Давлат бошқарувини ислоҳ қилиш, органлар функцияларини оптималлаштириш, бошқарувга замонавий моделларни жорий этиш ҳамда фаолиятнинг сифатли натижаларига эришиш муҳим вазифалардан бири ҳисобланади.

Давлат бошқарувининг концептуал янги моделини шакллантириш мақсадида Ўзбекистон Республикасида Маъмурий ислоҳотлар концепциясида мақсадли кўрсаткичларга эришиш ва самарадорлик асосида ижро этувчи ҳокимият органлари фаолиятини баҳолашнинг янги тизимини жорий этиш белгиланган.

Президентнинг 2019 йил 27 февралдаги «2019 йил учун вазирликлар, давлат қўмиталари ва бошқа давлат бошқаруви органлари фаолияти самарадорлигини ҳамда мақсадли вазифаларга эришишларини баҳолашнинг асосий мезонлари тўғрисида»ги 5445-фармойиши қабул қилинган. Шунингдек, Президентнинг 2020 йил 19 майдаги «Давлат ҳуқуқий сиёсатини амалга оширишда адлия органлари ва муассасалари фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги 5997-фармонига мувофиқ Адлия вазирлигига бир қатор вазифалар юклатилган.

Булар:

амалга оширилаётган маъмурий ислоҳотларнинг самарадорлигини мониторинг қилиш;

ушбу соҳада вазирлик ва идоралар ваколати ва функцияларининг тўлиқ ва сифатли амалга оширилаётгани ҳамда белгиланган мақсадларга эришилаётганини функционал таҳлил қилиш;

вазирлик ва идоралар, шу жумладан, улар таркибидаги алоҳида ташкилотларнинг (агентликлар, инспекциялар, марказлар ва бошқалар) вазифа ва функциялари амалга оширилишининг самарадорлиги кўрсаткичларини (индикаторларини) баҳолаш ва натижаси бўйича Вазирлар Маҳкамасининг раёсати мажлисида муҳокама қилиш учун умумлаштирилган ҳисобот тайёрлаш;

самарадорлик кўрсаткичларига (индикаторларига) эришмаган давлат органларининг мансабдорларига нисбатан жавобгарлик чораларини қўллаш бўйича таклиф киритиш.

Давлат бошқаруви органлари самарадорлигини баҳолаш қабул қилинган қонун ҳужжатлари, стратегик дастур ва режалар ҳамда уларни амалга оширишга қаратилган муайян фаолият ва ҳаракатлар натижасини аниқ мезонлар асосида баҳолаб боришдир.

Давлат бошқаруви органлари самарадорлигини баҳолашни жорий этиш шу жиҳати билан долзарбки, давлат органларининг асосий таъминоти бюджет ҳисобидан бўлиб, вазирлик ва идоралар ваколати ва функцияларининг тўлиқ ва сифатли амалга оширилаётгани ҳамда белгиланган мақсадларга эришилаётганини функционал таҳлил қилиш орқали мазкур давлат ташкилотлари фаолиятининг бюджетга фойдаси ёки зарарини аниқлаш мумкин.

Маълумот учун: Молия вазирлиги маълумотига кўра, давлат бошқаруви органлри фаолияти учун 2018 йилда тахминан 1 триллион 825 миллиард сўм харажат ёки бюджет харажатларининг 5 фоизи прогноз қилинган. 2018 йилнинг 9 ойи якунлари бўйича давлат ҳокимияти, бошқаруви, адлия ва прокуратура органларини таъминлаш харажатлари 1 триллион 967 миллиард сўмни ташкил этган, бу йиллик прогноздан 142 миллиардга кўп. 2019 йилда марказий ҳукумат органларини сақлаш харажатлари 3 трлн 757 млрд 300 млн. сўм (жами бюджетнинг 3,5 фоизи) га тенг бўлган, 2020 йилда 131 трлн 104 млрд 500 млн. сўмлик давлат харажатларининг 5 трлн 318 млрд 600 млн. сўми давлат бошқаруви органларини сақлаш учун ажратилган.

Давлат ташкилотининг меҳнат унумдорлиги самарадорликнинг энг муҳим кўрсаткичи бўлиб, самарадорлик эришилган натижалар ва сарфланган ресурслар ўртасидаги нисбат, режалаштирилган натижаларга эришиш даражасидир.

