0,00 UZS

No products in the cart.

17.4 C
London
Juma, Iyun 25, 2021

Давлат хизматига киришнинг ҳуқуқий асослари

- Advertisement -
- Advertisement -

Давлат хизматини ислоҳ қилишнинг ҳуқуқий асосларини яратиш муаммолари Ўзбекистонда давлат бошқарувини ташкил этишнинг долзарб масалаларидан бири ҳисобланади. Бунинг бош сабаби сифатида бугунги кунда давлат хизмати билан боғлиқ муносабатларни тартибга солувчи ягона норматив ҳуқуқий ҳужжатнинг йўқлигини келтириш мумкин.

Чунки мамлакатда давлат хизматини тартибга солувчи бундай ҳужжатнинг мавжуд эмаслиги ушбу муносабатларда турли бюрократик тўсиқларни вужудга келтиради.

Шу ўринда давлат хизматини ўташ тушунчасига тўхталамиз. Давлат хизматини ўташ институти бошқарув аппаратига ходимларни танлашдан, хизмат бўйича ўсиш, давлат хизматидан бўшатиш услубларини ўрнатиш ва амалга оширишдан бошланади.

Давлат хизматига кириш давлат хизматини ўташнинг биринчи босқичидир. Давлат хизматига қабул қилиш, аттестациядан ўтказиш, малака даражалари ва махсус унвонларни бериш кабилар давлат хизматини ўташнинг мажбурий босқичлари ҳисобланади.

Бугунги кунда кўп мамлакатларда давлат хизматига кириш учун қарийб бир хил талаблар қўйилади. Яъни шахс ўша мамлакатнинг фуқароси бўлиши, ўн саккиз ёшга тўлган бўлиши, давлат тилини яхши билиши, касбий маълумотга эга бўлиши ва давлат хизмати тўғрисидаги қонунчиликда белгиланган бошқа талабларга жавоб бериши шарт. Аммо бугунги кунда давлат хизматига қабул қилишда ортиқча талаблар қўйилаётган ҳолатлар ҳам учрамоқда. Масалан, давлат хизматига қабул қилишда зарур бўлган ҳужжатларга нисбатан аниқ талаблар мавжуд эмас. Бу эса талабгорларда давлат хизматига киришнинг шаффофлиги бўйича гумонлар пайдо бўлишига сабаб бўлаяпти.

Шунингдек, давлат хизматига қабул қилишда шаффофликни таъминлаш учун ушбу
жараённи онлайн трансляция қилиш тартиби ҳам қонунчиликда акс этмаган. Аслида
давлат хизматига кириш жараёнларининг онлайн ёритиб борилиши замонавий демократиянинг белгиларидан биридир.

Шунинг учун бугунги кунда Ўзбекистонда давлат хизматини ташкил этишнинг ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш зарурати мавжуд. Бу борада бизга ривожланган давлатлар тажрибаси қўл келади.

Америка Қўшма Штатларида 1883 йилда «Пендлтон акти» деб номланган фуқаролик хизмати тўғрисидаги қонундан бошланган тизим 1978 – 1979-йилларда кенг кўламли ислоҳотлар натижасида анча такомиллашди. «Пендлтон акти» қабул қилинганидан кейин давлат хизматига киришда очиқ имтиҳонлар тизими жорий этилиб, бу бўйича масъул муассаса – Фуқаролик хизмати комиссияси ташкил қилинган. 1978 йилги «Фуқаролик хизматини ислоҳ қилиш тўғрисида»ги қонун билан эса «merit system» (кўрсатган хизматига яраша) тамойили асосида давлат хизматчисининг статуси ўзгартирилиши (мансаб поғоналарида ўсиши), доимий равишда аттестациялар ташкил қилиниши ва давлат хизматчиси фаолиятининг самарадорлиги устидан назорат жорий этилди. Давлат хизматига киришда очиқ имтиҳонлар тизими махсус ўқув дастурлари билан тўлдирилди. Ғолиб чиққан номзод лавозимга тайинланади.

