0,00 UZS

No products in the cart.

20.8 C
London
Seshanba, Avgust 4, 2020

Башарият муаммоси. Биотерроризм таҳдидларига қарши курашнинг ҳуқуқий жиҳатлари

- Advertisement -
- Advertisement -

Мамлакат хавфсизлиги – аҳоли фаровонлиги ва тинч-тотувлигини таъминлаш билан бир қаторда, давлат барқарорлиги, халқаро ҳамжамиятда унинг нуфузи ва тараққиётини белгилаб берувчи асосий омиллардан биридир. Ўз навбатида, миллий хавфсизликни таъминлаш – давлат механизмида фаолият юритувчи ваколатли органларнинг ўз функцияларини самарали амалга оширишлари билан боғлиқ бўлиб, ўзида кўплаб соҳаларни, жумладан сиёсий, ижтимоий, иқтисодий, мудофаавий, маънавий, экологик, биологик хавфсизлик масалаларини қамраб олади.

Чунончи, бутун дунёда инсоният хавфсизлигини таъминлаш, шу асосда ер куррасидаги барча давлатлар ва халқларнинг миллий хавфсизлик мезонларини тўлақонли амалга оширишда моҳиятан кўримсиз ва билинмас, бироқ қўлланганда минглаб ва миллионлаб одамлар ҳаётига зомин бўлиши мумкин бўлган оммавий қирғин қуролларининг тарқалиши ва биотерроризмга қарши кураш замонамизнинг энг муҳим масалалардандир.

Биологик қуроллар тарқалишига қарши кураш ва биологик хавфсизликни таъминлашга доир биринчи халқаро ҳуқуқий асос 1971 йил 16 декабрда БМТ Бош ассамблеясининг махсус резолюцияси билан тасдиқланган «Биологик ва токсик қуроллар яратиш, ишлаб чиқариш ва захираларини ташкил этишга қарши кураш ва уларни йўқ қилишга доир конвенция»1 ҳисобланади. Бироқ, мазкур ҳужжатда биологик ва токсик қуроллар терминига алоҳида таъриф берилмаган.

Биологик қуролга патоген (касаллик қўзгатувчи) микроорганизмлар, уларнинг ҳаётий фаолияти учун зарур маҳсулотлар (токсинлар), касаллик юқтирилган ҳайвонлар ва бундай касалликларни етказиш воситалари киради. Ҳозир уларнинг энг кенг тарқалган турлари сирасига бактериялар, вируслар, токсинлар ва замбуруғларни киритиш мумкин.

Шу ўринда биологик қуроллар тарқалишининг антитеррористик хавфсизлигини таъминлаш ва биотерроризм таҳдидларига қарши курашда самарали фаолият юритаётган олим ва экспертларларнинг айрим мулоҳазаларини келтириш ўринлидир.

Хусусан, россиялик мутахассисларнинг фикрига кўра, биологик хавфсизлик аҳолининг (шахс, жамият, давлат) биологик хавфли факторлар (ишлаб чиқариш, ижтимоий-иқтисодий, гео­политик инфраструктура, экологик тизим) тўғридан-тўғри ёки эгри (билвосита, бумеранг) таъсиридан ҳимояланганлик даражаси2 ҳисобланади.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг амалий қўлланмаларига кўра эса биологик хавфсизлик – патоген ва токсик воситаларининг тўсатдан юзага чиқишида, уларнинг тарқалишининг олдини олишда қўлланадиган тамойиллар, технологиялар ва усуллар йиғиндисидир.

Технологиялар ривожи, ген муҳандислиги, янги турдаги биотехнологияларнинг яратилиши охирги йигирма беш-ўттиз йилда олимлар, сиёсатчиларнинг биологик хавфсизликка таҳдид солувчи янгича биоқуроллар яратиш ҳақидаги қарашларини ўзгартирди. Фан ютуқларидан ўзларининг нопок мақсадлари йўлида фойдаланувчи шахслар эса бундай имкониятдан фойдаланган ҳолда ўз режаларини амалга оширдилар.

XX асрнинг ўзида биологик хавфли воситалардан ноқонуний фойдаланишга доир юздан ортиқ жиноят қайд этилган, унинг 20 дан ортиғи террорис­тик акт сифатида баҳоланган.

Айнан биологик қуроллар оммавий қирғин қуроллари ичида энг хавфлисидир. Мазкур турдаги қуроллар натижаси кимёвий ва ядровий қуроллар талофати билан тенг бўлиб, қўлланишда жиноятчилар учун бир қатор «афзаллик»ларга ҳам эга. Чунки биологик қуроллар катта армия, қимматбаҳо ҳарбий техникани талаб қилмайди. Ҳаттоки, унча ривожланмаган мамлакатларда ҳам ишлаб чиқариш имкония­тининг мавжудлиги сабабли шаҳарларни, ишлаб чиқариш ва маданият объектларини вайрон қилмасдан ҳам кўплаб инсонларнинг ҳаётига зомин бўлиши мумкин.