Давлат бошқаруви фаолиятининг самарадорлиги қуйидаги омилларга боғлиқ:

ҳар бир давлат органининг аниқ мақсади (вазифаси), таркибий бўлимлар ўртасида вазифалар, функциялар ва жавобгарликнинг аниқ тақсимланганлиги;

– функцияларнинг бажариш механизмлари мавжудлиги;

– фаолиятнинг аниқ режалаштирилганлиги;

– меҳнат шароитларининг яратилганлиги;

– малакали мутахассислардан иборат персонал билан тизимли ишлаш, самарали ва адолатли рағбатлантириш (иш ҳақи, мукофотлар ва бошқалар);

– давлат хизматчиларининг меҳнат унумдорлигини баҳолаш мезонлари мавжудлиги;

– баҳолаш натижаларига кўра таклифларни ишлаб чиқиш билан давлат органлари фаолияти самарадорлигини пасайтирадиган муаммоларни аниқлаш имконияти мавжудлиги.

Ўзбекистон давлат бошқарув тизимидаги мавжуд ҳолатлар ва органлар фаолиятини тартибга солувчи қонун ҳужжатлари ўрганилганда қуйидагилар аниқланди:

1. Ривожланган хорижий мамлакатлар ва Ўзбекистон давлат бошқарувини қиёсий таҳлил қилганимизда мамлакатимизда қуйидагича тенденция кузатилмоқда, яъни давлат ва жамият турли соҳаларида муайян масала кун тартибига чиқса ва уни ҳал қилиш зарурати юзага келганда шу муаммо билан шуғулланувчи янги давлат идораси ташкил этилади.

Давлат идоралари самарали фаолият юритиши учун уларнинг сонини кўпайтириш ёки янгиларини яратиш мақсадга мувофиқ эмас.

Маълумот учун: бугунги кунда давлат бошқаруви тизимида 24 та вазирлик, 11 та давлат қўмитаси, 33 та агентлик, 6 та қўмита, 15 та инспекция, 5 та марказ фаолият юритади. Мазкур давлат бошқаруви органларининг 6 мингдан ортиқ функциялари мавжуд. Давлат органлари марказий аппаратида жами 10 мингдан ортиқ, ҳудудий бўлинмаларда 50 мингдан ортиқ давлат хизматчиси бор.

Корпоратив бошқарув жорий қилиниши керак бўлган соҳаларда вазирлик даражасидаги давлат муассасалари (Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси, «Ўзбекгидроэнерго» акциядорлик жамияти, «Ўзбекбалиқсаноат» уюшмаси, «Ўзбекипаксаноат» уюшмаси), қишлоқ хўжалиги, савдо-сотиқ, тадбиркорлик соҳасида бир қанча фондлар ва уюшмалар ташкил этилган.

2. Давлат бошқаруви органлари самарадорлигини баҳолашнинг услубиёти мавжуд эмас.

Маълумот учун: давлат бошқарув органларидан 85 таси(24 та вазирлик, 16 та қўмита, 14 та инспекция, 31 та агентлик)нинг низомлари ўрганилганда давлат органи фаолиятини баҳолаш бўйича умумий нормалар – 52 та, давлат органлари ходимларининг фаолиятини баҳолаш бўйича умумий нормалар – 8 тадан иборат бўлиб, баҳолаш бўйича мезонлар 2 та давлат ташкилотида, ходимларни баҳолаш бўйича мезонлар эса 23 та давлат органларида тасдиқланган.

3. Давлат бошқарув органи фаолиятини тартибга солувчи қонун ҳужжатида фаолиятининг самарадорлигини баҳолаш услубиёти бошқа қонун ҳужжатларига ҳавола қилинган.

Маълумот учун: Президентнинг 2017 йил 30 ноябрдаги 3416-қарорига 3-илова «Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги тўғрисида низом»нинг 41-бандига мувофиқ вазирлик фаолиятининг самарадорлигини баҳолаш тартиби ва услубиёти қонун ҳужжатларида белгиланади.

4. Давлат бошқарув органи фаолиятини тартибга солувчи қонун ҳужжатида баҳолаш мезонларининг турли хил субъектлар томонидан тасдиқланиши белгиланган:

– Вазирлар Маҳкамаси томонидан (Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги);

Маълумот учун: Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 15 апрелдаги 228-қарори билан тасдиқланган «Ўзбекистон Республикаси Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги тўғрисида низом»нинг 61-бандида вазирлик фаолиятининг самарадорлигига берилган баҳо Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланадиган Вазирлик фаолияти самарадорлигини баҳолаш мезонлари ва иш индикаторларига асосланиши белгиланган.

