0,00 UZS

No products in the cart.

17.9 C
London
Chorshanba, Oktabr 20, 2021

Диний ташкилотлар фаолиятини ҳуқуқий тартибга солиш масалалари

- Advertisement -
- Advertisement -

Ўзбекистонда диний ташкилот ва бирлашмаларнинг мавжудлиги ва ҳуқуқий мақоми конституциявий тузумнинг алоҳида элементи сифатида мамлакатнинг Асосий қонунида ўз аксини топган. Конституцияга кўра Ўзбекистон суверен демократик республика бўлиб, давлат халқ иродасини ифода этган ҳолда унинг манфаатларига хизмат қилади. Асосий қонунда диний ташкилот ва бирлашмаларнинг қонун олдида тенглиги белгиланган. Давлат уларнинг фаолиятига аралашмайди.

Диний ташкилотларнинг давлатдан ажратилганлиги уларнинг фуқаролик жамиятида алоҳида институт сифатида мавжудлигини англатади. Давлат диний ташкилотларнинг фаолиятида иштирок этишни зиммасига олмайди ва диний ташкилотлар ҳам бундай иштирокни талаб қилмайди.

Бироқ давлат ва диний ташкилотлар ўртасида муносабат ўрнатилиши зарур. Чунки аксарият давлат ишлари, айниқса, ижтимоий ишларни фуқаролик жамияти институтлари – жамоат ташкилотлари иштирокисиз тўлиқ ҳал қилиб бўлмайди. Диний ташкилотлар муҳим жамоат ташкилоти сифатида Ўзбекистон фуқароларининг диний манфаатларини амалга оширишга хизмат қилади. Одатда кўпинча давлатнинг расмий шахслари ва дин арбобларининг учрашувлари, ҳукумат амалдорларининг диний маросимларда ва дин арбобларининг ҳукумат маросимларида иштироки кузатилади. Бу мамлакат ҳаётидаги ижтимоий ўзгаришларни жамоатчиликка етказиш имконини беради.

Диний ташкилотлар ҳам фуқаролик жамияти институтларидан бири бўлиб, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг XIII боби жамоат бирлашмаларига бағишланган.

Фуқаролик кодексининг 74-моддасига кўра маънавий ёки ўзга номоддий эҳтиёжларни қаноатлантириш учун ўз манфаатларининг муштараклиги асосида қонунда белгиланган тартибда бирлашган фуқароларнинг ихтиёрий бирлашмалари жамоат бирлашмалари ҳисобланади. Фуқаролик кодексида келтирилган таъриф диний ташкилотлар тузилиши, мақоми, фаолиятининг моҳиятига мос бўлиб, уларнинг жамоат бирлашмаси сифатида эътироф этилишига асос бўлади.

«Жамоат бирлашмалари тўғрисида»ги қонун эса сиёсий партиялар, оммавий ҳаракатлар, касаба уюшмалари, хотин-қизлар, ёшлар ва болалар ташкилотлари, ветеранлар ва ногиронлар ташкилотлари, илмий-техникавий, маданий-маърифий, жисмоний тарбия-спорт ва бошқа кўнгилли жамиятлар, ижодий уюшмалар, юртдошлар уюшмалари, ассоциациялар ва фуқароларнинг бошқа бирлашмаларини жамоат бирлашмалари деб эътироф этади. Мазкур қонунда диний ташкилотлар ушбу рўйхатга киритилмаган, аммо уларнинг фаолияти бошқа қонунлар билан тартибга солиниши назарда тутилган. Ҳозирги вақтда диний ташкилотлар ривожланиб бораётган фуқаролик жамияти манфаатлари нуқтаи назаридан давлат ва жамиятнинг ижтимоий, маданий ва сиёсий соҳаларида ўзаро таъсир ва ҳамкорлик масалаларини ҳал этишда бошқа жамоат ташкилотлари билан ҳамкорлик қилиб келмоқда.

Маълумки, сўнгги йилларда қабул қилинаётган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар фуқаролик ташаббусларини намоён этиш, жамиятнинг ижтимоий тузилишини такомиллаштириш, ҳокимият ва жамоат ташкилотларининг ўз фаолияти учун жавобгарлиги ҳиссини оширишни назарда тутади. Шу жиҳатдан давлат органларининг нодавлат нотижорат ташкилотлар ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари билан ҳамкорлиги муҳим ҳисобланади. Ушбу муносабатлар ижтимоий шерикликка асосланиб, «Ижтимоий шериклик тўғрисида»ги қонун билан тартибга солинади. Қонунга мувофиқ ижтимоий шерикликнинг субъектлари сифатида бир томондан давлат органлари, иккинчи томондан нодавлат нотижорат ташкилотлар ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари иштирок этади.