Фуқаролик хизматини йўлга солувчи қонунчилик сўнгги йилларда бир неча марта тўлдирилди ва ўзгартирилди. Сўнгги энг аҳамиятли ҳужжатлардан бири 1978 йилдаги «Фуқаролик хизматини ислоҳ қилиш тўғрисида»ги қонун бўлди. Мазкур қонун билан комиссиялар ўрнига мустақил муассасалар сифатида учта янги орган:

Ходимларга раҳбарлик бошқармаси;

Алоҳида маслаҳатчи бошқармаси;

Хизматлар тизимини муҳофаза қилиш кенгаши тузилди.

Булардан ташқари юқорида таъкидлаб ўтилган қонунда ходимлар ишини йиллик баҳолаш кўзда тутилди. АҚШдаги давлат хизматчилари туркуми ҳам давлат-ҳукумат ваколатларини амалга ошириш билан боғлиқ мансабдорлар ва ёрдамчи-техник ходимларни, ҳам ёлланма ходимларни (шу жумладан, давлат ўқув муассасаларининг ўқитувчилари, давлат корхоналари ва коммунал соҳа ишчилари) ўз ичига олади. АҚШда кенг маънода меҳнати учун федерация, штат ёки ҳукуматнинг маҳаллий органи бюджетидан маош оладиган ҳар бир киши давлат хизматчиси (government employee) ёки ижтимоий сектор хизматчиси (public employee) ҳисобланади. Бинобарин, америка адабиётида кўп учрайдиган «фуқаролик хизмати» («civil service»), «оммавий хизмат» («public service»), «ҳукумат хизмати» («government service») атамалари кўпинча синоним сифатида ишлатилади.

Буюк Британияда барча давлат хизматчилари тоифа ва гуруҳларга бўлинган бўлиб, уларда давлат хизмати асослари 1850 – 1870-йиллардаёқ яратилган. Давлат хизматига кириш учун очиқ танлов жорий этилган ва хизматчилар танлови тизимининг раҳбар органи сифатида бошқа маъмурий органлардан мустақил бўлган Фуқаролик хизмати комиссияси таъсис қилинган эди.

Буюк Британияда давлат фуқаролик хизматини ташкил этишда ходимларни танлаб олиш тизими мамлакатнинг етакчи университетлари дастурлари бўйича ёзма имтиҳон ва албатта суҳбат ўтказишни кўзда тутади. Катта хизматчилар (7-дан 1-тоифага қадар) ва айрим номзодлар Фуқаролик хизмати комиссияси томонидан танланади. Бунинг учун ёзма имтиҳон ва суҳбатлар ўтказилади. Сўнгги вақтларда, хусусан олиймақом хизматчиларни лавозимига тайинлашда оғзаки суҳбатлар афзал кўрилмоқда. Ушбу лавозимларни эгаллаш учун имтиҳон ва суҳбатлар одатда амалдорлар элитасининг асосий қисмини етказиб берадиган Оксфорд ва Кембриж университетлари дастурлари бўйича ўтказилади. Танловдан ўтганлар лавозимни эгаллаш учун комиссиядан хизмат гувоҳномасини олади. Улар умрбод (пенсия ёшига етгунга қадар) хизматчи бўлиб қолади. Уларга иш билан бандлик кафолатланади, олдиндан истеъфога чиқиш ва ишдан бўшатишлар жуда кам. Олий гуруҳ хизматчиси лавозимларига тайинлаш фуқаролик хизмати вазири томонидан, бошқа лавозимларга тайинлаш эса тегишли вазирликлар томонидан амалга оширилади, улар 1991 йилдан бошлаб қуйи тоифа хизматчиларини Фуқаролик хизмати комиссияси назоратида танлаб келмоқда. Буюк Британияда кадрларни жалб қилиш тизими инсоннинг нафақат зарур билимга эга бўлиши, балки муаммони ечишда ижодий қобилиятга асосланиши билан ҳам характерланади. Уларда давлат хизматчиси юқори ақл, натижага эришиш ва одамлар билан мулоқот қилиш қобилиятига эга бўлиши зарур.

