кетимизга қараб фол очиб ўтирибмизми бўлмаса?!

Котиб орқасига тисланди.

– Нега менга бобиллайсиз? Судья сўраб кўришимни айтди, холос. Ўтакетган расмиятчи мактаб муаллимаси Женкинс хоним худди учинчи синф боласига гапиргандай Уатсонга мурожаат қилди:

– Дьюк О’Брайен ёмон одамлигини биласиз-а, тўғрими?

– Ҳм… Ҳа.

– У товламачи, шундайми?

– Менимча, ҳа, лекин…

– У шаҳарнинг жиноят оламини бошқаради, шундаймасми? Гиёҳванд моддалар, қиморхоналар ва… – Женкинс хоним андак қизариб олди, – ва бошқа муассасаларни. Ҳаммаси унинг назорати остида, тўғрими?

– Ҳа, – деб ҳазин товушда тасдиқлади Уатсон. – Аммо-лекин биз уни бунинг учун суд қилаётганимиз йўқ. Қотилликда айблаяпмиз.

– Жаноб Уатсон, – кескинлашди Женкинс хоним. – Сиз жуда қайсар одам экансиз.
Уатсон бизни ишонтиришга уринди:

– Башарти, Дьюк О’Брайен каттакон экан… ўзининг ашаддий қотилларию бошқалари бўлган жиноятчилар гуруҳи бор экан, нега унда Тайсонни унинг ўзи ўлдириши керак бўлиб қолди? Битта-яримтасини ёллаб, ўзи эса қуённинг расмини чизиб, ўзига алиби ясаб олса бўларди-ку.

– Бу оний лаҳзалар масаласи. Тамаки дўкони – бошқа биронта, масалан, букмекерлар уясининг паноҳгоҳи. У Тайсон билан нимагадир гап талашиб қолишади, О’Брайен ўзини қўлга ололмай, Тайсонни отиб қўяди. Сизга, нима, албатта, гувоҳлар бўлиши керакми?

– Йўқ, лекин…

– Жаноб Уатсон, эгри далиллар нима эканини билсангиз керак?

– Ҳа, лекин, менимча, барибир суд ҳали исботлай…

Мен яна ўртага суқилдим:

– Келинг, бир дақиқага сизни ақлли одам деб ҳисоблайлик. Нима деб ўйлайсиз, агар О’Брайен айбдор бўлмаса, нега қочади?

– У ваҳимага тушган.

– Хўш, бўлмаса, нима юз бергани борасидаги ўзининг заифгина талқини қанақа экан?

Уатсон бўйнини артиб олди.

– О’Брайен айтдики, у Тайсон билан гаплашиб турган, шунда қўққисдан кимдир очиқ деразадан ўқ узган.

Мен ишонқирамай кулимсирадим.

– Очиқ дераза? Кўчада уч даража совуқ эди. Ким бунақа аёзда деразаларни очиб қўяди?

– О’Брайен айтдики, хона попирис тутунига тўлиб кетган эди.

– Терговда на О’Брайен, на Тайсон кашанда эмасликлари маълум бўлди.

– О’Брайен айтдики, улар кирганда, хона аллақачон тутунга тўлган эди.

– О’Брайен унақа деди, О’Брайен бунақа деди, – жаҳл билан унинг гапини бўлди Ротуэлл. – У нима деса, ишонаверасизми? Нега, ахир? – У ўтирган стулида олдинга сурилди. – Агар ҳукм чиқариш бекор қилинадиган бўлса, сиз ҳам янги мошина сотиб олишни кўзлаётгандирсиз?

Уатсон докадек оқариб кетди.

– Икки қулоғингизгаям қуйиб олинг, менга бунақа муомала қилишларига чидаб турмайман. Узр сўрашингизни талаб қиламан!

Тинчлик тарафдори бўлмиш Вэттер қўлини кўтарди.

– Фаҳмимча, ҳаммамиз чарчадик ва очқадик. Танаффус қилишга нима дейсизлар? Қаҳва билан бутербродга одам жўнатдик.

