0,00 UZS

No products in the cart.

12.2 C
London
Yakshanba, Aprel 18, 2021

Асосий мақсад – одамларга осон бўлсин

- Advertisement -
- Advertisement -

Мамлакатимизда «Халқ қонунларнинг том маънода ягона манбаи ва муаллифи ҳисобланади» ҳамда «Барча муҳим қарорлар бевосита халқ билан мулоқот асосида, жамоатчиликнинг фикрини ҳисобга олган ҳолда қабул қилинади» тамойиллари асосида тизимли ва аниқ мақсадга йўналтирилган ишлар босқичма-босқич амалга оширилмоқда.

2020 йилнинг 19 май куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Давлат ҳуқуқий сиёсатини амалга оширишда адлия органлари ва муассасалари фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони қабул қилинди. Ушбу ҳужжат бир вақтнинг ўзида бир неча муҳим йўналишларни такомиллаштиришга қаратилган яхлит ва тизимли ҳужжат сифатида баҳоланди. Унда адлия органлари ва муассасаларини ривожлантириш концепцияси, уни амалга ошириш бўйича дастлабки «йўл харитаси», асосий мақсадга эришиш кўрсаткичлари, жавобгарлик ва санкция белгиловчи нормаларни қайта кўриб чиқиш, маъмурий ислоҳотларнинг самарадорлиги, мазкур масалаларни ҳал этиш учун Адлия вазирлигига юклатилган қўшимча вазифа ва ваколатлар ҳамда бошқа кўплаб масалалар ўз аксини топган.

Қабул қилинган ҳужжат Маъмурий ислоҳотлар концепцияси ва Норма ижодкорлиги фаолиятини такомиллаштириш концепциялари доирасида амалга оширилаётган ислоҳотлар ва айни пайтгача давлат бошқаруви тизимининг самарадорлигини таъминлашга оид қабул қилинган ҳужжатларнинг мантиқий давоми ҳисобланди.

Мазкур ҳужжатда биринчи бор сифат кўрсаткичлари билан бир қаторда, сон кўрсаткичлари мақсадлар қаторидан жой олган. Буни ўзига хос ютуқ ва дадил қадамлардан бири сифатида баҳолаш мумкин.

Мазкур фармон билан 2020 йилда аниқ мақсадлар сифат кўрсаткичлари билан ҳамоҳанг равишда сон кўрсаткичлари орқали кўрсатилди ва қуйидагиларга эришилди:

Адлия вазирлиги томонидан ишлаб чиқилаётган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар орасида тўғридан-тўғри амал қилувчи лойиҳалар улуши 20 фоизга етказилди;

давлат органларининг 10 та функциясини нодавлат секторга ўтказиш бўйича таклиф киритилди;

электрон шаклда кўрсатиладиган давлат хизматлари улуши 12 фоизга кўпайди;

Давлат хизматлари марказлари орқали кўрсатиладиган хизматлар сони 15 тага оширилди;

хусусий нотариал идораларнинг улуши эса 95 фоизга етказилди.

Шунингдек, фармон билан идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини ишлаб чиқиш, келишиш, қабул қилиш, ҳуқуқий экспертиза ва давлат рўйхатидан ўтказиш соҳасида бутунлай янги тартиб жорий этилди. Унга кўра, 2020 йил октябрдан бошлаб санаб ўтилган жараёнлар тўлиқ Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини ишлаб чиқиш ва келишишнинг ягона электрон тизими орқали амалга оширилмоқда.

Ушбу янгиликнинг алоҳида аҳамияти шундаки, лойиҳаларни қоғозда чоп этиш ва келишиб юриш амалиёти бутунлай бекор бўлди. Вазирлик ва бошқа давлат органлари ходимлари томонидан қўлларида ҳужжат лойиҳалари билан «идорама-идора юриш»га ҳам барҳам берилди. Бу янгилик давлат харажатларининг (қоғоз, принтер, электр энергияси ва бошқалар) сезиларли даражада иқтисод қилинишига олиб келди.

