0,00 UZS

No products in the cart.

3.3 C
London
Juma, Fevral 26, 2021

Абдусамат Полвонзода: «Пахта иши» қандай вужудга келган эди?

- Advertisement -
- Advertisement -

(давоми)
…1990 йил апрель ойининг ўрталари эди.
Йўлдош Акбаров ва Владимир Одилов Олий Совет мажлисидан жиғибийрон бўлиб меҳмонхонага келишди.
– Сўзга чиқиш учун биринчилардан бўлиб рўйхатга ёзилган эдик. Лекин Лукьянов яна бизга сўз бермади. Кеча Манеж майдонида Гдлян ва Ивановларнинг Ўзбекистондан олиб кетган пуллари ҳисобига ташкил этилган ва уларни ҳимоя қилиш учун ўтказилган митингда СССР халқ депутатлари ҳам қатнашган экан. Кўпроқ ўшаларга сўз берилди ва улар Гдлян ва Ивановларни ҳимоя қилишди. Биз агар минбарга чиқсак, Гдлян ва Ивановларнинг пўстагини қоқишимизни жуда яхши билгани учун атай сўз бермади, – дейишди хуноб бўлиб. Сўнг:
– Абдусамат ака, қандай қилсак Гдлян ва Ивановлар ишида бурилиш ясаш мумкин, бизга шу масалада юридик маслаҳат беринг, – дея каминага мурожаат қилишди.

Мен ўйлаб кўришга ваъда бердим. Алламаҳалгача шу ҳақда бош қотирдим ва хаёлимга тўсатдан СССР Олий Советига Ўзбекистон ССРдан сайланган депутатларнинг қатъий талаби қўйилган мурожаатномасини тайёрлаш ва у СССР Олий Совети мажлисида ўқиб эшиттирилиши лозим деган фикр келди. Мурожаатнома матнини қоғозга туширдим. Сўнг гарчи тун ярмидан оққан бўлса-да Йўлдош акани уйғотиб, тайёрланган матнни ўқиб бердим.

Матн Йўлдош акага маъқул бўлди.

Эртасига эрталаб бошқа депутатларимиз ҳам мурожаатнома матнини маъқуллашди ва унга ўз имзоларини қўйишди. Мурожаатномани СССР Олий Совети мажлисида ўқиб эшиттириш Йўлдош Акбаров зиммасига юкланди.

Мана ўша мурожаатноманинг ўзбек тилидаги матни:


СССР Олий Советига Ўзбекистон ССРдан сайланган депутатларнинг
мурожаатномаси

Гдлянни ҳимоя қилиб кеча Манеж майдонида ўтказилган митингнинг кучли таъсирига берилган СССР Олий Советининг кўпчилик аъзолари сўзга чиқишиб, тергов гуруҳи томонидан қонунийликнинг қўпол равишда бузилишига йўл қўйилгани тўғрисидаги мавжуд далилларни чуқур ва мазмунан таҳлил қилишдан сессияни чалғитишди.

Биз, Ўзбекистон ССРдан сайланган депутатлар, бу ишлар тагида хунук сиёсий ўйинлар
ётганини кўриб турибмиз, шундан келиб чиқиб қуйидагиларни таклиф қиламиз:

Агар Олий Совет депутатлари прокуратура тақдим қилган далилларни етарли эмас деб ҳисоблаётган бўлсалар, у ҳолда «СССР халқ депутатлари мақоми тўғрисида»ги қонундан келиб чиқиб, СССР прокуратурасига уч кунлик муддат ичида ўзларидаги барча мавжуд материалларни тақдим қилиш топширилсин. Прокуратуранинг тақдимномаси овозга қўйилсин. Тергов билан бевосита шуғулланган ходимларнинг, ҳеч бўлмаганда тергов гуруҳи раҳбарларининг ҳисоботи тинглансин. Акс ҳолда муҳокама бозорга айланиб кетмоқда.

Баъзи бир депутатлар кўзи кўр одам ҳам кўрадиган нарсани кўрмасликка олмоқда. Бу эса ишга юзаки ёндашиш бўлиб, ёмон оқибатларга олиб келиши мумкин, чунки кўпчилик депутатлар масала моҳиятига чуқур кириб боришга ҳаракат қилаётганига бизда ишонч йўқ.

Агар бизнинг илтимосимиз қаноатлантирилмайдиган бўлса, биз тегишли чоралар кўриш ҳуқуқини ўзимизда қолдирамиз.

СССР Олий Совети депутатлари:

1. Акбаров Й.Т.                                                     6. Мирқосимов М.М.
2. Одилов В.Т.                                                       7. Давронов Н.
3. Юсупов Э.Ю.                                                     8. Қирғизбоева Т.Б.
4. Ёқубов О.                                                          9. Жўраева Т.
5. Мухтаров А.                                                      10. Сафершаев Ф.


Йўлдош Акбаров сессия мажлисида сўз берилмаган бўлса-да ушбу мурожаатномани жойидан туриб баланд овозда ўқий бошлаганда залга кутилмаган жимлик чўкади. Бу жимлик мурожаатнома ўқиб бўлинганидан сўнг ҳам бир неча дақиқа давом этади. Сўнг мурожаатнома бўйича сўзга чиқадиганлар кўпайиб кетганини кўрган раислик қилувчи танаффус эълон қилади. Танаффусдан сўнг Озарбайжон, Қозоғистон, Қирғизистон, Арманистон ва яна бир қанча республикаларнинг вакиллари сўзга чиқиб мурожаатномада қўйилган масалани қўллаб-қувватлашади.

Шундан сўнггина СССР Олий Совети Гдлян ва Ивановни лавозимларидан бўшатишга рухсат берди, аммо уларни жиноий жавобгарликка тортиш ва қамоққа олиш ҳақидаги талабларимизни рад этди.

Бу ҳам катта ғалаба эди.

Гдлян ва Ивановларга қарши кураш давом эттирилди. Охир-оқибат Гдлян ва Иванов устидан жиноят иши қўзғатилди. Уларнинг юртимизда қилган ноқонуний ишларини текшириш ва содир этган жиноятларини фош этиш учун СССР прокуратурасининг бошқарма бошлиғи, генерал Виктор Иванович Илюхин бошчилигида тергов гуруҳи Ўзбекистонга келиб тергов ишларини бошлаб юборди.

Маълумки, Гдлян ва Иванов тергов гуруҳининг фаолияти асосан республикамизнинг юксак лавозимларида ишлаб, ҳалол ва фидокорона меҳнат қилиб, халқнинг чуқур обрў-эътиборига сазовор бўлган инсонларни, хусусан, Министрлар Совети, Марказқўм котиблари, обком ва райкомнинг биринчи котибларини ҳибсга олишга қаратилган бўлиб, уларга нисбатан терговнинг ноқонуний усулларини қўллаган эди.

Виктор Илюхиннинг тергов гуруҳи гдлянчилар томонидан ҳибсга олинган инсонларга нисбатан қандай усулда тергов олиб борилгани ҳақида рад қилиб бўлмайдиган жуда кўп факт ва далиллар тўплади. Биз шуларнинг айримларига тўхталамиз.


Бектош РАҲИМОВ, Ўзбекистон Министрлар Совети раисининг ўринбосари бўлиб ишлаган:

«…Кечқурун яна сўроққа чақиришди. Қўйилган масала шу бўлдики, улар талаб қилган пул суммасини топширишим билан мени қўйиб юборишар экан. Шундай шарт қўйишдики, агар улар айтган суммани топширсам, пулнинг қандайдир қисмини ўзимга олиб қолишимга рухсат беришаркан.

Терговчилардан бири ўзбек эди, у мени шу шартга кўндиришга роса уринди. Сўнг улар яна сўкишга ва қўрқитишга ўтишди. Гдлян «мен буйруқ берсам КГБ офицери бўлган ўғлингни ишдан олишади ва КГБдан ҳайдаб юборишади» деб айтди. Улар қилмаган ишимни қилганман деб иқрорлик кўргазмаси беришимни талаб қилишарди. Сўроқ пайтида пулим йўқлигини ва шунинг учун ҳеч нарса бера олмаслигимни айтганим учун улар қаттиқ норози бўлишди…»

(1989 йил 11 майдаги сўроқ баённомасидан кўчирма).


