0,00 UZS

No products in the cart.

9.8 C
London
Dushanba, Oktabr 18, 2021

Давлат хизматида манфаатлар тўқнашуви

- Advertisement -
- Advertisement -

Ҳозирги замонда деярли барча мамлакатларда давлат ва жамият механизмларининг бир маромда ишлашига тўсқинлик қилаётган, давлат ҳокимияти ва бошқарув органлари обрўсига жиддий путур етказадиган муаммо коррупциядир. Коррупцияга қарши курашишнинг самарали ҳуқуқий восита ҳамда механизмларини ишлаб чиқиш, жорий этиш давлат ва жамиятнинг тараққиётида муҳим аҳамият касб этади.

Давлатимиз раҳбари 2020 йил 24 январь куни Олий Мажлисга қилган мурожаатида жамиятимизда коррупция тараққиётимизга ғов бўлаётгани, бундай ёвуз балонинг олди олинмаса, ҳақиқий ишбилармонлик ва инвестиция муҳитини яратиб бўлмаслиги, умуман, жамиятнинг бирорта тармоғи ривожланмаслиги ҳақида тўхталиб, коррупцияга қарши курашга энг яхши мутахассислар жалб қилинмаса, жамиятимизнинг барча аъзолари, таъбир жоиз бўлса, «ҳалоллик вакцинаси» билан эмланмаса, ўз олдимизга қўйган юксак марраларга эриша олмаслигимизни алоҳида таъкидлади.

Коррупцияга қарши курашиш механизмларининг ҳал қилувчи асосларидан бири давлат хизматида манфаатлар тўқнашуви институтининг пайдо бўлиши ва унинг қонуний мустаҳкамланишидир.

2017 йил 4 январдан кучга кирган «Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида»ги қонуннинг 3-моддасида «Манфаатлар тўқнашуви» тушунчасига изоҳ берилган, яъни манфаатлар тўқнашуви – шахсий (бевосита ёки билвосита) манфаатдорлик шахснинг мансаб ёки хизмат мажбуриятларини лозим даражада бажаришига таъсир кўрсатаётган ёхуд таъсир кўрсатиши мумкин бўлган ҳамда шахсий манфаатдорлик билан фуқароларнинг, ташкилотларнинг, жамиятнинг ёки давлатнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари ўртасида қарама-қаршилик юзага келаётган ёки юзага келиши мумкин бўлган вазиятдир.

Давлат хизматида манфаатлар тўқнашуви назарий ва амалий жиҳатдан мураккаб муаммодир. Манфаатлар тўқнашуви ҳуқуқ фанида ҳали кам тадқиқ қилинган. У турли тавсифга эга бўлиши, хусусий, давлат ва жамият манфаатлари ўртасидаги чегараларнинг аниқ кўринмаслиги, ички ва ташқи назоратини ташкил қилиш мураккаблиги, манфаатлар тўқнашувининг олдини олиш ҳамда уни бартараф этиш механизмларининг илмий-ҳуқуқий нуқтаи назардан ноаниқ хусусиятлари билан ажралиб туради.

Ҳозирги вақтда давлат хизматчисини манфаатлар тўқнашувига олиб келадиган шахсий манфаатдорликни чеклаш (рад этиш) тартиби тўла ишлаб чиқилмагани, шунингдек давлат хизматчиларини манфаатлар тўқнашувида ўзини қандай тутишга ўргатиш тизими ҳали талаб даражасида йўлга қўйилмагани кўриб чиқилаётган масаланинг жиддий муаммоларидан ҳисобланади.

Криминология фани назариясида давлат хизматида манфаатлар тўқнашувини вужудга келтирадиган сабаблар етарлича ўрганилмагани, уни келтириб чиқариши мумкин бўлган типик вазиятларнинг рўйхати ва хавфлилик даражаси аниқланмагани, манфаатлар тўқнашувини бартараф этишга қаратилган аниқ концептуал усуллар ва уларни жорий этиш тартиби тўлиқ ишлаб чиқилмагани бундай вазиятнинг олдини олишга қаратилган зарур чора-тадбирларни белгилаш ва амалга оширишда айрим муаммоларнинг келиб чиқишига сабаб бўлмоқда.