– Бош вазир ўринбосари томонидан (Қурилиш вазирлиги, Халқ таълими вазирлиги, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ўсимликлар карантини давлат инспекцияси);

Маълумот учун: Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 31 июлдаги 603-қарори билан тасдиқланган «Ўзбекистон Республикаси Қурилиш вазирлиги тўғрисида низом»нинг 60-бандига мувофиқ вазирлик фаолиятининг самарадорлигини баҳолаш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари томонидан тасдиқланадиган Вазирлик фаолиятининг самарадорлигини баҳолаш мезонлари ва иш индикаторларига асосланади.

Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 19 февралдаги 146-қарори билан тасдиқланган «Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги тўғрисидаги низом»нинг 57-бандида вазирликнинг фаолияти самарадорлигига берилган баҳолар Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари томонидан тасдиқланадиган Вазирликнинг фаолияти самарадорлигини баҳолаш мезонлари ва иш индикаторларига асосланиши белгиланган.

– вазирликлар томонидан (вазирликлар ҳузуридаги агентликлар ва қўмиталар).

Маълумот учун: Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 31 декабрдаги 1060-қарорига 2-илова «Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги Суғурта бозорини ривожлантириш агентлиги тўғрисида низом»нинг 22-бандига мувофиқ агентлик фаолияти самарадорлигини баҳолаш Молия вазирлиги томонидан тасдиқланадиган Агентлик фаолияти самарадорлигини баҳолаш мезонлари ва иш индикаторларига асосланади.

Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 19 майдаги 295-қарори билан тасдиқланган «Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги ҳузуридаги Автомобиль йўллари қўмитаси тўғрисидаги низом»нинг 29-бандига мувофиқ қўмита фаолияти самарадорлигини баҳолаш Транспорт вазирлиги томонидан тасдиқланадиган Қўмита фаолияти самарадорлигини баҳолаш мезонлари ва иш индикаторларига асосланади.

– давлат бошқаруви органлари томонидан (Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси).

Маълумот учун: Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 27 июндаги 532-қарори билан тасдиқланган «Ўзбекистон Республикаси Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси тўғрисидаги низом»нинг 77-бандига мувофиқ қўмита фаолиятининг самарадорлигини баҳолаш қўмита раиси томонидан тасдиқланадиган қўмита фаолиятининг самарадорлигини баҳолаш мезонлари ва ишчи индикаторларига асосланади.

– халқаро молия институтлари ва хорижий ҳукумат молия ташкилотлари билан келишилиши (Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Агросаноат мажмуи ва озиқ-овқат таъминоти соҳасидаги лойиҳаларни амалга ошириш агентлиги).

Маълумот учун: Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 22 мартдаги 241-қарори билан тасдиқланган «Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Агросаноат мажмуи ва озиқ-овқат таъминоти соҳасидаги лойиҳаларни амалга ошириш агентлиги тўғрисида низом»нинг 21-бандига мувофиқ агентлик фаолиятининг самарадорлигиги ХМИ ва ХҲМТ билан келишилган Агентлик фаолиятининг самарадорлигини баҳолаш мезонлари ва амалий кўрсаткичлари асосида баҳоланади.

Президентнинг 2021 йил 3 февралдаги «2017 — 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини «Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили»да амалга оширишга оид давлат дастури тўғрисида»ги 6155-фармонига мувофиқ 2021 йил якунига қадар давлат бошқаруви ходимлари сонини ўртача 15 фоизгача оптималлаштириш ҳамда давлат органларининг такрорий функцияларини қисқартириш белгиланган.

Маълумот учун: Aдлия вазирлиги томонидан 2020 йилда ўтказилган ўрганишларга кўра, Қурилиш вазирлигининг 68 та функциясидан 3 таси, Транспорт вазирлигининг – 63 тадан 3 таси, Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлигининг – 66 тадан 9 таси, Давлат-хусусий шерикликни ривожлантириш агентлигининг – 40 тадан 8 таси, Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлигининг – 37 тадан 8 таси, Капитал бозорини ривожлантириш агентлигининг – 53 тадан 7 та функцияси амалга оширилмай келинаётгани аниқланган.