Оқил САЛИМОВ, Ўзбекистон Республикаси Олий Совети Президиуми раиси бўлиб ишлаган:

…Иванов биринчи кундаёқ мендан республикада кимдан қанча пора олганим ва «юқори»да ишлаганлардан кимга қанча пора берганлигим ҳақида иқрорлик кўргазмаларини беришимни талаб қилди. Менинг ҳеч кимдан пора олмаганман ва ҳеч кимга пора бермаганман деб айтганларимни терговчилар мутлақо эътиборга олишмади…

…Иванов менга «биз партия манфаатларидан, ХIХ партконференция қарорларидан келиб чиққан ҳолда ҳаракат қилаяпмиз, шунинг учун талаб қилинаётган кўргазмаларни бериб, бизни қўллаб-қувватлашинг керак» деди. Акс ҳолда қариндошларингни қамаб хонадонингни остин-устун қилиб ташлаймиз, Усмонов бизнинг йўриғимизга юрмаган эди, отувга ҳукм қилинди деб таҳдид қилди…

(1989 йил 11 майдаги сўроқ баённомасидан кўчирма).


Ережеб АЙТМУРАТОВ, Ўзбекистон Компартияси Марказқўмининг котиби бўлиб ишлаган:

«…1987 йил 20 августда Тошкентда қамоққа олиндим. Мени бир неча кун Ўзбекистон КГБсининг тергов изоляторида сақлашди, сўнг Москвага олиб келишди. Шу пайтдан бошлаб Гдлян ва Иванов сўроқ қила бошлади. Менга чин юракдан иқрор бўлишнинг аҳамиятини тушунтиришиб, қўйилган айбларга иқрор бўлишим кераклигини анчагача маслаҳат беришди. Агар ким иқрорлик кўргазмасини бермаса отувга ҳукм қилинади, агар улар айтганига юрсам мени ҳатто қамоқдан озод қилишларини ҳам айтишди. Башарти иқрорлик кўргазмасини бермасанг хотинингни, ўғлингни, қизингни, укангни қамоққа оламиз дея қўрқитди. У ҳатто ҳомиладор аёлни ҳам ҳибсга олганмиз, сен ҳам шундай бўлишини истайсанми деб сўради. Мен мутлақо айби йўқ одамларнинг қамоққа олинишини истамасдим…

…Эртасига Гдлян ва Иванов яна чақиришди. Гдлян «50 кишидан пора олганман» деб ёзиб беришимни, поранинг миқдори эса 450.000 сўмдан кам бўлмасин деб айтди…»

(1989 йил 4 майдаги сўроқ баённомасидан кўчирма).


Қаллибек КАМОЛОВ, Қорақалпоғистон партия қўмитасининг биринчи котиби бўлиб ишлаган:

…Менинг ишимни тергов қилаётган терговчилар, биринчи навбатда Гдлян ва Ивановни ишнинг ҳақиқий ҳолати қизиқтирмас эди. Улар ўзларига керакли бўлган кўргазмалар беришимни талаб қилишарди. «15-20 миллион пулни пора тариқасида олганман» деб ёзиб беришимни, бундан ташқари, КПСС МК аппаратининг ходимлари Могильниченко, Смирнов, Истомин, Ишков ва бошқаларга пора берганман деб туҳмат қилишимни талаб қилишарди. Мен «уларга ҳеч қачон пора бермаганман, шу сабабли пора берганман» деб ёзиб бера олмайман» дедим. Шундан сўнг Гдлян ва Иванов агар ёзиб бермасанг ёнингга хотин-бола-чақаларингни ҳам ўтқазиб қўямиз дея қўрқитишга ўтди. Агар биз айтган кўргазмаларни берсанг жазони камайтирамиз, агар кўнмасанг, 12–15 йилга Магаданга ёки Колимага жўнатамиз, у ерда сен ҳозирги аҳволинг билан узоққа бормайсан. Ёки бўлмаса отувга ҳукм қилинасан, хотининг ва болаларингни қамаймиз деб дўқ қилишди…

…Мени Гдлян ва Иванов биргаликда ҳам, ҳар бири алоҳида ҳам сўроқ қилди. Улар «агар юқори турувчи ходимларга, шу жумладан КПСС МК ходимларига қарши кўргазмалар берсанг судда унча кўп
муддат олмайсан» дейишди…»

(1989 йил 16 майдаги сўроқ баённомасидан кўчирма).


И. Усмонхўжаев, Ҳ. Умаров, Н. Туропов, И. Жабборов, Р. Абдуллаева ва яна бир қатор айбланувчилар Гдлян ва Иванов ҳамда уларнинг тергов гуруҳи ўзларига қандай тазйиқлар ўтказгани ҳақида кўрсатувлар берган.

Гдлян ва Иванов устидан қўзғатилган жиноят иши бўйича тўпланган ҳужжатлар ўттиз томдан иборат бўлди. Бу ҳужжатлар билан танишган СССР Бош прокурори Н.Трубин Гдлян ва Ивановнинг айби факт ва далиллар билан тўлиқ исботланди деб СССР Президенти Горбачёвга хат ҳам ёзган эди. Лекин орадан бир ой ўтгандан сўнг, яъни 1991 йил 30 августда айни шу Бош прокурорнинг ўзи сиёсий ўйинларга берилиб, Гдлян ва Ивановлар устидан қўзғатилган жиноят ишини уларнинг ҳаракатида жиноят таркиби йўқ деб тугатиш тўғрисида қарор чиқарди.

Гдлян ва Ивановнинг жавобгарликка тортилмай қолганлиги учига чиққан адолатсизлик бўлди, қонунийлик ва ҳақиқат оёқости қилинди. Шунинг учун ҳам Н. Трубиннинг қонунга зид қарори бекор қилиниши лозим.

Бу пайтларда «пахта иши» ва бошқа ишлар бўйича судланганларнинг 4000 га яқини Россиянинг турли вилоятларида жазо муддатларини ўтаётган эди. Уларнинг барчаси «пахта иши»ни қайта кўриш бўйича тузилган комиссия саъй-ҳаракатлари билан ватанига қайтарилди. И. Усмонхўжаев, Н. Худойбердиев, Қ. Камолов, Е. Айтмуратов, Т. Умаров, М. Мусахонов ва бошқалар эса Россиянинг Нижний Тагил шаҳридаги колонияда эди. Улар ҳам Тошкентга келтирилиб, махсус тиббий қисм (ИТК-18)га ётқизилди, тиббий хулосаларга асосан кекса-касалмандликлари туфайли 1991 йил бошида қамоқдан озод этилди.

Бу ўринда яна шуни таъкидлаб ўтиш керакки, улар Тошкентга келтирилиб, уйларига жўнатилганидан норози бўлган СССР Бош прокурорининг ўринбосари Дзенитас Ўзбекистон Олий судига хат билан мурожаат этиб, Нижний Тагилдан келтирилганларнинг ҳужжатларини юборишимизни қатъий талаб қилган бўлса-да ҳужжатлар жўнатилмади.

Мен Виктор Иванович Илюхин билан кўп маротаба кўришиб, суҳбатлашганман. У Гдлян ва Иванов терговни ноқонуний ва ўзбошимчалик билан олиб борганидан ташқари аҳолидан тортиб олинган пуллардан жуда катта миқдорини ўзлаштириб юборганликлари ҳақида далиллар топилганини, бундан ташқари товламачилик билан баъзи айбланувчилардан катта миқдорда пора олганликлари ҳақида кўрсатувлар мавжудлигини ҳам айтган эди. Айнан В. Илюхин тергови натижасида Оқил Салимов икки йил, генерал Отамурод Муҳаммадиев икки йилу уч ой, Бектош Раҳимов, Ҳамдам Умаров, Назир Ражабовлар тўққиз ой қамоқда ўтирганидан сўнг ва яна бошқа кўплаб ҳамюртларимиз қамоқдан чиқарилган, жиноят ишлари эса бекор қилинган.

