Ҳар бир демократик давлатда Конституция фуқароларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини эътироф этувчи, тан олувчи ва амалга оширилишида асос бўлиб хизмат қилувчи муҳим ҳужжат ҳисобланади. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Конституциясида ҳам давлат халқ иродасини ифода этиб, унинг манфаатларига хизмат қилиши, давлат органлари ва мансабдор шахслар жамият ва фуқаролар олдида масъул1 экани белгилаб қўйилган. Сўнгги йилларда фуқароларнинг Конституцияда белгиланган ҳуқуқларини эътироф этиш, таъминлаш йўналишида эътиборга молик ишлар амалга оширилмоқда.

Жумладан, давлат хизматлари марказлари фаолиятининг йўлга қўйилгани ҳамда «электрон ҳукумат»нинг жорий этилиши фуқаролар ҳаётини енгиллаштириш ҳамда турли оворагарчиликларнинг олдини олишда муҳим аҳамият касб этди. Бугунги тараққиёт давлат органлари томонидан кўрсатиладиган хизматларни янада такомиллаштиришни тақозо этмоқда.

Ривожланган дунёда хизмат кўрсатиш соҳаларининг рақамли технологиялар асосида амалга оширилишига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Тараққий этган айрим мамлакатларда ушбу турдаги хизматлар жамоат хизмати сифатида ҳам эътироф этилади. Чунончи, Франция, Буюк Британия, Канада каби давлатлар «public service», яъни жамоат хизмати сифатида аҳолига хизмат кўрсатиш тизимини йўлга қўйган. Жумладан, Буюк Британиядаги қизил рангли телефон будкалари аҳолига бир неча йиллардан бери алоқа хизматини кўрсатиб келаётгани ва унинг асосан жамоат жойларига ўрнатилганини кўриш мумкин.

Шу ўринда давлат хизматини ташкил этишда улкан муваффақият қозонган давлатлардан бири бўлмиш Сингапур тажрибасига эътибор қаратсак. 1995 йил май ойида Сингапур ҳукуматининг доимий котиблари давлат хизматларини ислоҳ қилиш дастурини «21-аср учун давлат хизмати» ёки қисқача PS21 деб номлашди (Лим, 1997). PS21 мавжуд қатор тизимларни, жумладан, ишларни такомиллаштириш гуруҳлари ва хизматларни бирлаштирди ва кенгайтирди. PS21нинг юқори даражадаги оммавий обрўси расмий ҳужжатларда давлат хизмати самарадорлигини ошириш ва янада сифатли хизматларни кўрсатишга қаратилган ташаббус экани билан изоҳланади.

Ушбу ислоҳотдан иккита асосий мақсадни амалга ошириш умид қилинди:

а) юқори сифатлилик ва хушмуомалалик талаблари асосида жамоатчилик эҳтиёжларини қондиришда хизмат кўрсатишнинг мукаммал муносабатларини ривожлантириш;

б) доимий ўзгаришни кучайтирадиган ва кутиб оладиган муҳитни ривожлантириш, давлат хизматчилари маънавияти ва фаровонлигига эътибор беришда замонавий бошқарув воситалари ва усулларини қўллаш орқали самарадорликка эришиш (Чеунг, 2003).

PS21 ташаббусига Бош вазир девони ва Марказий бошқарув қўмитаси (аъзолари таркибига турли вазирликларнинг доимий котиблари киради) ва тўртта функционал қўмита раҳбарлик қилади2.

Сингапур аҳоли ва бизнесга электрон хизматлар тақдим этиш бўйича етакчи мамлакатлардан бирига айланган. 2005 – 2016 йиллар давомида ушбу давлат органлари ўз хизматларини электрон шаклда тақдим этишни бошлади. 2005 – 2009 йиллар давомида 1600 та давлат хизмати (жами давлат хизматларининг 80 фоизи) электрон шаклга ўтказилди. Ҳозир мамлакат «Рақамли ҳукумат» тизимини шакллантирмоқда. Мазкур тизим доирасида фуқаролар рақамли давлат хизматларидан қачон ва қаерда хоҳласа фойдаланиш имкониятига эга бўлади. Тизимда барча идоралар фаолияти мужассам бўлади ҳамда фуқаро билан икки томонлама алоқа таъминланган ягона рақамли платформада давлат бошқарув қарорларини қабул қилиш имконини беради.

