Данияда адвокатлар тўғрисидаги маълумотлар базаси («advokat samfundet») шакллантирилган бўлиб, унда мазкур давлатда қонуний рўйхатдан ўтган адвокатлар тўғрисидаги маълумотлар жамланган. Адвокат хизматидан фойданмоқчи бўлганлар ушбу сайт орқали қонуний рўйхатдан ўтган ва адвокатлик лицензиясига эга профессионал мутахассислар тўғрисида маълумот олиши ҳамда ўзига маъқул адвокат билан электрон шаклда шартнома тузиши мумкин. Ушбу сайт орқали юристлардан онлайн маслаҳатлар олиш имконияти ҳам яратилган.

Бундан ташқари, фуқароларда адвокатлар фаолиятидан норозилик ва шикоятлар бўлса, бевосита ушбу сайт орқали «The Danish Bar and Law society» ташкилотига юборишлари мумкин. Шикоятлар Дания қонунчилигида белгиланган тартибда кўриб чиқилиб, асосли деб топилса, адвокатларга нисбатан интизомий ёки бошқа таъсир чоралари қўлланишига сабаб бўлади.

Энди ушбу мамлакатда адвокат сифатида рўйхатдан ўтиш ва адвокатлик лицензиясини олиш тартибига тўхталиб ўтсак. Адвокатларларни давлат рўйхатидан ўтказувчи ва лицензия берувчи ваколатли орган Дания адлия вазирлигининг Фуқаролик муносабатлари департаменти бўлиб, адвокат сифатида фаолият юритмоқчи бўлган ҳар бир шахс рўйхатдан ўтиши ва лицензия олиши талаб этилади. Дарвоқе, ўзлаштирилиши мажбурий бўлган ҳуқуқ соҳалари бўйича имтиҳондан ўтгандан сўнг адвокатлик лицензияси берилади. Шунингдек, рўйхатдан ўтган ҳар бир адвокат «The Danish Bar and Law society» юристлар ташкилотининг мажбурий аъзосига айланади ҳамда аъзолик бадали тўлайди. Ушбу тўлов миқдори 2021 йил 1 мартда 7500 крона (тахминан 1200 АҚШ доллари)га тенг бўлган. Шу тариқа юристлар қонуний адвокат сифатида фаолият юритиш ҳуқуқига эга бўлади.

Ҳозир Данияда рўйхатдан ўтган адвокатлар 6750 нафар. Ушбу давлат аҳолиси 2021 йил 16 апрелда 5 808 288 нафардан иборат бўлиб, адвокатлар сонига таққослайдиган бўлсак, ўртача 860 кишига 1 нафар адвокат тўғри келади. Ўзбекистон аҳолиси 2021 йил 16 апрелда 33 850 137 нафар бўлиб, адвокатлар эса 4125 нафар. Таққослайдиган бўлсак, ўртача 8206 кишига 1 нафар адвокат тўғри келади. Кўриниб турибдики, юртимизда аҳоли орасида адвокатлар сони ва адвокатлик хизматидан фойданиш даражаси бошқа ривожланган давлатлар, хусусан, Европа мамлакатларидан анча орқада.

Данияда адвокатларнинг фаолияти жуда кўп йўналишларга ихтисослаштирилган бўлиб, улар қуйидагилар:

1) оилавий низо масалалари;

2) шартномавий ва мулкий масалалар;

3) маъмурий масалалар;

4) иқтисодий ва корпоратив масалалар;

5) жиноий ва судлов масалалари;

6) коммунал хизматлар ва бошқа ижтимоий масалалар.

Бундан ташқари, Данияда адвокатлик фаолиятини бошлаган юристларга CCBE/ Advokatsamfundet ID картаси, яъни адвокатлик ID картаси берилган. Судларда ва бошқа жойларда адвокат сифатида процессуал ҳаракатларни амалга оширишда ушбу ID картани кўрсатиш орқали адвокат сифатида фаолият кўрсатишга ваколатли эканини тасдиқлайди. Ўзбекистонда адвокатлар судларда ва бошқа жойларда мижози манфаати юзасидан процессуал ҳаракатларни амалга ошириш учун адвокатлик лицензияси ва ордерини кўрсатиши лозим бўлади1.