Вэттер, Ротуэлл ва мен узун столнинг бир чеккасига қўлимизда финжон қаҳва билан ўтирдик.

Ротуэлл иштаҳасиз овқат чайнади.

– Иш биринчи жараёнга ўхшаб якун топадими, дейман.

– Бундай бўлмайди, деб умид қиламиз, – деб хўрсинди Вэттер.

Ротуэлл бир ўзи овқатланаётган Уатсонга ўқрайиб назар солди.

– Дарров мошина олиб, аҳмоқлик қилмайди у. Ҳаммаси босди-босди бўлмагунча, пулларни яшириб қўяди.

– Келинглар, тўйдан олдин ноғора қоқмайлик, – деб Ротуэллнинг гапини олди Вэттер.

– Балки у чиндан ҳам О’Брайеннинг айби исботланмаганига ишонар.

Бу Мэтт Тайсоннинг ўлдирилгани учун О’Брайен устидан олиб борилаётган иккинчи суд иши эди. Биринчиси ҳайъат аъзоларини блоклаш билан якунланганди. Айблов хулосаси учун ўн битта, оқлаш учун битта овоз.

Аввалги ҳайъат тарқатиб юборилганидан уч кун ўтиб, гумондорни оқлаш учун оёқ тираб олган суд маслаҳатчиси янги автомобиль сотиб олганди. Буни унинг қўшнилари кўришган ва маъмурларнинг ҳам назаридан қочмаган. Қолаверса, унгача бир кун аввал ўша суд маслаҳатчисининг банкдаги ҳисоб рақамига беш минг доллар тушгани ҳам аниқланган.

Ҳозирда унга қарши айблов эълон қилинган, гарчи у ҳеч нарсани тан олмаса-да, О’Брайен суд маслаҳатчисини сотиб олгани кундай равшан эди.

Суд котиби финжон ва ликопларни олгунча кутиб турдик, кейин яна стол атрофидаги жойларимизни эгалладик.

– Жаноб Уатсон, адолат ўз вазифасини ўзгача тарзда адо этади, – деб бошлади Вэттер.

– Шунақа денг.

Вэттер бош ирғади.
– Сиз турмага жўнатиладиган товламачилар ҳақида ўқиган бўлсангиз керак?

– Албатта.

– Эҳтимол, улар товламачилик моддаси бўйича камдан-кам ҳолларда айбланишлариниям пайқаган бўлишингиз керак. Одатда уларни бирон бошқа қонунбузарлик, мисол учун, солиқ тўлашдан бош тортганлик учун суд қилишади.

– Шундай.

– Ва уларга ноодатий тарзда оғир ҳукм ўқилади, тўғрими? Ўн йил. Ҳатто ўн беш йил. Уатсон кейин гап нимага бориб тақалишини кутиб жим тураверди. Вэттер мийиғида кулиб қўйди:

– Оддий солиқ ҳуқуқбузарларига, одатга кўра, мурувват кўрсатилади. Жарима ёки шартли жазо, гоҳида қисқа муддатга ҳибсга олиш. Аммо товламачиларга энг узоқ муддат берилиб, энг катта жарима солинади.

Уатсон ҳам бош ирғаб қўйди.

– Бу ерда гап нимадалигини тушуняпсизми? Аслида, судья унга солиқ тўлашдан бош тортгани учун эмас, барчага маълум-у, лекин исботланмаган жиноятлари учун жазо тайинлайди.

Уатсон чуқур хўрсинди:

– Тушуниб турибман, нима демоқчилигингизни, аммо…

– Ҳатто унинг мазкур жиноятда айби исботланмаган, деб ҳисоблаган тақдирингиздаям, билишингиз шартки, у бошқа кўплаб жиноятларда айбдор. Сиз уни жинояткорона ҳаёт кечираётганининг ўзида айбдор деб топишингиз керак.