Сингапур «агиле» (тезкор) режимидаги давлат хизматларини ишлаб чиқишга ҳам катта эътибор қаратмоқда. Яъни, давлат идоралари тезкор суратда давлат хизматларини ишлаб чиқади ҳамда татбиқ этади. «Рақамли ҳукумат» тизимини яратишда кадрлар тайёрлаш ва тадқиқотлар ўтказиш сўзсиз муҳим жиҳатлардан ҳисобланади. Сингапур Миллий университетининг Тизимли фанлар институти қошидаги Электрон ҳукуматнинг етакчилик маркази (NUS ISS/eGL) давлат хизматлари борасидаги салоҳиятни ривожлантириш, маслаҳат ва амалий тадқиқотларда яқиндан кўмак кўрсатади.

Ўзбекистонда ҳам давлат хизматларини кўрсатиш тизими изчиллик билан ривожланмоқда. Жумладан, fo.birdarcha.uz, my.gov.uz Ягона интерактив давлат хизматлари портали фуқаролар ва тадбиркорларнинг давлат хизматларидан фойдаланиш ва улар ҳақида энг зарур маълумотлардан фойдаланишнинг ягона нуқтаси яратилди. Бунда барча хизматлар ҳар бир шахсга мослаштирилган ва рўйхатдан ўтгандан сўнг фойдаланиш имконини беради. Портал орқали хизматлардан фойдаланишда марказга бориб фойдаланиладиган хизматлардан фарқли равишда чегирмалар белгиланган. Бу ҳам айнан содда, қулай, шаффоф ва тезкор хизматларни оммалаштиришга қаратилган фаолиятнинг ёрқин намунасидир3. Умуман олганда, мамлакатимиз қонунчилигига биноан давлат хизмати – ариза берувчиларнинг сўровларига кўра амалга ошириладиган, давлат органларининг вазифаларини бажариш бўйича улар томонидан кўрсатиладиган хизмат, электрон давлат хизмати – ахборот-коммуникация технологиялари қўлланилган ҳолда кўрсатиладиган давлат хизмати4 ҳисобланади.

Шу маънода Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 12 декабрдаги «Aҳолига давлат хизматлари кўрсатишнинг миллий тизимини тубдан ислоҳ қилиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармонига мувофиқ Aдлия вазирлиги ҳузурида Давлат хизматлари агентлиги ташкил этилди. Дастлабки йилларда «ягона дарча» марказлари асосан тадбиркорларга хизмат қилган бўлса, 2018 йил 1 январдан «ягона дарча» марказлари Халқ қабулхоналари ҳузуридаги Давлат хизматлари марказларига айлантирилди. Ушбу давлат хизматлари марказлари орқали фуқаролар ўзларининг Конституцияда белгиланган шахсий, сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий ҳуқуқларини амалга оширишда катта қулайликларга эга бўлди. Ушбу жараён давлат ва фуқаролар ўртасидаги муносабатларни тартибга солишда ҳам қатор енгилликлар яратди.

Ҳозир ижтимоий соҳада 22 турда, иқтисодиёт ва молия соҳасида 47 турда, экология соҳасида 11 турда, архитектура ва қурилиш соҳасида 47 турдаги ҳамда 12 турдаги гувоҳномалар бериш каби хизматлар5 юртимиздаги давлат хизматлари марказлари орқали амалга оширилмоқда. Юқоридаги фармонга мувофиқ давлат хизматлари ягона реестри тасдиқланган. Унга кўра бугунги кунда 716 турдаги давлат хизматлари давлат органларининг бевосита ўзи ҳамда давлат хизматлари марказлари орқали кўрсатилмоқда. Кўрсатилаётган хизматларнинг 655 таси анъанавий, 307 таси эса электрон тарзда йўлга қўйилиши, айни вақтда хизматларнинг 261 таси бепул, 477 таси эса пулли амалга оширилиши белгиланган.

Aҳолига қулай шарт-шароитлар яратиш ҳамда давлат хизматлари кўрсатиш тизимига замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий этишни таъминлаш мақсадида 2020 йил 31 январда Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Давлат хизматлари кўрсатиш миллий тизимини жадал ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»­ ги фармони қабул қилинди6. Ушбу фармоннинг 6-бандига кўра, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларининг шаҳарлар, шаҳарчалар, қишлоқлар ва овуллардаги маҳаллаларда юридик шахс ташкил этмаган ҳолда давлат хизматлари марказлари филиалларини босқичма-босқич ташкил этиш белгиланди.

7-бандида эса филиалларнинг асосий вазифалари этиб қуйидагилар белгиланди:

жисмоний ва юридик шахсларга кенг қамровли, шу жумладан, мобил (сайёр) давлат хизматларини кўрсатиш;

фуқароларнинг электрон давлат хизматларидан фойдаланиш маданиятини ошириш, ягона интерактив давлат хизматлари порталидан фойдаланишнинг бошланғич кўникмалари бўйича маслаҳатлар бериш;

тегишли ҳудуд аҳолисини кўрсатиладиган давлат хизматлари ҳақида мунтазам хабардор қилиб бориш.