Давлат бошқаруви самарадорлигини баҳолаш бўйича хорижий давлатлар тажрибаси ўрганилганда баҳолашни жорий этиш босқичлари, қўлланган технологиялар ва уларнинг афзалликлари таҳлил қилинди. Бунда давлат бошқаруви самарадорлигини баҳолаш технологиялари нисбатан олдинроқ шаклланган ва амалиётга кенг жорий қилинган Канада, Португалия, Япония, Малайзия, Россия, Қозоғистон давлатлари мисолида кўриб чиқилди.

Мазкур давлатларда баҳолаш методологияларининг (PART, CAF, GRICS, PEMANDU) шаклланиш жараёни, уларни қўллаш бўйича яратилган шарт-шароитлар ва ҳуқуқий асослар ҳамда баҳолашни амалга оширувчи тузилмалар фаолияти таҳлил этилди.

Канада давлатида 2016 йилда «Баҳолаш натижалари бўйича кўрсатма» кучга кирди. Мазкур кўрсатма Канада ижро органларини баҳолаш бўйича стандартни ўз ичига олади. Кўрсатмага мувофиқ Канада котибиятининг Ғазначилик кенгашига тақдим этиладиган тасдиқланган идоравий баҳолаш режалари амалга оширилади.

Баҳолаш қўмитаси сифатли фаолият кўрсаткичлари бўйича стандартларни ишлаб чиққан. Баҳолаш қўмитаси йил якунлари бўйича самарадорликни мониторинг қилади. Мониторинг хулосасига муайян фаолиятни амалга оширишга сарфланган ресурслар ва эришилган натижанинг нисбати киритилади.

Португалия Республикасида 2007 йилда «Давлат бошқаруви фаолиятини баҳолаш тизими тўғрисида»ги қонун қабул қилинган. Қонунга мувофиқ ижро органлари фаолиятини баҳолаш бўйича SIADAP1 методологияси, бошқарув ходимлари фаолиятини баҳолаш учун SIADAP2 методологияси, ёрдамчи ходимлар фаолиятини баҳолаш учун SIADAP3 методологияси жорий этилган. Мазкур методологиялар ҳамда бенчмаркинг технологияси ўзининг ижобий натижасини кўрсатмоқда. Хусусан бугунги кунда Португалия давлат бошқарув органлари самарадорлиги бўйича юқори кўрсаткичларга эришган.

Маълумот учун: Benchmarking – қиёсий таҳлил асосида меҳнат унумдорлигини ошириш мақсадида ташкилотни соҳадаги энг яхши кўрсаткичларга эга бошқа ташкилотлар билан таққослаш ҳамда баҳолаш натижаларига кўра юқори натижаларга эришиш мақсадида мавжуд камчиликларни бартараф этган ҳолда самарадорликка эришиш. Бенчмаркинг иккита жараённи ўз ичига олади: баҳолаш ва таққослаш. Баҳолаш жараёнида давлат ташкилоти фаолияти самарадорлигига эришиш ҳамда фаолият натижаларининг сифат кўрсаткичлари юқори бўлиши учун потенциал усулларни ҳамда иш усулларини жорий этишда фойдаланадиган «энг яхши» фаолият ва маркетинг жараёни намуна сифатида олинади.

Европа давлатларида давлат бошқаруви самарадорлигини баҳолашнинг 3 та умумлаштирилган ёндашуви ажратилган:

1) харажат-натижанинг ўзаро нисбати (муайян ҳаракатни амалга оширишга сарфланган ресурслар ва эришилган натижанинг ўзаро мутаносиблиги);

2) фаолият натижасини шунга ўхшаш соҳадаги энг яхши натижа билан солиштириш (бенчмаркинг технологияси);

3) натижанинг белгиланган мақсад билан ўзаро мослиги.

Давлат бошқаруви самарадорлигини баҳолашни амалга оширилиш технологиясига кўра 3 гуруҳга бўлиш мумкин:

1) қабул қилинган давлат дастурлари ва йирик лойиҳаларни баҳолаш;

2) нисбатан ривожланган давлатлар билан таққослашга (компаративистик) асосланган
баҳолаш;

3) рейтинглар асосида баҳолаш.

Ушбу технологиялар, ўз навбатида, тегишли индикатор ва мезонлар тизимига асосланади.

