Жорий йилнинг 16 февраль куни Ўзбекистон Республикаси адлия вазири Русланбек Давлетов ҳамда Миср Араб Республикасининг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва Мухтор элчиси Амира Фаҳмий ўртасида учрашув бўлиб ўтди.
Учрашув давомида адлия вазири Р. Давлетов Миср элчисини вазирлик тизими, вазифалари ва фаолиятининг асосий йўналишлари билан, шунингдек ҳуқуқий соҳада сўнгги йилларда амалга оширилаётган ислоҳотлар ва келгусидаги режалар билан таништирди.
Миср элчиси Фаҳмий хоним Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотларни юқори баҳолаб, икки давлат томонидан илгари сурилган устувор йўналишларнинг ўхшашлигини алоҳида таъкидлади. Икки давлат адлия вазирликлари ўртасида имзоланган меморандум доирасида икки томонлама манфаатли соҳаларда ҳамкорликда ишлаш бўйича вазирликка кўмакдош бўлишга тайёрлигини билдирди.
Адлия вазири Р. Давлетов Миср элчисини Фаҳмий хонимни янги тайинлов билан табриклаб, келгуси фаолиятига муваффақиятлар тилади.
Учрашув сўнгида томонлар ўзаро ҳамкорликни ривожлантириш бўйича келишиб олдилар.