Илюхин СССР Бош прокурори Н. Трубин уни ишдан бўшатганидан сўнг Гдлян-Иванов тергов гуруҳи хунрезликлари, жаллодликлари ҳақида китоб ёзади ва қўлёзмани олиб Тошкентга келди. У менга китобининг қўлёзмасини кўрсатди ва уни нашр этишда ёрдам беришимни илтимос қилди. Виктор Иванович билан Вазирлар Маҳкамаси раисининг биринчи ўринбосари Исмоил Жўрабеков ҳузурига бордик. Исмоил Ҳакимович уни самимий, дўстона қабул қилди ва ўша пайтда Матбуот давлат қўмитаси раиси бўлган Рустам Шоғуломовга қўнғироқ қилиб, китобни ўзбек тилига таржима қилиш ва чоп этиш ҳақида кўрсатма берди.

Кўп ўтмай Илюхиннинг «Қабоҳат ёхуд…» номли китоби катта тиражда чоп этилди…

Энди Гдлян ва бошқаларни жиноий жавобгарликка тортиш масаласига келсак, Гдлян ва Ивановларни ўша пайтлардаёқ Ўзбекистон ССР Жиноят кодексининг 1191-моддаси (давлат ёки жамоат мулкини жуда кўп миқдорда талон-торож қилиш), 128-модда (рэкет), 152-модда (пора олиш), 149-модда 2-қисми (ҳокимият ёки мансабини суиистеъмол қилиш), 150-модданинг 2-қисми (ҳокимият ёки хизмат ваколатидан ташқарига чиқиш), 156-модданинг 2-қисми (айбсиз кишини била туриб жиноий жавобгарликка тортиш), 158-модданинг 1- ва 2-қисмлари (била туриб қонунсиз қамаш ёки ушлаб туриш), 159-модданинг 2-қисми (кўрсатув беришга мажбур қилиш), 160-модданинг 2-қисми (била туриб ёлғон хабар бериш), 87-модданинг 2-қисми (ўзини ўзи ўлдириш даражасига етказиш), 93-модданинг 2-қисми (уриш ва қийнаш), 112-модданинг «в» банди (туҳмат) билан жиноий жавобгарликка тортиш лозим эди. Лекин СССР Бош прокурори Н. Трубиннинг жиноят ишини виждонсизларча тугатгани туфайли улар жазодан қутулиб қолишди.

Бироқ шу ўтган ўттиз йил ичида Гдлян ва Ивановлар оммавий ахборот воситалари орқали, хусусан, айрим телеканалларда ҳамда ижтимоий тармоқларда сурбетларча мунтазам равишда Ўзбекистон фуқароларига нисбатан туҳмат қилиш, яъни билатуриб шахсни шарманда қиладиган уйдирмалар тарқатиш жиноятини содир этиб келишмоқда. Улар ҳатто СССР Олий суди, Ўзбекистон Республикаси Олий суди, Россия судлари, Тожикистон Республикаси Олий суди, Туркманистон Олий суди ва бошқа судларда оқланган ҳамюртларимиз ҳақида юзсизларча туҳмат қилиб келмоқда. Биз эса «андишали» бўлганимиз боис уларнинг туҳматларига эътироз билдирмаяпмиз, улар содир этган жиноятларни тўла ва кенг кўламда очиб ташламаяпмиз. Ҳолбуки, мунтазам равишда такрорланиб келинаётган бундай туҳмат ва ҳақоратлар учун Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 139-моддасида жиноий жазо назарда тутилган. Жиноят кодексимизнинг 64-моддасида яна бир муҳим қоида мавжуд, яъни агар оғир ва ўта оғир жиноят содир этган шахс жиноий жавобгарликка тортиш муддати ўтмасдан қасддан янги жиноят содир этса, муддатнинг ўтиши узилади. Демак, республикамизнинг ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралари Россия Федарациясининг прокуратурасида сақланаётган Гдлян ва Ивановларга тегишли 30 томлик жиноят ишини олишлари, мазкур иш бўйича тергов ҳаракатларини мантиқий якунига етказиши
ва уларни жиноий жавобгарликка тортишлари мумкин. Чунки улар бу жиноятларни Ўзбекистон ҳудудида ва Ўзбекистон фуқароларига нисбатан содир этган. Бунда ҳеч қандай қонун бузилишига йўл қўйилмайди. Бизнинг терговчиларимиз ишни холис ҳал этиш учун етарли малакага эга. Ҳар бир асоссиз қамалган ва қийноқларга тортилган ватандошимизни имкони борича аниқлаб, улар билан Гдлян-Ивановларни юзлаштириш лозим. Шунда тарихий ҳақиқат қарор топади.

Бу ҳаракатлар дадиллик билан амалга оширилмас экан, катта карвоннинг ортидан итлар вовуллаши тугамайдиганга ўхшайди.

Маълумки, «пахта иши» терговини «десантчи»лар, хусусан, Бутурлин, Гайданов, Дидоренко раҳбарлигида бир неча минг терговчи олиб борган. Уларнинг тергов тегирмонига тушган 20 000 га яқин қишлоқ хўжалиги ходимидан 4500 дан зиёди айбдор деб топилиб, турли муддатларга озодликдан маҳрум этилган эди.

Аслини олганда, «пахта иши» бўйича судланганларнинг барчаси қўшиб ёзишга мажбуран иштирокчи бўлиб қолишган. Ушбу масалага кенгроқ қарайдиган бўлсак, пахтачиликдаги қўшиб ёзиш ва бошқа суиистеъмолликлар собиқ марказ томонидан йиллик пахта режаси ҳаддан ташқари юқори белгиланиши оқибатида вужудга келганини яққол кўриш мумкин. Марказ республиканинг табиий шароити, имкониятларини ҳисобга олмай ҳар йили оширилган пахта режасини белгилар, сўнг амалда имконсиз бўлган ушбу режани сўзсиз бажаришни талаб қилар эди. Маҳаллий раҳбарлар эса бу талабга бўйсунишга мажбур эди.

Лекин масаланинг айнан шу жиҳатларига Бутурлин ҳам, Гайданов ҳам мутлақо эътибор бермаган. Чунки уларнинг мақсади Ўзбекистонни, ўзбек халқини ёмонотлиқ қилиш орқали ўзларини ишнинг кўзини биладиган, жиноятларни ҳеч нарсадан қўрқмай дадил фош қила оладиган етук мутахассис қилиб кўрсатиш, юксак лавозимлару мукофотлар олиш бўлган.

1989 йил сентябрь ойида Ўзбекистон Олий суди раҳбарияти Ўзбекистон компартияси Марказий Комитетининг биринчи секретари Ислом Каримов номига вужудга келган вазият ҳақида ва тергов жараёнида йўл қўйилган қўпол қонунбузарликлар, инсон ҳуқуқлари топталгани ҳамда «пахта иши» бўйича етказилган зарар миқдори бўрттириб кўрсатилгани ҳақида маълумотнома тақдим этди. Ушбу маълумотномага асосан И. Каримов топшириғи билан ҳукумат комиссияси тузилди. Аввал 1989 йил 12 сентябрда етказилган зарар миқдорини аниқлаш бўйича ҳукумат комиссияси, сўнгра 1990 йилда «пахта иши»ни тўлиғича ўрганиш учун комиссиянинг янги таркиби тасдиқланди. Унга раис этиб ўша пайтда ҳукумат раисининг биринчи ўринбосари бўлиб ишлаётган И. Жўрабеков, раис ўринбосари этиб эса камина тайинландик.

Комиссия 50 кишидан, асосан ҳуқуқшунослардан иборат бўлиб, улар орасида Олий суд судьяларидан Абдуқодир Сарабеков, Аҳрор Қодиров, Собир Исмоилов, Султонбой Бердиқиличев, Азамат Дўстбобоев, Олий суднинг масъул ходими Мухтор Мирзаолимов, вилоят ва туман судьяларидан Шавкат Ҳақназаров, Эркин Хўжақулов, Йўлдош Очилов, Ғофир Собиров, Нуриддин Тўхлиев ва прокуратура ходимлари бор эди. «Пахта иши»га оид 40 000 жилдга яқин барча жиноят ишлари вилоят судларидан Олий судга чақириб олинди ва ҳар бир варағигача синчиклаб ўрганилди. Шу ўринда комиссия аъзолари 1989–1991-йилларда ҳар куни 12 соатгача фидокорлик билан ишлагани, ватанпарварлик, судьялик қасамёдига содиқлигини кўрсатиб, адолатни тиклашга жуда катта ҳисса қўшганини самимий миннатдорлик ила таъкидлайман.

