0,00 UZS

No products in the cart.

17.9 C
London
Seshanba, Oktabr 19, 2021

Буюк стратег

- Advertisement -
- Advertisement -

Ватанимиз тарихида ҳуқуқий давлат ҳақидаги қарашларнинг юзага келиши ва
ривожланиши, унинг ҳуқуқий манбаларига доир муайян билим ва тушунчаларга эга бўлиш ҳам назарий, ҳам амалий жиҳатдан муҳимдир. Миллий давлатчилигимизнинг ҳуқуқий асослари, хусусан, соҳибқирон Амир Темур давридаги давлат ва ҳуқуққа оид адолатли тамойилларни татбиқ ва тарғиб этиш, шубҳасиз, жамиятда сиёсий ва ҳуқуқий маданият юксалишига хизмат қилади.

Сўнгги йилларда мамлакатимизда ватанпарварлик тарбияси ва тарғиботига муносабат тубдан ўзгарди. Ватанпарварликни тарғиб қилишнинг самарали механизмлари ишлаб чиқилди, бу борада техник ва технологик воситаларнинг имкониятларидан тўлақонли фойдаланиш тизими йўлга қўйилди. Айниқса, ёшларни ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялашга доир ишлар самарадорлигини ошириш ва фаоллаштириш, бу борадаги ишларга фуқаролар, давлат ва нодавлат-нотижорат ташкилотлари ҳамда фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини янада фаол жалб этиш мақсадида Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 23 февралдаги «Ёшларни ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялаш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида»ги қарорининг қабул қилиниши мазкур йўналишдаги муҳим қадамлардан бири бўлди.

Ҳарбий санъат тарихи Амир Темурни жаҳоннинг энг буюк саркардаларидан бири деб тан олади. Буюк саркарданинг ғалабалари негизида нима туради? Бу савол кўплаб тарихчилар, ҳарбий соҳа мутахассислари учун тадқиқот мавзуси бўлиб келмоқда. Умумий тарзда айтиш мумкинки, бунга унинг ҳамиша адолатга таянгани, туғма стратеглиги, руҳий жиҳатдан кучли шахслиги, ҳарбий тактика ва давлат бошқаруви борасидаги юксак салоҳияти, қатъият ва шиддат билан, мукаммал режа ва маслаҳат асосида иш тутиши кабилар асос бўлган.

1996 йил апрель ойида Амир Темур таваллудининг 660 йиллигига бағишланган тадбирлар доирасида Лахўр шаҳрида ўтказилган конференцияда покистонлик таниқли олим Ҳаниф Рамей давлат тузиш, ҳарбий тарбия бериш тартибини Амир Темурдан ўрганиш лозимлигини таъкидлаб, унинг жаҳонгирлиги вайронкорликка эмас, бунёдкорликка қаратилганига урғу беради.

Олим, шунингдек, соҳибқироннинг ҳарбий тарбияга оид қарашлари негизида ҳам шу ғоя мужассам эканига эътибор қаратади. Дарҳақиқат, саркарда ҳарбий тарбияни инсонпарварлик тарбияси билан уйғунлаштиради.

Бу нималарда намоён бўлади?

Соҳибқироннинг ҳарбий истеъдоди ва ҳарбий тарбияга оид қарашлари икки йўналишда: моҳир ҳарбий ташкилотчи ва машҳур саркарда тарзида намоён бўлди.

Тарихий манбалардан маълумки, соҳибқирон ўз замонасининг тенгсиз найзабози, қиличбози, курашчиси бўлган. Буюк жаҳонгир бунга талабчан устозлар сабоғи, тинимсиз машқлар ва албатта туғма истеъдоди сабаб эришган. Болалигидан зийрак ва эпчил Темурбек моҳир чавандоз ва мерган камончи сифатида ҳам танилади. Кейинчалик буюк саркарда ва улкан салтанат ҳукмдори ўзининг жисмоний ва ҳарбий тарбияга оид қарашларида ёшларни кучли, мард ва жасур кишиларга зўр ҳурмат-эътибор руҳида тарбиялаш, ватанпарвар, садоқатли ҳарбийларнинг ҳурматини жойига қўйиш зарурлигини таъкидлаган. Буни ёшларни шундай фазилатларга эга қилиб тарбиялашда муҳим деб ҳисоблаган. У қўшинга қабул қилинаётган аскарларнинг маънавий сифатларига ҳам эътибор беришга чақиради ва «очкўз, лоқайд, зиқна, ёвуз ва нафси ёмон кишиларни хизматга чақирмасликни» уқтиради.