Бугунги кунда биотехнологияларнинг ривожи, биоуйғотувчиларга эга бўлиш имкониятининг кенглиги ва чегаралардан осон ўтказилиши мумкинлиги айнан биотерроризм таҳдидларининг ошишига олиб келмоқда. Шунингдек, БМТнинг «Биологик ва токсик қуроллар яратиш, ишлаб чиқариш ва захираларини ташкил этишга қарши кураш ва уларни йўқ қилишга доир» конвенция­сига амал қилишда «халқаро ҳуқуқий назорат» ҳамда биотерроризм таҳдидларига қарши курашда «халқаро ҳамкорлик механизми»нинг мавжуд эмаслиги биотерроризм муаммоси ва унинг намоён бўлиш шакллари ва олдини олиш чораларининг самарасизлигига олиб келмоқда.

Таъкидлаш керак, ҳозир жаҳонда биотерроризм факторининг аниқ ҳолатлари қайд этилганига қарамай, «биотерроризм» терминига нисбатан халқаро-ҳуқуқий таъриф мавжуд эмас. Ғарб изланувчилари мазкур терминга нисбатан қу­йидагича изоҳ беришади: «Биотерроризм терроризмнинг бир тури сифатида биологик қуроллардан ноқонуний фойдаланишда намоён бўлади; бу инсоният, қишлоқ хўжалиги, ўсимлик ва экологик ресурс­ларга зарар етказиш ва (ёки) қириб ташлаш мақсадида биологик агент ва токсинлардан яширинча фойдаланишдир».

Терроризмнинг бошқа турлари каби биотерроризм ҳокимият учун кураш ва иқтисодий таъсир каби сиёсий мақсадларда жамиятда омма­вий тўполон уюштиришни кўзлайди. Бунинг учун касалликни чақирувчи ва одамларнинг ўлимига сабабчи бўлувчи биологик агентлар, хусусан бактерия, вирус, алоҳида хавфли инфекциялардан фойдаланилади.

Эътибор қаратсак, шу пайтгача биологик хавфсизликка тахдид солувчи кўплаб вирус ҳамда токсинлар аниқланган. Жумладан, ушбу рўйхатга ўлатдан тортиб сибир яраси (anthrax), эбола каби биологик қуролларни киритиш мумкин.

Россияда инсониятга қарши биотеррористик актларда қўлланган «анъанавий» биопатогенлар рўйхати 1988 йилда белгиланган бўлиб, (Америкадаги ­ҳолатдан сўнг) 2001 йилда қайта янгиланган қуйидаги агентлардан иборат:

  • вирус табиатли қўзғатувчилар;
  • риккетциоз табиатли қўзғатувчилар;
  • бактериал табиатли қўзғатувчилар;
  • ўсимлик ва ҳайвондан келиб чиқувчи токсинлар.

Монтерей ­институти (Monterrey Institute of International Studies) 1990 йилдан бошлаб террористлар ва оммавий қирғин қуроллари жиноятчилари томонидан фойдаланилган ҳолатлар тўғрисида маълумотлар базасини яратди. Тадқиқот натижаларига кўра, 1900 йилдан то 1990 йилнинг январига қадар оммавий қирғин қуроли қўлланган 415 та ҳолат аниқланган; 1900 йилдан 2001 йил ўрталаригача эса 262 та биологик агентларни қўллаш кузатилган. Улардан 157 таси ёки қарийб 60  фоизи терроризм сифатида, 105 таси ёки 40 фоизи сиёсий мақсадларни инкор этувчи жиноят сифатида баҳоланган3.

Яна шуни қайд этиш керакки, биотеррористик ҳужум биринчи босқичларда инфекцион касалликнинг эпидемияси сифатида хато баҳоланиши ва кўп­лаб тирик организмларнинг ҳаётига зомин бўлиши мумкин. Чунки биологик қуролда секин  тарқалиш эффекти мавжуд бўлади. Шунингдек, биологик агентлар инкубацион (яширин) даврга эга бўлиб, вирус ташувчи бу даврда билмасдан бошқа ҳудудларга кетиши ва оммавий тарқалишни кенгайтириши мумкин. Шунинг учун ҳам биотеррористик ҳужумни аниқлаш учун узоқ вақтли ва ҳар томонлама эпидемиологик таҳлил зарур бўлади. Бундан ташқари, шуни инобатга олиш керакки, кимёвий қуроллардан фарқли равишда  биологик қуроллар унчалик ўрганилмаган ва қарши кураш механизми ҳам ишлаб чиқилмаган.

