Мавзуга дабдурустдан бундай сарлавҳа танлаш осон бўлмас экан. Чунки инсон борки, ўзини ўзгалардан кам санамайди, мудом гўзал орзулар билан, эзгу ниятлар билан яшайди. Бутун бир халқ, мамлакат ҳақида гап кетсаку, инчунин. Инсон улғайгани сари, агар бирор туғма нуқсони бўлмаса, жисмонан етилиб, маънан юксалиб бориши табиат қонуни. Энди бу ҳолни халқ ё мамлакатга нисбатан айтилса ҳам шундай бўлиши керакдай…

2020 йил инсоният учун ғоят оғир ва мураккаб келди. Ўтган йил бошидан буён бутун башариятни ларзага солаётган пандемия шароитида дунёқараш, инсонлар ўртасидаги муносабат бир қадар ўзгарди. Инсон шунга мажбур бўлди. Аммо, одам боласига хос худбинлик, очкўзлик, таъмагирлик, фирибгарлик, ёлғончилик каби иллатлар ўзгаришсиз қолди. Йилнинг энг муҳим сабоғи – табиат арзимас бир ҳаракат ёки кўз илғамас митти зарра билан ҳам Ер юзида ўзини ҳукмрон санайдиган инсонни саросимага солиб, довдиратиб қўйиши мумкинлигини, ҳартугул, англаганимиз бўлди.

Машҳур адиб Чингиз Айтматов дўсти Мухтор Шохонов билан суҳбатда шундай бир воқеани эслайди: «Люксембург суди бир кишини айбдор деб топди ва бир неча йилга озодликдан маҳрум қилиш тўғрисида ҳукм чиқарди. Суд ҳукмини қўлига олган айбдор оила аъзолари билан хайр-хўшлашиб қамоқхонага боради. Қамоқхона бошлиғи: «Ҳозир жой йўқ, бир ойдан сўнг келасиз», деб қонунбузарни уйига қайтариб юборади. Тайинланган вақтда айбдор хотини ҳамроҳлигида қамоқхонага яна келади. Афсуски, ҳали ҳам жой бўшамаган экан. Уч ой давомида бу ҳолат уч марта такрорланади. Ниҳоят, сабр-тоқати тамом бўлган айбдор «Қамоқхонадан менга жой бериладими-йўқми? Қанча вақтим бекор кетди! Ахир, бундан ортиқ адолатсизлик бўладими?!» деб газетага шикоят ёзади.

Газетада эълон қилинган шикоят жамоатчилик ўртасида қизғин муҳокама қилинади:
«Ахир, инсон ҳуқуқлари оёқ ости қилиняптику! Қамоқхона бошлиғини ишдан бўшатиш лозим!»…

Ушбу сатрларни ўқиганимда аввалига «Бўлиши мумкин эмас, ахир бу фақат эртаклардагина учрайдиган ҳодиса-ку», деган хаёлга борганман. Лекин воқеани унча-мунча одам эмас, дунё тан олган улкан шахс, буюк адиб ва жамоат арбоби, имон-эътиқоди мустаҳкам бир киши, бунинг устига ўша йиллари мазкур митти мамлакатда элчи бўлган илғор фикрли одам айтаётганини ўйлаб, ишонмасликдан бошқа чорам қолмаган.

Дарҳақиқат, бу биз учун фавқулодда ғайритабиий ҳодиса, ўта бемаъниликдай туюлади. Шундай қилган одамни ахмоқ, жинни, гаранг, тентак, эси паст каби сўзлар билан «сийлашимиз» тайин. Чунки, бизда ҳеч ким суд ҳукмини олиб, ўзини қамоқхонага ётқизишларини сўраб турма нозирининг ҳузурига бормайди. Ўзи билан бўлаётган воқеани «Адолатсизлик», «Инсон ҳуқуқларининг поймол бўлиши», деб ҳисобламайди. Аксинча, иложи бўлса, қилган жиноятини рад этиб, ўзига нисбатан «туҳмат уюштираётганлари» ҳақида аюҳаннос солади, жазодан қутулиб қолишнинг турли йўлларини қидиради. Ҳамма воситаларни қўллайди. Уни таниган-билганлар-ку майли, ҳатто танимаган ва билмаганлар ҳам «бечора ноҳақ жабр чекаётгани» тўғрисида ғавғо кўтаради. Ишонмасангиз, ижтимоий тармоқларни бир кўздан кечиринг, истаганча мисол топилади. Мавзу бўлган одамни умрида кўрмаган, унинг кимлигини ҳам билмайди, лекин четда турса бир нарсадан қуруқ қоладигандай «баҳс-мунозара»да иштирок этиб, ҳозир урфга кирган бир «пост» қолдирмаса, кўнгли жойига тушмайди.

