Чиннигул  таққан йигит (ҳикоя)

Эммануэль РАБЛЕС,

француз адиби

– Қўрқманг, мадемуазель, қўлга олинганлар сизни кўрмайди.

Люсьена аслида ҳозирча қўрқмаётганди. Фақат хонани синчиклаб кўздан кечирди. Икки полициячи ихчам рефлектор-чироқларни девор томон тўғрилашди, стулларни олиб қўйишди. Қизнинг кўнгли хижил тортди – меҳнат таътили тугашига бир неча кун бўлса ҳам бугун кечқуруноқ Барселонадан жўнаб кетади. Уч полициячининг биттаси, қотма, қорамтир Альваро ясама олифталиги билан Люсьенанинг энсасини қотирди.

– Қанчалар шаҳло кўзлар тикилганини улар ҳеч қачон билишмайди!

Шилқим! Қиз қизариб кетди. Эҳтиётсизлик қилгани учун ўзидан яна бир бор ўпкалади.

Йўлакдан одамларнинг аста гаплашгани, қадам товушлари эшитилди. Тергов тугамагунча полиция маҳкамасида ушлаб қолишлари ҳам эҳтимолдан холи эмас, у ҳолда поездга кечикади. Люсьена бу шаҳарни имкон борича тезроқ тарк этишга ошиқар, аллақандай хавотир сира тинчлик бермасди.

– Беш дақиқадан кейин ҳаммаси якун топади, – деди Альваро.

Люсьена ҳаяжонланаётганини наҳотки билдириб қўйди? Кенг хонада, тўғрироғи, камерада оёғини чалиштириб ўтираркан, қиз эринмай лабларини бўяр экан, пардоз қутичасидаги кўзгу билан полицияларни зимдан кузатарди.

«Кейинги сафар тилимга эҳтиёт бўламан», – деган ўй кўнглидан кечди.

Ҳаммаси ўтган кечаси бош­ланди. Июль тунида димиқиб кетган Люсьена тоза ҳаводан нафас олиш учун балконга чиқди. Меҳмонхона балконидан шоҳкўча ярим кеча оғушида экани яққол кўзга ташланар, деярли шим-шийдам бўлиб, аҳён-аҳёнда бандаргоҳ томон юк машиналари ўтиб турарди. Қиз денгиз шамолига юзини тутиб, енгил нафас оларкан, уч ҳафталик таътилнинг ярми Танжерада дўстлари даврасида кўз очиб юмгунча ўтиб кетганини эслаб ширин энтикди.

Дарахтларни паналаб чопиб келаётган бир йигит беихтиёр Люсьенанинг эътиборини тортди. Қиз эрмак топилганидан хурсанд бўлиб уни кузата бошлади. Йигит рўзномалар дўкони ёнида тўхтаб, қўйнидан тезда катта варақа чиқарди-да, елимлаганидан кейин деворга ёпиштирди. Люсьена хира чироқ ёруғида йирик қизил ҳарфлар билан ёзилган «Пуэбло»  сўзинини ўқий олди, холос. Бош­қа сўзларни бундай масофадан ўқий олмади. Шу паллада чуриллаган ҳуштак овози эшитилди. Йигит хавотирланиб ўша томонга қаради. Кейин эса беихтиёр балконга кўз ташлади. Люсьена ҳурпайган сочли йигитнинг юзини аниқ кўрди. Йигит оёғини қўлга олиб қочди. Ҳеч қанча ўтмай муюлишда пайдо бўлган узун қора машина чироқлари порлаганча меҳмонхона томон катта тезликда яқинлаша бошлади. Осуда тун бағри дарз кетгандай эди гўё. Машина рўзномалар дўкони қаршисида тўхтади, полиция офицери варақа томон югурди ва уни девордан ғазаб билан шилиб олди. Сўнг полициячилар йигитнинг изидан тушди. Олис бандаргоҳдан шатакчи қайиқнинг сиренаси эшитилди. Люсьенанинг эти учгандай бўлди ва халатига ўралиб олди. Кутилмаганда ўқ овози янгради, қизнинг назарида ёнгинасида қарсиллаб эшитилгандай бўлди…

