0,00 UZS

No products in the cart.

3.3 C
London
Juma, Fevral 26, 2021

«…Барча кучни илм олишга қаратмасак, забун бўлурмиз…»

- Advertisement -
- Advertisement -

«Беҳбудий ҳазратлари кўринишидан ғоят маҳобатли ва салобатли эди. Аҳволиға воқиф бўлмоғон кимса мутакаббир деб гумон қилур эди. Лекин ҳақиқатда мулойим суҳбатлик, такаллуфсиз бир одам эди. Ўз моли ҳақида бўлсин, халқ моли ҳақида бўлсин, иқтисодға кўп риоя қилар ва ижтимоий аҳволимизнинг тузулиши учун иқтисодға риоя қилишни биринчи шартлардан билар эди. Шунинг учун тўй ва азаларга бўлатурғон исрофларни ўзи бутун тарк қилғон ва сўзга қулоқ солатурғонларни ҳам тарк қилдирғон эди».(1)

ХХ аср бошида Туркистон истиқболи ва истиқлоли учун кураш олиб борган зиёлилар ичида билимининг кенглиги жиҳатидан Маҳмудхўжа Беҳбудийга тенг келадигани йўқ эди. Мамлакат келажаги унинг янги кадрлари – турли соҳа мутахассислари, иқтисодчилар ҳамда ҳуқуқшуносларга боғлиқ деб билган аллома замон талабига жавоб берадиган кадрлар тайёрлаш масаласини энг асосий вазифа деб билади.

1899 йилдан бошлаб у янги усулдаги мактабларнинг ташкил этиш методикасини ўрганиш, бошқа мамлакатлар иқтисодиётини кўриш ва тажриба тўплаш, ривожланган мамлакатлардаги тараққий усулларининг ҳуқуқий асосларини тадқиқ этиш мақсадида саёҳатларга чиқади. Дастлаб Қрим, Истанбул, Қозон шаҳарларида, сўнг Кавказ, Ўрта Шарқ, Миср, Европа ва Россиянинг кўпгина шаҳарларида бўлди. «Эртаси Байрут шаҳрини гашт ва гузор этдим. Мактаб ва дорулфунунлар таътил ва боғли эди. Ушбу шаҳар Туркиянинг Байрут вилоятининг маркази бўлиб, илм ва маориф жиҳатидан Мисрдан сўнг Шарқда биринчи шаҳар бўлуб, аммо маорифнинг бониси Оврупо ва Амриқо мисйўнерларидурки, тарафона мактаб ва дорулфунунларини тараққийсиға саъй этарлар. Байрут дорулфунунлари Оврупо ва амрикойилар тарафидан идора қилинса ҳам лисон, тадрис араби бўлуб, франсавий ва немис ёйинки англис алоҳида бир фандек ўқулур. Байрут дорулфунунида олами исломнинг Туркистон ва Бухоросидан бошқа ҳар тарафдан талаба бор экан. Ҳатто Шарқнинг Ёпунидан талаба бор экан. Тотор биродарлардин ҳам дастлаб талабалар бордур».(2)

Дунёвий тараққиёт моҳиятини англаб етган Беҳбудий мамлакатда янгиликларни кенг жорий этиш, иқтисодиётнинг яхшиланиши учун нималар қилиш кераклигига доир фикрлари билан матбуотда чиқишлар қилади. У «Туркистон вилоятининг газети», «Тараққий», «Хуршид», «Нажот», «Самарқанд», «Меҳнаткашлар товуши», «Улуғ Туркистон», «Тирик сўз», «Ойина» каби матбуот нашрларида чоп этилган юзлаб мақолаларида янги усул мактаблари, илмсизликнинг олдини олиш, дунёвий фанларнинг фойдаси, ўлка фарзандларини комил инсон қилиб тарбиялаш, улардан етук мутахассислар тайёрлаш масалаларини ёритди. Иқтисодий муаммоларни кўтариб чиқиб, соҳага доир янги қонунлар яратилиши учун ҳаракат қилди.

Беҳбудий ривожланган мамлакатларга ҳавас билан қарайди ва шундай ёзади: «Замонангизда бу қадар лоҳутий асарлар ва муқаддас буъқалар барпо этибсиз. Чин мусулмонлар, ҳақиқий инсонлар сизларсиз. Ва сизларнинг тарзия (қониқиш) ва тавсифингиздан бу кунги биз мусулмонлар ожизмиз. Сизнинг изингиздан кетмоқға жаҳолатимиз монеъ бўлди.