Ҳа, бу биз учун ростакамига эртак, энг зўр фантаст адибимизнинг ҳам хаёлига келмайдиган ҳодиса. Лекин ўзини маданиятли санайдиган жамият, мавжуд қонунларни, ўрнатилган тартиб-қоидаларни ҳурмат қиладиган одамлар мана шундай бўлади. Биз кўп йиллардан буён ёзғириб излаб юрган МАДАНИЯТЛИ ЖАМИЯТ мана шундай бўлади. Каттами-кичикми, жиноят қилдингми, тамом-вассалом, жавоб беришинг шарт, жазо олишинг лозим, деган кўникма шаклланмаган бизда.

Бошқа бир ривоят: Халифа Умар ибн Абдулазизнинг ҳузурига бир киши келади. Халифа ўзи ёруғида ишлаб ўтирган шамни ўчириб, бошқасини ёқади. Бу ҳолдан таажжубга тушган ҳалиги киши «Тақсир, нега бир шамни ўчириб, бошқасини ёқдингиз, бунинг сири нимада?» деб сўрайди. «Мен давлат иши билан банд эдим. Сиз шахсий масалада келдингиз, давлатнинг шамидан фойдаланишга ҳаққим йўқ», деган мазмунда жавоб беради халифа.

Бу ҳам эртакка ўхшайди-я? Аммо гап ким ҳақида кетаётганини англаган борки, воқеа ростданам ҳам бўлганига шубҳа қилмайди.

Булар тарих – бири яқин ўтмишда биздан узоқ бир юртда содир бўлган, иккинчиси узоқ ўтмишда, афсуски, у ҳам йироқларда рўй берган. Лекин ушбу икки воқеанинг бир муштарак жиҳати бор. Яъни – мавжуд тартиб-таомилга қатъий риоя қилиш, адолатни улуғлаш, давлат, демакки, халқ манфаатини устувор билиш.

Тўғри, бизнинг тарихимизда ҳам шунга яқин воқеалар бўлган. Ҳозир ҳам виждонли, мавжуд шароит ё вазиятга қарамай адолат тарафида турадиганлар, унинг ҳимояси учун жон фидо қиладиганлар йўқ, деб бўлмайди. Улар бор – сизу бизнинг орамизда юрибди. Фақат у ҳақда оммавий бохабарлик йўқ. Бу энди халқимизнинг бағрикенглиги, саховатпешалиги, «Холиқ билса бўлди…», нақлига амал қилиши билан боғлиқ. Аммо, афсуски, айниқса, пандемия шароитида ҳам порахўрлик, таъмагирлик, бюджет маблағларини талон-торож қилиш ҳолатлари камаймагани кўнгилни хуфтон қилади. Энг ёмони, бу ҳолат одамларда ижтимоий норозилик кайфиятини кучайтириб, давлатга, амалга оширилаётган ислоҳотларга, сиёсатга ишончсизлик пайдо қилади. Ишонч аталмиш юксак илоҳий туйғуга путур етказади. Бунинг оқибатини тасаввур қилишнинг ўзи қўрқинчли.

Хўш, БИЗ КИММИЗ? Бу саволнинг жавоби учун тарихни, ўтмишни яхши билиш лозим. Бунинг учун эса, халқ аввало, ўз тарихини ўзи ёзиши керак, рост ёзиши керак. Афсуски, бизнинг тарихимизни узоқ йиллар давомида биз учун бошқалар ёзди. Табиийки, ўзларига мослаб, ўз манфаатларидан келиб чиқиб ёзди. Шунинг учун собиқ тузум даврида ўқувчилар Жалолиддин Мангуберди, Амир Темур, Темур Маликдан кўра людовиклар, вилгельмлар, пётрлар тарихини яхшироқ билар, Хоразмий, Беруний, Ибн Сино, Фарғоний, Форобий, Улуғбек сингари дунё илм-фанининг устунлари ҳақида узуқ-юлуқ маълумотлар билан мактабу олий ўқув юртини битирарди. Ислом илми бешигини тебратган Имом Бухорий, Имом Термизий, Имом Мотуридий, Замахшарий ёки Марғиноний каби алломаларнинг ҳатто номини ҳам эшитмаган эди. Бунинг устига дунёнинг илғор мамлакатлари технология асрига қадам қўяётган бир даврда халқимизнинг «бор-йўғи 2 фоизи саводли» экани ҳақидаги чўпчакларга чиппа-чин ишонганмиз. Дарсликларда «катта оға»миз келгунича бу юртда ўғирлик, порахўрлик, товламачилик ва яна қанча иллатлар «гуркираб ривожлангани» ҳақида ёзишса-да, кексаларимиз бошқача гап айтишарди. Раҳматли момом (салкам бир аср яшаб, 2004 йили вафот этди) «тавба, илгари эшикларга қулф осилмас эди-я», деганларини кўп эшитганман.