Амалиётда қонун ижодкорлиги соҳасида тартиб-таомилларни бузиш ҳолатлари учраб туради. Бунинг олдини олиш борасида Адлия вазирлигига норма ижодкорлиги соҳасидаги фаолиятида қонун ҳужжатлари ва талабларни мунтазам бузаётган айбдор мансабдор шахсларни тегишли жавобгарликка тортиш бўйича Ўзбекистон Республикаси Президенти администрацияси ҳамда Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритиб бориш ваколати берилди. Бундан кўзланган асосий мақсад вазирлик ва идораларни «жазолаш» эмас, балки уларнинг масъулиятини жиддий оширишдир.

Шу билан бирга, Ўзбекистон Республикаси Президенти администрацияси ҳамда Вазирлар Маҳкамасига умумий тусдаги, ҳаракатсиз ва ҳуқуқни қўллаш амалиётига таъсир этмайдиган қонун ҳужжатларини бекор қилиш бўйича таклифларни киритиш вазифаси ҳам Адлия вазирлигига юклатилди.

Шу ўринда Наполеон I Бонапартнинг Франция Конституциясининг муаллифларига қилган қуйидаги мурожаати ёдга тушади: «Имкон қадар қисқа ва ноаниқ ёзинглар». Бундай ҳолатлар эса қонунларнинг турлича талқин қилинишига ёки уларнинг ишламасдан «ўлик» нормага айланиб қолишига олиб келиши мумкин.

Тан олиш керак, амалиётда қабул қилинган қонун ҳужжатлари ҳар доим ҳам тўғридан-тўғри ҳуқуқий муносабатларни тартибга солмайди. Шундай экан бундай ҳужжатларни қонунчилик базасида сақлаб туришдан ҳеч кимга наф тегмайди ва уларни бекор қилиш масаласи Адлия вазирлиги томонидан доимий ўрганилмоқда.

Фармон билан қонун ижодкорлиги учун концептуал ҳисобланадиган қоидалар ўрнатилди.

Булар:

хўжалик бошқаруви органлари ваколатига кирувчи масалалар ва корпоратив муносабатлар қонуности ҳужжатларини қабул қилиш ёки маъмурий усуллар орқали тартибга солишни тақиқлаш;

жисмоний ва юридик шахслар учун жавобгарликни белгиловчи ҳуқуқий нормаларнинг фақатгина қонунлар билан ўрнатилишини белгилаш;

идоравий нормативҳуқуқий ҳужжатларга қўшимча тўлов ва йиғимларни белгиловчи, ортиқча маъмурий ва бошқа чеклашларни назарда тутувчи, уларга асосланмаган харажатлар юзага келишига олиб келувчи, рухсат бериш хусусиятига эга бўлган ҳуқуқий нормаларни киритишга йўл қўймаслик;

техник жиҳатдан тартибга солувчи норматив ҳужжатларга ҳуқуқий нормалар киритишга йўл қўймаслик ва бошқалардир.

Шу ўринда мазкур қоидаларни узоқ муддатга сақлаб қолиш ва уларни қонун даражасигача кўтариш мақсадга мувофиқ. Умуман олганда, уларни «Норматив-ҳуқуқий
ҳужжатлар тўғрисида»ги қонунига киритиш таклиф этилади. Чунки қонунлар энг муҳим ва барқарор ижтимоий муносабатларни тартибга солувчи ҳужжат ҳисобланади. Бошқача айтганда, мазкур нормаларнинг узоқ муддатга амал қилишини таъминлаш муҳим ҳисобланади.