Илоҳо! Бу азиз ва фаол бандаларнинг ҳурматиға бизға басират бер! Эшитар қулоқ, англатар ақл бер! Оҳ, у эзгулар қандай эканлар? Биз на ҳолдамиз? Ер юзинда сулҳ ва
салоҳи (эгулик) умумий ато айла, инсонларға инсоният бер! Зулмларни қаҳр эт, маҳв бўлсин зулм, яшасун адолат ва ҳаққоният».(3)

Келажакни кўра билган алломанинг мамлакат тараққиёти, истиқболи, иқтисодиёти ва қонунлари ҳақида таклифлари, улкан режалари бор эди. Бу мақсад ва режаларини матбуот саҳифаларида босқичма-босқич ёритиб борди.

1913 йилда ўз маблағи ҳисобидан «Самарқанд» газетасини, «Ойина» журналини ташкил қилиб, улар орқали мамлакатнинг маорифи, иқтисоди, ҳуқуқи, фуқаролик ҳуқуқи, оила, ахлоқ масалалари бўйича кескин чиқишлар уюштира бошлайди.

Савдо-сотиқни ривожлантириш, миллий даромадни кўпайтириш зарурлиги ҳақида тушунтиришлар олиб борар экан, турли ҳаётий мисоллар келтиради: «Иморат қилмоқчи бўлсак план лойиҳаси лозимки, инженерга муҳтож бўлурмиз. Аммо биз ҳануз муҳандис илмини билмаймиз. Кантур ва расмий дафтар тутиб, касса тутуб тижорат этмоқ лозим».(4)

Беҳбудий Туркистонда етиштирилаётган маҳсулотлар арзон баҳоларда Европа бозорларига олиб кетилаётганига ачинади. Бизда ҳам халқаро миқёсда савдо-сотиқ қила оладиган мутахассислар етишиб чиқишини истайди: «Туркистон меваси, донаси, тоши, туфроғи эски немурсалари Овропа бозорлариға кетар, муни Овропа даллоллари келиб оз баҳоға олиб кетар. Меҳнатни биз қилармиз, фойдани улар кўрар». Шунинг учун: «Овропа ила савдо қилатурғон киши аввало ўн сана замона илми ўқимоғи лозим».

Беҳбудий Туркистоннинг келажаги, миллат тараққиёти борасида турли йўлларни қидиради, бойларга ҳам мурожаат этиб кўради: «Бошқа миллатларнинг бойлари фақир ва етимлар учун мактаб ва дорулфунунлар соладурлар, фақир ва етимларнинг ўқимоғи учун воқф (истипендия)лар тайин қилур. Бутун Туркистон ўн бой элинда минг сўмдан берса 25 бола учун Тошкентда диний ва замоний бир пансиунли ва наҳори мукаммал мактаб бино бўлуб, ҳар йил ҳукумат мактабинда 50 бола тайёрлайдур» деб ўлка бойларини инсофга, маърифатга ундайди. Агар шундай ишлар амалга оширилса, ўн йиллар ичида яхши-яхши муҳандис, шифокор, ҳуқуқшунос, иқтисодчилар етишиб чиқади деб умид қилади. Сўнг айтадики: «Халойиқни барбод этадурган тўйларни эмас, оҳ, бу сўзларни англайдурган бойлар бизда етишганми?».

Тўй ва маросимлардаги исрофгарчиликларга мутлақо қарши бўлган Беҳбудий шундай ёзади: «Маълумимиздирки, тўй ва маъракаларга сарф қилинадурғон ақчага Кавказ, Қирим, Оренбург ва Қозонға усули таълим ўрганмоқ учун бола юбормоқ керакдур. Ҳукумат мактабларига кирмоқ учун русча билмоқ ва имтиҳон бермоқ лозим ва бу имтиҳонни бермоқ учун ҳар болани икки сана русчага ўқитиб тарбият этмоқ керак. Ва бул сана учун ҳар бирига 400 сўм ақча керакдур. Ақчалик оталар албатта тўй ва маъракага қизғонмаганларидек, болани ўқитмоққа ҳам қизғонмаслари керак. Болалар учун тарбияхона очмоқ лозим. Ва бу тарбияхоналар замонийча ва ҳам миллий ва диний руҳда бўлиши керакдур».(5)