Дарҳақиқат, БИЗ КИММИЗ? Жаҳон тамаддуни, илм-фани ривожига беқиёс ҳисса қўшган буюк мутафаккирлар, маънавият, маърифат, имон-эътиқоддан дунёга сабоқ берган улуғ алломалар, бутун-бутун қитъаларни «сўраган» енгилмас ва одил саркардалару ҳукмдорлар авлодими ё ўз нафси йўлида юртни пароканда қилиш, улусни қақшатишни ўзига касб қилган ултонтозлару яловочлар авлодими? Булардан қай бирларининг қони томирларимизда кўпроқ оқмоқда? Ва ниҳоят, жаҳонда тенглар ичра тенг, ўз суверен давлатига эга замонавий халқмизми ё фақат давр нуқтаи назаридангина 21-асрга мансубмиз, холосми?

Бундай оғир таъна-маломатлар нечун, деб дашном қилишга шошилманг. Биз бу ўринда
давлатимиз ва ҳукуматимиз бор имкониятини ишга солиб, одамларни ўз ҳолига ташлаб қўймаслик, иложи борича ҳеч кимни эътибордан четда қолдирмаслик учун ҳаракат қилган ва қилаётган айни шу ПАНДЕМИЯ даврида порахўрлик, таъмагирлик, ёлғон ва фирибгарлик сингари иллатлар урчиган айрим ҳолатлар ҳақида фикр юритмоқчимиз. Чунки, биз ҳам – ҳар биримиз шу ҳолатга қайсидир маънода дахлдормиз. Бундай хиёнатга қўл ураётганлар ҳам биримизнинг қариндошимиз, биримизнинг қўшнимиз, бошқамизга синфдош, курсдош, маҳалладош. Ҳеч бири осмондан тушмаган ва ёки узоқ хориждан келиб қилаётгани йўқ шу ишни. Сизу биз билан ошга боради, тўй қилади, маърака ўтказади. Кўчада ёнма-ён юради, балки эрталаб қай биримиз билан қўл бериб кўришган, ҳол-аҳвол сўрашгандир ҳам. Жилла қурса, бир ҳаводан нафас оламиз, бозоримизу мозоримиз бир.

Тан олайлик, охирги 4 йилда жамиятимизда, хусусан, ахборот олиш, таҳлил қилиш, тарқатиш борасида мисли кўрилмаган ўзгаришлар рўй берди. Буни инкор қилиш ўзликни рад этиш билан баробар. Илгари айтиш мумкинлиги у ёқда турсин, ҳатто хаёлга келтиришнинг ўзи душвор бўлган воқеа-ҳодисалар ҳақида бугун бемалол гапиряпмиз, матбуотда, ижтимоий тармоқларда муҳокама қиляпмиз. 4 йил илгари гўё «Пандора қутиси»дек авайлаганимиз мавзуларда бугун брифинглар, матбуот анжуманлари ўтказиляпти. Ўша идоралар ўзлари ҳисоб беряпти.

Албатта, ҳаммасини ошкор қилаётгани ё ўзлари маъқул деб билган қисминигина кўрсатаётгани, бу энди алоҳида мавзу – ҲОЗИРЧА. Ҳаммаси очиқ-ойдин баён қилинадиган кунларга кўп қолмади. Шахсан давлат раҳбарининг ўзи шуни талаб қилаётгани, бошида тургани шундай бўлишига ишончни оширади.

Иккита йигирмалик йил «Тождор вирус» деган бало инсоният бошига кўп кулфатлар келтиргани билан тарихда қолди. Энг митти давлатдан тортиб ўзини дунёнинг «қўриқчиси» ҳисоблайдиган қудратли салтанатлар ҳам унинг олдида бирдай ожиз қолди. Шундай мураккаб вазиятда ҳам инсоният ўз ақл-идроки, иродаси ва матонати билан кўринмас ёвга қарши ўзаро жипслашгандай, одамлар ўртасида меҳр-оқибат, хайр-саховат кўпайгандай бўлди.

Мушкул вазиятда елкама-елка туришга ўрганди. Айниқса, Ўзбекистонда бу ҳолат яққол кўзга ташланди. Тезликда ва оқилона кўрилган чора-тадбирлар натижасида Ўзбекистон нисбатан кам талафот ва энг кам иқтисодий зарар кўрган мамлакатлар қаторида саналди. Бунда давлатнинг ўз вақтида кўрган қатъий чоралари муҳим аҳамият касб этди. Афсуски, шундай пайтда ҳам кўпнинг ҳақига кўз олайтирадиганлар, мушкул вазиятдан фойдаланиб, бойлик орттиришни кўзлайдиганлар оз эмас экан.

