0,00 UZS

No products in the cart.

16.8 C
London
Chorshanba, Sentabr 30, 2020

Чат (мутолаа учун)

- Advertisement -
- Advertisement -

1-кун

…Ҳар доимгидек зерикарли. У гавжум ва сершовқин кўчада одамлар орасидан туртиниб-суртиниб ўтиб бораркан, торгина уйига қандай қилиб тезроқ етиб бориш ва якранг кунининг қолган қисмини нима билан ўлдиришни ўйларди. Эртага худди шунақа яна бир кунга қадам қўйиш учун…Шунинг учун бўлса керак, бадиий ғоясини ўқувчига ўзига хос шаклда тақдим этишга ҳаракат қилади. Исмлардан, жой номларидан қочади, мавҳумиятдан маъно қидиради. Буни қай даражада уддалайди – ўзингиз баҳо беринг.

…Мана у маконида. Дим кўчадан қутулиб, каталакдек уйига келди. Бир қадам ташлаганингдан бошинг деворга тақалади. Тор бўлса ҳам, ўзининг ошёни. Бу ерда унинг хаёллари кашандалар ўпкасидан таралаётган тамаки ҳидига қўшилиб ҳавога учиб кетмайди, қулоқлари жимжитликни эшитади, нигоҳлари эса оппоқ деворлар тимсолидаги бўшлиққа қадалган бўлади. Қайси томонга қараса ҳам.

Бир муддат ҳеч нарсани ўйламасликка ҳаракат қилди. Бунинг иложи йўқлигини кўп бора синаган, шунда ҳам ҳар сафар қандайдир янгилик кашф этиш илинжида қайта-қайта жазм қилади. Янгилик ўрнига доимгидек мағлубиятга учрагач, ўзининг ожизлигини яна бир бор тан олади.

«Нега одам ўйлайди? – фикр юритади у. – Ҳатто ҳозир ҳам ўйлаяпман. Агар бир лаҳза хаёл оғушидан чиқиб кета олсам, ана шунда балки ўзимга керакли нарсага етишарман. Менга нима керак ўзи? Билмайман… ».

Ниҳоят, бу фойдасиз машғулотдан ҳоригач, ўзига янги эрмак қидира бошлади. Ҳа, интернет. Неча кунлардан буён интернет аталмиш техника ҳазили билан кўнглини ёзади. Янгилик, кишилик жамияти тараққиётининг улкан қадами. Илм-фан аҳлининг башариятга навбатдаги совғаси… Аслида эса ҳеч қанақа янгилик эмас, худди ўша нарса: ўша сўзлар, яна бироз тушунарсизроқ, ўша овозлар, яна бироз ноинсонийроқ, ўша тасвирлар, яна бироз сохтароқ. Бу прогрессми, регрессми – аниқ айтиш қийин. Барча «янгилик»ларнинг тараққиёт йўлакчасидан орқага ёки олдинга ташланган қадамлигини унинг ижодкорлари белгиламайди, зеро.

Интернетдан ҳамма қандайдир йўлда фойдаланади. Кимдир иш юзасидан, кимдир ахборот олиш мақсадида, кимдир пул топиш илинжида, яна кимдир бекорчилик фаришталарининг кўнглини овлаш учун. У эса нима мақсадда тармоққа уланишини аниқ айтолмайди. Шунчаки уланади.

Интернетда чат деб аталадиган, одамлар йиғилишиб, бир-бирининг устидан кулиб ўтирадиган хизмат бор. Чойхонага ўхшаган. Лекин чойхонадан қулайроқ, ҳавфсизроқ: бировни билиб-билмай сўкканингда бетингга пиёла учиб келмайди.

У ўзига «Ҳеч ким» деган исм бериб, соатлаб чатда ўтиради. Соатлаб бир-бирини танимайдиган одамларнинг масофавий суҳбатини ўқийди. Жуда қизиқ. Ҳаётнинг ўзичалик ёлғон иш. Иккита суҳбатдош жанжаллашиб қолса, қайси бири мард, қайси бири қўрқоқлигини аниқлаб бўлмайди. Бировнинг кўнглига тегсанг, айбинг­ни тан олишинг, узр сўрашинг шартмас. Ҳисларингни яширишдан осонроқ нарса йўқ чатда. Ёки, аксинча, йўқ ҳисларингни бўрттиришдан… Бир сўз билан айтганда, ёлғонликда телефондан ошади…

Бугун ҳам у ўзи мутлақо танимаган одамларнинг ғойибона суҳбатидан баҳраманд бўлмоқда. Салом-алик, севаман-ёнаман, кимсан ўзи менга ортиқча гапирадиган… Нега чатда мавзулар доираси бу қадар чекланган? Нега бир-бирини сўкиш ва севишдан бошқасини билмайди булар? Ажабо, неча муддатдан буён бирор марта ўзи суҳбатга қўшилмабди. Ким билан, нимани гаплашади?