Қабул қилинган ҳужжат чет давлатларнинг илғор тажрибаси ва андозалари билан ҳам «тўйинтирилган» эди. Жумладан, унда «Business Process Reengineering», «Patent Trolling», «Street law» каби ҳуқуқий атамалар ва инновацион йўналишлардан фойдаланилган. Фуқаролар учун долзарб бўлган ва хорижий давлатларда тобора оммалашиб бораётган «Street law» дастури бўйича Адлия вазирлиги томонидан Тошкент давлат юридик университети билан тизимли ишлар амалга оширилмоқда.

Мазкур дастур доирасида энг замонавий ва самарали ҳуқуқий тарғибот усулларидан фойдаланган ҳолда аҳолининг турли ижтимоий қатламлари (айниқса, ҳимояга муҳтож бўлган) орасида ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни юксалтириш бўйича аниқ мақсадга йўналтирилган ишлар олиб борилмоқда.

Умуман олганда, ҳозирча бу жараён юртимизда ўз ҳолича ривожланмоқда. Жумладан, дастлабки ҳуқуқий билим мавжуд бўлмагани ҳолда, никоҳдан ажрашган аёл алимент ундириш бўйича, эр эса боланинг яшаш жойини белгилаш тўғрисидаги ариза билан судга мурожаат қилиш орқали билим ва кўникмаларга эга бўлишмоқда. Ҳар бир инсон ўзи учун зарур ва тегишли бўлган базавий минимал ҳуқуқий билимларга эга бўлиши зарур. Бошқача айтганда, фуқаро савдо дўконида унга яроқлилик муддати ўтиб кетган маҳсулот сотилганда, қаерга мурожаат қилиши, унда қандай ҳуқуқлар вужудга келиши (товарни қайтариб бериш, бошқасига алмаштириш, моддий ва маънавий зарарни ундириш тартиби ва ҳоказо) ва бу ҳуқуқларни қандай амалга ошириши мумкинлиги тўғрисида аниқ маълумотга эга бўлиши даркор. Айнан мана шундай маълумотларни етказиш билан «Street law» дастури шуғулланади.

Аслида бундай тарзда фуқароларнинг ҳуқуқий онги ва маданиятини ошириш ўз мевасини бермоқда. Масалан, буни ҳар бир фуқаронинг сотилган маҳсулот учун чекни талаб қилиши мисолида кўриш мумкин. Фуқаролар ўзларига берилган чек ҳақиқатан ҳам тўланган сумма «хуфиёна» иқтисодиёт секторига эмас, балки давлат томонидан қайд этилиши ва оқибатда солиқлар Давлат бюджетига тушиши, унинг ҳисобидан эса қарияларга пенсия ва нафақалар тўланиши, ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳолига ёрдам кўрсатилиши, ижтимоий аҳамиятга молик бино ва йўллар қурилиши, бошқа инфратузилмалар ривожланишига сарфланишини билишлари ҳуқуқий тарғиботнинг энг муҳим жиҳатларидан бири ҳисобланади.

Таъкидлаш жоизки, фармонда 2024 йилгача адлия органлари ва муассасаларини ривожлантиришнинг аниқ мақсадли кўрсаткичлари белгиланган. Хусусан, 2021 йилда Ўзбекистон Республикаси Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz) орқали норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар матни билан танишиш кўлами 1,5 миллион кишигача оширилади. Давлат органлари, шу жумладан, уларнинг ҳудудий бўлинмалари фаолиятини ўрганишлар сони 7 тагача, шу йўналишдаги таҳлилий маълумотномалар сони 8 тагача етказилади, давлат хизматларидан фойдаланувчилар сонини 15 миллион нафаргача ошириш режалаштирилган.

Умуман олганда, ҳужжат доирасида 2021 йилда жами 46 та йўналиш бўйича аниқ мақсадли ва сон кўрсаткичларига эга бўлган чора-тадбирлар амалга оширилади.

