Эндиликда фуқаролар тез тиббий ёрдам хизматининг 103 рақамига қўнғироқ қилганда диспетчер уларга 10 сонияда жавоб бериши тизими жорий қилинди.

Бош прокуратура матбуот хизмати бугунги кунга келиб айни масалада яна қандай чоралар амалга оширилгани ҳақида «Дарё»га маълум қилди.

Таъкидланишича, ҳозирда Тошкент шаҳрининг Чилонзор туманида жойлашган марказий станцияда Чилонзор тиббиёт коллежи, Тошкент тиббиёт академияси, Врачлар малакасини ошириш институтининг вакилларидан иборат махсус гуруҳ ишламоқда. Қўнғироқларни қабул қилиш учун қўшимча 70 та жой ташкил қилиниб, 70 нафар кўнгиллиларга операторлик фаолиятини юритиш учун ўқув курслар ташкил этилган. Станцияни электр энергияси билан узлуксиз таъминлаш мақсадида электр қувватини ошириш учун 10 миллион сўмлик «АВР» ускунаси олиб келиниб, ўрнатилган ҳамда станцияда мавжуд таъмирталаб аҳволдаги 2 та генератор таъмирланган.

Шунингдек, Тошкент давлат иқтисодиёт университетида ҳам тиббий маслаҳат кўрсатиш бўйича 50 нафар кўнгилли шифокордан иборат Call-марказ ишга тушган. Бугунги кунгача 1105 ва 1197 рақамли Call-марказларга тушган 36 218 та мурожаат бўйича тиббий маслаҳатлар берилган.

Эслатиб ўтамиз, Президент 14 июль куни ўтказилган видеоселекторда коронавирусга қарши кураш учун мамлакатда барча захира ва имкониятлар мавжудлигини таъкидлаган, бироқ ҳозирда эпидемиологик вазият жуда оғирлигини айтганди. Шунингдек, давлат раҳбари коронавирусни аниқлаш учун тест топшириш жараёнини соддалаштириш, ҳудудларда уч ойлик дори захирасини яратиш ҳамда дорихоналарда ва бозорларда нархлар ошишининг олдини олиш, зарур жойларда карантин чораларини кучайтириш бўйича топшириқ берган.