Японияда ихчам ҳукуматни шакллантириш – яхши бошқарув (good governance) моделининг татбиқ қилиниши, миллий баҳолаш тизими policy evaluation system ёки японча – gyosei hyoka асосида ишлаб чиқилиши, янги бошқарув менежменти (New Public Management) концепциясининг жорий қилиниши таҳлил қилинди. Миллий баҳолаш тизими давлат бошқарувини баҳолаш, ижро органлари фаолиятини тизимли режалаштириш ва самарадорлигини ошириш мақсадида жорий этилган. Японияда 2002 йилда «Давлат бошқарувини баҳолаш тўғрисида»ги қонун кучга кирган. Мазкур қонунга мувофиқ баҳолашнинг стандарт кўрсатмалари ишлаб чиқилган. Шунингдек, баҳолашнинг стандарт кўрсатмаларига мувофиқ ҳар бир вазирлик идоравий баҳолаш дастурини ишлаб чиқиши белгиланган. Вазирлик ва идоралар фаолияти ҳар уч йилда ex-post услубида баҳоланиши жорий этилган. Еx-post услуби ёрдамида ҳар бир ижро органига юклатилган вазифа ва функциялар бажарилиши маълум давр мобайнида (уч йил, бир йил, чорак) таҳлил қилиниб, эришилган кўрсаткичлар самарадорлик нисбати бўйича баҳоланади. Японияда бошқарувни баҳолаш тизимли йўлга қўйилган. Хусусан ҳар бир вазирлик ташкилий тузилмасида фаолиятни баҳолаб борувчи таркибий бўлинма ташкил этилган. Давлат бошқарувини баҳолаш икки даражали тузилмаларда қуйидагича амалга оширилиши белгиланган:

1) вазирликларга идоравий баҳолаш дастурларини ишлаб чиқиш ҳамда фаолиятини баҳолаб бориш мажбурияти юкланган;

2) давлат бошқаруви самарадорлигини баҳолашни мониторинг қилиш Маъмуриятни баҳолаш бюроси томонидан амалга оширилиши белгиланган. Шунингдек, Давлат бошқаруви вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги, Телекоммуникациялар вазирлигига умумий баҳолаш тизимини мувофиқлаштириш вазифаси юклатилган.

Сингапур давлат секторида меритократия ва менторинг тамойиллари ҳамда бошқарувда «натижалар учун бюджетлаштириш» концепцияси амал қилади. Давлат хизматчилари захирасини шакллантиришда Smart Nation – ақлли миллат дастури муҳим аҳамият касб этади.

Мамлакатда давлат бошқаруви самарадорлигини баҳолаш натижаларига мувофиқ қайта алоқа (feedback) механизми шакллантирилган.

Маълумот учун: Feedback – баҳолаш натижаларига кўра аниқланган хато ва камчиликларни бартараф этиш учун тавсиялар ҳамда фаолият натижаларининг сифат кўрсаткичига эришиш учун айнан қайси йўналишларни ривожлантириш кераклиги, фаолиятнинг натижавий ва самарасиз жиҳатларини кўрсатади.

Малайзияда давлат бошқаруви органлари фаолияти самарадорлигини баҳолаш учун 2009 йилда PEMANDU (Performance Management and Delivery Unit) бошқарув самарадорлигини баҳолаш агентлиги ташкил этилган. Агентлик Бош вазир администрацияси ҳузурида ташкил этилган бўлиб, 135 та мутахассисдан иборат. Мазкур мутахассислар давлат ташкилотлари ва хусусий секторда фаолият юритган ходимлар орасидан танлаб олинган. Баҳолаш PEMANDU BFR (Big Fast Results – Улкан тезкор натижалар) методологияси асосида амалга оширилган. РEMANDU BFR методологияси давлат бошқаруви самарадорлигини баҳолашда фуқаролик жамияти институтлари билан ҳамкорликда амалга оширилган. Методологияга кўра олти баллик тизимда баҳолаш ўтказилади. Баҳолаш хулосаси «қониқарсиз фаолият»дан «аъло фаолият»га ўтишда муҳим аҳамият касб этади. Йил якунида бош вазир ва PEMANDU директори вазирликлар фаолиятини баҳолайди, бунинг учун вазирликлар фаолияти натижалари ҳар ҳафта йиғилиб, ҳафталик ва ойлик ҳисоботлар тайёрланади. Ҳар олти ойда ҳар бир вазирлик ҳисоботлари кўриб чиқилади ҳамда стратегик мақсадларга эришиш даражаси баҳоланади. Баҳолаш учун халқаро аудиторлик ташкилотлари жалб қилинади. Халқаро валюта жамғармаси ва Жаҳон банкининг халқаро экспертлар комиссияси томонидан ҳам баҳолаш жараёни ва натижалари кўриб чиқилади. Ҳукумат баҳолаш натижалари асосида ҳар бир вазирлик самарадорлигини ўз ичига олган йиллик ҳисоботни тайёрлайди ва жамоатчиликка тақдим этади.