Гапимиз қуруқ бўлмаслиги учун ўтган йилнинг сўнгги икки ойида ОАВда эълон қилинган айрим маълумотларга эътибор қаратайлик:

…бир гуруҳ божхона ходимлари пора эвазига турли субъектлар томонидан импорт қилинган товарлар қийматини пасайтириб кўрсатиб, давлат манфаатларига қарийб 9 млрд. сўм зарар етказган.

…пост бошлиғининг уйида ўтказилган тинтувда пора сифатида олинган 311 минг доллар нақд пуллар топилган.

…айрим мансабдорлар яратган ўзига хос жиноий схемага кўра, маҳсулот нархи ҳужжатларда бир неча баробар қиммат кўрсатилиб, 2,3 млрд. сўм маблағ талон-торож қилинган.

…театр ва мусиқа мактабларига аслида етказиб берилмаган мебель ва мусиқа анжомлари етказиб берилгани ҳақида сохта ҳужжатлар тузиб, 1,7 млрд. сўмни ўзига таниш фирмаларга ўтказиб, талон-торож қилган. Шунингдек, 13,5 млрд. сўмлик мебель ва жиҳозларни танишларидан 20,2 млрд. сўмга олиш йўли билан 6,7 млрд. сўм ҳам талон-торож қилинган. Бу жиноий схема билан 12 млрд. сўм бюджет маблағи ўмарилган.

…Ўтган икки йил мобайнида банкларнинг 166 нафар мансабдор шахслари коррупциявий жиноятлари учун жавобгарликка тортилган. Уюшган гуруҳ 2019 йил сўнгги 9 ойида қарийб 732 млрд. сўмни қонунга хилоф тарзда нақдлаштириб, 7 млрд. сўмга яқин бюджет маблағини талон-торож қилган. 215 млрд. сўм турли пластик карталарга молиявий ёрдам кўринишида ўтказилиб, 22,5 млн. доллар нақд пулга айлантирилган ва хорижга олиб чиқиб кетилган. Уюшган гуруҳ раҳнамолик қилган фирмалар 101 млрд. сўм солиқ тўловларидан ҳам бўйин товлаган.

…Бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасининг Пискент тумани бўлими бош инспектори «Халқ банки» кассири билан бирга 142 нафар вафот этган (!) фуқаро номига пенсия расмийлаштириб, жами 86 млн. сўмни ўзлаштириб юборган…

Афсуски, бу рўйхатни яна узоқ давом эттириш мумкин. Бундай ҳолат, ҳеч бир истисносиз, исталган соҳа ё тармоқда мавжуд. Айниқса, ёш авлод таълим-тарбиясига, аҳоли саломатлигига масъул бўлган идоралар энг кўп қонунбузилиш ҳолатлари ва бошқа хато-камчиликларга йўл қўйган тизим сифатида қайд этилиши одамни жиддий ташвишга солади.

…Халқ таълими вазирлиги тизимида ўтказилган 487 та назорат тадбирининг 389 тасида 40,7 млрд. сўм; Соғлиқни сақлаш вазирлиги тизимида ўтказилган 465 та назорат тадбирининг 345 тасида 22 млрд. сўм; Мактабгача таълим вазирлиги тизимида ўтказилган 200 та назорат тадбирининг 159 тасида 10,7 млрд. сўм миқдорида қонунбузилиш ҳолатлари аниқланган.

…Халқ таълими вазирлиги Ички аудити томонидан тизимда 70 млрд. сўмлик ўғрилик ва ўзлаштириш ҳолатлари аниқланган. Тизимда ўтган 11 ой давомида жами 69,8 млрд. сўм иш ҳақидан ўғирлик, ўзлаштириш ва ортиқча тўловларга йўл қўйилган. Шу давр мобайнида жами 220,8 млрд. сўм миқдоридаги молиявий хато ва камчиликлар аниқланган.