Германия Федератив Республикасида «давлат хизмати» тушунчаси давлат муассасаларидаги барча ходимларни қамраб олади. Фақат бошқарув органлари ходимлари эмас, балки ўқитувчилар, судьялар, вазирлар, федерал банк дирекцияси аъзолари, шунингдек, полициячилар, ҳарбий хизматчилар, темирйўлчилар, почтачилар ва бошқалар ҳам давлат хизматчиси ҳисобланади.

ГФРда давлат хизмати мамлакатнинг Асосий қонуни (Grundgesetz) ва 1953 йилда (1985 йилда янги таҳрирда) қабул қилинган махсус қонун (Bundesbeamtengesetz) асосида тартибга солинади. Бўш лавозим тўғрисида номзодга махсус хабар берилади. Қонунга мувофиқ давлат хизматига қабул қилишда номзоднинг жинси, келиб чиқиши, ирқи, динидан қатъи назар қобилияти ва касбий ютуқларига асосланилиши керак.

Давлат хизматчиларининг даражалари қуйидаги тоифаларга тоифага бўлинади:

энг паст (Einfacher Dienst);

ўрта (Mittlerer Dienst);

юқори (Gehobener Dienst).

Шу ўринда таъкидлаш керакки, Германияда давлат хизмати, уни ўташ билан боғлиқ муносабатлар юқори даражада тартибга солинган. Қонунчиликда турли лавозимларга тайинлаш учун ёш даражалари ҳам белгиланган. Шунингдек, 1985 йилги қонунга мувофиқ қуйи даражадаги мансабдорларнинг давлат хизматига тайёргарлиги 6 ой давом этади, синов муддати 1 йил. Бу муддат узайтирилиши мумкин. Ўрта даражадаги амалдорларнинг тайёргарлиги камида 1 йил давом этади.

Тайёргарликдан сўнг имтиҳон топширилади. Синов муддати 2 йил. Имтиҳонни ўртача
кўрсаткичдан юқори даражани қайд этган ходимлар учун 1 йилга, ҳатто 6 ойга қисқартириш мумкин. Қуйи даражадаги ходимлар, агар ўзларининг фазилати ва иш натижалари бўйича янги лавозимни эгаллашга лойиқлигини исботласа, ўрта даражадаги хизматга қабул қилиниши мумкин. Катта мансабдорларнинг тайёргарлик хизмати камида 3 йил давом этади. Имтиҳонни муваффақиятли топширгандан сўнг ходим 2,5 йиллик синов муддатини ўтайди. Ўрта даражадаги ходимлар, агар камида 4 йил ишлаган бўлса ва ушбу даражадаги ишга лойиқ бўлса, юқори даражага кўтарилиши мумкин. Янги лавозим билан танишиш камида 3 йил давом этади, ундан сўнг имтиҳон топширилади. Давлат хизматини ўташ билан боғлиқ барча жараёнлар Федерал кадрлар қўмитаси томонидан назорат қилинади.

Мамлакатимизда давлат хизматини тартибга солишга қаратилган «Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида»ги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилган бўлиб, ҳали қабул қилинмаган. Юқоридаги давлатлар амалиётини умумлаштирган ҳолда мазкур лойиҳани такомиллаштириш учун қуйидагиларни тавсия қиламиз.

Биринчидан, лойиҳанинг 5-моддасида принциплар доирасини «мажбурий касбий ривожланиш ва босқичма-босқич ўсиш» принципи билан тўлдириш. Бу шуни англатадики, лавозими кўтарилиши учун мансабдор ўз малакасини ошириши шарт, бу махсус имтиҳон ёки текширувдан ўтиш орқали тасдиқланади. Босқичма-босқич ўсиш деганда эса давлат хизматчиси барча лавозимлардан ўтиши кераклиги тушунилади, яъни ходимнинг бирданига юқори лавозимни эгаллашини чеклаш. Албатта, бунда ходимнинг малакаси, ишининг сифати, натижалари ҳисобга олиниши лозим.

Шунингдек, мазкур нормани «давлат хизматига қабул қилиш ва лавозимга кўтарилишнинг шаффофлиги» принципи билан бойитсак мақсадга мувофиқ бўлади. Бугунги кунда жамият ва давлат ҳаётидаги барча жараёнларда очиқлик ва шаффофликни таъминлаш муҳим аҳамиятга эга.

