Жорий йилнинг 15 сентябрь куни Бош прокуратура Академияси магистратурасига кириш имтиҳонлари бошланиб, ҳужжат топширган жами 300 нафардан ортиқ номзодлар имтиҳоннинг дастлабки босқичида чет тилидан тест саволлари ва мутахассислик фанлари бўйича ёзма иш (эссе) синовларини топширди.
Мутахассислик фанлари бўйича имтиҳондан муваффақиятли ўтган жами 70 нафар номзод имтиҳоннинг якуний босқичи – суҳбатга киритилди.
Якуний босқич ўтказилиши кунлари 21-23 сентябрга режалаштирилган бўлиб, суҳбат масофадан туриб онлайн тарзда ташкил этилмоқда.
Бош прокурор ўринбосари Э.Юлдашев раислигидаги суҳбат комиссияси таркибида Академия раҳбарияти ва профессор-ўқитувчилари, республикамизнинг кўзга кўринган ҳуқуқшунос олимлари иштирок этмоқда.
Кириш имтиҳонларининг очиқлиги ва шаффофлигини таъминлаш мақсадида суҳбат жараёни видеоёзувга олинмоқда ҳамда Академиянинг ижтимоий тармоқлардаги расмий саҳифасида тўғридан-тўғри намойиш этилмоқда, шунингдек, Академиянинг халқаро ҳамкори ҳисобланган Швециянинг Лунд университети профессори Р.Уринбоев суҳбат жараёнини кузатиб бормоқда.