Эрталаб умумий дастурхон устида қария кечаси ўқ овозидан уйғониб кетдим дея шикоят қилди. Люсьена тунда кўрганларини соддадиллик билан оқизмай-томизмай гапириб берди: бир йигит, яширин гуруҳнинг аъзоси бўлса керак, дўконча деворига варақа ёпиштирди; қувиб келаётган полициячилар унга қарата ўқ узишди. Даврадагилардан ҳеч ким савол бермади, шунинг учун ортиқча изоҳга ҳожат қолмади. Даврадошларининг бефарқлиги Люсьенани ажаблантирди, бирпасдан кейин эса ҳаммасини унутди. Нонуштадан кейин бир соат ўтгач, қиз меҳмонхонадан чиқиб кетаётганда бошқа полициячилар билан бирга Альваро ҳам унинг йўлини тўсиб, бир неча савол берди. Люсьена энди ўйлаб гапириши кераклигини англади, зеро меҳмонхона бекаси Руис ҳам кўзини узмай тикилиб турарди. Люсьена йигитнинг юзини кўра олмадим деди. «Биринчидан, чироқнинг ёруғи жуда хира эди, иккинчидан, ҳаммаси шунчалик тез содир бўлдими, эътиборга молик бирон жиҳатни эслаб қолишга улгурмадим» – дея жавоб қайтарди.

Альваро қизнинг жавобидан қониққандай эди, бироқ қизга шубҳа билан тикилди. Инспектор Люсьенанинг хонасига чиқишим лозим деди. Қиз асабийлашиб норозилик билдирди, лекин полициячи бека билан бирга зинапоя бўйлаб кўтарила бошлаганини кўриб уларнинг ортидан эргашди. Люсьенанинг норозилиги инспекторнинг эътиборини тортди. Альваро балконга чиқиб, дўконча ва унга туташ кўчага бир неча дақиқа диққат билан тикилди. Шу асно ҳаммаси якун топгандай эди.

Люсьена тушдан кейин чўмилишдан қайтганда меҳмонхона вестюблида иккита полициячига кўзи тушди. Улар, чамаси, уни узоқ кутишганди, стол устидаги кулдон чекиб ташланган сигарет қолдиқлари билан тўлиб кетганди. Альваро муҳрланган расмий қоғозни кўрсатганига қарамай олдинига улар билан бирга боришдан бош тортди. Лекин инспектор жуда назокат билан, лабидан табассум аримай қизнинг қўлтиғидан олди.

– Арзимаган хизмат. Бир неча дақиқа вақтингизни аямасангиз бўлди, фақат битта расмий ишни адо этсангиз, бас…

… Дафъатан иккала рефлектор ҳам порлади, рўпарадаги девор ҳатто кўзни қамаштира бошлади. Ҳозиргина йўлакдан камерага киритилган одамлар ҳам кўзлари қамашиб нигоҳларини олиб қочишди. Улар саккиз киши – ҳаммаси одми кийинганди. Айримларининг эса ошкора ҳаяжонланаётгани сезилиб турарди. Фақат чапдан учинчи турган одам ҳеч гап бўлмагандай ўзини хотиржам тутяпти. Манглайи кенг, ияги ихчам йигитни Люсьена дарров таниди – варақани ёпиштирган айнан шу эди! Унинг сахтиён камзули юқори чўнтагидан оппоқ чиннигул чиқиб турар, бироз эскирган одат бўлса ҳам бу безак йигитга ўзгача кўрк бағиш­ларди. У бутун қиёфаси билан айбдор эмаслигини, полиция беҳуда вақт сарфлаётганини таъкидларди.

Ҳа, бу ростан ҳам сочлари ҳурпайган, ёқтимтой ўша нотаниш йигит эди. Люсьена билан деярли тенгдош – йигирма олти-йигирма саккиз ёшларда.