Ногаҳон кўзи рўйхатдаги «Аноним» исмли фойдаланувчига тушиб қолди. Ичида нимадир қимирлаб кетгандек бўлди. Балки исм, балки исм ортига яширилган, бир фойдаланувчи, бир худо биладиган қандайдир мўъжизакор куч уни ўзига боғлаб қўйди. Умрида ҳеч ким билан суҳбатлашмаган, ҳеч кимнинг бағрига интилмаган, ҳеч кимга ишонмаган инсон негадир мана шу ўзи бирор марта кўрмаган ва, афтидан, ҳеч қачон кўрмайдиган «Аноним»га яқинлик ҳис қилди. Ва беихтиёр уни суҳбатга тортди.

«Ҳеч ким» – Салом.

«Аноним» – Салом.

«Ҳеч ким» – Биров билан суҳбатлашаётганмидинг?

«Аноним» – Йўқ.

«Ҳеч ким» – Унда нега каналда ўтирибсан?

«Аноним» – Сен-чи?

«Ҳеч ким» – …

«Аноним» – Мен ҳам шунинг учун.

«Ҳеч ким» – Сен ўзи… кимсан?

«Аноним» – Бу муҳим эмас.

«Ҳеч ким» – Лекин мен ўзим мутлақо танимаган инсоним билан суҳбатлаша олмайман.

«Аноним» – Таниган инсонларинг билан-чи, ҳеч суҳбатлашасанми?

«Ҳеч ким» – Ҳа.

«Аноним» – Нимани суҳбатлашасан?

«Ҳеч ким» – Айтарли ҳеч нарса. Ҳол-аҳвол сўрайман. Уларнинг гапини эшитаман.

«Аноним» – Сен шуни суҳбат ҳисоблайсанми?

«Ҳеч ким» – Мен бошқачасини билмайман.

«Аноним» – Дунё сенинг ақлинг билан ўлчанмайди. Агар дунё фақат сенинг ақлинг билан ўлчанса, билгинки, у фақат сенинг дунёнг ва унда фақат сен яшайсан.

«Ҳеч ким» – Мен барча бирдай яшайдиган дунёни кўрмаганман.

«Аноним» – Шу боис сени у дунёга қабул қилишмаган.

«Ҳеч ким» – Сен… мени танийсанми?

«Аноним» – Қаердан танийман, ахир ўзинг суҳбатга тортдинг.

«Ҳеч ким» – Мен ҳақимда нима биласан?

«Аноним» – Фақатгина нимадандир қочишинг ва ниманидир топа олмаслигингни биламан.

«Ҳеч ким» – Қаердан биласан?

«Аноним» – Буни ўзинг айтиб турибсан.

«Ҳеч ким» – Ахир бу ғойибона суҳбат, мени кўрмасанг, рост ёки ёлғон гапираётганимни аниқ билмайсан-ку?

«Аноним» – Рост билан ёлғоннинг чегарасини белгилаб бера оласанми?

«Ҳеч ким» – Реал ва виртуал ўлчам.

«Аноним» – (кулги) Одамни ушлаш мумкин дегани бу ҳали у реал дегани эмас. Инсон ўнта бунақа интернет ўйлаб топса ҳам, ҳақиқатни алдай олмайди. Ҳамма нарса битта асосга бориб тақалади аслида. Ёлғон тақдирларни белгилашни бошлаганда ҳақиқат ўлароқ қабул қилинади. Ва унутилган ҳақиқатлар ёлғонга айланади.

Алоқа узилди.

У ўзини қўярга жой тополмасди. Ким бу «Аноним», нега бунча кўп нарса билади – бу сингари саволлар уни мутлақо қийнамайди. Унинг хаёли битта нарсада – яна бир бор суҳбатлашиш, яна бирор нима ҳақида гаплашишда. Бундан уни бир кун ажратиб турарди. Бутун бошли йигирма тўрт астрономик соат. Вақтни ўлдириш керак…

2-кун

Эртасига у яна чатда ўтирарди. Ҳар кунгидан фарқи шундаки, энди бошқаларнинг суҳбатини ўқиш билан машғул эмас. У бир кишини кутиб турибди…

Ниҳоят, «Аноним» каналга уланди.

«Аноним» – Салом, эски таниш.

«Ҳеч ким» – Кеча кутилмаганда каналдан айрилдинг?

«Аноним» – Имкониятлар чекланган.

Сукут.

«Ҳеч ким» – Нимани ўйлаяпсан?

