Истеъмолчи иштирокидаги фуқаролик муомаласининг доираси кенглигидан келиб чиқиб, мазкур муомала турларини шартли равишда учта гуруҳ: товарлар харид қилиш, ишлар бажариш ва хизматлар кўрсатишга ажратиш мумкин. Ушбу гуруҳларга оид фуқаролик-ҳуқуқий муносабатларда истеъмолчи бир қатор субъектлар билан муомалага киришади ва шартнома тузадиган тараф тадбиркорлик субъекти ёки хизмат кўрсатувчи нотижорат ташкилот сифатида кўрилади.

Қонунчиликда жисмоний шахс фақат тадбиркорлик субъекти ёки муайян турдаги хизмат кўрсатувчи тижоратчи бўлмаган тузилмалар билан шартномавий муносабатларга киришганида истеъмолчи ҳисобланиши назарда тутилган. Масалан, жисмоний шахс савдо дўкони, хусусий таълим маркази ёки хусусий тиббий клиника ва шу кабилар билан шартномавий муносабатга киришса истеъмолчи ҳисобланади.

Истеъмолчи иштирок этадиган чакана савдо муносабатларида айнан қайси субъектлар фаолият юритиши Вазирлар Маҳкамасининг 2003 йил 13 февралдаги 75-қарори билан тасдиқланган «Ўзбекистон Республикасида чакана савдо қоидалари»да1 белгиланган. Унга кўра юридик шахслар ва тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланувчи жисмоний шахслар чакана савдони амалга оширишга ҳақли. Чакана савдо деганда якуний мақсад истеъмолчининг тадбиркорлик фаолияти мақсадларига қаратилмасдан товар сотиши тушунилади. Қоидаларда белгиланишича, бунда товарлар доналаб ёки унча кўп бўлмаган миқдорда сотилади.

Қоидаларнинг 3-банди иккинчи хатбошисида келтирилган чакана савдо тушунчасига берилган таъриф ҳуқуқий нуқтаи назардан хато ҳамда норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ўртасидаги зиддиятни юзага келтиради.

Таърифда келтирилган «тижорат мақсадларида фойдаланиш ҳуқуқисиз аҳолига нақд пулга» жумласи бугунги ислоҳотлар, бозор қонуниятлари нуқтаи назаридан ноўрин. Ҳар қандай жисмоний шахс муайян товарни истеъмол мақсадларида сотиб олиб, кейинчалик ундан тижорат мақсадларида фойдаланиши мумкин. Бунинг учун шахс якка тадбиркор сифатида рўйхатдан ўтади ва ўзига тегишли мол-мулк асосида фаолиятни амалга оширади.

Масалан, фуқаро ноутбук сотиб олиб якка тадбиркор сифатида рўйхатдан ўтади ва шу ноутбуги билан компьютер дастурларини яратиш ва ўрнатиш бўйича тадбиркорлик фаолиятини амалга оширади. Қоидаларда келтирилган «тижорат мақсадларида фойдаланиш ҳуқуқисиз» жумласи эса мазкур ҳолатга ҳамда мулк ҳуқуқига оид Фуқаролик кодексида белгиланган қоидалар ва мулкдор ваколатларига мос келмайди.

«Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида»ги қонуннинг 15-моддаси биринчи қисмида тадбиркорлик фаолияти тадбиркорлик субъектларининг ўз мол-мулки ва (ёки) жалб этилган мол-мулк асосида амалга оширилиши мумкинлиги белгиланган бўлиб, қоидаларда белгиланган «тижорат мақсадларида фойдаланиш ҳуқуқисиз» атамаси мазкур нормага зид ҳисобланади.

«Чакана савдо» тушунчасига қоидаларда келтирилган таърифдаги «пировард истеъмолчи учун» атамаси ўринлидек, чунки чакана савдодан мақсад истеъмолчи учун товар сотиш саналади. Бунда Фуқаролик кодексининг 425-моддасида белгиланганидек истеъмолчига «шахсий мақсадларда, рўзғорда ёки тадбиркорлик фаолияти билан боғлиқ бўлмаган бошқа мақсадларда фойдаланиладиган товар» топширилади.