Иккинчидан, давлат лавозимларининг гуруҳ ва категориялари бўйича кейинги лавозимга кўтарилишда малака имтиҳонларини топшириш ва суҳбатдан ўтиш жараёнида ривожланган давлатлар университетларининг дастурлари, хусусан Буюк Британия тажрибаси инобатга олиниши тавсия этилади.

Учинчидан, лойиҳанинг 25-моддаси биринчи қисмида келтирилган «давлат фуқаролик хизматига давлат лавозимларини эгаллашда малака ва бошқа талабларга жавоб берадиган Ўзбекистон фуқаролари қабул қилиниши мумкин» деган жумлани янада аниқлаштириш тавсия этилади (Буюк Британия, АҚШ, Франция тажрибасида мавжуд амалиёт). Бунда барча тоифадаги давлат хизматчиларига қўйилган талаблар қонуннинг ўзида белгиланиши керак, яъни бошқа қонун ҳужжатига ҳавола қилинмаслиги лозим.

Ўткиржон АБДУЛЛАЕВ,
Тошкент давлат юридик университети
«Давлат бошқаруви ҳуқуқи» йўналиши
магистри

- Advertisement -

Latest news

Коррупциясиз жамият орзусида

Аксар муаммоларимизнинг сабабчиси коррупция эканини, биз ҳам коррупциясиз жамиятда яшашга ҳақли эканимизни тушуниб етганимизга анча бўлди. Коррупциясиз жамиятнинг биринчи шарти – жамиятдаги коррупцияга нисбатан...
- Advertisement -

Пора – инқироз илдизи! У кесилса жамият юксалади

Поранинг катта-кичиги бўлмайди. У юз берган жойда ҳаёт издан чиқади. Худди бир томчи оғу инсон умрига зомин бўлгани каби пора аралашган турмуш тарзида ҳам...

“Коррупциясиз ривожланамизми?”

Ривожланган мамлакатларнинг тараққиёт йўлига қарасак, улар биринчи навбатда мамлакатдаги таниш-билишчилик, яширин иқтисодиёт, монополия, порахўрлик каби иллатларни енгиб кейин ҳар томонлама тараққий этганини кўрамиз. Бизда эса...

Маҳкум ва таълим: жазони ижро этиш тизимини халқаро стандартларга мослаштириш

Жиноий жазога ҳукм қилинган шахсларда қонунга итоаткорлик, жамиятда юриш-туриш қоидаларига ҳурмат муносабатини шакллантиришда уларга таълим олиш ва касб-ҳунар ўрганишга кўмаклашиш муҳим омил ҳисобланади. Шу...

Related news

Коррупциясиз жамият орзусида

Аксар муаммоларимизнинг сабабчиси коррупция эканини, биз ҳам коррупциясиз жамиятда яшашга ҳақли эканимизни тушуниб етганимизга анча бўлди. Коррупциясиз жамиятнинг биринчи шарти – жамиятдаги коррупцияга нисбатан...

Пора – инқироз илдизи! У кесилса жамият юксалади

Поранинг катта-кичиги бўлмайди. У юз берган жойда ҳаёт издан чиқади. Худди бир томчи оғу инсон умрига зомин бўлгани каби пора аралашган турмуш тарзида ҳам...

“Коррупциясиз ривожланамизми?”

Ривожланган мамлакатларнинг тараққиёт йўлига қарасак, улар биринчи навбатда мамлакатдаги таниш-билишчилик, яширин иқтисодиёт, монополия, порахўрлик каби иллатларни енгиб кейин ҳар томонлама тараққий этганини кўрамиз. Бизда эса...

Маҳкум ва таълим: жазони ижро этиш тизимини халқаро стандартларга мослаштириш

Жиноий жазога ҳукм қилинган шахсларда қонунга итоаткорлик, жамиятда юриш-туриш қоидаларига ҳурмат муносабатини шакллантиришда уларга таълим олиш ва касб-ҳунар ўрганишга кўмаклашиш муҳим омил ҳисобланади. Шу...
- Advertisement -