«Аноним» – Ҳеч нарсани.

«Ҳеч ким» – Ҳеч нарса ўйламасликнинг иложи борми?

«Аноним» – Бу дунёда ҳамма нарса нисбий. Агар мундоқ қарасанг, вақтни ҳам бошқариш имконига эга бўласан.

«Ҳеч ким» – Наҳот?! Мен эса инсоннинг имкониятлари чекланган деб юрарканман.

«Аноним» – Аксинча, бизни имкониятлар чеклайди. Моҳиятни англаган кунинг ўзингни материядан юқори ҳис қиласан.

«Ҳеч ким» – Дарвин таълимоти-чи?

«Аноним» – Ҳақиқий ёлғон, ёлғон ҳақиқат (кулги).

«Аноним» каналдан чиқди.

Нималар бўляпти? Нега яна алоқа узилди? Уни яна бир кун куттириш учунми? Қанақа қилиб ўтказади бунақа узоқ вақтни?

3-кун

«Аноним» – Биров билан чин дилдан суҳбат қурганмисан?

«Ҳеч ким» – Йўқ. Мен ичимдаги гапни бировга айтолмайман.

«Аноним» – Нега?

«Ҳеч ким» – Агар бировнинг юзига қараб дардимни айтсам, кўзларида унга мендан кўра ўзи муҳимроқ эканлигини кўраман. Унга дардимни айт­гандан нима фойда?

«Аноним» – Ўзингга-чи, ким муҳим?

Сукут.

«Аноним» – Ҳеч кимга ўзинг ҳақингда гапирмаганмисан?

«Ҳеч ким» – Гапирганман… севган инсонимга.

«Аноним» – Севгилинг борми?

«Ҳеч ким» – Бор эди. Ҳаммаси тугаганига анча бўлди.

«Аноним» – Нега бунақа бўлди? Келиша олмадиларингми?

«Ҳеч ким» – Йўқ. Бошидан шунақа бўлишини билардик. Лекин моддиятдан устунлик қила олмадик (кулги). Бу эҳтирос эди. Биз бир-биримиз билан тирик эдик. Тўғри, қисқа муддат. Кейин ҳаммаси ўзгарди. Шунчаки ўзгарди. Биз бир-биримизга меҳрдан бошқа ҳеч нарса бера олмасдик, бошқа ҳеч нарса талаб ҳам қила олмасдик.

«Аноним» – Қанақа қилиб ажрашдинглар?

«Ҳеч ким» – Шунчаки алоқамиз узилди. Сенинг интернетинг узилиб қоладигани сингари. Орамизда низо чиққани йўқ. Хайрлашмадик ҳам ҳатто. Ичимиздаги гапни бир-биримизга айта олмадик. Ҳарқалай, мен айта олмадим… У кетди. Мен эса уни ўзим билан олиб қолишга ҳаракат ҳам қилмадим. Имкониятлар мени чеклаган эди…

«Аноним» – Аччиқ қисмат.

«Ҳеч ким» – Мен билан боғлиқ ҳамма нарсанинг қисмати шунақа. Мендан доимо кечишади. Мен кечмасам ҳам.

«Аноним» – Балки бунга ўзинг айбдорсан?

«Ҳеч ким» – Билмасам, ўйлаб кўрмаганман.

«Аноним» – (кулги) Бировнинг айбини кўриш осон-а?

«Ҳеч ким» – Тўғриси, ҳамма нарсада ўзимни айб­лашдан чарчадим.

Яна алоқа узилди. Яхшиям узилди. Бўлмаса мутлақо билмайдиган инсонига барча сирларини айтиб берарди. Эртадан интернетга кирмайди…

4-кун

Компьютер мониторида «уланиш» ойнаси турибди. У курсорни «чақирув» тугмасига олиб келиб, бир муддат ўйга толди. Нима қилса?.. Ҳеч кимга ишонмаган дардини қандайдир «Аноним»га дастурхон қилиш… Шунча пайт қафасда сақланган юрагига эрк бериш қандай оқибатларга олиб келади… Ўйлаб кўриш керак…

«Ахир бир умр ўйлашдан қутулишга интилганман» миясига урди унинг ва «чақирув» тугмасини босди. Алоқа бор. «Аноним» каналда.

«Ҳеч ким» – Кеча нега гапимни охирига етказмасимдан чиқиб кетдинг?

«Аноним» – Охирги гапингни охирги нафасингга қадар гапирасан.

Сукут.

«Аноним» – Ҳеч кимим йўқ дегин?

«Ҳеч ким» – Топишга ҳаракат ҳам қилмаганман.

«Аноним» – Кеча тилга олганинг-чи?