              Ижтимоий шерикликнинг устувор вазифалари сифатида миллатлар, конфессиялар ва фуқаролар ўртасидаги иноқликни таъминлашга қаратилган   ғояларни мустаҳкамлаш, анъанавий, маънавий ҳамда маданий қадриятларни тиклаш ва сақлаш эътироф этилади.

Шу нуқтаи назардан Ўзбекистонда диний ташкилотларнинг фаолияти «Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида»ги қонун билан тартибга солинган. Қонуннинг 8-моддасига кўра Ўзбекистон фуқароларининг динга эътиқод қилиш, ибодат, расм-русум ва маросимларни биргаликда адо этиш мақсадида тузилган кўнгилли бирлашмалари (диний жамиятлар, диний ўқув юртлари, масжидлар, черковлар, синагогалар, монастирлар ва бошқалар) диний ташкилот деб эътироф этилади. Улар давлат рўйхатидан ўтгандан сўнг юридик шахс мақомига эга бўлиб, қонунда белгиланган тартибда фаолият олиб бориши мумкин.

Қонуннинг 15-моддасида диний ташкилотларнинг ўз маблағи ҳисобидан сотиб олинган ёки яратилган, фуқаролар, жамоат бирлашмалари эҳсон қилган ёки васият қилиб қолдирган, давлат томонидан берилган, шунингдек, чет элда жойлашган ва қонун ҳужжатларида назарда тутилган бошқа асосларда олинган, ўз фаолиятини таъминлаш учун зарур бўлган бино, иморат, ибодат анжомлари, ишлаб чиқариш, ижтимоий ва хайрия иншоотлари, пул ва бошқа мулклари уларнинг мулки бўлиши мумкинлиги, диний ташкилотларнинг мулкий ҳуқуқлари қонун билан муҳофаза қилиниши белгиланган.

Диний ташкилотлар давлатдан ажратилганининг конституциявий принципига мувофиқ ўз иерархик ва институционал тузилишидан келиб чиқиб фаолият юритади. Улар:

қонун ҳужжатларида белгиланган шарт ва талаблардан келиб чиқиб ўз ходимларини танлайди, тайинлайди ва алмаштиради;

фаолияти давомида ҳокимият органлари, бошқа давлат органлари, муассасалари ва маҳаллий ўзини ўзи бошқариш органлари функцияларини бажармайди;

республика ва маҳаллий ҳокимият органларига сайловларда иштирок этмайди;

сиёсий партия ва сиёсий ҳаракатлар фаолиятида қатнашмайди, уларга моддий ёки бошқа ёрдам кўрсатмайди.

Сайлов кодексида диний ташкилотларнинг профессионал хизматчилари Ўзбекистон Республикаси Президентлигига, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлигига, маҳаллий кенгашлар депутатлигига номзод этиб рўйхатга олинмаслиги белгиланган, «Сиёсий партиялар тўғрисида»ги қонунда эса диний партияларни тузиш тақиқланган.

Қонун нормаларида келтирилган диний ташкилотларнинг профессионал хизматчиларига нисбатан қўйилган чекловлар диний ташкилотларнинг давлатдан ажратилганини, бу ташкилот аъзоларининг Конституция билан кафолатлаб қўйилган шахсий, ижтимоий, иқтисодий, сиёсий ҳуқуқ ва эркинликларига дахл этмаслигини, ушбу муносабатларда улар бошқа фуқаролар билан тенг ҳуқуқлилигини билдиради.

Диний ташкилотларнинг давлат органлари билан алоқаси ва ҳамкорлиги Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита томонидан қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда давлат рўйхатидан ўтказилган диний ташкилотларнинг манфаатларини акс эттирган ҳолда мувофиқлаштириб борилади.

Қўмита:

қонун ҳужжатларига мувофиқ дин соҳасида ягона давлат сиёсатини олиб бориш;

дунёвий давлат тамойилидан келиб чиқиб фуқароларнинг виждон эркинлиги кафолатларини ҳимоя қилиш;

жамиятда диний­маърифий муҳит барқарорлигини ва эътиқод эркинлигига таҳдид солиши мумкин бўлган омилларни ўрганиш ва уларнинг олдини олиш, ушбу жараёнларда диний­маърифий соҳа вакилларининг иштирокини кенгайтириш;

аҳоли орасида конфессиялараро тотувлик ва диний бағрикенгликни мустаҳкамлаш;

мамлакат фуқароларининг хорижий давлатларга ҳамда чет эл фуқароларининг Ўзбекистонга зиёрат туризмини амалга ошириши учун шароитлар яратиш;

манфаатдор ташкилотлар билан ҳамкорликда аҳолининг диний­ижтимоий жараёнларга муносабатини ўрганиш бўйича ижтимоий сўровларни ташкил этиш каби вазифаларни амалга оширади.

«Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида»ги қонунда давлат органлари ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларининг диний ташкилотлар билан муносабат борасидаги ваколатлари белгиланган бўлиб, ушбу масала Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита тасдиқлаган низом асосида тартибга солиниши қайд этилган.