– Эҳтимол, – истар-истамас бу фикрга қўшилди Уатсон. – Лекин қамоқ жазоси бир тарафу… Айтмоқчиманки, агар биз уни айбдор деб топсак, мана шу штатда бундай жиноят ўлим билан жазоланади.

Ротуэлл ўтирган стулидан ярим кўтарилди.

– Демак, сиз О’Брайенни шунинг учун айбдор деб тан олмоқчимасмисиз? У электр стулга ўтириши мумкинлиги учунми?

Уатсон унинг ўткир нигоҳидан қочишга уринди. Ротуэлл овозини баландлатди:

– Сизни ҳайъат таркибига сайлаб олишдан аввал, ўлим жазосига қарши эмасмисиз, деб
сўрашган. Кўриниб турганидек, йўқ, деб жавоб бергансиз, йўқса, ҳозир мана шу хонада ўтирмаган бўлардингиз.

Уатсон шолғомдек қизариб кетди.

– Ҳа, қаршилик билдирмадим… ҳозир ҳам қаршимасман. Лекигин…. анов Тайсон деганлари авлиё эмас, айтиш мумкинки, О’Брайен савоб иш қилди. – Уатсон қулт этиб ютиниб олди. – Сизларга ўлим жазоси бундай ҳолат учун ўта оғир жазодек туюлмаяптими?

Бирмунча вақт хонага жимлик чўкди, сўнг Вэттер:

– Бўтам, наҳотки, сен қотил кўчада тараллабедод қилиб юришини истасанг? – деб сўради.

– Йўқ, албатта, йўқ. – Уатсон чуқур хўрсинди тағин. – Лекин фараз қилайлик, ҳукм чиқариш бекор қилинади. Бу О’Брайен озодликка чиқарилади, деганимас-ку. Яна битта суд иши бўлиб ўтади ва кейинги сафар уни айбдор деб тан олишади.

Женкинс хоним сал қолса ҳушидан айрилаёзди.

– Жаноб Уатсон, нима деяётганингизни тушуняпсизми? Сиз О’Брайенни айбдор деб ҳисоблайсиз-у, лекин бу… қора ишни ўрнингизга бошқа биронтаси қилишини истайсиз.

Вэттер маъюсланиб бош чайқади.

– Демак, О’Брайен устидан яна бир марта суд бўлади, деб ўйлайсиз?
Уатсон кўйлаги ёқасини очиб қўйди.

– Албатта.

– Балки шундай бўлар ҳам, – синиқ табассум қилди Вэттер. – Лекин бунга кўп ҳам ишончим комил эмас. Назарий жиҳатдан, О’Брайен иши бўйича у ёки бу ҳукм чиқарилмагунча аччиқ ичакдай чўзилган суд олиб бориш мумкин. Бироқ икки ҳайъат кетма-кет бекор қилингач, айбловчи томон шубҳаланишни бошлайди.

Маслаҳатчилар иштирокидаги суд мажлисини ишонтириш учун иш бўйича маълумотлар етарлими? Натижада ҳайъатдан ҳеч қандай ҳукм ололмаслик ёки ҳатто оқлаш қарорини олиш учун яна суд чақириб, вақт ва пул сарфлашда давом этавериш керакми? Буларнинг барчаси қораловчининг жонига тегиб: «Мен О’Брайенни тегишли жойга жўнатишга ҳалоллиги ва жасорати етадиган ўн икки нафар маслаҳатчиларни тополмаяпман. Майли, шундай қолса-қолар. Бунга уларнинг ўзи айбдор», дейишиям эҳтимолдан ҳоли эмас.

Уатсоннинг пайтавасига қурт тушгани очиқ кўриниб турарди.

– Балки вазият бошқача тус олар, – давом этди сўзида Вэттер. – Туйқус О’Брайенни қўлга туширган миршаб кўрганларини «ёдидан чиқариб қўяр». Бошқалар каби ўша миршабдаям тўлаши лозим бўлган гаров хати бордир, шунда у О’Брайен электр стулдан пора-мора бериб қутулиб қолишини кўзлар. Хўш, нега энди жиндай пул ишлаб олмаслиги керак экан?!