Биринчи навбатда чакана олди-сотди шартномаси бўйича харидорга топшириладиган товарлар истеъмол моллари сифатида эътироф этилади. Иккинчидан эса Фуқаролик кодексининг 425-моддасидаги мақсадни белгиловчи қоида харидор билан тузилган чакана олди-сотди шартномаси бажариб бўлингач вужудга келадиган муносабатларни тартибга солишга ҳамда ишлаб чиқарувчи ва сотувчининг манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилади2.

Константин Янушевичнинг фикрича, чакана олди-сотди шартномасининг объекти ҳисобланган мол-мулкдан кўп мақсадларда фойдаланилиши мумкин. Бундан ташқари индивидуал фойдаланиладиган предметлар ҳам сотиб олувчи томонидан тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш учун сотиб олиниши мумкин, масалан, якка тадбиркорнинг қайта сотиш учун харид қилиш ҳолати3.

Айтиш лозимки, айрим турдаги мол-мулкларнинг шахсий ва рўзғор учун сотиб олинаётганини англаш мушкул. Ушбу гуруҳ ашёларига назорат-касса техникаси, унинг эҳтиёт қисмлари ва таъмирловчи материаллар, банкнотларни текширадиган ускуналар, офис жиҳозлари, стамотологик материалларни киритиш мумкин.

Товар сотилганидан кейин унга нисбатан мулк ҳуқуқи тўлиқ сотиб олувчига ўтади ва у
мулкдор сифатида сотиб олинган мол-мулкка нисбатан тўлиқ хўжалик бошқарувини ўтказишга ҳақлидир.

Бу ҳолатда:

– товарни чакана олди-сотди шартномаси асосида сотиб олган истеъмолчининг ушбу товарга нисбатан мулк ҳуқуқларини амалга оширишга нисбатан ҳеч қандай чеклаш белгиланмаган;

– истеъмолчи чакана савдо асосида сотиб олинган ашёга нисбатан қонун билан тақиқланмаган ҳар қандай фаолиятни амалга оширишга ҳақли.

Бундан қоидаларда белгиланган чакана савдо тушунчасига берилган «тижорат мақсадларида фойдаланиш ҳуқуқисиз» таърифи ҳуқуқий жиҳатдан тўғри эмаслиги англашилади. Ҳуқуқни чеклаш, товарга мулк ҳуқуқи сотиб олувчи – истеъмолчига ўтар экан, унинг мулкдорлик ҳуқуқининг чекланиши нотўғри.

Фикримизча, чакана савдо қоидаларида «чакана савдо» тушунчасига берилган таърифни қуйидагича таҳрир қилиш зарур: чакана савдо — савдо соҳасида пировард истеъмолчи учун, аҳолига нақд пулга доналаб ёки унча кўп бўлмаган миқдордаги шахсий мақсадларда, рўзғорда ёки тадбиркорлик билан боғлиқ бўлмаган бошқа мақсадларда фойдаланиладиган товарлар сотишни назарда тутувчи фаолият.

Фуқаролик кодексининг 425-моддаси биринчи қисми ва чакана савдо қоидаларидан англашилишича, сотувчи – тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланаётган юридик шахс ёки жисмоний шахс (якка тартибдаги тадбиркор). Чакана савдо билан сотувчи агент ҳам шуғулланади. Сотувчи агент сифатида турғун савдо шохобчаларида, мижозларнинг уйига ёки юридик шахсларга, транспорт ёки кўчада буюртма асосида савдо қиладиган якка тартибдаги тадбиркор фаолият олиб боради. Чакана олди-сотдини амалга оширувчи жисмоний шахс якка тартибдаги тадбиркор сифатида рўйхатдан ўтган бўлиши керак.

2012 йил 2 майдаги «Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида»ги4 қонуннинг 4-моддасига кўра тадбиркорлик субъектлари давлат рўйхатидан ўтиши талаб этилади. Тадбиркорлик субъектларини давлат рўйхатидан ўтказиш Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 9 февралдаги 66-қарори билан тасдиқланган «Тадбиркорлик субъектларини давлат рўйхатидан ўтказиш тартиби тўғрисида»ги низом5 билан амалга оширилади.

Чакана олди-сотди шартномасининг тавсифловчи белгиси ҳамда чакана савдо муносабатларини ҳуқуқий тартибга солиш заруратини асословчи жиҳат бу чакана сотувчи ва сотиб олувчи-истеъмолчи ўртасидаги иқтисодий нотенгликдир.