Соҳа мутахассислари манфаатлар тўқнашувининг келиб чиқиши давлат хизматининг асосий принципларига риоя этмаслик ва давлат хизматчисининг айнан биринчи даражали вазифаларини, худди шунингдек мансаб ёки хизмат
мажбуриятларини бажармаслиги ёки лозим даражада бажармаслиги, уларни
бажаришда давлат, жамият ҳамда фуқароларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларига, амалдаги қонун ҳужжатлари талабларига риоя қилмаслиги билан боғлиқлигини эътироф этишмоқда.

Давлат органлари фаолиятида манфаатлар тўқнашуви: давлат хизмати ходимларининг ваколатлари аниқ ва тўла таърифланмагани; давлат органлари ваколатларининг ўхшашлиги, шунингдек уларнинг фаолиятидан аҳоли етарлича хабардор эмаслиги; ҳокимият органларининг айрим норматив-ҳуқуқий ҳужжатларида коррупциявий нормалар мавжудлиги; норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари, жамият ва давлатнинг қонуний манфаатларини самарали ҳимоя қилишга тўсқинлик қиладиган ҳуқуқий бўшлиқлар, қарама-қаршиликларнинг тўлиқ бартараф этилмагани; ҳокимиятнинг бошқа давлат органлари ишига аралашиши; мансаб мажбуриятларини бажармаслик учун жавобгарликнинг аниқ белгиланмагани; давлат хизматчиларининг вазифасини бажариши устидан етарли назорат ўрнатилмагани ёки унинг сустлиги; хизматчиларнинг касбий фаолиятига ноқонуний аралашишдан етарлича ҳимоя қилинмагани оқибатида юзага келиши мумкин.

«Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида»ги қонуннинг 21-моддасида «Давлат органларининг ходимлари мансаб ёки хизмат мажбуриятларини бажариш чоғида манфаатлар тўқнашувига олиб келадиган ёки олиб келиши мумкин бўлган шахсий манфаатдорликка йўл қўймаслиги керак. Манфаатлар тўқнашуви юзага келган тақдирда, давлат органларининг ходимлари ўзининг бевосита раҳбарини дарҳол хабардор қилиши керак. Манфаатлар тўқнашуви мавжудлиги тўғрисида маълумотлар олган раҳбар бу тўқнашувнинг олдини олиш ёки уни бартараф этиш юзасидан ўз вақтида чоралар кўриши шарт. Давлат органларининг махсус бўлинмалари ёки одоб комиссиялари манфаатлар тўқнашувини ҳал этиш қоидаларига риоя этилиши юзасидан мониторингни амалга оширади. Давлат органларининг манфаатлар тўқнашувининг олдини олиш ёки уни бартараф этиш талаблари бузилишига йўл қўйган ходимлари, шунингдек уларнинг раҳбарлари қонун ҳужжатларига мувофиқ жавобгар бўлади» деб белгиланган.

Демак, манфаатлар тўқнашувининг олдини олиш мақсадида унинг юзага келиши ва ривожланиш босқичларини барвақт аниқлаш муҳим вазифа ҳисобланади. Бундай вазиятни давлат органи хизматчисининг уни ҳуқуқбузарлик содир этишга кўндиришга уринишгани ҳақидаги аризасини, хизматчининг даромадлари, мулклари ва мулкий мажбуриятларига оид маълумотларни, шунингдек жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларини, оммавий ахборот воситалари ва интернетда ёритилган ахборотларни таҳлил қилиш орқали аниқлашга қаратилган амалий ва методологик тавсиялар ишлаб чиқиш мақсадга мувофиқ.

Давлат хизматида манфаатлар тўқнашувини барвақт ҳал қилишда Ўзбекистон конституциясида назарда тутилган инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилишга, коррупцияга қарши курашнинг самарали механизмларини жорий этишга, сиёсий, ижтимоий, иқтисодий, ҳуқуқий муносабатларни мамлакатимиз аҳолисининг барча қатламлари манфаатларини ҳисобга олган ҳолда такомиллаштиришга, халққа оид масалаларни демократик принциплар асосида ҳал этишга интилиш муҳим аҳамиятга эга.