Хулоса ўрнида айтадиган бўлсак, хорижий мамлакатларда муваффақиятли синовдан ўтган давлат бошқаруви самарадорлигини баҳолашнинг илмий методологияларини Ўзбекистонда ҳам жорий этиш ижобий натижа бериши мумкин. Юқоридаги таҳлиллардан келиб чиқиб қуйидагилар таклиф этилади:

1) илғор хорижий давлатлар тажрибаси асосида Ўзбекистоннинг бугунги ривожланиш босқичига мос давлат бошқаруви самарадорлигини баҳолаш тизимини ишлаб чиқиш лозим. Бунда, жумладан, давлат бошқаруви самарадорлигини аниқлаш ва баҳолашда бир қатор замонавий технологияларни татбиқ этиш мақсадга мувофиқ (Япония ва Малайзия тажрибаси асосида);

2) давлат бошқаруви тизимига натижа асосида баҳолаш тамойилини жорий қилиш (баҳолаш натижаларига кўра самарадорлик кўрсаткичларини йиллик смета тасдиқланишидан олдин тақдим қилиш) ва у асосида давлат ташкилоти фаолиятини молиялаштириш («Натижалар учун бюджетлаштириш», Сингапур тажрибаси асосида);

Маълумот учун: Молия вазирлиги маълумотига кўра, 2022 йилдан барча вазирлик ва идораларга ажратиладиган бюджет маблағларининг мақсадли индикаторлари белгиланади ва дастурий бюджетлаштириш тизими жорий этилади. 2022 йилдан ишга тушадиган мазкур тизим орқали давлат бюджети ижросини режалаштириш, бажариш ва назорат қилиш мумкин бўлади. Маълум қилинишича, ажратилган маблағлар натижасини баҳоловчи мезонларга асосланган янги тизим Халқ таълими, Соғлиқни сақлаш, Сув хўжалиги вазирликлари ва Автомобил йўллари қўмитасида синовдан ўтказилмоқда.

3) давлат бошқаруви самарадорлиги соҳасида баҳолаш мезонларини ишлаб чиқишда халқаро ташкилотлар томонидан рейтинг ва индекслар тузишда қўлланадиган методологияга таяниш яхши натижа беради. Бунда халқаро ташкилотлар методологиясининг дунё миқёсида апробациядан ўтганлиги муҳим аҳамиятга эга;

4) хорижий давлатларда бошқарув самарадорлигини баҳолаш методологияларининг татбиқ этилиши тизимдаги кўплаб бюрократик тўсиқларнинг бартараф этилишига олиб келганини инобатга олиб, республика давлат бошқарув органлари ҳудудий бошқармалари фаолияти самарадорлигини баҳолаш тизимига бенчмаркинг методини татбиқ этиш мақсадга мувофиқ. Бенчмаркинг орқали самарали фаолият оммалаштирилади. Мазкур метод ёрдамида ваколатли орган томонидан тегишли соҳа бўйича ҳудудий бошқарма фаолияти баҳолаш натижаларига кўра бошқа бошқарма фаолияти билан солиштирилади. Қиёсий таҳлил орқали самарадорлик ва паст кўрсаткичлар ўрганилади. Бу жараёнга аутсорсинг орқали консалтинг фирмаларининг вакилларини жалб қилиш лозим. Ўрганиш натижаларига кўра аниқланган камчиликларни бартараф этиш учун тавсиялар ва маълум муддат берилади. Мазкур давлат органи томонидан маълум муддат мобайнида камчиликлар бартараф этилмаса ҳамда самарадорлик кўрсаткичи яхшиланмаса ташкилот раҳбари ва масъул ходимларнинг лавозимига лойиқлиги масаласи кўриб чиқилади. Якуний хулоса умумлаштирилиб юқори турувчи органга тақдим этилади;

5) «Давлат бошқарув органлари фаолияти самарадорлигини баҳолаш намунавий услубиётини тасдиқлаш тўғрисида»ги Вазирлар Маҳкамаси қарори лойиҳасини ишлаб чиқиш.