Беҳбудий ёшларда хориж давлатларига бориб ҳуқуқ, иқтисод ва бошқа мутахассисликлар бўйича ўқиш истаги бўлса-ю, аммо бунга маблағи бўлмаса, ота-онасининг қурби етмаса, уларни қўллаб-қувватлаш учун «Маориф жамияти» ёки «Хайрия жамияти» ташкил қилиш керак деган таклифни илгари суради. Токи, бу жамиятлар халқдан маблағ йиғиб, миллатнинг ривожи учун фарзандларни ўқитсин: «Муҳандис, муаллим, замона мактабдори, миллатни ҳомийси, яъни давлат думасиға депутат, миллий саноатхоналаримизни ислоҳи, техник тижоратхона, банкларда бизга ёрдам берувчи, яъни тижорат илмини ўқиган каммерсантларни етиштирмоқ керакдур».

Беҳбудий халққа қарата айтадики,«беҳуда сарфларга кетадиган харажатларни илмга сарфламоқ керакдир. Илм бизнинг омилимиз, идеалимиз, муродимиз, тилагимиз ва муддаомиздир. Ҳозир барча кучни илм олишга қаратмасак, забун бўлурмиз».(6)

Беҳбудий Туркистон халқининг маросимларида ниҳоятда кўп харажатлар бўлаётганини кўриб, муфтий сифатида ҳам жиддий ташвишга тушади. Унинг ташаббуси билан Самарқандда ислоҳ русум мажлиси чақирилиб тўй, таъзия ва бошқа маросимлар учун юридик ҳужжат бўлган тартибнома ишлаб чиқилган. Тартибнома учун рус ҳукуматидан ҳам рухсат олиниб, муҳрланиб, жорий қилинди. Ислоҳ русум мажлисининг мазкур қарори Беҳбудий томонидан матбуотда эълон қилинган.

ИТТИФОҚНОМА
1909 сана 21 март (1327)(7)

Бизлар Самарқанд шаҳрининг тубанда зикрланмиш маътбир одамлари ва элликбошилари қилдик ушбу иттифоқномани, ҳурматли шаҳар пристуфи ва ҳукуматининг рухсати ила шул хусусидаким,

биринчи, Самарқандда матуфо (дафн) бўлгувчиларнинг ёши қирқдан қуйи бўлса, кам
ва юқори бўлса сўфи ертиш берулсун. Ертиш фақат қабр устида берилиб, бошқа жойда
ва сўнгра берилмас. Ҳавоҳ бой ва камбағал ё мансабдор бўлсун, зиёда берилмай ҳаммага баробар берилур. Бу ертиш ҳам ихтиёрий. Русум хусусидан қилинмайдур.

Иккинчи, тўйлар бобинда шундай қарор бердикки, мансабда турган қози, муфти, мударрис, имом, хатиб ва дуогўй эшон, оқсоқолга ҳар сифатда бўлса-бўлсун, тўйларда қанд ва набот бермасга ва ҳам синф касаба ўз оқсоқолидан бошқа ва касаба оқсоқолларига ҳам қанд ва набот бермасун. Мазкур миллий ва руҳоний мансабдорга ҳам қанд ва набот бермоқ жабри эмас, ихтиёрийдур.

Никоҳ ақидага, хазор мажлисига пул бермай, фақат имом ва муаззин ва мухла ходимга берилади. Аммо аларга берилатурғон ҳам уч сўмдан зиёда бўлмасун. Шаҳар тўйларига базим ва кўпкари берилмасун. Маҳалла йигитлари пул жамиҳлаб, жувон сақламасинлар ва ўзларига бобо – йигитлар каттаси кўтармасунлар. Тўйларга тўёна бермоқ матрук бўлсун. Мурдашавга ўлган киши тарафиндан икки танга ила бир кўрпа ва бир ястуқ ва озгина либосдан бошқа немирса берилмасун.

Бу қадар имкон тўй ва азалар кичикроқ қилинсин.

Мастлик, ўғирлик ва қотил ишларни бўлмасликка тадбирлар жорий қилинсун. Қозилар ва политсия ҳузуринда ўғилларига ҳеч ким восита ва кафил бўлмасин.