1989 йил октябрь ойида 500–600 га яқин, асосан Қашқадарё вилоятидан келган кишилар Ўзбекистон Марказқўми биноси олдида тўпланиб, фақат И. Каримов билан учрашишларини қатъий талаб қилишади. Чунки Ислом Каримов айнан Қашқадарё вилояти раҳбарлигидан республикага раҳбар бўлган эди. Тўпланганлар ўзлари ва судланган қариндошлари тазйиқлар остида қўшиб ёзишга мажбур бўлганини, моддий бойликларни ўзлаштирмаган бўлсалар-да суд ҳукмига биноан 4-5 йил қамоқда ўтирганлари камлик қилгандай, ойлик маошидан 50 фоизи ушлаб қолинаётгани, бунинг оқибатида 8–10 тадан бола-чақаси бор оддий қишлоқ одами тергов жараёнида бор мол-мулкидан ажрагани, номлари қора бўлгани етмагандай суд томонидан тайинланган моддий зарарни тўлашга мажбур бўлиб қолишгани тўғрисида гапиришарди.

Республика «пахта иши» комиссияси вакили сифатида Марказқўмга келиб йиғилганларнинг тўрттаси билан қабулхонада суҳбатлашдим ва муаммо моҳиятига тушунганимдан кейин йиғилганларга қарата «Республика Олий судига боринглар, шу ерда бир тўхтамга келамиз» деб айтдим.

Олий суд биносига келганларнинг барчаси катта мажлислар залига сиғмади. Чамаси 300 кишидан иборат оломон бири қўйиб, иккинчиси гапирар эди. Биз Олий суд раиси М. Маликов билан уларни тинчлантиришга уриндик. Воҳанинг полвонсифат эркаклари кўзёш қилиши юрак-бағримизни эзиб юборди. Улар қўшиб ёзишга катта тазйиқ остида мажбур бўлгани, аммо бир тийин ҳам ўзлаштирмагани, шунга қарамай суд ижрочилари маошларидан 50 фоизини ушлаб қолаётганидан куюниб «Адолат борми?» дея мурожаат этдилар.

Олий суд раисига Жиноят-процессуал кодексининг 350-моддасига асосан ҳукмларнинг зарарни ундириш қисми ижросини тўхтатишни таклиф қилдим. Раис шу ернинг ўзида барча вилоят судларига телеграмма жўнаттирди ва шу мазмундаги телеграмманинг нусхалари йиғилганларнинг қўлларига ҳам берилди…

Вилоят судларидан келтирилган пахта ишларига тааллуқли дастлабки ишларни кўриш чоғидаёқ илгари ҳеч ким эътибор бермаган бир қатор ҳуқуқий муаммолар аниқланди.

Биринчидан, «десантчи»лар «пахта иши» бўйича республикага етказилган зарар миқдорини бир неча юз баравар бўрттириб кўрсатгани маълум бўлди. Иккинчи масала эса анча муҳимроқ ва ҳуқуқий жиҳатдан жуда ҳам мураккаб эди. «Пахта иши» бўйича судланганларнинг асосий қисми тергов материаллари бўйича ҳам, тергов хулосаси бўйича ҳам, суднинг ҳукми бўйича ҳам бир тийин ўзлаштирмагани, улар пахта плани бажарилгани ҳақидаги нотўғри ҳужжатларга, юқорида кўрганимиздек, тазйиқ остида имзо чекканликлари аниқланди.

Юқорида айтилганидек, камина 1990 йилнинг биринчи ярмида Республика раҳбарияти томонидан СССР Олий Советида Гдлян-Иванов тергов гуруҳининг жиноятлари муҳокамасида қатнашаётган Ўзбекистон депутатларига ҳуқуқий ёрдам бериш учун Москвага юборилгандим. Шу ерда СССР Олий суди раиси Е.Смоленцевга «пахта иши» бўйича хулосалар ҳақида хат ёзиб, унда ушбу ишларни кўриш бўйича тавсиялар беришни сўрадим. Хатни Москвадаги элчихонамизнинг котибаси ёзув машинкасида териб бергандан сўнг СССР халқ депутати Владимир Одилов билан бирга бевосита Е. Смоленцев ҳузурига кириб, хатни СССР Олий суди раисининг шахсан ўзига бердик. У хатни ўқиб чиқаркан, беписандлик билан «бу фикрлар нотўғри» деди.

Мана ўша хат.


                                                                                       «СССР Олий судининг раиси
                                                                                       ўртоқ Е.Смоленцевга

Маълумки, 1983–1989-йилларда «пахта иши» деб номланган ишлар бўйича Ўзбекистонда 5 мингга яқин киши жиноий жавобгарликка тортилиб, судланди.

Партия, совет ва ҳуқуқни ҳимоя қилиш органларига асоссиз судланганлик, қонунсиз тергов усуллари олиб борилганлиги, тайинланган жазоларнинг оғирлиги, жиноятга ҳеч қандай дахлдор бўлмаган айбланувчиларнинг қариндошлари ва танишларининг пуллари тергов органлари томонидан олиб кетилгани ва бошқа масалалар ҳақида минглаб шикоятлар тушмоқда.

Пахта тайёрлаш системасидаги суиистеъмолликлар натижасида етказилган моддий зарар ва расмий эълон қилинган талон-торож миқдорининг тўғрилиги жиддий шубҳалар туғдирмоқда.

Республика жамоатчилиги ва СССР халқ депутатларининг бир гуруҳи талабларига кўра Ўзбекистон Компартияси Марказқўми суд ва Ўзбекистон ССР прокуратура органлари ходимларидан иборат бўлган республика Министрлар Совети комиссиясини ташкил қилди.

Ҳақиқий бўлган ҳолатни аниқлаш учун «пахта иши»га оид ҳамма ҳужжатлар чақириб олиниб, ўрганиб чиқилмоқда.

Ҳозирги вақтнинг ўзидаёқ пахтачиликдаги эълон қилинган зарар ва талон-торожлар миқдори тахминларга асосланилгани, сунъий равишда бир неча маротаба ошириб кўрсатилгани аниқланди.

Фикримизча, бир қатор ишлар бўйича колхозлар, совхозлар кассаларидан олиниб, пахта заводлари ходимларига берилган, улар эса ўз навбатида ўзларида ҳосил бўлган пахта камомадини яшириш мақсадида район маиший комбинатларига, тўқимачилик корхоналари ва бошқаларга берган анчагина пуллар асоссиз равишда талон-торож суммасига киритилган.

Пировардида кўп ҳолларда кўрсатилган пуллар давлат банкига гўё сотилган товарлар пули сифатида топширилган. Бу пуллар, шубҳасиз, қўшиб ёзишлар ва товарсиз операциялар қилинганини кўрсатса-да, лекин талон-торожлар суммасига асоссиз киритилган, чунки қонуннинг аниқ маъноси ҳисобга олинган тақдирда, талон-торож қилиш айбланувчи томонидан давлат ва жамоат мулкини қонунсиз равишда, пул тўламасдан текин олишни назарда тутади. Кўрсатилган ҳолатларда пуллар давлат банкига қайта топширилган ва аслида давлат ҳисобидан олинмаган.