...Молия вазирлигининг Давлат молиявий назорати департаменти томонидан 2020 йил ноябрь ойида бюджет маблағларининг мақсадли сарфланиши юзасидан ўтказилган камерал назорат натижасида Андижон шаҳар ХТБ томонидан иш ҳақи тўловлари бўйича шубҳали харажатлар амалга оширилгани аниқланган. ХТБнинг 2018 йил 1 ноябрдан 2020 йил 1 ноябргача бўлган даври бирламчи ҳужжатлар асосида тафтишдан ўтказилганда, ходимларга ҳисобланган иш ҳақига нисбатан 33,8 млрд. сўм нақд пул банкдан ортиқча олиниб, марказлашган бухгалтерия кассасига кирим қилинмасдан ўзлаштириб юборилгани аниқланган. Ўзлаштирилган маблағлар 2018 йилда 1,0 млрд. сўмни, 2019 йилда 12,6 млрд. сўмни ва 2020 йилнинг ўтган даврида (10 ойи) 20,2 млрд. сўмни ташкил этган.

Йиллик ўсишга эътибор қилинг, энг зўр тадбиркорлик субъекти ҳам бу қадар «жадал» ўсишга эришиши даргумон. Лекин, нима учун, қандай қилиб деган саволларга жавоб топиш мушкуллик туғдирмайди.

Кейинги йилларда амалга оширилаётган туб ислоҳотларга қарамасдан, адолатга масъул бўлган суд ҳокимиятидаги аҳвол ҳам кутилганидек эмас. Масалан, Тошкент шаҳар маъмурий суди судьялари томонидан 5 мингга яқин сохта қарор чиқарилган. Ушбу суд судьялари ва ёрдамчилари томонидан 8 млрд. сўм давлат маблағи талон-торож қилинган.

Бировнинг чўнтагига қараш беодоблик эканини билсак-да, озгина мулоҳаза юритишга журъат қилдик: охирги йилларда бу соҳа ходимларининг маоши шахсан Президентимиз ташаббуси ва топшириқлари билан бир неча баробар оширилгани ҳақида матбуот орқали хабардормиз. Давлат раҳбарининг бундай эътиборидан мақсад — судлар «Адолат қўрғони» бўлиши ва шу номга муносиб фаолият юритишига эришиш эди-ку!

Энди айни қиш кунларининг энг долзарб масаласи – газ ва электр энергияси
таъминоти бўйича айрим фактларга назар ташлайлик:

…Жорий йилнинг ўтган даврида (2020 йил 30 ноябрдаги гап – Ж.М.) «Ўзнефтгазинспекция»га белгиланган вазифалар доирасида Республика бўйича 152 та объектда нефть маҳсулотлари ва табиий газдан самарали фойдаланиш ҳолати ўрганилганда, жами 18 млрд. 267 млн. сўмлик 12 минг тонна нефть маҳсулоти ва 42 млрд. сўмлик 102 млн. метр куб табиий газдан ноқонуний фойдаланиш ҳолати аниқланган. 10 ойда улгуржи истеъмолчилар томонидан Республика бўйича 2 минг 183 та ҳолатда 62 млн. метр куб табиий газдан ноқонуний фойдаланиш орқали давлат манфаатларига 62 млрд. сўмлик зарар етказилган.

Ўрганишлардан маълум бўлишича, бундай ноқонуний ҳолатлар асосан ишлаб чиқариш фаолияти билан боғлиқ бўлган истеъмолчилар томонидан содир этилмоқда. Мисол учун, оҳак ишлаб чиқариш корхоналари томонидан 41 та ҳолатда табиий газдан ноқонуний фойдаланилган ва давлат манфаатларига етказилган зарар миқдори 8,8 млрд. сўмни ташкил этган. Иссиқхона хўжаликлари томонидан 42  та ҳолатда табиий газдан ноқонуний фойдаланилган ва давлат манфаатларига 3,1 млрд. сўм миқдорида зарар етказилган.

Кўмир ва суюлтирилган газ таъминотида ҳам талон-торожликлар кам эмас. Куз-қиш мавсумига тайёргарлик борасида 6300 дан ортиқ қонунбузилиш ҳолатлари аниқланган.

…Аҳоли ва тадбиркорлик субъектларини электр энергияси, табиий ва суюлтирилган газ ҳамда кўмир билан таъминлаш ҳолатини ўрганиш бўйича Сенат кенгашининг мажлисида иштирок этган Бош прокуратура вакилининг айтишича, кузқиш мавсумига тайёргарлик кўриш бўйича масъул идораларнинг 1200 нафардан ортиқ мансабдор шахсларига огоҳлантириш берилган бўлса-да, бу масалада қонунийлик тўлиқ таъминланмаяпти. Кўмирнинг қора бозорга чиқиб кетиши ўрганилганда, 80 дан ортиқ ҳолатда салкам минг тонна кўмир маҳсулотларининг ноқонуний савдоси билан шуғулланиш фактлари аниқланган. Тадбиркор сифатида ҳеч қаерда рўйхатдан ўтмаган (!) шахслар кўмир сотиш билан шуғулланган.