Ушбу иттифоқномани ҳукуматга топшириб ва ўрнуга келтирмоқ ва тўй, таъзияга
халойиққа насиҳат бериб, яхшилик ила ушбу қарорномани жорий қилмоқ учун ушбу одамларни вакил ва маъмур қилдик:
Муҳаммад Раҳимбой Хўжа Аҳмад ўғли,
Маҳмудхўжа Беҳбудхўжа ўғли,
Ҳожи Мавлонбой Тошмуҳаммад ўғли,
Ҳожи Шамсиддин Ибодулло ўғли,
Абдулғоффорбой ҳожи Абдулло ўғли,
Муҳаммад Раҳим Шокирбой ўғли ва ҳ.
Ушбу иттифоқномани бузганларни дарилқозо ва политсия маҳкамасига жавобга
қолдирилсун деб, усул насиҳага бир неча юз киши муҳр босиб, қўл қўйғондур.

Вакиллардан бири Маҳмудхўжа Беҳбудий».

Мазкур юридик ҳужжатнинг аксар масалалари бугунги кунимизда ҳам ўз аҳамиятини йўқотгани йўқ. Беҳбудий бундан бир аср олдин тўй ва турли маросимларни тартибга солиш масаласини кун тартибига олиб чиқиб, ечимини ҳам ишлаб чиқди. Ҳуқуқий жиҳатдан кафолатлади ва тартибга солди.

Беҳбудий замонавий тараққиётдан бебаҳралигимиз, савдо ишларида нўноқлигимизнинг сабаби жаҳолат ва нодонликда деб билди. «Банк сабаби ила яҳудий, армани ва бошқалар давлатлик бўлур. Биз бўлса билакс давлатимиздан, мулк ва обрўмиздан айрилармиз. Чунончи, қўлдаги бор нарсаларни тўй ва ғарға, беҳуда одатларга сарф этармиз? Кўрпамизга қараб аёқ узатмаймиз?».(8)

Чин маърифатпарвар, иқтисод ва ҳуқуқни чуқур ўрганган Беҳбудий айтадики: «банкларга мусулмон саркорлари керакдур». Бунинг учун ҳар кунни ғанимат билиб, иқтисод ва ҳуқуқий ютуқлар сари боришимиз кераклигини таъкидлайди.

Беҳбудий турли раҳбарлик лавозимларида ҳам фаолият юритган. Жумладан, Самарқанд мусулмон ижроия қўмитасида раис муовини бўлиб ишлаган вақтида ноннинг қиммат сотилаётгани учун нон нархини камайтириш бўйича ислоҳот ўтказди. У 1917 йилнинг 13 июнида мусулмон ижроия қўмитасининг мажлисини чақирди, мажлис ноннинг нархини оширмаслик бўйича махсус қарор қабул қилди.

ҚАРОРНОМА

1. Мусулмон нонвойхоналари пиширган олий нонларнинг бир қадоғи 75 тийиндан зиёда сотилмасун.

2. Уйда пиширилган хонаки ва осиёки нонларнинг бир қадоғи 70 тийиндан ортиқ сотилмасун.

3. Ўлтируб сотайтурғон нонфурушларнинг олдида тарозиси бўлсун.

4. Кўтариб нон сотувчи ва ё ўлтуруб сотувчиларга лозимки, харидор тарозига тортуб
олмоқчи бўлса, бемалол тортиб берсун.

5. Нонвойхона соҳибига лозимки, яхши пишган ва куймаган нонни бозорга юборсин ва шамиҳ ундан бўлмасун, кўб турлик шўр нон бўлмасун.

Мазкур моддаларга амал қилмаганларнинг жазоси мусулмон ижроия қўмитаси ва шўрои ислом тарафидан тайин бўлган муфтишлар ва оқсоқолларга лозимки, юқоридаги қоидаларга амал қилмаганларни тангирнома ёзиб, они ила шаҳар қозиларига топширсунлар. Шариатпаноҳ қозиларга лозимки, бир неча дафъа жиноят қилғонлар уч кундан етти кунгача Самарқанд миршабхонасиға ҳибисға ҳукум қилинсунлар. Яна мазкур киши иккинчи дафъа жиноят қилса 15 кундан бир ойғача ҳибисға ҳукум қилинсунлар. Ноннинг хом ва куйгани, аччиғ ва шўрлиги, қиммат сотгани ва ё тарозига нон олувчи рози бўлмагани учун нонфуруш жазога мустаҳиқ бўлур. Уй нони ва осиёки нонни сотатурғон кишилар ҳар икки ҳолатда ҳам жазога мустаҳиқ бўлурлар.