Данияда 1919 йилда адвокатларнинг Одоб-ахлоқ кодекси – Code of Conduct ишлаб чиқилган бўлиб, унда адвокатларнинг ҳуқуқий мақоми, ҳуқуқ ва мажбуриятлари аниқ кўрсатилган. Хусусан, адвокатлар мижози манфаатлари юзасидан давлат органлари ва ташкилотларидан маълумот олиш, судда ишга тааллуқли материаллар юзасидан изоҳлар, тушунтиришлар бериш, норози бўлган тақдирда ўз эътирозларини билдириш, ишга тааллуқли ҳужжатлардан нусхалар олиш ва бошқа ҳуқуқларга эга. Мажбуриятлари эса суд тартибига риоя этиш, иш юзасидан келтираётган далилларини қонуний йўллар билан олиш, ўз даъвосини асослаб бериш, бошқа фуқароларнинг ҳуқуқлари ва шаънини ҳурмат қилишдан иборат2.

Данияда адвокатлар фаолияти йўналиши ва мазмуни жиҳатидан икки турга бўлинади:

хавф-хатарга асосланган фаолият йўналиши (Risk-based supervision);

пул билан боғлиқ фаолият йўналиши (Supervision focused on money laundering).

Хавф-хатарга асосланган фаолият йўналишида фуқаролар томонидан давлат ва жамият учун ўта хафли бўлган жиноятлар ва ҳуқуқбузарликлар содир этилган вазиятлар билан боғлиқ ҳолатлар (саse) юз берганида, масалан, одам ўлдириш, қасддан инсон соғлиғига жиддий зиён етказиш, жамоатга зарар келтирадиган ижтимоий хавфли қилмишлар содир этилганда адвокатлар жабрланувчи ёки даъвогар томон манфаатларини кўзлаб ҳаракат қилиши тушунилади.

Пул билан боғлиқ фаолият йўналишида адвокат фаолиятининг асосий мақсади ва йўналиши катта миқдордаги пул билан боғлиқ бўлади. Масалан, тадбиркорлар ўртасидаги шартномавий низолар, корпорациялар ўртасидаги пул билан боғлиқ низолар ва бошқа шу каби ҳолатлар3.

Марказий Осиё мамлакатлари билан солиштирганда, Данияда адвокатура фаолиятининг яна бир ўзига хос жиҳати шундаки, фуқароларга ҳуқуқий хизмат кўрсатувчи кўплаб юридик фирмалар мавжуд ҳамда фуқароларга адвокатлик хизматларини кўрсатувчи кўплаб веб-сайтлар ишлаб чиқилган. Ушбу веб-сайтларда адвокатлик фирмасининг асосий фаолият йўналишлари, ваколатини тасдиқловчи ҳужжатлар, ютуқлари, яъни фирма томонидан ютиб чиқилган ишлар, малакали мутахассислар ва улар тўғрисида маълумотлар жойлаштирилган. Масалан, Helpline law веб-сайтининг кенг кўламда фаолият юритиши адвокатлик фирмалари фаолиятининг аҳоли орасида кенг тарғиб этилишига ҳамда фуқароларнинг юридик ёрдамдан фойдаланиш даражасининг ошишига сабаб бўлмоқда.

Аббосхон АЪЗАМХОНОВ,
Фарғона вилояти Риштон тумани
адлия бўлими етакчи маслаҳатчиси

1 Ў1https://www.advokatsamfundet.dk/english/about-us/membership-and-registration

2 https://www.advokatsamfundet.dk/english/about-us/advocacy

3 https://www.advokatsamfundet.dk/english/about-us/supervision-activities-of-the-danish-bar-and-law-society