Адлия вазирлиги Жамоатчилик билан алоқалар бўлимининг хабар беришича, Қўчқоров Баҳром Тўлқинович Президент қарорига мувофиқ адлия вазирининг ўринбосари этиб тайинланган.
Маълумот берилишича, Б.Қўчқоров бундан олдин Ўзбекистон Республикаси экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси раиси лавозимида ишлаган.
1972 йилда Наманган шаҳрида туғилган, маълумоти олий, 1994 йилда Тошкент давлат юридик институтини, 1998 йилда Вашингтон ҳуқуқ коллежини (АҚШ), 1999 йилда Тошкент давлат иқтисодиёт университетини тамомлаган, мутахассислиги ҳуқуқшунос, иқтисодчи.
Шунингдек, Қашқадарё вилоят адлия бошқармаси бошлиғи лавозимида ишлаб келаётган Икромов Музраф Муборакхўжаевич ҳам Президент қарорига мувофиқ, адлия вазирининг ўринбосари этиб тайинланган.
М. Икромов 1973 йилда Тошкент шаҳрида туғилган, маълумоти олий, 1995 йилда Тошкент давлат юридик институтини, 2007 йилда Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат ва жамият қурилиши академиясини тамомлаган, мутахассислиги ҳуқуқшунос.
У ўз меҳнат фаолиятини 1995 йилда Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги иқтисодий ислоҳот бўйича қонунчилик ва меъёрий ҳужжатлар лойиҳаларини тайёрлаш ва ҳуқуқий экспертиза қилиш бошқармаси катта маслаҳатчиси лавозимидан бошлаган.