Шу билан бирга аҳолининг ҳуқуқий онги ва маданиятини юксалтириш, жамиятда коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантириш, шахсий ва жамият манфаатлари ўртасидаги мувозанатни сақлаш ғояларини аҳоли онгига сингдириш, қонун ҳужжатларига риоя этиш, ўз мажбуриятларини холисона, виждонан, одоб-ахлоқ қоидаларига риоя этган ҳолда бажариш ҳар бир давлат органи ходимининг ҳаётий қоидасига айланиши зарур.

Хулоса сифатида шуни таъкидлаб ўтиш лозимки, манфаатлар тўқнашувини юзага келтирадиган сабабларни ўз вақтида аниқлаш, унинг оқибатларини олдиндан кўра билиш, манфаатлар тўқнашувининг олдини олишга қаратилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни такомиллаштириш, соҳага оид муаммолар бўйича илмий тадқиқотлар ўтказиш, улар асосида тавсиялар ишлаб чиқиш ва амалиётга жорий этиш, шунингдек тўқнашувни ҳал қилиш чораларининг таъсири ва самарадорлигини баҳолаш мезонларини ишлаб чиқиш коррупциявий ҳолатларнинг сезиларли даражада камайишига олиб келиши муқаррар.

Шуҳрат АБАКУЛОВ,
Бош прокуратура ҳузуридаги МИБ бўлим бошлиғи

- Advertisement -

Latest news

Йил охиригача барча кодексларга шарҳлар тайёрланади

“Адолат” Миллий ҳуқуқий ахборот маркази ҳамда Тошкент давлат юридик университети ўртасида ҳамкорлик келишуви имзоланди. Ҳамкорликдан кўзланган асосий мақсад “юриспруденция” мутахассислиги бўйича юридик кадрларни тайёрлаш,...
- Advertisement -

Хусусий мактаблар тадбиркорлик субъекти ҳисобланадими?

Халқ таълими вазирлигининг ўтган йил ноябрь ойидаги маълумотида юртимизда 140 та хусусий мактаб фаолият юритаётгани қайд этилган. Президентимизнинг 2019 йил 29 апрелдаги 5712-сонли фармони...

2021 йил июнь сони

“Huquq va burch” журнали Чоп этилган вақти: 2021 йил, июнь Саҳифалар сони: 64 саҳифа Чоп этилган мақолалар сони: 12 та Журнал баҳоси: 20 000 сўм МУНДАРИЖАНИ КЎРИШ ЮКЛАБ...

Тиббий буюмларни ишлаб чиқариш учун лицензия талаб қилинмайди

“Лицензиялаш, рухсат бериш ва хабардор қилиш тартиб-таомиллари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни қабул қилинганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш...

Related news

Йил охиригача барча кодексларга шарҳлар тайёрланади

“Адолат” Миллий ҳуқуқий ахборот маркази ҳамда Тошкент давлат юридик университети ўртасида ҳамкорлик келишуви имзоланди. Ҳамкорликдан кўзланган асосий мақсад “юриспруденция” мутахассислиги бўйича юридик кадрларни тайёрлаш,...

Хусусий мактаблар тадбиркорлик субъекти ҳисобланадими?

Халқ таълими вазирлигининг ўтган йил ноябрь ойидаги маълумотида юртимизда 140 та хусусий мактаб фаолият юритаётгани қайд этилган. Президентимизнинг 2019 йил 29 апрелдаги 5712-сонли фармони...

2021 йил июнь сони

“Huquq va burch” журнали Чоп этилган вақти: 2021 йил, июнь Саҳифалар сони: 64 саҳифа Чоп этилган мақолалар сони: 12 та Журнал баҳоси: 20 000 сўм МУНДАРИЖАНИ КЎРИШ ЮКЛАБ...

Тиббий буюмларни ишлаб чиқариш учун лицензия талаб қилинмайди

“Лицензиялаш, рухсат бериш ва хабардор қилиш тартиб-таомиллари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни қабул қилинганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш...
- Advertisement -