…Кўмирни жойларга етказиб бериш жараёнида 11 та ҳолатда қарийб 1000 тонна кўмирни 139 нафар шахс томонидан юриб кетаётган вагонларнинг ўзидан тушириб олиш ҳолати кузатилган. Оқибатда омборларга белгиланган миқдордаги кўмир етиб бормаяпти.

…Тошкент вилояти Янгийўл тумани электр таъминоти корхонаси бош муҳандиси ўз ходимлари билан 500 доллардан 2 минг долларгача пора олиб, ҳеч қандай расмий ҳужжатларсиз (!) истеъмолчиларни электр тармоғига улаб келган. Умуман, ўтган йил декабрь ойида ҳуқуқ-тартибот органлари томонидан ўтказилган ўрганишлар натижасига кўра, республика бўйича 1 минг 525 та ҳолатда 59 млрд. сўм қийматидаги энергоресурслар талон-торож қилинган.

…Қурилиш учун ер ажратиш, танлов ва тендер ўтказиш, шаҳарсозлик ҳужжатларини расмийлаштириш, муҳандислик-коммуникация тармоқларига уланиш жараёнларида ҳам кўплаб коррупция ҳолатлари кузатилмоқда. Масалан, 2018-2019 йилларда қурилиш соҳасида 142 млрд. сўм талон-торож қилинган, қурилишга оид масалаларни ҳал этиш эвазига 1,6 млрд. сўм ва қарийб 1 млн. доллар пора олинган…

Шу тобда зикр этилган бу рақамлар қайсидир соҳа ёки тармоқ эришган ютуқлар кўрсаткичи бўлиб қолишини жуда-жуда истардим. Афсус, «фактлар ўжар бўлади», бунинг сира иложи йўқ. Ҳар қанча бошқа фикрларни хаёлга келтирмайлик, ўтган йил охирида турли матбуот нашрларида эълон қилинган хабарлардан бир шингил бўлиб тарих саҳифаларига кирди. Агар ҳаммасини бир ипга тизаман десангиз, на бошини, на охирини тополмайсиз. Тутаб, тутаб тамом бўласиз. Давлатнинг, халқнинг пули талон-торож қилинмаган, ўзлаштирилмаган бирор соҳа бормикан ўзи, деган адоғи йўқ саволлардан қон босимингиз ошиб кетади.

Мен иқтисодчи эмасман, шунча пулга қанча уй-жой, қанча ижтимоий соҳа  иншоотлари, кўпригу йўллар қуриш мумкин эди, қанча оиланинг турмуши фаровонлашарди, каби саволларга жавоб беролмайман. Лекин имоним комил, совуқдан уйи исимаётган ё чироқ йўқлигидан боласи дарс қилолмаётган (демак, келажак бой берилаётган) хонадонлар, жилла қурса, бир неча фоизга камайган, ҳайдовчию йўловчининг «ичагини узиб олаётган» қанча йўллар тузалган, юзлаб (балки минглабдир!) ночор оилалар камбағаллик рўйхатидан чиқарилган, ўн минглаб қўшимча иш ўринлари яратилган, куч-қувватга тўлган қанча йигит-қизларимиз иш излаб хорижга кетмаган бўлар эди. Қарийб 6 миллиард сўмга яқинда қурилган Қумқўрғондаги кўприкни сел олиб кетмас, Наманганда янги барпо қилинган кўприк қоқ иккига бўлинмас ёки Жиззахдаги қурилиши битмаган кўп қаватли уй қулаб тушмас эди. Ниҳоят, инсон омили билан содир этилаётган мана шундай кўплаб фалокатларнинг оқибатини бартараф этиш учун давлатимиз қўшимча сарфлаётган миллиардлаб пул ғазнамизда қолар ва у яна кўпгина хайрли ишларга йўналтирилган бўлармиди? Энг муҳими, Ўзбекистонимиз ҳозиргидан-да обод ва фаровон бўлар, бу билан эса, Президентимиз ҳар куни бот-бот такрорлаётган янги Ўзбекистоннинг олий мақсади – ХАЛҚ РОЗИЛИГИга эришилган бўлар эди. Афсус…

Улуғлардан бири «Ёлғон жамиятдаги яхшиликларни олов каби емириб боради. Ёлғончининг ўзигагина эмас, бутун жамиятга уради», деган экан. Бундай фикрга келиш учун одам бошидан нималарни кечириши керак? Жамият-чи, у қандай балоларга гирифтор бўлиши керакки, мудом эл-юрт тақдири билан ҳаёти ўтган илғор фикрли бир киши шундай хулоасага келса!?

