Куз-қиш мавсумига тайёрларлик бўйича Ўзбекистон Республикаси Транспорт прокурорининг ўринбосари М.Музафаров раҳбарлигидаги ишчи гуруҳ бугун Наманган вилоятидаги транспорт корхона ва ташкилотларида бўлиб, ижтимоий соҳа обьектларини куз-қиш мавсумига тайёргарлигини ўрганиш ҳамда аҳолининг долзарб муаммоларини аниқлаш, уларнинг ечимини топиш ва ижобий ҳал этиш юзасидан ўрганишларни ўтказди.
Куз-қиш мавсумини беталофат ўтказиш ва бу борадаги камчиликларни бартараф этиш мақсадида ўтказилган тадбирлар давомида транспорт корхона ва ташкилотларининг ҳақиқий ҳолати ҳамда ижтимоий соҳа объектларининг мавсумга ҳозирлиги кўрикдан ўтказилиб, кўзда тутилмаган нуқсонлар келиб чиқиши мумкин бўлган ҳолатлар ўрганилди.
Жумладан, “Наманган кўмир етказувчи” корхонаси томонидан бу мавсум учун Наманган вилоятига қарийб 237,0 минг тонна кўмир маҳсулоти (бундан 160,0 минг тонна аҳолига, 76,7 минг тонна бюджет ташкилотларига) олиб келиниши режалаштирилган бўлиб, жорий йил сентябрь ойининг ўзида темир йўл вагонлари орқали аҳолига 16,4 минг тонна, бюджет ташкилотларига 43,3 минг тонна кўмир маҳсулоти етказилди. Ҳозирда кўмир маҳсулотларини етказиб бериш жадал тарзда давом этмоқда.
Ўрганишлар давомида транспорт соҳасидаги қонун ҳужжатлари талаблари ижросини сўзсиз таъминлаш, аниқланган муаммолар ечимини қисқа муддатларда ижобий ҳал қилиш учун бор куч ва воситаларни сафарбар этиш ҳамда барча имкониятлардан самарали фойдаланиш борасида таклиф-мулоҳазалар билдирилди. Мутасаддиларга тегишли вазифалар тақсимланиб, уларни тезкор бажариш бўйича аниқ муддатлар белгиланган ҳолда топшириқлар берилди.
Бу борада амалий тадбирлар давом этмоқда.