Шунингдек, агентлик тузилмасида агентликнинг бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобидан молиялаштириладиган қўшимча 5 та штат бирлигини ажратган ҳолда Давлат хизматларини рақамлаштириш бошқармаси ташкил этилди.

Қабул қилинаётган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар аҳолига хизматлар кўрсатиш соҳаларини янада кенгайтиришга хизмат қилмоқда. Хусусан, 2021 йил 23 март куни Президентнинг «Аҳоли ва тадбиркорлик субъектларига давлат хизматларидан фойдаланишда янада қулай шароитлар яратиш, бу борада бюрократик тўсиқларни қисқартириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармони қабул қилинди.

Унда қуйидаги муҳим вазифалар акс этган:

фуқароларнинг доимий (вақтинча) рўйхатдан ўтган жойидан қатъи назар фойдаланиши мумкин бўлган давлат хизматларининг кўламини кенгайтириш;

давлат, ижтимоий ва бошқа хизматларни кўрсатишда фуқаро шахсини тасдиқлашнинг ягона идентификация рақамини жорий этиш;

давлат органлари ва ташкилотлари ўртасида электрон маълумот алмашинувини йўлга қўйиш орқали улар ўртасида қоғоз кўринишида ҳужжат тақдим этиш амалиётига чек қўйиш;

фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларига кўрсатилган давлат хизматларининг натижаларини почта алоқаси орқали етказиш амалиётини йўлга қўйиш;

«марказ – маҳалла – фуқаро» тамойили бўйича давлат хизматлари марказлари орқали кўрсатиб келинаётган хизматларнинг ҳар бир оилага кириб боришини таъминлаш бўйича Қарши шаҳар тажрибасини жорий этиш.

Кўриниб турибдики, давлат хизматлари кўрсатиш дастлабки йилларда мамлакат марказий шаҳарлари, вилоятлар, туман ва шаҳарлар марказларида ташкил этилган бўлса, бугунга келиб хизматларнинг ҳар бир оилага кириб боришига алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Юқоридаги фикр-мулоҳазалардан келиб чиқиб, айтиш керакки, давлат хизматлари кўрсатишнинг рақамлаштирилиши аҳолига ҳар томонлама қулай. Aммо электрон давлат хизматларидан фойдаланишда фуқароларда интернет тармоғи билан боғлиқ муаммолар ҳам юзага келмоқдаки, бу айниқса, олис ҳудудларда жойлашган қишлоқларда яққол кўзга ташланмоқда.

Фикримизча:

биринчидан, давлат томонидан алоқа хизматларини янада яхшилаш масаласига этибор қаратилиши, етарли маблағ ажратилиши лозим;

иккинчидан, «Электрон ҳукумат» мобил иловасини ишлаб чиқиш керак;

учинчидан, фуқароларда электрон давлат хизматларидан фойдаланиш кўникмалари етарли шаклланмагани учун ушбу соҳада электрон ҳукумат хизматларидан фойдаланиш бўйича тарғиботни кенгайтириш зарур;

тўртинчидан, умумий ўрта таълим мактабларида ўқитилаётган давлат ва ҳуқуқ асослари фанига «Электрон ҳукумат» ёки давлат хизматлари тўғрисидаги мавзулар киритилиши ёшларда электрон давлат хизматларидан фойдаланишда етарли кўникма
ҳосил қилган бўларди.

Хулоса ўрнида таъкидлаш лозим, давлат хизматлари кўрсатиш соҳасининг такомиллаштирилиши ҳамда «электрон ҳукумат»нинг жорий этилиши фуқаролар, тадбиркорлик субъектлари ва давлат ўртасида очиқлик, ошкоралик ҳамда шаффофликни таьминлайди.

Нуриддин АШУРОВ,
ТДЮУ магистранти

 

1 Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси, 2-модда.

2 Public Sector Management in Singapore: Examining the Public Service for the 21st Century Reform Pedro A. Villezca Becerra

3 Ш.Гаффарова. Халқимизга замонавий давлат хизматларини кўрсатишни таъминлаш – асосий вазифамиз // Юрист ахборотномаси. 2019. –№1
–45–51-б.

4 Ўзбекистон Республикасининг «Электрон ҳукумат тўғрисида»ги қонуни // Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2015 йил, 49-сон, 611-модда.

5 https://davxizmat.uz/uz/services

6 Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 01.02.2020 йил, 06/20/5930/0105-сон.