28 август куни давлатимиз Мустақиллигининг 30 йиллиги шодиёналари арафасида Тошкент шаҳрида “Адлиядан адлиягача” ҳуқуқий марши ташкил этилди. Аҳоли учун фойдали ва зарур тадбирларни мунтазам ўтказаётган Адлия вазирлиги мазкур тадбирнинг ташаббускори бўлди.

Адлия ҳуқуқий марши Юнусобод туман адлия бўлимидан бошланиб Адлия вазирлиги биносида якунланди. Тадбир давомида иштирокчилар “Шайх Шиблий” МФЙ ҳамда “Минор” МФЙда бўлиб маҳалла биносида сайёр қабул ташкил қилинди.

Сайёр қабул давомида адлия, давлат хизматлари марказлари, ФҲДЁ, “Мадад” ННТ ходимлари, нотариуслар ва адвокатлар томонидан аҳолига ҳуқуқий маслаҳатлар берилди. Сайёр хизматлар кўрсатилди.

Иштирокчилар маршни давом эттириб кейинги манзил — 21-сон “Меҳрибонлик уйи”га йўл олишди. Меҳрибонлик уйи тарбияланувчилари учун байрам туҳфасини тақдим этишди. Тарбияланувчилар билан суҳбат ўтказилиб, уларга яратилган имкониятлар тўғрисида маълумотлар берилди. Учрашув давомида тарбияланувчилар ўртасида ҳуқуқий викторина ўтказилиб, ғолиблар эсдалик совғалар билан тақдирланди.

Фуқароларга амалий ёрдам кўрсатишга қаратилган адлия ҳуқуқий марши “Олой бозори” ҳудудида ўз ишини давом эттириб, аҳолининг барча қатламларига ҳуқуқий маслаҳатлар берилди ва сайёр хизматлар кўрсатилди.

Тадбирда ҳуқуқни фаол тарғиб қилиш, қонунчилик ҳужжатларининг мазмун-моҳиятини аҳолига тушунарли ва қизиқарли тарзда етказишга асосий эътибор қаратилди.

Адлия вазирлиги томонидан минимал талаблар асосида ишлаб чиқилган ҳамда аҳоли билиши лозим бўлган уй-жой, оила, солиқ, банк, тадбиркорлик, ер, меҳнат ва таълим қонунчилигига оид, ижтимоий таъминот ва ижтимоий суғурта билан боғлиқ муносабатлар, истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва бошқа соҳаларга оид тарғибот материаллари бепул тарқатилди.

Фуқароларни ҳуқуқий билимларга қизиқтириш ҳамда уларнинг ҳуқуқий саводхонлигини оширишга рағбатлантириш учун танлов-тестлар, викториналар, ҳуқуқий тарғиботга доир бошқа акциялар ташкил этилди.

Ҳуқуқий марш давомида ўтказилган барча тадбирлар карантин қоидаларига қатъий риоя қилган ҳолда ташкил этилди.