Қашқадарё вилоят судининг 1985 йил 18 ноябрдаги ҳукми бўйича Нишон пахта заводи ходимлари Худойбердиев П. ва бошқалар совхоз ходимларидан пахта қўшиб ёзганликлари учун ҳаммаси бўлиб 3 миллион 768 минг сўм пора олганликда айбли деб топилган. Уларнинг бу ҳаракатлари ҳам талон-торож қилган ва қўшиб ёзган деб квалификация қилинган. Ҳақиқатда эса пахта заводи ходимлари шу 3 миллион 768 минг сўмдан район маиший хизмат комбинатларига 3 миллион 339 минг сўмни камомадларини ёпиш учун берганлар. Кейинчалик бу пулларнинг асосий қисми давлат банкига кирим пули сифатида топширилган. Бошқа кўп ишлар бўйича ҳам шу каби қўпол хатоларга йўл қўйилган. Пахтачиликда суиистеъмолликлар маҳсулотлар ишлаб чиқаришдан ҳақиқий иқтисодий манфаатдорлиги бўлмаган республиканинг реал имкониятлари ҳисобга олинмаган ҳолда шафқатсизларча марказлаштирилган планлаштириш оқибатида юз берган. Бунинг натижасида хўжаликнинг буйруқ усуллари, «План бу – қонун» ва шу каби бошқа шиорлар кенг кўламда қўлланган. Кўпчилик партия, совет раҳбарлари ҳақиқатда имкони бўлмаган, айниқса, ноқулай об-ҳаво шароитида бажариш мумкин бўлмаган, юқоридан юборилган кундалик пахта териш графигини қаттиқ туриб талаб қилишга мажбур бўлганлар. Бунда ҳар қандай тушунтиришлар партиявий ва бошқа чоралар билан рад қилинган, ҳар куни кечаси ўтказиладиган партия комитетлари бюросида тазйиқлар ўтказилган.

Масалан, Қашқадарё обкомининг собиқ иккинчи котиби Головачёв хўжалик раҳбарларини қўрқитиб, ўз ҳукмини ўтказиб, уларни пахта «сотиб олишга» мажбур қилган. Қўшиб ёзишга қарши чиққан «Коммунизм» колхозининг раиси Эшматов Головачёв томонидан район партия бюросига чақирилиб, унга қаттиқ ҳайфсан эълон қилинган. Натижада Эшматов колхоз кассасидан пулларни олиб пахта заводи ходимларига берган, унга эса 1283 тонна пахта топширилгани ҳақида товарсиз чипта ёзиб беришган. Эшматов ва колхознинг бошқа ходимлари шу пулларни ўзлаштирмаганлар ва бу операциядан ҳеч қандай манфаатдорлик кўрмаган. Эшматовга жуда кўп миқдорда талон-торож қилган ва қўшиб ёзган деган айб қўйилиб, 7 йилга озодликдан маҳрум қилинган.

Кўпчилик хўжалик раҳбарларининг ҳеч қандай манфаатдорлиги бўлмаганини пахта тайёрлаш плани бажарилганидан кейин ҳам улар пахтани қўшиб ёзишга мажбурланган ҳоллар ҳам тасдиқлайди. Аҳвол жисмоний зўрлик ишлатиш даражасига бориб етган. Шаҳрисабз районидаги Энгельс номли колхоз раиси Сувонов Б. қуйидагича кўрсата ди: «Бизнинг колхозимиз 1983 йил ноябрь ойининг бошларида пахта тайёрлаш планини бажарди. Ўша вақтда райкомда вакил обкомнинг иккинчи котиби Головачёв эди. У менга пахтани қўшиб ёзишни таклиф қилди. Мен унга колхоз йиллик планини бажарганини, далада эса пахта қолмаганини айтдим. Шундан кейин мен 8-9 кун давомида Головачёвнинг кўзига кўринмасликка ҳаракат қилдим. У барибир мени топиб олди, уятли сўзлар билан ҳақоратлади ва қўли билан икки марта уриб, томоғимдан бўғди. Мен пахта қўшиб ёзишга мажбур бўлдим, пахта заводи классификаторига 180 минг сўм бердим. Ўзимиз бир тийин ҳам ўзлаштирмадик».

Сувоновнинг кўрсатувлари бошқа иш материаллари билан ҳам тасдиқланади. Характерли жойи шундаки, Сувоновнинг иш бўйича кўрсатилган суммадан қайси қисмини пахта заводи ходимлари ўзлаштиргани ва қайси қисми давлат банкига қайтарилгани аниқланмаган. Шунга қарамай жуда кўп миқдорда талон-торож қилгани ва қўшиб ёзганлиги учун 10 йилга озодликдан маҳрум этилган. Головачёвга келганда, у амнистия бўйича жавобгарликдан озод қилинган.

Тергов ва суд жараёнида зарарни қоплаш учун айбдорларнинг қариндошлари ва танишларидан қонунсиз пуллар йиғиб олинган. Умумий ҳисоблаганда фуқаролардан бир неча миллион сўм қонунсиз олинган. Ҳозирги вақтда кўпчилиги кўп болали бўлган судланганларнинг иш ҳақидан 50 фоизи зарарни қоплаш учун ушлаб қолинмоқда.

Фикримизча, давлат вакиллари тазйиқи остида сохта чипталар олиш учун пул берган хўжаликлар ходимларининг ҳаракатлари талон-торож қилиш ва пора бериш жинояти таркибларини ташкил этмайди, чунки бунда ғараз элементлари йўқ бўлиб, бу ҳаракатлар товарсиз операциялар ва қўшиб ёзишлар ҳақидаги кўрсатувларни бажаришга қаратилган.

Кўпчилик ишлар бўйича охирги зарурат ҳақидаги қонун-қоидалар қўлланиши учун асослар бор деб ҳисоблайман. Албатта, бунда фақат гап жиноятда иштирок этишидан ўзи учун ҳеч қандай шахсий манфаат кўрмаган шахсларнинг ҳаракатлари тўғрисида бормоқда. Қонунда охирги зарурат ҳолатини характерловчи, айниқса, бу тоифадаги ишларнинг ўзига хос бўлган аломатлари йўқ. «Пахта иши» келиб чиқишининг ўзи кўп жиҳатдан иқтисодиётнинг ҳаддан ташқари марказлашган бошқарув системасининг жуда оғир оқибатлари билан боғлиқдир.

Шунинг учун бу энг муҳим масала бўйича конкрет маҳаллий шароитларни ҳисобга олган ҳолда социалистик ҳуқуқий онгга мувофиқ тўғри қарор қабул қилиниши мумкин. «Пахта иши» бўйича доимий равишда хавф остида бўлган ва бешафқат оёқости қилиниб, топталиб келинган инсон ҳуқуқларининг ижтимоий қимматини ғараз мақсадлари бўлмаган ҳолда давлат вакилларининг ўзлари мажбурлашлари бўйича кишилар томонидан давлатга етказилган мажбурий зарарни таққослаганда, албатта фуқароларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига сўзсиз афзаллик берилмоғи лозим. Бундай муносабат ҳуқуқий давлат, инсон ҳуқуқлари, ижтимоий адолат тамойилларига мувофиқ бўлади.

Қонунга асосланган бундай қарорнинг қабул қилиниши аҳолисининг асосий қисми пахта етиштириш билан машғул бўлган Ўзбекистонда маънавий-сиёсий вазиятни анчагина яхшилашга ёрдам беради…

Ўзбекистон ССР Министрлар Совети
комиссияси раиси ўринбосари                                                       А.А. Полвонзода


Ушбу хатда кўрсатилган мисолларни яна ва яна келтириш мумкин.

Қашқадарё вилояти Талимаржон туманидаги 2-давлат хўжалиги ходимларига нисбатан қўзғатилган жиноят иши яққол мисол бўлиши мумкин. Бу иш бўйича собиқ бўлинма бошлиқлари, бухгалтерлар, жами 24 киши судланган. Гувоҳлар – давлат хўжалиги бўлинма бошлиқлари кўргазма беришича, Талимаржон туман ижроия қўмитасининг раиси пахта ва бошқа қишлоқ хўжалик маҳсулотлари топшириш режасига қўшиб ёзишга кўрсатма бериб келган. Бу буйруқ бажарилмаганлиги учун унинг кўрсатмасига асосан хўжалик бош бухгалтери Б. Хидиров, кассирлар Баҳриддинова ва Эргашевлар
бир суткага қамалганлар.