Иқтисодий нотенглик чакана олди-сотдининг тизимли белгиси эканлигини англаш:

чакана олди-сотди институтини ҳуқуқий тартибга солиш мақсад-моҳиятини;

истеъмолчининг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш;

чакана савдо муносабатларида истеъмолчига етказилган зарар учун жавобгарлик субъектларини аниқлаш имконини беради.

Савдо тадбиркори фаолиятининг тури бўйича битим предмети – товарга нисбатан махсус билим ёки тажрибага эга бўлади, ундан фарқли равишда истеъмолчи бу хусусиятларга эга бўлмайди. Ушбу нотенглик нафақат истеъмолчи – фуқаро иштирокидаги муносабатларда, балки товарларни тадбиркорлик фаолияти билан боғлиқ бўлмаган мақсадларда фойдаланиш учун сотиб олаётган юридик шахслар иштирокидаги муносабатларда ҳам мавжуд.

Тижоратчи ташкилотларга нисбатан шундай презумпция амал қиладики, унга кўра бундай ташкилотлар тузадиган барча битимлар тадбиркорлик тусига эга бўлади. Аксинча, тижоратчи бўлмаган ташкилотлар томонидан товарлар, агар чакана савдо тармоғидан сотиб олинган бўлса, умумий қоидага кўра, чакана олди-сотди шаклида намоён бўлади6.

Чакана олди-сотди сифатида шундай ҳуқуқий муносабатлар квалификация қилинадики, бунда бир вақтнинг ўзида чакана сотувчи ва товарларни истеъмол мақсадларида сотиб олувчи (фуқаро ёки юридик шахс) иштирок этади. Айнан ушбу субъектив чакана олди-сотди нормаларида ифодаланган иқтисодий нотенгликни юзага келтиради7.

Фикримизча, чакана олди-сотди шартномасида ҳар доим мажбурий субъект сифатида чакана савдони амалга ошираётган тадбиркорлик субъекти иштирок этиши лозим. Агар олди-сотди шартномасининг иккала томони ҳам фуқаролар бўлса, бундай олди-сотди чакана олди-сотди ҳисобланмайди. Тадбиркорликни амалга ошираётган сотувчи истеъмолчининг ҳуқуқларини бузгани учун жавобгар бўлади. Масалан, сотувчи чакана савдони амалга ошириш қоидаларини бузиши, жумладан, савдога оид маълумотларни тақдим этмагани учун истеъмолчига етказилган зарарни қоплаб беради. Чакана олди-сотди муносабатлари оммавий шартнома ҳисоблангани сабабли сотувчи шартномани тузишдан асоссиз бош тортишга ҳақли эмас.

Сара Идришеванинг фикрича, чакана олди-сотди шартномасида тижоратчининг ташкилот шартномасидан асоссиз бош тортишига йўл қўйилмайди. Агар тижоратчи сотувчи шартнома тузишдан асоссиз бош тортса, сотиб олувчига етказилган зарарларни қоплаши лозим8.

Чакана савдода сотувчининг товарни истеъмолчига сотишдан бош тортишининг ҳуқуқий оқибати – истеъмолчида ўзига етказилган моддий ва маънавий зарарни қоплашни талаб қилиш ҳуқуқининг вужудга келиши ҳисобланади. Бу ҳолатда чакана савдонинг субъектини аниқлаш муаммоси юзага келади. Мазкур вазиятда сотувчи ташкилий-ҳуқуқий шаклидан қатъи назар ташкилотлар ва якка тартибдаги тадбиркорлар олди-сотди шартномаси асосида товарларни истеъмолчига реализация қилувчилар ҳисобланадилар9.

Чакана савдо қоидаларида сотувчига нисбатан қатор талаблар белгиланган. Бу талабларга чакана савдони ташкил этиш, товарларни сотувга тайёрлаш, харидорларнинг товарларни танлаши учун тегишли жой ва шароит билан таъминлаш, тарози ва бошқа ўлчаш ускунларига эга бўлиш ҳамда уларнинг созлигини назорат қилиш ва бошқаларни киритиш мумкин. Мазкур талабларнинг бузилиши маъмурий жавобгарлик белгиланишига сабаб бўлиши билан бирга истеъмолчининг ўзига етказилган зарарни қоплашни талаб қилиши учун асос ҳам ҳисобланади. Масалан, қоидаларнинг 9-бандида чакана савдони ташкил этишда тарози ва бошқа ўлчов ускуналарини10 ўрнатиш тартиби аниқ белгиланган.

