Жорий йилнинг 22 июль куни Ўзбекистон Республикаси адлия вазири Р. Давлетов видеоконференцалоқа шаклида Буюк Британиянинг Ўзбекистондаги элчиси Т.Торлоу билан истиқболдаги икки томонлама ҳамкорликнинг устувор жиҳатларини муҳокама қилди, деб хабар бермоқда вазирлик ахборот хизмати.
Русланбек Давлетов Адлия вазирлиги ва Буюк Британиянинг Ўзбекистондаги элчихонаси ўртасидаги ўзаро муносабатлар суръати, ҳамкорликдаги ишлар бўйича эришилган натижалар хусусида тўхталиб ўтди.
Элчихонанинг «Мадад» ННТ фаолиятини қўллаб-қувватлаш орқали Ўзбекистонда бепул юридик ёрдамни ривожлантиришга қўшаётган салмоқли ҳиссаси қайд этилди. Элчи вазирликнинг соҳани ривожлантириш борасидаги саъй-ҳаракатларига юксак баҳо бериб, «Мадад» ННТ фаолиятини янада қўллаб-қувватлашга тайёр эканини билдирди.