Мухтасар айтганда, фармоннинг квинтэссенцияси қуйидагилардан иборат:

одамлар ҳаётини осонлаштириш, уларнинг кундалик ижтимоий-ҳуқуқий ва маданий эҳтиёжларини инновацион усуллар орқали қондириш;

жамиятда қонун устуворлигини ўрнатиш, демократик ҳуқуқий давлат барпо этишни давом эттириш ва коррупциянинг олдини олиш.

Буюк мутафаккир ва файласуф Абу Али ибн Сино жамият кишиларнинг ўзаро келишуви асосида қабул қилинадиган адолатли қонунлар ёрдамида бошқарилиши лозим деб ҳисоблаган. Жамиятнинг барча аъзолари бу қонунларга итоат этишлари керак, қонунни бузиш, унга бўйсунмаслик ва адолатсизлик ҳолатлари жазоланмоғи лозим. Ўйлаймизки, мазкур ҳужжат айнан мана шу эзгу мақсадларга эришишда салмоқли ҳисса қўшади.

Комрон НИГМАТОВ,
Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги масъул ходими

- Advertisement -

Latest news

Мурожаатлар билан ишлашда моддий ресурслардан оқилона фойдаланиш масалалари

Мамлакатимизда 2016 йилда аҳоли мурожаатлари билан ишлаш бўйича янги тизим яратилди. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг виртуал қабулхонаси, барча туман ва шаҳарларда эса халқ қабулхоналари...
- Advertisement -

Хусусий мулк ҳуқуқи кафолатларини кучайтириш зарурати

Фуқароларнинг мулкий муносабатлари билан боғлиқ масалаларни самарали ҳал этиш механизмларини ишлаб чиқиш, бу борада мансабдорларнинг вазифа ва жавобгарликларини қатьий белгилаш бугунги куннинг устувор вазифаларидан...

Ипотека кредити: имкониятми ёки муаммо?

Сўнгги йилларда мамлакатимизнинг шаҳар ва қишлоқларида қурилиш-ободонлаштириш ишлари ҳар доимгидан-да жадаллашиб кетгандай. Хусусан, арзон уй-жойлар ва кўп квартирали уйлар қуриш кўламини кенгайтириш, соҳага янги...

“Tashkent Law Spring” II Xалқаро юридик форуми ўтказилади

2021 йил 22-23 апрель кунлари Тошкент шаҳрида бўлиб ўтадиган “Tashkent Law Spring” II Xалқаро юридик форуми йирик халқаро тадбир ҳисобланади. Форум Ўзбекистон Республикаси Aдлия вазирлиги...

Related news

Мурожаатлар билан ишлашда моддий ресурслардан оқилона фойдаланиш масалалари

Мамлакатимизда 2016 йилда аҳоли мурожаатлари билан ишлаш бўйича янги тизим яратилди. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг виртуал қабулхонаси, барча туман ва шаҳарларда эса халқ қабулхоналари...

Хусусий мулк ҳуқуқи кафолатларини кучайтириш зарурати

Фуқароларнинг мулкий муносабатлари билан боғлиқ масалаларни самарали ҳал этиш механизмларини ишлаб чиқиш, бу борада мансабдорларнинг вазифа ва жавобгарликларини қатьий белгилаш бугунги куннинг устувор вазифаларидан...

Ипотека кредити: имкониятми ёки муаммо?

Сўнгги йилларда мамлакатимизнинг шаҳар ва қишлоқларида қурилиш-ободонлаштириш ишлари ҳар доимгидан-да жадаллашиб кетгандай. Хусусан, арзон уй-жойлар ва кўп квартирали уйлар қуриш кўламини кенгайтириш, соҳага янги...

“Tashkent Law Spring” II Xалқаро юридик форуми ўтказилади

2021 йил 22-23 апрель кунлари Тошкент шаҳрида бўлиб ўтадиган “Tashkent Law Spring” II Xалқаро юридик форуми йирик халқаро тадбир ҳисобланади. Форум Ўзбекистон Республикаси Aдлия вазирлиги...
- Advertisement -