Ёнма-ён турган гумондорлар ёрқин чироққа тик қарай олмай кўзларини тез-тез пирпиратишарди. Уларнинг баъзилари қоронғилик ичра ўтирган Люсьенани илғашга уринарди. Қиз хижолат чека бошлади. Муҳими полициялар ҳар бир хатти-ҳаракатини кузатиб турган айни паллада ўзини қўлга олиб, сир бой бермаслик кераклигини тушунди. Асосийси – девор олдида тик турганларнинг ҳар бирига синчиклаб тикилмаслиги, ҳаяжонини ҳам билдирмаслиги керак. Люсьена энг четда турган одам томонга ўгирилди ва унинг юзидаги қотиб қолган қонни кўриб, нафаси бўғилди. Полициячиларга буларнинг ичида сизлар излаётган одам йўқ дея сал бўлмаса бақириб юбораёзди. Бироқ тили калимага келмади. Ортида турган полициячилар унинг фик­рини кутишарди. Жандармлар жиноятчини яхши таниб олиш учун қиз уларни синчиклаб кўздан кечираётир деб ўйлаб, уни ўзларининг гумаштаси ҳисоблаган бўлишлари ҳам эҳтимолдан холи эмас. Бу фикр Люсьенанинг кўнглидан кечаркан, эти жимирлаб кетди. Гоҳ униси, гоҳ бунисига тикилар экан, қиз гумондорларнинг кўнглидан кечаётган турли хавотирли фикрларни ҳам уққандай бўларди. Фақат чўнтагига чиннигул солиб олган йигит ҳамон хотиржам. Йигит Люсьенага сира эътибор бермасди, лекин барча қатори у ҳам талаб қилингандек, бошини ўнгга ўгириб, қўлларини туширганча итоаткорона турарди.

– Хўш, – сўради пакана Альваро.

– У буларнинг ичида йўқ.

– Ҳеч бирини танимадингизми?

Люсьена елка қисди. Сал бўлмаса йиғлаб юборай деди, бироқ бутун иродасини ишга солиб, ўзини қўлга олди.

Чўнтагига чиннигул солиб олган йигитнинг ҳурпайган сочлари прожекторларнинг пориллаган ёруғи остида металл қалпоқдай туюлди.

– Анави кўк кийимли эмасми?.. Яхшироқ қаранг!

Альваро гўлах кийимидаги жағлари қовушган, қарашлари қаҳрли йигитга ишора қилди.

– Уни ҳам сизнинг меҳмонхонангиз ёнида қўлга олишган.

– Айтдим-ку, ҳеч кимни таний олмаяпман.

– Афсус, – деди аламини аранг ичга ютиб Альваро. – Наҳотки эсингизда қолмаган бўлса?

Люсьена бу пакана полиция­чидан нафратлана бошлади. Сурбет ёлғончи! «Арзимаган расмиятчилик» эмиш! Бу шармандали томоша наҳотки шунчаки расмиятчилик бўлса! Қиз шаҳд билан ўрнидан қўзғалди. Сабр-тоқати тугаётганини сезди. Альваро ундан кўз узмасди. Бу масхарабозлик поёнига етганини англатиш учун қўлга олинганларга орқа ўгириб олди.

– Бир сония, мадемуазель. Балки унинг ёнида турган кимсадир?

– Анави қариями?

– Унинг чап томонидаги, кўк­рагида гул бор йигит.

– Йўқ, у эмас, – деди Люсьена.

Бироқ ҳаяжонини овозидан билдириб қўйганини сезиб, нафаси ичига тушиб кетди.

Камерага азобли сукут чўкди, Альваронинг совуқдан-совуқ бўғиқ овози гўё ернинг остидан келаётгандай эшитилди:

– Қатъий фикр айтишга ошиқманг. Назаримда, бу йигитни танийсиз.

Люсьена қўрқиб кетди. Альваро пихини ёрган терговчи. Гувоҳларни ҳам булбулдай сайратишга устаси фаранг бўлса ажаб эмас.

– Ҳурпайган сочларини қаранг, қоронғи кечада ҳам бошқалар орасидан уни таниб олиш ҳеч гап эмас, – деди Альваро.

Люсьена яна ортга ўгирилди. Қўлга олинган саккиз нафар одам ўз тақдири ҳал бўлишини кутарди. Кўкрак чўнтагига чиннигул тақиб олган ёш йигит ҳамон ўзини хотиржам тутар, бироқ унинг кўзларида аллақандай истеҳзо учқунлари порларди… Дўкончага варақани у ёпиштирганини билишса, шерикларининг исм-фамилияларини айтишни талаб қилиб, ўлгунча калтаклашади, азоблашади, кейин эса узоқ муддатга қамоққа тиқишади. Люсьена шуларни ўйлаб даҳшатга тушди.

Инспектор тағин тилга кирди:

– Чамаси, бу йигит бошқаларга қараганда сизни кўпроқ қизиқтираётир?