Замонамизнинг шиддат билан ривожланиши, ижтимоий муносабатларнинг мураккаблашуви қонун ҳужжатларини мунтазам такомиллаштириш, янги ҳуқуқ нормаларини яратиш заруриятини вужудга келтиради. Шу асосда терроризмнинг олдини олиш, биотерроризм тахдидларига қарши курашишда миллий қонунчиликни янги ҳуқуқ нормалари билан тўлдириш ҳамда мавжудларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш – давр талаби.

Юқоридагилардан келиб чиқиб, Ўзбекистон Республикасининг «Терроризмга қарши кураш тўғрисида»ги қонунига қуйидаги ўзгартириш ва қўшимчаларни киритиш лозим:

Биринчидан, 31 моддадан иборат мазкур қонун терроризмга қарши ­кураш соҳасида барча муносабатларни қамраб олмайди. Хусусан, биотерроризм билан боғлиқ ҳуқуқий нормалар норматив-ҳуқуқий ҳужжатда алоҳида қайд этилмаган.

Иккинчидан, қонуннинг 2-моддасидаги асосий тушунчалар ­доирасида «биотерроризм», «биологик қурол» тушунчаларини ҳуқуқий жиҳатдан ­мустаҳкаш лозим деб ҳисоблаймиз.

Учинчидан, биологик қуроллар тарқалишининг олдини олувчи ва биотерроризм тахдидларига қарши курашувчи агентлик ёки 8-моддада қайд этилган давлат органларидан бирининг тизимида махсус бўлим ташкил этиш мақсадга мувофиқ бўлади.

Хулоса қилиб айтганда, терроризм ҳар доим диний ва инсоний меъёрлар, умуминсоний қадриятлар ва ахлоқий фазилатларга қарши қаратилгани учун энг оғир ва ваҳший жиноят ҳисобланади.

Ф. Зайнобиддинова,

Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети докторанти

- Advertisement -

Latest news

Қиммат паштет (ҳикоя)

Карел ЧАПЕК Бугун кечки овқатга нима харид қилсам экан?.. Пан Михл ҳар доимгидай дўкон пештахтаси олдида узоқ ўйланиб қолди: «Дудланган бирон нима олсаммикан яна?.. Дудланган таомлар...
- Advertisement -

Президент: Муса Ерниязов қаҳрамон халқнинг қаҳрамон раҳбари эди

Нукус шаҳрида Ўзбекистон Қаҳрамони Муса Ерниязовнинг вафоти муносабати билан таъзия маросими бўлиб ўтди. Унда Президент Шавкат Мирзиёев иштирок этиб, марҳумнинг оила аъзоларига, халқимизга чуқур ҳамдардлик...

Давлат хизматлари агентлигига янги директор тайинланди

Улуғбек Исломович Муҳаммадиев Президент қарорига мувофиқ Адлия вазирлиги ҳузуридаги Давлат хизматлари агентлиги директори этиб тайинланди. У. Муҳаммадиев 1977 йилда Тошкент шаҳрида туғилган, маълумоти олий, 1999...

Инсон ҳуқуқлари фақат суд орқали ҳимоя қилиниши керак – Бобоқул Тошев

Ўзбек миллий давлатчилигининг асосий моҳияти Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 7-моддасида белгиланганидек давлатнинг “Халқ давлат ҳокимиятининг бирдан бир манбаидир”, деб белгиланганида. Шундай экан, инсон доимо қонун...

Related news

Қиммат паштет (ҳикоя)

Карел ЧАПЕК Бугун кечки овқатга нима харид қилсам экан?.. Пан Михл ҳар доимгидай дўкон пештахтаси олдида узоқ ўйланиб қолди: «Дудланган бирон нима олсаммикан яна?.. Дудланган таомлар...

Президент: Муса Ерниязов қаҳрамон халқнинг қаҳрамон раҳбари эди

Нукус шаҳрида Ўзбекистон Қаҳрамони Муса Ерниязовнинг вафоти муносабати билан таъзия маросими бўлиб ўтди. Унда Президент Шавкат Мирзиёев иштирок этиб, марҳумнинг оила аъзоларига, халқимизга чуқур ҳамдардлик...

Давлат хизматлари агентлигига янги директор тайинланди

Улуғбек Исломович Муҳаммадиев Президент қарорига мувофиқ Адлия вазирлиги ҳузуридаги Давлат хизматлари агентлиги директори этиб тайинланди. У. Муҳаммадиев 1977 йилда Тошкент шаҳрида туғилган, маълумоти олий, 1999...

Инсон ҳуқуқлари фақат суд орқали ҳимоя қилиниши керак – Бобоқул Тошев

Ўзбек миллий давлатчилигининг асосий моҳияти Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 7-моддасида белгиланганидек давлатнинг “Халқ давлат ҳокимиятининг бирдан бир манбаидир”, деб белгиланганида. Шундай экан, инсон доимо қонун...
- Advertisement -