Соҳибқирон қўшиндаги интизом ва аскарларнинг жисмоний ҳолатини муҳим деб ҳисоблайди. Интизомсиз қўшиннинг ғалабасига ишониб бўлмаслиги, тартиб-интизом, жанговар шайликнинг аҳамияти нечоғли муҳимлигини у тўғри англаган. Амир Темур отлиқ қўшин ва чопқир отларга алоҳида эътибор берган, чунки ўша давр ҳарбий қўшинларида отлиқ аскарлар асосий куч ҳисобланиб, аскарларнинг от устида туриб найзабозлик, қиличбозлик қилиши, ёй отиши, душман кучига чап бериши ҳал қилувчи аҳамият касб этган. Лашкарни мунтазам тоза қонли жангчи отлар билан таъминлаб туришга кучли эътибор берилган. Бунинг учун соҳибқирон давлати девонида «сипоҳсолар», «мирохур» каби лавозимлар жорий этилган бўлиб, улар энг сара синчи-сайисларни жамлаган. Зотдор тойлар келтирилиб, улардан жанговар отлар тайёрланган.

Шунингдек, пиёда аскарларни чиниқтириш учун муттасил жисмоний машқлар ўтказиш, қурол ва қуролсиз жанг сирларини ўргатиш, яккакураш усуллари – қўл ва оёқ кучи билан йиқитиш маҳорати, жангчиларнинг чидамлилиги ва чаққонлигини оширишга эътибор беришни уқтирган.

Амир Темур даврида кураш, кўпкари, от пойгаси, найза ва камондан отиш, ов, човгон ўйини сингари оммавий спорт машғулотлари нафақат ҳарбийлар, оддий халқ орасида ҳам кенг тарқалган эди.

Соҳибқирон ёшларни эртанги кун ватан ҳимоячилари, салтанат таянчи сифатида кўрар
экан, уларнинг жисмонан соғлом ва бақувват, ҳарбий илмлар, қурол-аслаҳалардан фойдаланишда моҳир этиб тарбиялаш зарур деб ҳисоблайди. Ғалабалар шарафига ўтказилган тадбирлар, турли-туман тантанали маросим ва тўйлар муносабати билан хилма-хил мусобақалар уюштиришга жисмоний тарбияни оммалаштириш воситаси сифатида қараб, унинг тарбиявий аҳамиятини юқори баҳолаган. Бундай маросим ва мусобақалар том маънода оммавийлик касб этиши учун уларда барча аҳоли ва қўшин табақалари вакилларининг иштироки талаб қилинган. Мусобақа ғолибларига мукофотлар берилган, истеъдодли, шижоатли йигитлар сараланган. Жисмоний тайёргарликка оммавий қизиқиш уйғотишнинг таъсирчан усули самарали жорий қилинган.

Темур армияни барпо этишда ички тузилиши томонидан Чингизхон тузган қўшин тизими ва тузилишига маълум даражада яқин бўлиши баробарида, ўзига хос жиҳатлари билан фарқланиб туришига аҳамият беради. Амир Темур армиясининг тузилиши қадимий давлатчилигимиз анъаналарининг давоми бўлиб, асрий тажрибаларга таянган ҳолда ташкил этилган. Қўшин тузилишида у яратган бир қанча самарали тажриба ва низомлар улкан мамлакатни барпо этиш ишларига яқиндан ёрдамлашди.

Садоқатни юксак баҳолаган соҳибқирон ўз «Тузуклари»да шундай дейди: «Қайси бир сипоҳий туз ҳақи ва вафодорликни унутиб, хизмат пайтида ўз соҳибидан юз ўгириб, ҳузуримга келган бўлса, ундай одамни ўзимга энг ёмон душман деб билдим. Чунончи, Тўхтамишхон билан бўлган урушда унинг амирлари менга ҳар турли хабар ва шикоятлар ёзиб, ўз ҳукмдори, яъни менинг душманим бўлмиш Тўхтамишхон берган туз ҳақини унутдилар, вафодорлик ва ҳақларини бир чеккага йиғиштириб қўйиб, ҳузуримга паноҳ истаб келганлари учун уларни лаънатладим, ўзимга «булар ўз хожасига вафо қилмагач, менга қилармиди?» деб ўйладим». Шу билан бирга, ғаним сипоҳидан бирор одам ўз валинеъматига сидқидилдан хизмат қилиб, уруш кунларида унга қарши қилич кўтарган бўлса ҳам, ундай одамга нисбатан лутф-марҳаматлар кўрсатди. Қошига паноҳ истаб келганда, уни қадрлади.

Амир Темур авлодларга васият тариқасида сипоҳ ҳақида, унинг тизими, тартиби, маоши, кийим-кечаги-ю қурол-яроғигача бўлган масалаларни батафсил баён қилган. Унинг сипоҳ ҳақидаги таълимотлари ҳозир ҳам ўз қимматини йўқотгани йўқ. Шу боис уни ўрганиш, билиш ҳозирги замон армиясини бошқаришда муҳим аҳамиятга эгадир.