Люсьена илкис чўчиб тушди. Лекин зўрма-зўраки жилмайди-да, бироз киноя билан деди:

– Мени-я? Албатта! Қоп- қора сочлари маҳлиё қилди.

Альваро ҳам кулди. Люсьена наҳотки хато қилдим, сир бой бериб қўйдим деган фикр­дан ваҳимага тушди. Лекин инс­пектор хиёл энгашиб, тагдор қилиб таъкидлади:

– Бу келишган Ромео эртами-кечми ўз Жульеттасини топади…

– Эҳтимол…

Люсьена чиқиш эшиги томон юрди, эшик олдида эса икки барваста полициячи қўлларини орқасига қовуштирганча оёқларини кенг ёзиб, важоҳат билан тошдай қотиб турарди. Балки бунда ҳам бир айёрлик бордир. Улар ўз важоҳати билан унинг юрагига ваҳима солиб, бирон ҳаракати ва ишораси билан сирни фош қилиб қўйишини хоҳлаётгандир. Соқчилар унга йўл беришди. Альваро ҳам эргашиб йўлакка чиқди ва қуюқ миннатдорчилик билдира кетди. Люсьена қуруқ жавоб қайтарди:

– Миннатдорчиликка арзийдиган ҳеч иш қилганим йўқ.

Улар ёп-ёруғ йўлак бўйлаб ёнма-ён кетиб борарди. Ёруғлик ён томондан тушар, Альваронинг юзи нимкўланка қоплагани боис қизга яна баджаҳл, ҳатто шафқатсиздай кўринди.

– Сизга сидқидилдан миннатдорчилик билдираяпман. Ахир бизга ёрдам бериш учун астойдил уриндингиз. Умид қиламанки, жиноятчини таниган бўлсангиз, кимлигини ниҳоят менга айтасиз.

Альваро қиздан сал орқада, йўлакка ётқизилган тош плиталарни қарсиллатиб, шахдам қадам ташлаб келарди. Люсьена унга сиз қаттиқ янглашаяпсиз демоқчи бўлди. Юрагида қаҳру ғазаби туғён қилди, бироқ сўнг­ги лаҳзада ўзини босиб, индамай қўя қолди.

– Наҳотки индамай кетаверсангиз? – ҳафсаласи пир бўлиб сўради инспектор.

Люсьена таксига ўтириб меҳмонхонага келди ва нарсаларини шошилинч йиғиштириб, вокзалга йўл олди. Перрон гавжум, вокзал радиокарна­йидан узуқ-юлуқ гаплар эшитиларди.

Вагон ҳали ҳувиллаб ётар, ҳатто чироғи ҳам ёқилмаганди. Унинг купесида ҳам ҳеч ким йўқ экан. Люсьена ўз жойини топиб, чиптага қараб рақамни яна бир бор текширди. Пештахтада нимадир ётар, бироқ Люсьена қоронғида нима эканини била олмади. Аввалига ажабланди, кейин бироз ҳаяжон билан чироқни ёққанди, бир даста оқ чиннигулга кўзи тушиб, кўнгли ёришиб кетди.

Янги узилган гуллар оловдай қизил тасма билан боғланганди. Гулдастадан баҳор нафаси уфурарди. Люсьена шоша-пиша вагон деразасини туширди-да, перрондаги одамларни кўздан кечира бош­лади, лекин назарида унга ҳеч ким эътибор бермади. Икки кампир инқиллаб-синқиллаб вагонга кўтарилди; аскарлар девордан чиқиб турган жўмракка идишларини тутиб, тўлдириб олишди… Қўшни темирйўл излари бўйлаб паровоз сирпангандай деярли сассиз ўтиб кетди. Радиокарнай орқали эса кимнидир ахтариб беҳуда чорлашарди. Гўё кимсасиз чўлдагидай…

Лекин бу ер бийдай биёбондан тамомила бошқа жой экани Люсьенанинг кўнглидан кечди. Ниҳоят, елкасидан тоғ ағдарилгандай ўзини енгил ҳис қилар, энг муҳими кимнингдир ғойибона меҳрини туйиб энтикарди. Қўлида бир даста чиннигулларни ушлаганча поезд жойидан жилмагунча вагон деразасидан нари кетмади…

Рус  тилидан Абдуҳамид Пардаев таржимаси.