Бўлинма бошлиғи Ю. Жалилов қалбаки ҳужжатларни имзолашдан бош тортиб, давлат хўжалиги раҳбарларининг рухсатисиз қўшни хўжаликка ишга ўтган. Бироқ 1982 йил 25 декабрь куни унинг уйига директор ўринбосари, партия қўмитаси котиби ва комендант келиб, ультиматум қўйишган – ё қалбаки ҳужжатларни имзолайсан, ёки ҳозироқ квартирани бўшатасан. Жалилов қишда, бошқа квартираси бўлмаганлиги ва қаҳратон совуқда оиласи ва ёш болалари билан ҳеч қаерга кўчиб кета олмаслиги сабабли қалбаки ҳужжатларни имзолашга мажбур бўлган.

Шу сингари ҳолатлар республикамизнинг барча вилоятларида юз берган.

Бу ўринда шуни айтиб ўтиш керакки, қўшиб ёзишлар фақат Ўзбекистонда эмас, барча совет республикаларида бўлган. Марказ Ўзбекистонга «десант» ташлаганда ўзини гўёки илгари бу иттифоқ миқёсида тарқалган ҳолатдан бехабар бўлгандай қилиб кўрсатишга ҳаракат қилди. СССР прокуратураси ҳайъат мажлисининг бирида Гдляннинг бевосита раҳбари Каракозов пахтачиликдаги қўшиб ёзиш Ўзбекистонга нисбатан бошқа республикаларда анча кўпроқ бўлган деб эътироф ҳам этган. Демак, аслида айнан собиқ марказнинг буйруғига асосан социалистик давлатнинг «катта ютуқлари»ни намойиш этиш учун қўшиб ёзишлар вужудга келган эди. Давлатнинг ўзи одамларни қўшиб ёзишга мажбурлаб, сўнг шу давлатнинг ўзи уларни қатағон қилди.
Дунё тарихида халққа нисбатан бундай ўтакетган ғирромлик жуда кам учрайди.

Шу сабабли ҳам СССР Олий суди раиси Е. Смоленцевнинг мурожаатимизга беписандлик билан қарагани бизга оғир ботди.

Шундан сўнг бутун масъулиятни зиммамизга олиб «пахта иши»ни қайта кўриб чиқишга қарор қилдик. Бунинг учун Ўзбекистон Олий суди пленуми «пахта иши»ни қайта кўриб чиқиш бўйича қарор қабул қилиб, судьяларга тушунтиришлар бериши лозим эди. Е. Смоленцевга ёзилган хатда «пахта иши»ни қайта кўриб чиқиш концепцияси баён этилган эди. Шу туфайли пленум қарорига ушбу концепция асос қилиб олинди.

Маълумки, Ўзбекистон Жиноят кодексининг 14-моддаси «Охирги зарурат» деб номланган. Унда «Жиноят қонунида назарда тутилган ҳаракатлар охирги зарурат ҳолида қилинса, яъни давлат манфаатларига, жамият манфаатларига, шу шахснинг ёки бошқа фуқароларнинг шахсига ёки ҳуқуқларига қўрқинчли бўлган хавфни қайтариш учун қилинган бўлса ва шу хавфни ўша ҳолда бошқа чоралар билан қайтариш мумкин бўлмаган бўлса ҳамда келтирилган зарар олди олинган зарарга қараганда камроқ бўлса жиноят ҳисобланмайди» деб кўрсатилган. Шундан келиб чиқиб Олий суд пленуми қарорининг лойиҳасини тайёрладик ва кўриб чиқиш учун тегишли идораларга жўнатдик.

Республика прокуратураси пленум қарори лойиҳасига салбий хулоса берди. Шунга қарамай ушбу қарор лойиҳаси навбатдаги пленумнинг кун тартибига киритилди.

Кўп тортишувлардан сўнг Олий суд раиси М. Маликов раислигида Ўзбекистон Олий суди пленуми 1990 йил 20 июлда «Республика судлари томонидан пахта ва бошқа қишлоқ хўжалик маҳсулотлари тайёрлаш ва қайта ишлаш билан боғлиқ бўлган талон-торож қилиш, қўшиб ёзиш ва бошқа суиистеъмолликлар ҳақидаги ишларни кўриш амалиётида вужудга келган баъзи масалалар тўғрисида» деб номланган қарорни қабул
қилди.


Пленумнинг қарорини қисқартирилган ҳолда эътиборингизга ҳавола этаман:

«Пленум пахта ва бошқа қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини тайёрлаш ҳамда қайта ишлаш билан боғлиқ бўлган талон-торож қилиш, қўшиб ёзиш ва бошқа суиистеъмолликлар ҳақидаги ишларни кўриш практикасида юзага келган масалаларни муҳокама қилиб, судлар томонидан бир қанча ишларни кўришда қонунсизлик ва фуқаролар ҳуқуқлари жиддий равишда бузилганлигини қайд қилади.

Талон-торож қилиш ёки пора олиш жиноятларини содир этишга ҳеч қандай қасдлари ва тамагирлик ниятлари бўлмаган фуқароларни шундай жиноятларни қилганликлари учун судлаш фактлари бўлган. Кўп ҳолларда қўшиб ёзиш ва бошқа суиистеъмолликларда айбли бўлганларнинг ҳаракатлари талон-торож қилганликда квалификация этилган.

Конкрет ишларни кўриш вақтида кўпинча колхозлар, совхозларнинг кассаларидан олиниб тайёрлов ва қайта ишлаш корхоналарига берилган, кейинчалик давлат банкига
тушган пуллар асоссиз равишда талон-торожлар суммасига киритилган. Тергов органлари томонидан айбланувчиларнинг жиноятларига ҳеч қандай алоқаси бўлмаган қариндошларига ва танишларига тегишли бўлган пулларни олиб кетиш фактлари ҳам бўлган.

Тергов олиб бориш ва ишларни судда кўриш вақтида жиноятларни содир этиш ҳолатларини тўла ва объектив текшириш, айбланувчининг қораловчи ҳолатларини ҳам, оқловчи ҳолатларини ҳам аниқлаш зарурлиги ҳақидаги қонун талаблари бузилган. ЎзССР ЖПКнинг 22-моддасига хилоф равишда дастлабки терговнинг ва суд томонидан кўриладиган ишнинг тўлалигига ва объектив олиб борилишига салбий таъсир кўрсатишига қарамай ишлар асосиз равишда ажратилиб келинган. Бу эса жиддий суд хатоларига олиб келган.

Кўпгина ишлар бўйича содир қилинган жиноятга тўғри ижтимоий баҳо берилмаган: республиканинг ҳақиқий имкониятлари ҳисобга олинмай қаттиқ марказлашган планлаштириш билан боғлиқ бўлган қишлоқ хўжалигидаги қўшиб ёзиш ва бошқа суиистеъмолликларни келтириб чиқаришга ёрдам берувчи ҳақиқий сабаблар ва шароитлар чуқур аниқланмаган.

Судлар ҳукм чиқариш вақтида, қонунда назарда тутилган асослар бўлмагани ҳолда, фуқаролик суд юргизиш тартибида кўрилишига оид бўлган моддий зарарни қоплаш масалаларини ҳал қилганлар.

Юқорида кўрсатилган қонунбузилишларнинг кўп қисми кассация ва назорат инстанциялари томонидан ишлар кўрилганида эътиборсиз қолиб келган.

Ўзбекистон ССР Олий судининг пленуми

ҚАРОР ҚИЛАДИ:

2. Талон-торож қилиш фақатгина тўғри қасд билан ва айбланувчи томонидан давлат ва жамоат мулкини қонунсиз, пул тўламасдан текинга олиб ўз фойдасига қаратиш билан содир қилиниши судларга тушунтирилсин. Қонунга мувофиқ талон-торож қилиш жинояти содир қилинаётганидан бехабар бўлган шахслар бу жиноятнинг иштирокчилари деб ҳисобланмайдилар. Колхоз ва совхоз кассаларидан товарсиз операциялар содир этиш учун олинган, пировардида давлат банкларига келиб тушган пулларни талон-торож қилинган деб ҳисоблаб бўлмайди.