«Ҳеч ким» – Тасодиф, вақтинчалик эҳтирос.

«Аноним» – Вақт инсонни ўз чангалида сақлар экан, боқий нарсанинг ўзи бўлмайди. Ҳаммаси бунақалигидан пушаймон бўлмайсанми ҳеч?

«Ҳеч ким» – Пушаймондан наф йўқ. Орқага қарамасликка интиламан.

«Аноним» – Айтишингча, фақатгина севги бобида омадсиз эмассан.

«Ҳеч ким» – Ҳа… Менинг ҳеч кимга керагим йўқ.

«Аноним» – (кулги) Олти миллиард инсондан бирма-бир сўраб чиқдингми?

«Ҳеч ким» – Нега унда мен интилган инсонлар мендан қочади? Нега муҳит мени қабул қилмайди? Нега мени эмас, бошқани танлашади? Нега ҳар доим, ҳамма учун мен узоғи билан иккинчиман?

«Аноним» – Сен реал ўлчов атаганинг «ҳақиқат» шунақа: ҳар доим яхшироғини танлайди. Маъшуқанг­га ўхшаб.

«Ҳеч ким» – «Маъшуқам»нинг бунақалигини қаердан биласан?!

«Аноним» – Ахир сен унга меҳрдан бошқа нарса бера олмас эдинг.

Сукут.

«Аноним» – Пушаймон бўлмайман дегандинг. Нега пушаймон бўляпсан?

«Ҳеч ким» – Сен қаердан билдинг?

«Аноним» – Сукутинг айтиб турибди.

Сукут.

«Аноним» – Кўрдингми? Айтгандим, интернет билан ҳақиқатни алдаб бўлмайди деб.

«Ҳеч ким» – Жин урсин, ҳамма нарсани тўғирлаш учун нима қилишим керак?

«Аноним» – Мослаштиришинг эмас, мослашишинг керак. Нега муҳитни фақат ўз кўзинг билан кўрасан? Бор нарсани акс эттиришга ярайдиган бу ойнакка шунчалик ишонасанми?

Алоқа узилди.

5-кун

«Аноним» – Йиғлаганмисан ҳеч?

«Ҳеч ким» – Ҳеч.

«Аноним» – Бағринг тошми шунчалар?

«Ҳеч ким» – Кўнгли бўш одамларгина юрагига эрк беради.

«Аноним» – Йиғлаш фақат фойда келтиради. Ишонмасанг синаб кўр.

«Ҳеч ким» – Синаб кўраман. Лекин… йиғлашга баҳонам йўқ.

«Аноним» – Шунақа деб ўйлайсанми? Яхшилаб ўйлаб кўр қани. Яна ишқ дардига қайтсак (кулги). Нега ҳаммаси бунақа тугади?

«Ҳеч ким» – Шунақа бўлиши керак эди.

«Аноним» – Адашасан. Бунақа бўлмаслиги ҳам мумкин эди-ку? Нега ҳаммасини тўғрилашга ҳаракат қилмадинг? Яна менинг ҳеч кимга керагим йўқ дейсан-а?

«Ҳеч ким» – Айтайлик, у менга керак эди. Мен у билан қолишга талпинишим мумкин эди. Лекин унга бу керакмиди?

«Аноним» – Ҳамма ўзига яқин инсонидан нимадир кутади. Ўшани ололсагина бағрини очади. Акс ҳолда… Тушунасан, чекланган дунё. Имкониятлар дунёси. Имкониятдан устун чиққанингдагина ўзинг хоҳлаган нарсага эришасан. Айтайлик, машина сотиб олишга имкониятинг бор. Сотиб олдинг. Ўзингни бахтли ҳис қиласанми?

«Ҳеч ким» – Ўйлаб кўрмаганман.

«Аноним» – Биринчи хаёл иккинчисини чақиради. Ўйловнинг охирига ета олмайсан. Саволни бош­қача қўяман: севганингдан сўраганмидинг, мен билан бутунлай қолишни истайсанми, мен учун нимадандир кеча оласанми деб?

«Ҳеч ким» – Йўқ. Ичимдагини ўзим тан олишга қўрқаман баъзан…

«Аноним» – (кулги) Яна ўзингнинг айбингни кўрмайсан. Яна муҳит мени қабул қилмади дейсан. Муҳитнинг дилига қулоқ солдингми ҳеч?

Сукут.

«Аноним» – Йўқ. Чунки сен худбинсан.

«Ҳеч ким» – Бу айбловми?

«Аноним» – Бу ҳукм.

Алоқа узилди.

Унинг кўзларига ёш ёпирилиб келди. Аммо йиғига йўл беришдан чўчиди…

6-кун

«Ҳеч ким» – Йиғламадим.