Дарҳақиқат, давлат бу ёқдан пул ажратаверсаю, у ёқда нияти бузуқ уч-тўртта ҳамтовоқ бир бўлиб, уни ўмараверса, қандай тараққиёт ҳақида гап бўлиши мукин? Бу ёқда давлат раҳбари «халқимиз фаровонлигига нафи тегадиган ҳар қандай ғояни, ташаббусни қўллаб-қувватлайман, қанча маблағ керак бўлса топиб бераман, бунинг учун ҳеч нарсани аямайман», деб турса-ю, беш-ўнта ғаламис тескарисини қилаверса…

Энди савол туғилади: кўпнинг ҳақига кўз олайтираётган, демакки, миллий тараққиётимизга тушов бўлаётганлар кимлар? Афсуски, ҳаммаси ўзимизнинг одамлар. Оҳак ишлаб чиқарувчи ҳам, иссиқхона эгаси ҳам, ғишт ишлаб чиқарувчи ҳам, таълим-тарбия, тиббиёт даргоҳининг раҳбару ҳисобчиси ҳам, божхона постида турган ходим ё адолатга масъул судья ҳам, банкир, қурувчию муҳандис ҳам ойдан тушган ёки бошқа мамлакатдан келмаган, бари ўзимизнинг юртдошлар, сизу бизнинг танишларимиз! Кимнингдир акаси-укаси, тоғаси-жияни, аммаси-холаси, қўшниси, синфдоши, курсдоши, маҳалладоши… Хуллас, ҳаммаси ўзимизнинг одамлар. Шоир айтганидек, «Ўртада бегона йўқ».

Коррупциядан азият чекаётганлар ҳам бизга бегона эмас, шу юртда туғилган, камолга етган, яшаётган, келажагини шу диёр билан боғлаган одамлар. Ўзбекистон аталмиш муқаддас заминнинг табиий бойликларидан фойдаланишга, ишлаб чиқарилаётган, етиштирилаётган маҳсулотларидан еб-ичишга, кийишга, баҳраманд бўлиб яйраб яшашга уларнинг ҳам ҳаққи бор.

Ҳа, эзгу мақсадаларда давлат ғазнасидан ажратилган миллиардлаб пул манзилга етиб
бормаслиги, нотўғри сарфланиши, талон-тарож қилиниши ёки ўзлаштирилиши оқибатида азият чекаётганлар ҳам ўзимизникилар. Энг ёмони, улар айнан ўша одамдан (порахўр ё коррупционердан) эмас, давлатдан, жамиятдан норози бўлади. Ўрмонга ўт кетса ҳўлу қуруқ баравар ёнгани каби давлатнинг олижаноб мақсадлари ҳам, шу юрт равнақи, эл-улус фаровонлиги йўлида жонини бериб ишлаётган миллионлаб фидойиларнинг меҳнати ҳам йўққа чиқади. Шундай бўляпти ҳам. Буни ижтимоий тармоқларда билдирилаётган фикрлар кўрсатиб турибди.

Ҳар қандай соҳа ёки муайян ҳудудда содир этилган коррупция билан боғлиқ биргина жиноят бутун бошли давлатга зарар етказади. Унинг халқаро майдондаги имижига салбий таъсир кўрсатади. Айниқса, бугунги техник-технологик тараққиёт замонида бу «Карнайчидан бир пуф» дегандек гап.

Кейинги пайтларда мамлакатимизда коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши курашиш, давлат ва жамият қурилишининг барча соҳаларида коррупциоген омилларга чек қўйишга қаратилган кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Чунончи, айнан шу иллат билан курашишга масъул бўлган алоҳида тузилма фаолияти йўлга қўйилди, «Ўзбекистон Республикасида коррупцияга қарши курашиш тизимини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги Президент Фармони (2020 йил 29 июнь) қабул қилинди.

Ҳеч эътибор қилганмисиз, давлатимиз раҳбарининг ҳар бир чиқишида, турли масалада ўтказадиган йиғилишу жойларда аҳоли билан қиладиган мулоқотларида энг кўп тилга олинадиган сўзлардан бири бу, шубҳасиз, КОРРУПЦИЯ бўлади. Хусусан, Конституциямиз қабул қилинганининг 28 йиллиги муносабати билан халқимизга йўллаган байрам табригида бу масалага алоҳида тўхталди ва унга буткул барҳам бериш борасида куйиб-ёниб гапирди. «Тараққиёт кушандаси бўлган коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши курашишнинг таъсирчан механизмларини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш лозим, – деди жумладан. – Сўнгги икки йилда ноқонуний хатти-ҳаракати билан давлатга 2 триллион сўм зарар етказган 1986 нафар мансабдор шахс коррупцияга оид жиноятлари учун жиноий жавобгарликка тортилгани бу масала нақадар долзарб эканини кўрсатади.