3. Судлар ҳар бир конкрет ҳолатда давлат ва жамоат ташкилотлари раҳбарларининг тазйиқи остида жиноятда мажбуран иштирок этганлик фактларига албатта ҳуқуқий баҳо беришлари лозим. Шу билан бир қаторда, мазкур раҳбарларнинг қонунга хилоф талабларини бажармаган тақдирда шахснинг қандай ҳуқуқ ва қонуний манфаатлари хавф остида қолганини аниқлаш керак.

Агарда шахс унинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига, шунингдек унинг яқин кишиларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига хавф туғдирувчи шароитга туширилган бўлиб, уни бошқа бирор воситалар билан бартараф этиш имкони йўқлиги аниқланса ва у олдини олган зарар содир этган хатти-ҳаракатларидан муҳимроқ бўлса, гарчи кўрсатилган ҳаракатлар расмий жиҳатдан жиноий жазо тайинлаш мумкин бўлган ҳаракатларни ўз ичига олса ҳам, бундай ҳаракатлар охирги зарурат ҳолатида содир этилган деб ҳисобланмоғи лозим, чунки жамиятни демократлаштириш, ҳуқуқий давлат шароитларида инсоннинг конституцион ҳуқуқлари ва озодлигининг ижтимоий қиммати биринчи даражали аҳамият касб этади.

4. Юридик шахслар, қонунда махсус кўрсатилган ҳолатлардан ташқари ҳолларда, жиноят ишларида даъвогар ва жавобгар сифатида иштирок эта олмасликлари судларга
тушунтирилсин».


Ушбу қарор амалий жиҳатдан ҳам, илмий-назарий жиҳатдан ҳам тарихий аҳамиятга эга бўлди. Комиссиянинг, Олий суд ходимларининг иши жадаллашди. 1990 йил декабрь ойигача «пахта иши» бўйича беш юзга яқин судланганлар ишлари кўриб чиқилди ва улар қўшиб ёзиш жиноятини раҳбарларнинг тазйиқ ўтказгани оқибатида содир этгани учун оқланди.

Аммо орадан кўп вақт ўтмай комиссия ишига тўсиқлар қўйила бошланди. Бир неча ой муқаддам пахта ишлари бўйича комиссия хулосалари битилган хатга беписандлик билан қараган СССР Олий суди раиси Смоленцев 1990 йил октябрь ойида Ўзбекистон Олий суди пленумига тақдимнома киритиб, 1990 йил 20 июлда қабул қилинган пленум қарорининг юқорида келтирилган учинчи бандини бекор қилишни қатъиятлик билан талаб қилди. Хусусан, тақдимномада охирги зарурат ҳолати ҳақидаги қоидаларни Ўзбекистон Олий суди талқин қилишга ҳақли эмас, бундай ваколат фақат СССР Олий суди ваколатига киради деб кўрсатилган эди.

Бу пайтга келиб Олий суд раиси М. Маликов 1990 йил охирида Ўзбекистон Адлия вазири этиб тайинлангани учун мен Олий суд раиси вазифасини бажарувчи бўлиб қолган эдим.

Шу боис олдимда нима қилиш керак деган савол бутун залвори билан кўндаланг бўлди.

Чунки СССР Олий судининг тақдимномаси биз учун бажарилиши шарт бўлган бир буйруқ эди. Биз бу буйруқни бажарадиган бўлсак «пахта иши»ни қайта кўриб чиқиш ишига нуқта қўйилади ва оқланишини умид билан кутиб турган минглаб жабрдийдаларнинг тақдири ўлда-жўлда қолади.

Ўзбекистон ССР конституциясида республикамиз суверен республика деб айтилган. Шундай экан, Ўзбекистон Жиноят кодексининг охирги зарурат ҳолати ҳақидаги қоидаларига тушунтириш беришга Ўзбекистон Олий суди ҳақли деган хулосага келдим ва бутун масъулиятни бўйнимга олиб, тақдимномани пленум муҳокамасига қўйишга қарор қилгандим.

Пленум арафасида олдимга жуда ҳурмат қиладиган устозим, жиноят ҳуқуқи фани бўйича таниқли профессор, Олий суд ҳузуридаги илмий-маслаҳат кенгашининг аъзоси Борис Аронович Блиндер келди, устозга Олий суд пленуми муҳокамасига қўйилган масала ҳақида гапириб берган эдим, юзига ташвиш соя солди.

– Абдусамат, –деди у аста. Хатога йўл қўймаётганингга ишончинг комилми? Ахир бусиз ҳам душманларинг бир талай-ку.

– Комиссиянинг позицияси ҳуқуқий нуқтаи назардан мутлақо бенуқсон, – дея жавоб берарканман, устознинг 1970 йилда, Тошкент давлат университети ҳуқуқшунослик факультетининг 3-курс талабаси бўлган пайтимизда ўқиган лекцияси ёдимга тушди.

– Эсингиздами, сиз жиноят ҳуқуқи бўйича бизга дарс бергансиз ва шунда профессор Матвей Давидович Луцкийнинг «Ҳақиқий ҳуқуқшунос ҳуқуқнинг туб маъносини, адолатни ҳис қила билиши, ўз принципларидан қайтмасдан собитқадам туриши лозим» деган фикрини алоҳида таъкидлаб айтган эдингиз.

Бу гапдан сўнг Борис Ароновичнинг юзларида чуқур ҳаяжон акс этди.

– Буни қара-я, орадан йигирма йил ўтиб кетган бўлишига қарамай берган сабоқларимни унутмабсан, – деди устоз мамнуният билан.

Шу тариқа суҳбатимиз бир соатдан кўп давом этди. Блиндер охир-оқибат пленум қарори қонунга зид эмаслигига ишонч ҳосил қилди.

1990 йил 28 декабрь куни ўтказилган Ўзбекистон Олий суди пленумида муҳокама этиладиган масала бўйича маъруза қилдим. Музокара эса жуда катта тортишувлар билан ўтди. Ҳатто Олий суднинг айрим судьялари ҳам тақдимномани ёқлаб гапиришди. Шунда профессорлар Борис Аронович Блиндер ва Ғофур ака Абдумажидов сўзга чиқиб, «пахта иши» комиссиясининг фаолиятини маъқуллади. СССР Олий суди раисининг тақдимномаси ноқонуний эканини асослаб берганларидан сўнг пленум иштирокчиларининг фикри ўзгарди ва тақдимномани рад қилиш тўғрисида қарор қабул қилди. Унда Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодексига шарҳ бериш Ўзбекистон Олий судининг мутлақ ваколати доирасига киради деб таъкидланди.

Бу орада СССР Олий суди раиси Е. Смоленцев бир неча бор қўнғироқ қилиб, ўзбошимчалик қилишда давом этаверсанг республика раҳбари И. Каримовга айтаман, ўзинг эса жавобгарликка тортиласан деб дағдаға ҳам қилди. Мен эса СССР Олий суди йўл қўйган қўпол хатоларга, бунинг оқибатида бир неча минг одам асоссиз судланганига эътиборини қаратдим.

Тақдимнома рад этилганидан кейин 1991 йил 17 майда СССР Олий суди пленуми Ўзбекистон Олий суди пленумининг 1990 йил 20 июлда қабул қилган қарори учинчи бандини бекор қилиш тўғрисида қарор қабул қилиб, ижро қилиш учун республика Олий судига юборди.

СССР Олий судининг ушбу пленумига Ўзбекистон Олий суди раҳбарлари таклиф этилмаганди.

Мен яна қайтадан Республика Олий суди пленумини чақириб, СССР Олий суди пленумининг 1991 йил 17 майдаги қарорини ўқиб эшиттирдим ва муҳокамадан сўнг СССР Олий суди пленуми қарори Ўзбекистон қонунларига зид бўлганлиги учун Ўзбекистон Республикасида қўлланилмайди деган қарор қабул қилинди.

СССР Олий суди раҳбарияти ва Ўзбекистон ССР Олий суди раҳбарияти ўртасида 1920-йиллардан буён бундай зиддият бирон марта ҳам бўлмаган эди.

Ўша кунларнинг бирида Марказқўмга чақирилдим. Маъмурий ва ташкилий бўлим раҳбарлари менга пахта ишларини кўриб чиқишни тўхтатиш тўғрисида 1-котибдан топшириқ бўлганини маълум қилди.