«Аноним» – Кўз ёши чойнакнинг тагида қолган шамага ўхшайди. Тўкиб турмасанг, тошиб кетади.

«Ҳеч ким» – Балки уни тўкмасдан яшаш мумкиндир…

«Аноним» – Бунинг учун чойнакнинг ўлчови бўлмаслиги керак.

«Ҳеч ким» – Нега ҳамма нарсанинг ўлчови бор-а? Нега ўлчовдан ташқарида яшаб бўлмайди? Нега бермасанг ололмайсан? Нега дунё ўлчовга эга? Нима ўзи дунё?

«Аноним» – Соатли бомба. Орқага ҳисоб кетаверади, кетаверади, бир куни портлайди. Ҳар бир инсон – дунёнинг митти кўриниши. Тананг ичида экансан, бундан қоча олмайсан.

«Ҳеч ким» – Ҳаммамиз маҳкум эканмиз-да демак?

«Аноним» – Қанақа қарашга боғлиқ.  Балки биз бу дунёда яшашга маҳкумдирмиз. Қисқа муддат бўлса ҳам.

«Ҳеч ким» – Нега яшаймиз унда бу дунёда?

«Аноним» – (кулги) Билганимда худо бўламан.

«Ҳеч ким» – Аммо моҳиятни англагач, ўзингни материядан юқори ҳис қиласан дегандинг?

«Аноним» – Инсон ақли билан моҳиятни англаш мумкинмикин? Материя ичида материядан юқори туриш мумкинмикин?

Сукут.

«Ҳеч ким» – Билмайман.

«Аноним» – Нега йиғламайсан унда?

Алоқа узилди.

Унинг кичкина бошини чек билмайдиган, ақлга сиғмайдиган шакллар қамраб олди. У нимани ўйлаётганини, нимадан хафа, нимадан хурсандлигини, нима истаётганини мутлақо тушунмай қолди. Бир нарсанигина сезиб турарди – тўлиб-тошган вулқон сингари ҳис-туйғулари жунбушга келиб, кўзларига интиларди. У кўзини қаттиқ юмиб олди, ҳеч қачон очмасликка тайёр эди, ҳисларини бошқара билса бўлгани. Бирдан ақлига келди – йиғи кўзда туғилмайди. Нима у кўз – бор нарсани акс эттирадиган ойнак холос.

Кўз ёши тизиллаб оқа бошлади. Бўғзида моддийлашган ўкирик тиқилиб қолди…

7-кун

«Ҳеч ким» – Мен бугун енгилман.

«Аноним» – Йиғладингми?

«Ҳеч ким» – Ҳар доимгидай ҳақсан.

«Аноним» – Бирор нимани тушунгандирсан?

«Ҳеч ким» – Йўқ. Ҳеч нарсани тушунмадим. Балки бу дунёни тушунишга ҳожат йўқдир? Шунчаки яшаш керакдир?

«Аноним» – Бўлиши мумкин.

«Ҳеч ким» – Сен нима деб ўйлайсан?

«Аноним» – Мен ўйлашни ёқтирмайман. Англаш учун ўйланади. Англаш эса муҳим эмас.

«Ҳеч ким» – Нега ўзинг ҳақингда гапирмайсан?

«Аноним» – Сен ҳеч сўрамагансан-ку?

«Ҳеч ким» – Дарҳақиқат… Мендан яхши суҳбатдош чиқмайди.

«Аноним» – Ҳечқиси йўқ, иккита яхши суҳбатдош келиша олмайди. Хўш, нима қилмоқчисан энди?

«Ҳеч ким» – Билмайман. Лекин… пушаймонман. Ҳа, ҳаммасига ўзим айбдорман. Муҳит мени унутмаган, мен муҳитни унутганман. Севги мендан эмас, мен севгидан кечганман. Топган куним кечганман. Аввал бошидан шунақа бўлишини билардим. Агар билмасам, балки бу ҳақиқатга айланмасмиди? Ниҳояни ўйламаганимда, у ҳеч қачон келмасмиди?..

«Аноним» – Баракалла.

«Ҳеч ким» – Лекин…

Сукут.

«Аноним» – Нима лекин?

«Ҳеч ким» – Лекин энди бундан фойда бормикин? Имкониятлар мени чеклаган, зеро.

«Аноним» – Имкониятдан устун чиқ.

«Ҳеч ким» – Қийин, кучим етмаслигидан ­қўрқаман. Ахир орада вақт турибди. Қанча замон ўтиб кетди. Мен вақтни қандай қилиб тезроқ ўтказишни билмай юрардим, энди эса умримнинг ёнбошлашга жой етмайдиган қабр мисоли торлигини кўряпман. Қандай қилиб ҳамма нарсани орқага қайтарсам? ­Нима қилсам йўқотганларимни топаман?