Интернет ва электрон тижорат тармоқлари орқали масофавий чакана савдо кенг ривожланяпти. Бу эса сотувчининг кимлигини ва унга истеъмолчиларнинг талабини қўйишда сотувчининг манзилини аниқлаш муаммосини юзага келтирмоқда. Масофавий усулда тузилган чакана олди-сотди шартномаси субъектив таркибининг ўзига хос хусусияти сифатида – ҳуқуқий шаклидан қатъи назар масофавий чакана савдо фаолиятини амалга ошираётган якка тартибдаги тадбиркор (ёки юридик шахс) иштирокини кўрсатиш мумкин.

О. Орешкинанинг қайд этишича, сотувчиларнинг мазкур доираси масофавий олди-сотди бўйича ҳуқуқий муносабатларда иштирок этадиган сотувчилар доирасига тўғри келмайди11.

Масофавий чакана савдода товарни сотувчи билан бирга «тарқатувчилар» деб номланадиган ва товарларни якка тартибдаги тадбиркор сифатида рўйхатдан ўтмай каталоглар бўйича реализация қиладиганлар ҳам мавжуд. Масалан, парфюмерия-косметика маҳсулотларини сотишда «тарқатувчи» жисмоний шахслар фаолият олиб бориши мумкин. Оқибатда сотиб олувчи истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонунчиликда белгиланган кафолатлардан маҳрум бўлади. Бундан ташқари «Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги қонун ёки Чакана савдо қоидаларида товарларни масофавий сотувчиларга нисбатан тегишли талаблар белгиланмагани бу борадаги бўшлиқни кўрсатади. Мазкур норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар истеъмолчилар учун кўплаб ҳуқуқлар, кафолатларни назарда тутади. Бироқ тадбиркорлик фаолиятининг мазкур тури ўзига хос бўлгани сабабли уларда белгиланган ҳуқуқларни товарларни масофавий сотишга қўллаш муаммолидир12.

Масофавий чакана олди-сотдида истеъмолчи товарларни интернет тармоғи орқали таклиф этадиган, товарлар каталогини ижтимоий тармоқлар орқали тарқатадиган ва муайян товарлар реализациясидан сўнг ғойиб бўлиб қоладиган «бир кунлик фирмалар»дан ҳуқуқий ҳимояланмагани кўзга ташланади. Шунингдек, товарнинг сифати, истеъмол ва фойдаланиш хусусиятлари борасида янглиштириш масофавий савдода осонгина амалга оширилади. Кўп ҳолатларда истеъмолчига сотувчи ҳақидаги тўлиқ ва ишончли маълумотлар етказилмайди ёки маълумотлар бузиб кўрсатилади. Натижада масофавий чакана савдони амалга оширувчи ким эканини аниқлаш муаммони юзага келтиради.

Шу сабабли асосий муаммолардан бири – истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонунчиликда назарда тутилган барча ҳуқуқларни амалга ошириш имконияти мавжуд эмас. Истеъмолчи сотувчини аниқлаши – истеъмолчилар ҳуқуқларига риоя этишнинг муҳим кафолати саналади. Бу ҳолатда муаммонинг яна бир ечими товарларни масофавий сотиш фаолиятини мажбурий лицензиялашдир.

Товарларни каталоглар, рўйхатлар бўйича якка тадбиркор сифатида рўйхатдан ўтмасдан сотувчи жисмоний шахслар учун маҳсулотни ишлаб чиқарувчиларнинг расмий воситачиси сифатида алоҳида жавобгарлик механизмини назарда тутиш зарур. Бунда ҳар бир тарқатувчи товарни ишлаб чиқарувчилар билан уни реализация қилишга оид шартномаси мавжуд бўлган дилер, дистрибьютор ёки бошқа воситачидан зарурий материалларни олади. Сотиб олувчига товарни таклиф қилар экан, сотувчи қонунчиликда белгиланган зарурий умумий маълумотларни тақдим этиб, ўзи айнан воситачида тарқатувчи сифатида рўйхатдан ўтганлигини ҳам маълум қилиши лозим бўлади. Бу тартиб сифатсиз товар сотилганида истеъмолчида якка тартибдаги тадбиркор сифатида расмий рўйхатдан ўтган жисмоний шахс ёки юридик шахсга ўзининг қонуний талабларини қўйиш имкониятига эга бўлиши учун керак.

