Адлия вазирлиги «kun.uz», «daryo.uz», «газета.uz» «human.uz» ва «bugun.uz» каби катта аудиторияга эга бўлган электрон ахборот нашрлар билан ҳамкорлик меморандумларини имзолади.

Тадбирда иштирок этган Адлия вазири ўринбосари Музраф Икромов бугунги мураккаб глобаллашув шароитида ахборотнинг тўғрилиги, хаққонийлиги ва ишончлилиги ҳар қачонгидан муҳим аҳамият касб этишини алоҳида қайд этиб, жамиятни ҳуқуқий ахборотга бўлган эҳтиёжини қондириш борасидаги ишларни самарали ташкил этишда энг катта ёрдамчи, кўмакдош оммавий ахборот воситалари эканини таъкидлади. Шу маънода йирик ахборот сайтлари билан бошланган ҳамкорлик келгусида янада мустаҳкамланишига ишонч билдирган ҳолда Адлия вазирлиги барча оммавий ахборот воситалари билан доимо ҳамкорликка тайёрлигини билдирди.

Йирик ахборот сайтларининг вакиллари ҳам Адлия вазирлигининг ҳамкорлик борасидаги ташаббуси қўллаб-қувватлаб, ушбу ҳамкорлик тарқатилаётган ҳуқуқий ахборотлар сифатига ижобий таъсир этишини, энг муҳими, аҳолининг ҳуқуқий саводхонлигининг ошиб боришига хизмат қилишини эътироф этишди.

Иштирокчилар томонидан ушбу ҳамкорлик аҳолини ҳуқуқий ахборот билан таъминлаш қамровини кенгайтириш, оммавий ахборот воситаларини тезкор ҳуқуқий ахборот билан таъминлашда кенг имкониятлар очишига ишонч билдирилди.