«Аноним» – Кимнидир йўқотамиз, кимнидир ­топамиз.

«Ҳеч ким» – Лекин мен унинг ўрнига ҳеч кимни қўя олмайман.

«Аноним» – Севги шахс танламайди. Инсон юрагининг ядросида меҳр зарралари вужудга келаверар экан, уни кимгадир узатиш, эвазига меҳр олиш битмас эҳтиёж бўлиб қолаверади. Кимгадир меҳринг керак бўлмаса, бошқага албатта керак. Сенга меҳрини улашувчи ҳам топилади. Бу ҳаётни ҳаракатга келтирувчи кучдир.

Сукут.

«Ҳеч ким» – Кеча у билан ўтган кунларимни ёдга олдим. Вақтдан изн сўрамайдиган бахт шамоли юрагимни ялаб ўтди. У қолдирган ярага эса бахтсизлик пашшалари ёпишди. Қанчалар бахтиёр бўлган эканман бир вақтлар… Ўша дамларни қайтарсам, яна ҳаммаси олдингидай бўлиши мумкинми? Ишонмайман. Ҳамма нарса тугаркан. Кеча англаган ягона нарсам – вақт олдинга эмас, орқага юраркан. Мен муҳитдан ҳам ажралишни хоҳламайман. Майли, мослашишга тайёрман, у мени қабул қилсин фақат. Аммо… у мени ким сифатида қабул қилади энди? Шунча вақт орқага кетди ахир… Лаънати, нима қилай?!

«Аноним» – Бунинг фақат битта чораси бор.

«Ҳеч ким» – Нима?

«Аноним» – Нима?!

Алоқа узилди.

Яна бир кун кутиши керак! У биринчи марта уйи­нинг нақадар торлигига эътибор берди. Ва ҳеч нарсани ўйламасдан ташқарига отилиб чиқиб кетди…

8-кун

Мониторда «уланиш» ойнаси. Ортиқ чидаб бўлмайди. У «чақирув» тугмасини босди. Алоқа бор. Чатда ҳар доимгидек сўкишиш ва севишиш. Лекин «Аноним» кўринмайди. Тўғри-да, бугун эртароқ уланди. Бироз кутиш керак. Кутамиз…

«Аноним» йўқ. Ҳа, негадир бугун интернетга кирмабди. Жин урсин, яна қанча кутиш мумкин? Қаердасан, «Аноним»?

9-кун

Бугун ҳам у йўқ. Нима, устидан кулмоқчими? Нега энг масъулиятли дамда интернетда йўқ у? Тўхта. У яна айбни бировлардан қидиришни бошлади. Уни ҳам тушуниш керак. Балки имконият чеклагандир… Ҳарна яна бир кун кутиш мумкин.

10-кун

Нима бўлди ўзи? Нега «Аноним» йўқ? Балки уни хафа қилиб қўйгандир? Тўғри-да, фақат ўзининг дардини дастурхон қилди, у ҳақида сўрамади ҳатто. Ҳозир тармоқда бўлганида нима қиларди? Ўзи ҳақида гапирарди. Ичида чойнинг шамаси мисол йиғилиб қолган гапларни тўкиб соларди. «Аноним» унга шунинг учунгина керак. Инсон сифатида эса қизиқмас…

Тавба, ўзи шунчалик худбин экан, бошқалардан нега ўксийди? «Аноним»нинг дардини сўрадими? Севгилисининг дардини сўрадими? Муҳитга дил тутдими?

Нақадар пасткаш эканлигини тушунди. Ўзидан нафратлана бошлади.

Аммо шу чоғ «Аноним» унга жуда ҳам керак. У билан суҳбатлашмаса бўлмайди. Қолган ҳамма нарса иккинчи ўринда.

11-кун

Яна шу аҳвол. Чатдагиларнинг суҳбатини ўқиш илгаригидай завқ бағишламаяпти. Кўзи фойдаланувчилар рўйхатида. Қанийди «Аноним» деган ёзув пайдо бўлса…

12-кун

Йўқ, ортиқ чидаб бўлмайди. Унинг асаблари дош бермайди. Қанча чидаш мумкин ахир? Яна бир кун чидай оладими? Ҳаракат қилиб кўради…

13-кун

«Аноним» йўқ. Энди бўлмаса ҳам керак.

Балки бунга кўникиш керакдир? Афсуски, мослашувчанлиги билан ажралиб турмайди. Мана, севгилисидан ажралганига ҳануз кўнгани йўқ. Яна бир нарса йўқотди бу бебош ҳаётида. Нима қилса энди?

