Карантин даврида болаларнинг вақтини унумли ва фойдали ўтказиш ҳар бир ота-онанинг асосий мақсади бўлса керак.
Бугунги кунда мактаб таълими вақтинча онлайн шаклга ўтказилгани маълум. Шу билан бирга болажонларга дарсдан ташқари ўқиш ва ривожланишга шароит яратиш ҳам муҳим.
Адлия вазирлиги томонидан ишлаб чиқилган ҳуқуқий, мантиқий, кўнгилочар-интерактив – “Бола ҳуқуқулари” портали (bolahuquqlari.uz) шу маънода болалар ҳамда уларнинг ота-оналари учун жуда керакли ва фойдали онлайн ресурсдир.
“Бола ҳуқуқлари” портали 14 ёшгача бўлган болалар ҳамда ота-оналарга мўлжалланган бўлиб, унда бола учун зарур бошланғич ҳуқуқий кўникмалар, мактабгача таълим, мактаб таълими, саломатлик, йўл ҳаракати, одоб-ахлоқ, табиатни муҳофаза қилиш бўйича элементар тартиб-қоидалар, Конституция, бола ҳуқуқига оид ҳужжатлар ҳақида маълумотлар содда тилда тақдим этилган.
Сайтда “Ҳуқуқий ўйинлар”, “Ҳуқуқий дарсхона”, “Ота-оналар учун”, “Конституция”, “Рейтинг” (ўйинлар учун), “Сизнинг луғат”, “Давлат рамзлари” ва “Видеогалерия” каби 10 га яқин бўлимлар мавжуд бўлиб, болалар ўз уйларидан туриб кўнгилочар-интерактив ўйинлар, мантиқий топшириқлар, тестлар орқали ҳуқуқий билимларини янада оширишлари мумкин.
Шундай экан, ҳозироқ bolahuquqlari.uz сайтига ташриф буюринг!