Бугунги кунда телевизор орқали кўплаб дўконлар (масалан, «хоп-шоп» дўкони), етказиб бериш хизматлари, интернет орқали хорижий мамлакатларда фаолият олиб борадиган виртуал дўконлар аҳолига чакана савдо хизматларини кўрсатмоқда. Бу муносабатларда истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг самарали механизми мавжуд эмаслиги кўзга ташланади. Бунда асосий масала истеъмолчига сотилган сифатсиз товар учун ким жавобгар бўлишидир.

Мазкур масалаларнинг ҳуқуқий ечимини топиш ва истеъмолчи ҳуқуқларини таъминлаш кўламини янада кенгайтириш, соҳадаги бўшлиқларни ҳал этиш учун Фуқаролик кодексига «масофавий шартнома» номли алоҳида боб киритиш ва унда «масофавий шартнома» тушунчаси, мазкур шартноманинг муҳим шартларини белгилаш, бу шартнома бўйича сотувчи тақдим этадиган талаблар ва улар бўйича маълумотларни тақдим этиш усули, сотиб олувчининг ҳуқуқлари, тарафларнинг жавобгарлиги каби нормаларни ифодалаш лозим бўлади.

Вазирлар Маҳкамасининг қарори билан тасдиқланган «Ўзбекистон Республикасида чакана савдо қоидалари»га илова сифатида «Товарларни масофавий усулда сотиш қоидалари»ни қабул қилиш мақсадга мувофиқдир. Бу қоидаларда товарларни масофавий сотувчиларга қўйиладиган талаблар, улар фаолиятини лицензиялаш талаблари, масофавий савдони амалга оширишнинг усуллари ва тартиби, сотувчининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари, сотиб олувчига тақдим этиладиган маълумотлар, товарларни масофавий сотишни ташкил этувчилар(ишлаб чиқарувчи, сотувчи, тарқатувчилар, дилерлар ва дистрьюторлар)нинг жавобгарлиги белгиланиши лозим.

Жаҳонгир Бобоев,
ТДЮУ Фуқаролик ҳуқуқи кафедраси профессори в.б.

 

1 Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2003 йил, 3-сон, 27-модда.

2 Мустафаев Ш.Б. Чакана олди-сотди шартномаси шартларини бузганлик учун фуқаролик-ҳуқуқий жавобгарлик муаммолари: юрид. фан. номз. дис. …Автореф. –Тошкент: 2008. 7-б.

3 Янушевич К.Е. Гражданско-правовые проблемы субъектов договорных отношений при розничной купли-продаже: автореф. дис… канд. юрид. наук. –Тверь: 2015. 15-с.

4 Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2012 йил, 18-сон, 201-модда.

5 Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2017 йил, 7-сон.

6 Романец Ю.В. Система договоров в гражданском праве России: учеб.пособие / Ю.В. Романец. –М., Юристъ, 2001. 311-с.

7 Гура Г.М.Актуальность договора розничной купли продажи // Территория науки. 2013.– №1. 68-с.

8 Идрышева С.К. Договор розничной купли-продажи как публичный договор // Вестник института законодательства Республики Казахстан. 2008. – №3 (11). 37-с.

9 Янушевич К.Е. Гражданско-правовые проблемы субъектов договорных отношений при розничной купле-продаже: Автореф. дис. …канд. юрид. наук. –Тверь: 2015 / http://lawtheses.com/grazhdansko-pravovye-problemy-subektov-dogovornyh-otnosheniy-pri-roznichnoy-kuple-prodazhe# ixzz6g2FX9lHd

10 Шу ўринда Чакана савдо қоидаларида «Тарозилар ва бошқа ўлчов приборлари» ибораси қўлланилганлигига эътибор бериш лозим. «Прибор» термини рус тилидаги атама бўлиб, ўзбек тилида «қурилма, ускуна, асбоб» маъноларини беради.

11 Орешкина О.В. Дистанционная торговля товарами // Внешнеторговое право. 2007. –№1 / СПС «КонсультантПлюс»: поиск по автору.

12 Богдан В.В. Специфика субъектного состава договора розничнойкупли-продажи, заключенного дистанционнымспособом // Актуальные проблемы российского права. 2008. –№4. 147-