Нега уйи бунчалар тор? Олдин нега сезмаган экан? Балки ҳамма нарсани ўзича баҳолагани учундир?

Дунё сенинг ақлинг билан ўлчанмайди. Агар ­дунё фақат сенинг ақлинг билан ўлчанса, билгинки, у фақат сенинг дунёнг ва унда фақат сен яшайсан.

Балки бунинг ҳаммаси туш бўлгандир? Ҳеч қанақа «Аноним» бўлмагандир? Тушдир? Ёки интернет усталарининг қўпол ҳазили? «Аноним» ёлғондир?

Инсон ўнта бунақа интернет ўйлаб топса ҳам ҳақиқатни алдай олмайди. Ҳамма нарса битта асосга бориб тақалади аслида. Ёлғон тақдирларни белгилашни бошлаганда ҳақиқат ўлароқ қабул қилинади. Ва унутилган ҳақиқатлар ёлғонга айланади.

Нима бўлишидан қатъи назар, у яна бир маротаба кимгадир юрагини ишонди. Ва яна алданди.

Ким эди у? Нега ҳамма нарсани билади? Бекорчилар макони бўлмиш чатда у нима қилади?

Бошида буларни ўйлаб кўрмаганини қара. Қани энди имкони бўлса-ю, шунча кун қилмаган ишини қилса – «Аноним»нинг кимлигини аниқласа. Афсуски…

Бизни имкониятлар чеклайди. Моҳиятни англаган кунинг ўзингни материядан юқори ҳис қиласан.

Материя, материя… Торлигини қара материянинг. Уйи тугул, кенг дунёга сиғмаяпти.

Йўқ, бунақа бўлмаслиги керак эди. Озгина қолганди. Фақат охирги гап қолувди.

Охирги гапингни охирги нафасингга қадар гапирасан.

Тўғри, охирги гапини гапиришга имкони бор ҳали. Мундоқ ўйлаб қараганда, «Аноним» билан суҳбатлари боқий давом этмаслигини биларди. Энг узоғи билан умрининг сўнгига қадар. Фақатгина кутилмаган пайтда тугаб қолгани… Ниманинг тугаши кутилади ўзи?

Вақт инсонни ўз чангалида сақлар экан, боқий нарсанинг ўзи бўлмайди.

Балки «Аноним» ҳам ундан зериккандир? Ахир унинг дилида ҳам қандайдир дард бордир. У эса сўрамади. Худбинларча фақат ўзини ўйлади. У ёмон суҳбатдош, дунё эса…

Ҳар доим яхшироғини танлайди. Маъшуқангга ўхшаб.

Ҳаётнинг ўзи шунга мажбур қилади. Шу боис ҳеч кимни ҳеч нарсада айблашдан наф йўқ. Олам узун занжирга ўхшайди. Сен заиф ҳалқасан. Агар ўзинг эргашмасанг, силсила эргаштириб кетади. Бироқ…

Имкониятдан устун чиққанингдагина ўзинг хоҳлаган нарсага эришасан.

Занжирнинг кичкина, арзимас ҳалқаси бўла туриб қай йўсин имкониятдан устун чиқиш мумкин? Битта йўли бор – узилиш… Хаёллар, хаёллар, бунча шафқатсизсиз?

Биринчи хаёл иккинчисини чақиради. Ўйловнинг охирига ета олмайсан.

Ўйлагандан маъни йўқ. Ҳаракат қилиш керак. Ким учун, нима учун ҳаракат қилади? Шу дунё учунми? Ўзи учунми? Ўзи нима, дунё нима?

Соатли бомба. Ҳисоб орқага кетаверади, кетаверади, бир куни портлайди. Ҳар бир инсон – дунёнинг митти кўриниши. Тананг ичида экансан, бундан қоча олмайсан.

Ҳар бир инсон кичкина бир дунё, зеро. Портлашни кутгандан кўра заифгина милтираб ўчган маъқулдир балки?

Унинг фикрлари чалкашиб кетди. Бирор нарсани англаш тугул, нимани англаш кераклигини фаҳмламай қолди.

Инсон ақли билан моҳиятни англаш мумкинмикин? Материя ичида материядан юқори туриш мумкинмикин?

Ғофил, Суқротлар англолмаган моҳиятни сен анг­лармидинг? Ҳаётни билмай туриб-а? Яшашдан қочиб яшадинг-ку ахир? Бу ҳаёт эмас.

Бунинг фақат битта чораси бор.

У чорасини топди. Ҳа, қутулиш керак. Материядан қутулиш керак. Биринчи навбатда мана шу лаънати уйдан. Оппоқ деворлар бунчалар чекламаса одамни?