Дин давлатдан ажратилган, демократик ҳуқуқий давлат ва эркин фуқаролик жамиятини қуриш йўлидаги секуляр принциплар асосида ривожланаётган Ўзбекистон қонунчилигида диний ташкилотларнинг бошқа жамоат ташкилотлари билан алоқалари ва ҳамкорлиги масалалари ҳозир етарли даражада акс эттирилмаган. Ҳуқуқий давлатнинг тараққиёти эса кўп жиҳатдан фуқаролик жамиятининг ривожланиш даражасига боғлиқдир.

Шуни ҳам таъкидлаш керакки, давлат диний бирлашмалар аъзолари ёки эътиқод қилувчиларининг сонидан қатъи назар, уларнинг фаолияти ва ибодат эркинлиги учун тенг шароит яратиб бермас экан, бирлаштирувчи функцияси билан бир қаторда турли диний бирлашмалар фуқаролик жамияти ривожига салбий таъсир кўрсатиши, миллий, этник, конфессионал низоларни келтириб чиқариши мумкин.

Ўзбекистонда фуқаролик жамияти институти сифатида диний ва дунёвий ташкилотлар ўртасидаги манфаатлар тўқнашувини истисно этмаган ҳолда уларнинг ҳамкорлигидан самарали фойдаланиш, диний ташкилотларнинг жамиятни бирлаштирувчи, аҳолининг маънавий савиясини оширувчи, фуқаролар ўртасида ишонч, меҳр-оқибат туйғуларини кучайтирувчи кучидан унумли фойдаланиш мақсадга мувофиқдир.

Фируз РАШИДОВ,

Ўзбекистон халқаро ислом академияси

катта ўқитувчиси,

Тошкент давлат юридик университети

мустақил изланувчиси.

- Advertisement -

Latest news

Тошкент шаҳрига кириб келувчи йўловчи транспортлар учун 6 та метро бекати атрофида автотураргоҳлар ташкил этилади

“Тошкент метрополитени фаолиятининг самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент қарори (ПҚ–5260-сон, 16.10.2021 й.) қабул қилинди Қарорга мувофиқ, “Тошкент метрополитени” УК “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ таркибидан Транспорт...
- Advertisement -

Йил охиригача барча кодексларга шарҳлар тайёрланади

“Адолат” Миллий ҳуқуқий ахборот маркази ҳамда Тошкент давлат юридик университети ўртасида ҳамкорлик келишуви имзоланди. Ҳамкорликдан кўзланган асосий мақсад “юриспруденция” мутахассислиги бўйича юридик кадрларни тайёрлаш,...

Хусусий мактаблар тадбиркорлик субъекти ҳисобланадими?

Халқ таълими вазирлигининг ўтган йил ноябрь ойидаги маълумотида юртимизда 140 та хусусий мактаб фаолият юритаётгани қайд этилган. Президентимизнинг 2019 йил 29 апрелдаги 5712-сонли фармони...

2021 йил июнь сони

“Huquq va burch” журнали Чоп этилган вақти: 2021 йил, июнь Саҳифалар сони: 64 саҳифа Чоп этилган мақолалар сони: 12 та Журнал баҳоси: 20 000 сўм МУНДАРИЖАНИ КЎРИШ ЮКЛАБ...

Related news

Тошкент шаҳрига кириб келувчи йўловчи транспортлар учун 6 та метро бекати атрофида автотураргоҳлар ташкил этилади

“Тошкент метрополитени фаолиятининг самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент қарори (ПҚ–5260-сон, 16.10.2021 й.) қабул қилинди Қарорга мувофиқ, “Тошкент метрополитени” УК “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ таркибидан Транспорт...

Йил охиригача барча кодексларга шарҳлар тайёрланади

“Адолат” Миллий ҳуқуқий ахборот маркази ҳамда Тошкент давлат юридик университети ўртасида ҳамкорлик келишуви имзоланди. Ҳамкорликдан кўзланган асосий мақсад “юриспруденция” мутахассислиги бўйича юридик кадрларни тайёрлаш,...

Хусусий мактаблар тадбиркорлик субъекти ҳисобланадими?

Халқ таълими вазирлигининг ўтган йил ноябрь ойидаги маълумотида юртимизда 140 та хусусий мактаб фаолият юритаётгани қайд этилган. Президентимизнинг 2019 йил 29 апрелдаги 5712-сонли фармони...

2021 йил июнь сони

“Huquq va burch” журнали Чоп этилган вақти: 2021 йил, июнь Саҳифалар сони: 64 саҳифа Чоп этилган мақолалар сони: 12 та Журнал баҳоси: 20 000 сўм МУНДАРИЖАНИ КЎРИШ ЮКЛАБ...
- Advertisement -