Лойиҳада:

вазирликлар, қўмиталар, агентликлар, инспекциялар, марказлар (Президент ҳузуридаги идоралар бундан мустасно) фаолияти самарадорлигини баҳолаш тамойиллари, баҳолашни амалга оширувчи субъектлар, баҳолаш мезонлари, муддатлари ва усулларини белгилаш ҳамда давлат органлари самарадорлигини баҳолашда идора фукцияларини давлат хизматчиларининг функционал вазифаларини амалга оширишларига мутаносиб равишда баҳолашни жорий этиш;

– давлат бошқарув органлари фаолияти самарадорлигини баҳолашнинг ягона услубиётини жорий қилиш орқали давлат сектори фаолиятини баҳолаш натижасида мавжуд муаммоларга ечим бериш, баҳолаш натижасига мувофиқ қайта алоқа (feedback) механизмини шакллантириш, баҳолаш натижалари давлат ҳокимияти бўғинлари ўртасида ҳисобдорлик учун восита бўла олиши, баҳолашнинг жорий этилиши натижасида давлат бошқаруви органларининг жамоатчилик билан алоқалари кучайиши ҳамда давлат ҳокимияти идораларининг фаолияти самарадорлиги, давлат хизматчиларининг меҳнат унумдорлиги ошишига эришиш мумкин;

– самарадорликни баҳолаш натижаларига кўра, давлат идораларини оптималлаштириш орқали бюджет харажатларини камайтириш ҳамда давлатнинг тартибга солиш ва назорат функцияларини қисқартириш мақсадга мувофиқдир. Шунингдек, мавжуд давлат органларининг функционал вазифаларини амалга ошириш механизмларини аниқ белгилаб бериш лозим. Бунда давлат органининг мақсад ва вазифаси, функциялари ҳамда фаолиятнинг йиллик иш режалари, функцияни амалга ошириш механизмларининг мавжудлиги, белгиланган функция доирасида бажарилган иш, ушбу жараёнлар учун масъул бўлим (ходимлар) меҳнат унумдорлиги, сарфланган вақт ва ресурслар миқдори, фаолиятнинг якуний натижаси муҳим аҳамиятга эга.

Мазкур услубиётни ушбу соҳадаги ташкилий-амалий ва ҳуқуқий механизмлар самарадорлигини аниқлаш мақсадида қўллаш мумкин. Баҳолаш давлат органи функцияларини амалга ошириш жараёнидаги камчиликларни, юзага келиши мумкин бўлган ҳолатларни аниқлаш, уларни бартараф этиш бўйича чоралар кўриш ҳамда тавсиялар ишлаб чиқиш, шунингдек, самарадорлик ва сифат кўрсаткичлари юқори бўлган соҳалар тажрибасини оммалаштириш мақсадида амалга оширилади.

Давлат бошқарув органлари самарадорлигини баҳолаш услубиётини жорий қилиш ҳамда ваколатли орган томонидан мазкур услубиёт асосида баҳолашни амалга ошириш учун қуйидаги тавсиялар илгари сурилади:

  • давлат бошқаруви органлари ташкилий тузилмасида ва функцияларидаги ўзгаришлар ҳамда бошқа ички ва ташқи омилларнинг самарадорликка таъсирини таҳлил қилиш, амалдаги қонунчилик талабларига мувофиқлигини таъминлаш;
  • баҳолаш жараёни шаффофлигини таъминлаш мақсадида бу жараёнга фуқаролик жамияти институтлари ва нодавлат ташкилотларни ҳам жалб этиш;
  • мониторинг ўтказиб бориш орқали давлат хизматчиларининг функционал вазифаларини амалга ошириш натижалари KPI баҳолаш услубиёти асосида баҳоланиб самарадорликка эришиш талабларига риоя қилинишини назорат қилиш;
  • мониторинг натижалари асосида юқори кўрсаткичли давлат бошқарув органлари ходимларини рағбатлантириб бориш тартибини жорий этиш.

Дилдора АНВАРОВА,
Адлия вазирлиги ҳузуридаги Ҳуқуқий сиёсат тадқиқот
институти бош маслаҳатчиси