Кейин дунёдан. Кейин кичкина дунёдан… танадан.

…Деразани очди. Тоза ҳаво унинг тор кулбасини соғинган эканми, шиддат билан ёпирилиб кирди.

Йўқ, бу кам. У дераза четига оёғини қўйди. Мана, уй қамоғидан қутулди. Кўз олдида янада каттароқ қамоқ намоён бўлди – олам. Хайр, олам.

Битта охирги қамоқ уни моҳиятдан ажратиб турарди. Танаси.

У олдинга қадам ташлади. Материядан узилгандек ҳис қилди ўзини, зеро биринчи марта юрганида оёғи ерни сезмади.

Ўзини енгил ҳис қилди. Йўқликда сайр қилаяпти гўё…

Мана эрк. Ҳақиқий эркинлик.

Ҳаво зарралари тиғ мисол тўқималарига санчилди. Кислород агрегат ҳолатини ўзгартириб, танасини атомларга бўлиб юбораётган эди. Оғриқ узоқ давом этмади. У кўришдан, эшитишдан, сезишдан, ўйлашдан халос бўла бошлади. Ким билсин, балки «ягона чора» деганда «Аноним» шуни назарда тутгандир. Нима бўлса ҳам, ёлғон ҳақиқатга айланди. Ёки аксинча…

Таассуф, мўъжиза рўй бермади. Бутун танаси сингари мияси ва ундаги нейрон боғламалари ҳам зарраларга бўлиниб кетаётганди. Боғламалар билан бирга тафаккур қобилияти ҳам изсиз ғойиб бўла бошлади.

Унинг кўнглидан кечган охирги нарса «Интернетни ким ўйлаб топган ўзи? Ҳеч қизиқмаган эканман» бўлди.

Эльдар Асанов

- Advertisement -

Latest news

Маърифатпарвар жадидчилик ҳаракати намояндаларини мукофотлаш тўғрисида

Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармони Ватанимиз тарихининг ғоят мураккаб даврида – ХХ аср бошларида ўзининг маърифатпарварлик фаолияти ва фидокорона хизматлари билан миллий таълим-тарбия тизимини яратиш ҳамда...
- Advertisement -

Президент ўқитувчи ва зиёлиларга мурожаат қилмоқда

Тошкентдаги Халқаро конгресс марказида 1 октябрь – Ўқитувчи ва мураббийлар кунига бағишланган тантанали маросим бошланди. Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев иштирок этмоқда.  Таъкидлаш жоизки, ушбу...

Ўзбекистон ҳукумати делегациясининг Тожикистонга ташрифига доир

Абдулла Арипов Душанбе шаҳрига келди. Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Абдулла Арипов Савдо-иқтисодий ҳамкорлик бўйича Ҳукуматлараро комиссиянинг 7-йиғилишида иштирок этиш учун 29 сентябрь куни Тожикистон пойтахтига...

Майк Помпео: “Хитойга қарши АҚШ ва унинг иттифоқчиларидан иборат альянс ташкил этилади”

АҚШ Давлат департаменти раҳбари келгуси юз йиллик “Хитой юз йиллиги” бўлиб қолмаслиги учун барча имконни ишга солиш кераклигини айтиб баёнот берди. Унинг сўзларига кўра, яқин...

Related news

Маърифатпарвар жадидчилик ҳаракати намояндаларини мукофотлаш тўғрисида

Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармони Ватанимиз тарихининг ғоят мураккаб даврида – ХХ аср бошларида ўзининг маърифатпарварлик фаолияти ва фидокорона хизматлари билан миллий таълим-тарбия тизимини яратиш ҳамда...

Президент ўқитувчи ва зиёлиларга мурожаат қилмоқда

Тошкентдаги Халқаро конгресс марказида 1 октябрь – Ўқитувчи ва мураббийлар кунига бағишланган тантанали маросим бошланди. Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев иштирок этмоқда.  Таъкидлаш жоизки, ушбу...

Ўзбекистон ҳукумати делегациясининг Тожикистонга ташрифига доир

Абдулла Арипов Душанбе шаҳрига келди. Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Абдулла Арипов Савдо-иқтисодий ҳамкорлик бўйича Ҳукуматлараро комиссиянинг 7-йиғилишида иштирок этиш учун 29 сентябрь куни Тожикистон пойтахтига...

Майк Помпео: “Хитойга қарши АҚШ ва унинг иттифоқчиларидан иборат альянс ташкил этилади”

АҚШ Давлат департаменти раҳбари келгуси юз йиллик “Хитой юз йиллиги” бўлиб қолмаслиги учун барча имконни ишга солиш кераклигини айтиб баёнот берди. Унинг сўзларига кўра, яқин...
- Advertisement -