…Шу ўринда яна бир бор таъкидлаб айтаман: бу масала биз учун ўта муҳим ва устувор вазифа бўлиб қолади. Чунки коррупция – бу давлатимизни ич-ичидан емириб, миллий хавфсизлигимизга рахна соладиган ғоят хатарли таҳдид ва унга қарши муросасиз кураш олиб бориш – барчамизнинг бурчимиздир».

Бир йил олдинги Мурожаатномасида Президент «Ҳалоллик вакцинаси» ҳақида гапирган ва барчамиз ана шу вакцина билан эмланишимиз лозимлигини таъкидлаган эди. Бу орада «Тождор вирус» деган бало ёпирилди, қисқа вақтда дунё олимлари унга қарши бир неча дорилар ишлаб чиқди. Қани эди, айниқса, коррупционерлар учун ғоят муҳим бўлган «Ҳалоллик вакцинаси»ни ҳам илмий лабораторияларда яратиб бўлса! Ҳаммасини «карантин»га олиб, битта-битта эмлаш имконияти бўлса…

Бутун дунё тараққиёт борасидаги ҳар жабҳада Ғарбга қарашга, ундан улги олишга ҳаракат қила бошлаганига 150-200 йил (албатта, бу нисбий кўрсаткич эканини асло инкор қилмаймиз – Ж.М.) бўлиб қолди. Ўтган асрда шу йўлни танлаб, қисқа вақтда ҳатто ўша Ғарбнинг ўзини ҳам ортда қолдирган мамлакатлар ҳақида яхши биламиз. Лекин мени бир нарса кўпдан буён таажжубга солади.

Тарихдан маълумки, тараққиётни ўзликка қайтиш, маърифат, маънавиятни байроқ қилиб кўтаришда деб билиш Осиё қитъасининг бир неча ҳудудида деярли бир вақтда бошланган. Аниқроғи, ХIХ аср иккинчи ярми ва ХХ аср бошларида Яқин Шарқ, Ўрта Шарқ ва Узоқ Шарқнинг айрим ҳудудларида мана шундай миллий эврилиш бошланган. Ўрта Шарқдаги бундай ҳудудлар орасида бизнинг замин – ҳозирги Ўзбекистон ҳудуди ҳам бор – бунинг учун маърифатпарварлик ва ундан ўсиб чиққан Жадидчилик ҳаракатини эслаш кифоя. Афсуски, Яқин ва Узоқ Шарқдаги ўша давлатлар тараққиёт борасида катта «сакраш»га эришганлари ҳолда, Ўрта Шарқ (хусусан, биз ҳам) бир жойда депсиниб қолаверди. Нега, нима учун шундай бўлди, деган саволларга жаҳон олимлари қарийб бир хилда жавоб берганлар. Лекин бу ўринда ҳам, афсуски, бизнинг олимлар «катта оға»дан ўтиб, жўяли бир гап айтолмаган. Шунинг учун бўлса керак, қозоқ шоири М. Шохонов «Хоҳлардик биз жуда музаффар Ғарбнинг сув тизимларига туташмоқликни, афсуски, уландик уларнинг ахлат қувурларига» деб ёзади ўкинч билан.

Дарҳақиқат, тарихга, ўзликка муносабатни ўзгартириш ва унинг узоқ-яқин хатоларидан тўғри хулоса чиқариш, сабоқ олиш, қарийб 35 миллионлик аҳоли учун яккаю-ягона ВАТАН бўлган ЎЗБЕКИСТОН манфаати деб яшаш, бунинг учун эса, шу муқаддас йўлда фидойилик намунасини кўрсатаётган ЙЎЛБОШЧИ атрофида бирлашиб, у даъват қилаётган бурчни бажарсак, бажара олсак, сарлавҳадаги саволга ўрин қолмайди.

Жуманазар МЕЛИҚУЛОВ,
журналист

РS: Юқоридаги фикрларимизни қоғозга тушириб, муштарийларга ҳавола қилиш арафасида Бош прокуратура матбуот хизмати Ўзбекистонда 2020 йилда 1723 нафар мансабдор шахс жиноий жавобгарликка тортилгани ҳақидаги хабарни эълон қилиб қолди. Бунинг оқибатида давлат ва жамият манфаатларига 500,1 миллиард сўм миқдорида моддий зарар етказилган.

Тергов жараёнида ушбу зарарнинг 355,7 миллиард сўми ундирилган.

Маъзур тутинг, яна ўша саволни такрорлашга ўзимда бир мажбурият сездим:
БИЗ КИММИЗ?