Буюк саркарданинг жисмоний ва ҳарбий тарбияга оид қарашлари бугунги кунда ҳам ёшларимизни ватанпарвар қилиб тарбиялашда, айниқса, ҳарбий соҳа вакилларининг ўз хизматларига сидқидилдан ёндашиши, ҳарбий интизомни мустаҳкамлашда ўзига хос дастуриламал вазифасини ўтайди.

Мавзу юзасидан айрим фикр-мулоҳазаларни таклиф сифатида билдиришни лозим топдик:

• Ўзбекистон ҳудудида хизмат ўтаётган ҳарбий хизматчилар қасамёдига «Темур тузуклари» ғояларини сингдириш – бу ватан ҳимоясига чоғланган ёшларимиз қалбида буюк аждодлар хотираси ва даҳосига эҳтиром туйғуларини мустаҳкамлайди.

• Ҳарбий таълим муассасалари тингловчи ва курсантлари учун «Амир Темур» номли давлат стипендиясини таъсис этиш – бу истеъдодли ёшларимизни янада рағбатлантиришга асос бўлади.

• Муддатли ҳарбий хизматчиларга нисбатан «навкар» тарихий атамасини қўллаш ва муомалага киритиш лозим. Навкар – хизматга янги келган маъносини билдирса, аскар – ўз ишининг устаси деган маънони билдиради. Шу сабабли, муддатли ҳарбий хизматчиларни «навкар» деб номлаш, шартнома асосидаги ҳарбий хизматчиларни эса «аскар» деб аташ мақсадга мувофиқ.

Муқаддас АҲМЕДОВА,
Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси
Ҳарбий-техник институти доценти, юридик фанлар номзоди.

- Advertisement -

Latest news

Тошкент шаҳрига кириб келувчи йўловчи транспортлар учун 6 та метро бекати атрофида автотураргоҳлар ташкил этилади

“Тошкент метрополитени фаолиятининг самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент қарори (ПҚ–5260-сон, 16.10.2021 й.) қабул қилинди Қарорга мувофиқ, “Тошкент метрополитени” УК “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ таркибидан Транспорт...
- Advertisement -

Йил охиригача барча кодексларга шарҳлар тайёрланади

“Адолат” Миллий ҳуқуқий ахборот маркази ҳамда Тошкент давлат юридик университети ўртасида ҳамкорлик келишуви имзоланди. Ҳамкорликдан кўзланган асосий мақсад “юриспруденция” мутахассислиги бўйича юридик кадрларни тайёрлаш,...

Хусусий мактаблар тадбиркорлик субъекти ҳисобланадими?

Халқ таълими вазирлигининг ўтган йил ноябрь ойидаги маълумотида юртимизда 140 та хусусий мактаб фаолият юритаётгани қайд этилган. Президентимизнинг 2019 йил 29 апрелдаги 5712-сонли фармони...

2021 йил июнь сони

“Huquq va burch” журнали Чоп этилган вақти: 2021 йил, июнь Саҳифалар сони: 64 саҳифа Чоп этилган мақолалар сони: 12 та Журнал баҳоси: 20 000 сўм МУНДАРИЖАНИ КЎРИШ ЮКЛАБ...

Related news

Тошкент шаҳрига кириб келувчи йўловчи транспортлар учун 6 та метро бекати атрофида автотураргоҳлар ташкил этилади

“Тошкент метрополитени фаолиятининг самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент қарори (ПҚ–5260-сон, 16.10.2021 й.) қабул қилинди Қарорга мувофиқ, “Тошкент метрополитени” УК “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ таркибидан Транспорт...

Йил охиригача барча кодексларга шарҳлар тайёрланади

“Адолат” Миллий ҳуқуқий ахборот маркази ҳамда Тошкент давлат юридик университети ўртасида ҳамкорлик келишуви имзоланди. Ҳамкорликдан кўзланган асосий мақсад “юриспруденция” мутахассислиги бўйича юридик кадрларни тайёрлаш,...

Хусусий мактаблар тадбиркорлик субъекти ҳисобланадими?

Халқ таълими вазирлигининг ўтган йил ноябрь ойидаги маълумотида юртимизда 140 та хусусий мактаб фаолият юритаётгани қайд этилган. Президентимизнинг 2019 йил 29 апрелдаги 5712-сонли фармони...

2021 йил июнь сони

“Huquq va burch” журнали Чоп этилган вақти: 2021 йил, июнь Саҳифалар сони: 64 саҳифа Чоп этилган мақолалар сони: 12 та Журнал баҳоси: 20 000 сўм МУНДАРИЖАНИ КЎРИШ ЮКЛАБ...
- Advertisement -