– Қулоқ солинг, Уатсон, – баҳсга қўшилди Ротуэлл. – Сиз О’Брайенни биргина қотиллик учун электр стулга ўтирғизмаяпсиз. Балки у Тайсонни асфаласофилинга жўнатгани учун ўлим жазосига лойиқмасдир, лекин озод қилинишга лойиқмикин?

– Бўтам, – деб яна тилга кирди Вэттер. – Сен бу О’Брайен айбланаётган биринчи ўлим ҳолати деб ўйлайсанми? Ҳар сафар кимдир ўзининг мошинаси юкхонасида ўлик ҳолда топилганида, бунинг ортида ким турганини аниқ биласан-ку.

– Қайси тарафдан олиб қаралмасин, – дедим қизиққонлик билан, – О’Брайен стулда кул бўлиб ёнишга лойиқ.

Уатсон фақат кўзини пирпиратиб қўйди, холос.

– Жаноб Уатсон, – хотиржам гапга аралашди Женкинс хоним, – болаларингиз борми?
Уатсон бош ирғади.

– Икки нафар. Ўғлим ўн тўртда, қизим ўн еттида.

– Агар О’Брайенни озодликка чиқарсангиз, болаларингиз сиз билан фахрланади деб ўйлайсизми? Ўз бурчингизни бажармасангиз-а?

Уатсон миқ этмади.

– Шаҳримизда гиёҳванд моддалар савдоси қай даражада эканини биласизми? – давом этди Женкинс хоним. – О’Брайен ва унга ўхшаганлар туфайли нечта юқори синф ўқувчиси игнага ўтирганини-чи?

Хонага анчагача сув қуйгандек жимжитлик тушди. Ниҳоят, Уатсон бошини кўтарди. Бир хўрсинди-да, тан олди:

– Сиз ҳақсиз. Тамом. Мен… қўрқоқлик қилдим.

Вэттернинг чеҳраси очилди.

– Келинглар, бунга расмий тус берамиз. Мен бирма-бир сўраб чиқаман.

Уатсоннинг исми янграганда, у ўрнидан туриб, қатъий равишда:

– Айбдор, – деди.

Вэттер маъқуллагандай бош ирғаб, давом
этди:

– Женкинс?

– Айбдор.

– Коулмен?

– Айбсиз, – дедим.

Ҳамма бошлар бирданига мен томонга ўгирилди. Ўрнимдан турдим.

– Биз адолатнинг энг муҳим тамойилига амал қилмаётганимиз ногаҳон миямга уриб қолди. Биз О’Брайенни судгача олиб келган қилмиши учун эмас, уни қандай одам деб ҳисоблаётганимиз учун айблаяпмиз.

Лекин бу, турган гап, қароримни ўзгартиришимнинг туб сабаби эмасди.

То Уатсон бўш келмагунча, иш хамирдан қил суғургандек кетаётганди. Мен ҳайъат аъзолари ягона қарорга келолмасликлари учун айнан Уатсон жавобгар бўлади, деб кўз тиккандим. Шу боис, ўжарлигини қамчилаб туриш учун унинг жиғига тегиш ва ҳақоратлашни тўхтатмадим.

Лекин энди Уатсон фикридан қайтиб турибди.

Мен ўн бир нафар лолу ҳайрон суд маслаҳатларига кўз югуртириб чиқдим-да, олган пулларимни оқлашим кераклигини тушуниб етдим.

Шундай қилишим керакки, ҳаммаси ишонарли бўлиши керак.

Алалоқибат, Дьюк О’Брайен бу сафар ҳам ҳукм чиқарилмаслигига амин бўлиш учун менга ўн минг долларни қуртдай санаб берган, ахир.

Рус тилидан
Саиджалол САИДМУРОДОВ
таржимаси

1 Бу ерда: ҳарбий хизматчиларга одоб-ахлоқ ва руҳий-маънавий жиҳатдан таълим-тарбия берадиган руҳоний назарда тутилмоқда (тарж.).