Шўрои ислом идораси. Садрий Мулломаҳмуд Исохўжа Ширинхўжа ўғли.
Мусулмон ижроия қўмитасининг иккинчи раиси Маҳмудхўжа Беҳбудий».(9)

Маҳмудхўжа Беҳбудий фаолиятининг бош мақсади – илм, иқтисод ва қонун. У тараққиёт ҳам, юксалиш ҳам иқтисодга бориб тақалишини «илмларни ўқимоқ ақча ила бўладур» дея таъкидлаб, айтадики: «Биз хоҳласакки, ўзимизни бошқаларнинг маданий ва иқтисодий ютишидан сақланилса, юқоридаги айтилган ишларни ҳозирлаб, яъни илм замона тайёрламоқ керакдур».

Нормурод АВАЗОВ,
ТДЮУ докторант тадқиқотчиси

1 С.Айний. Махмудхўжа Беҳбудий.«Зарафшон» газетаси, 1923 йил 25 март.

2 М.Беҳбудий. Саёҳат хотиралари. -Тошкент, «Маънавият». – 2006. – 104-б.

3 М.Беҳбудий. Саёҳат хотиралари. -Тошкент, «Маънавият». – 2006. – 116–117-б.

4 М.Беҳбудий. «Самарқанд» газетаси, 1913 йил 12 июль.

5 М.Беҳбудий. Аъмолимиз ёйинки муродимиз// Ойина, 1913. №6-7.

6 М.Беҳбудий. Аъмолимиз ёйинки муродимиз. //Ойина, 1913. №6-7.

8 М.Беҳбудий.Оҳ, банклар бизни барбод этди!// «Ойина», 1914. – №19.

9 М.Беҳбудий. Қарорнома. «Нажот» газетаси, 1917 йил 13 июнь.

 

- Advertisement -

Latest news

Асосий мақсад – одамларга осон бўлсин

Мамлакатимизда «Халқ қонунларнинг том маънода ягона манбаи ва муаллифи ҳисобланади» ҳамда «Барча муҳим қарорлар бевосита халқ билан мулоқот асосида, жамоатчиликнинг фикрини ҳисобга олган ҳолда...
- Advertisement -

Меҳнат стажига эга эмасмисиз? Стажингиз етарли эмасми?

Фрилансерлар, меҳнат мигрантлари ва деҳқон хўжалиги, томорқа ер эгалари  учун фойдали маслаҳатлар Ўзбекистон Республикасининг «Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида»ги қонунига кўра пенсиянинг уч тури мавжуд. Булар: • ёшга...

Ҳуқуқни талаб қилиш учун ҳам билим керак

Ўзбекистон Республикаси Конституциясида фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари тўла кафолатланган бўлиб, 44-моддага кўра ҳар бир шахс ўз ҳуқуқ ва эркинликларини суд орқали ҳимоя қилиш, давлат...

Қаҳрамон феномени ва ватанпарварлик

Қонун устуворлиги ўзидан ўзи қарор топмайди, у ижтимоий адолатли тузум барпо этиш ниятида яшайдиган халқпарвар ва ватанпарвар кишиларнинг саъй-ҳаракатлари маҳсулидир. Қонун устувор бўлиб, унинг...

Related news

Асосий мақсад – одамларга осон бўлсин

Мамлакатимизда «Халқ қонунларнинг том маънода ягона манбаи ва муаллифи ҳисобланади» ҳамда «Барча муҳим қарорлар бевосита халқ билан мулоқот асосида, жамоатчиликнинг фикрини ҳисобга олган ҳолда...

Меҳнат стажига эга эмасмисиз? Стажингиз етарли эмасми?

Фрилансерлар, меҳнат мигрантлари ва деҳқон хўжалиги, томорқа ер эгалари  учун фойдали маслаҳатлар Ўзбекистон Республикасининг «Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида»ги қонунига кўра пенсиянинг уч тури мавжуд. Булар: • ёшга...

Ҳуқуқни талаб қилиш учун ҳам билим керак

Ўзбекистон Республикаси Конституциясида фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари тўла кафолатланган бўлиб, 44-моддага кўра ҳар бир шахс ўз ҳуқуқ ва эркинликларини суд орқали ҳимоя қилиш, давлат...

Қаҳрамон феномени ва ватанпарварлик

Қонун устуворлиги ўзидан ўзи қарор топмайди, у ижтимоий адолатли тузум барпо этиш ниятида яшайдиган халқпарвар ва ватанпарвар кишиларнинг саъй-ҳаракатлари маҳсулидир. Қонун устувор бўлиб, унинг...
- Advertisement -