Бу ёмон гап эди.

СССР Олий суди раиси Е. Смоленцевнинг республика раҳбари Ислом Каримовга айтаман, жавобгарликка тортиласан қабилидаги дағдағаларини эслаб, у Ислом Абдуғаниевичга қўнғироқ қилган бўлса керак деб ўйладим.

Шундан сўнг Марказқўмдан Вазирлар Маҳкамаси раисининг биринчи ўринбосари, комиссия раиси Исмоил Жўрабеков олдига бориб, унга Марказқўмда бўлиб ўтган суҳбат тафсилотларини батафсил гапириб бердим. Исмоил Ҳакимович «пахта иши»ни қайта кўриб чиқиш самарали бораётганидан мамнун бўлиб юрар, комиссия ишида бирон бир муаммо туғилса уни ҳал этиш чораларини тезкорлик билан кўрар эди. У киши юз берган воқеани эшитгач, асабийлашиб ўрнидан туриб кетди ва хона бўйлаб тез-тез юра бошлади. Бир неча дақиқадан сўнг:

– Сиз қилинган ишлар бўйича маълумотнома тайёрлаб, менга беринг, бу масала бўйича ўзим Ислом Абдуғаниевичга айтаман, – деди.

Бу орада ўзимизнинг баъзи мансабдорлар, ҳуқуқшунос олимларимизнинг СССР Олий суди таъсирида комиссиянинг фаолиятига қарши ҳар хил гаплар тарқатгани ва республика раҳбарини чалғитиши оқибатида комиссия иши бир неча ой тўхтаб қолди. Ҳатто уни тугатиш-тарқатиш масаласи ҳам кўтарила бошланди.

Комиссия фаолияти атрофида давом этаётган ҳар хил ноўрин, майда гапларга чек қўйиш учун СССР Олий суди ва Ўзбекистон Олий судининг қарорлари юзасидан ўз фикрларини билдиришларини сўраб Москвадаги энг етакчи ҳуқуқшунос олимларга хат билан мурожаат қилдим.

Хатларга СССР Олий суди пленуми ва Ўзбекистон Олий суди пленуми қарорлари ҳамда оқланганларнинг ҳужжатлари илова қилиниб, Москвага, академик В.Кудрявцев, профессорлар С.Бородин, Ю.Касаткин, И.Гальперин, Н.Радутная ва бошқаларга жўнатилди.

Орадан кўп вақт ўтмай улардан Ўзбекистон Олий суди пленуми қарори маъқулланган жавоб хатлари келди.

Ўша хатларнинг айримларини эътиборингизга ҳавола этамиз.


                                                                                 Ўзбекистон Олий суди раиси
                                                                                   вазифасини бажарувчи
                                                                                   ўртоқ Полвонзода А.А.га

СССР прокуратураси раҳбарий кадрлар тайёрлаш институти директорига 1991 йил 23 майда юборган хатингизда қўйилган саволларга ўзимнинг қуйидаги мулоҳазаларимни билдирмоқчиман:

1. Пахта маҳсулотларини тайёрлаш ва қайта ишлаш билан боғлиқ бўлган қўшиб ёзиш ва бошқа суиистеъмолликлар ҳақидаги ишлар бўйича охирги зарурат ҳолатида содир қилинган қонун бузилишларни ижтимоий хавфли ҳаракат деб танимаслик проблемасига доир масала юзасидан Республикаси Олий судининг кенгайтирилган тарзда берган тушунтиришларини тўғри деб ҳисоблайман.

Бу хил изоҳларнинг умумиттифоқ қонунларига ҳеч қандай зидлик томони йўқ.

2. Ўзбекистон ССР Олий суди пленумининг 1990 йил 20 июлдаги қарори 3-бандида баён этилган ҳолатлар ўз мазмуни билан пахта ҳосилини тайёрлаш ва қайта ишлашда иштирок этиб, қонун бузилишига йўл қўйган мансабдор шахсларга нисбатан охирги зарурат қонуни нормаларини қўллашни янада ойдинлаштиради ва Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 14-моддасига суд йўли билан изоҳ беради.

Ўзбекистон Республикаси Олий суди томонидан Жиноят кодекси нормаларига бу хил аниқлик киритилиши мутлақо тўғридир.

Ўзбекистон Республикаси Олий судини бундай ҳуқуқдан маҳрум этиш эса республиканинг суверенлигини жиддий чеклаш ва шу республика Олий судининг ҳуқуқини камситиш бўлади…

4. ЎзССР Олий суди пленумининг юқоридаги қарори 3-бандида охирги зарурат қонуни нормаларига берилган шарҳ, бизнинг фикримизча, жиноят ҳуқуқини инсонпарварлаштириш йўлида қўйилган янги қадам ва ҳуқуқ фанининг бу соҳадаги илмий ютуғидир…

Ю.П. Касаткин,
юридик фанлар доктори, профессор.
1991 йил 28 май


                                                                          Ўзбекистон Олий суди раиси
                                                                          вазифасини бажарувчи
                                                                          ўртоқ Полвонзода А.А.га

СССР ва ЎзССР Олий судларининг қўшиб ёзиш ишлари бўйича охирги зарурат ҳақидаги
қонун нормаларини татбиқ этиш тўғрисидаги қарорлари ва шу масала бўйича профессор Абдумажидов Ғ.А.нинг ёзган хати билан танишиб чиқдим. ЎзССР Олий судининг шу масала юзасидан тутган йўлини маъқуллайман ва қуйидагиларни билдираман.

Охирги зарурат тўғрисидаги модда ССР иттифоқ қонуни бўлибгина қолмай, айни вақтда у иттифоқдош республикалар жиноят кодексининг ҳам узвий қисмидир. Шунинг учун бу моддада кўзда тутилган қоидаларга тушунтириш бериш Ўзбекистон ССР Олий судининг ҳам қонуний ҳуқуқи ҳисобланади. Бу масалага шу хил ёндашиш СССР Конституциясига ҳам, ЎзССР Конституциясига ҳам, шунингдек, СССР Олий суди ҳақидаги қонунга ҳам мувофиқдир…

Ҳурмат билан
академик В.Н. Кудрявцев.
1991 йил 28 май


     Ўзбекистон ССР Олий судининг 1991 йил
    13 майдаги қўшиб ёзишга йўл қўйган шахсларга
    нисбатан охирги зарурат тўғрисидаги
    қонунни қўллаш ҳақидаги 01—61—91 хати бўйича

Х У Л О С А

Ўзбекистон ССР Олий суди пленумининг 1990 йил 20 июлдаги «Республика судлари томонидан пахта ва бошқа қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари тайёрлаш ва қайта ишлаш билан боғлиқ бўлган талон-торож қилиш, қўшиб ёзиш ва бошқа суиистеъмолликлар ҳақидаги ишларни кўриш амалиётида вужудга келган баъзи масалалар тўғрисида»ги қарори 3-бандини, шунингдек Олий суд хатига илова қилинган 8 та жиноий иш материали бўйича тузилган маълумотномаларни ўрганиб чиқдим. Фикримча, шу ишлар бўйича охирги зарурат тўғрисидаги қонун совет жиноят ҳуқуқи доктринасига мувофиқ тўғри қўлланган.

Сўз юқорида айтилган 8 та жиноят иши бўйича содир этилган қонунсиз ҳаракатлар
ҳақида, бу ҳаракатларнинг охирги зарурат ҳолатида содир этилганлигига, шунинг учун
ҳам жиноий жазо белгиланмаслиги ҳақида бораётир…

С.В. Бородин,
СССР Фанлар академияси Давлат ва
ҳуқуқ илмгоҳининг бош илмий ходими,
юридик фанлар доктори, профессор,
РСФСРда хизмат кўрсатган юрист


Олимларнинг ушбу хулосаларини тўплаб, Исмоил Жўрабеков ҳузурига келдим. У киши ҳужжатлар билан танишиб, ниҳоятда хурсанд бўлиб кетди. Президент Ислом Каримов олдига кириб, вазиятни батафсил тушунтириб, олимларнинг хулосаларини топширди.

Эртасига, 1991 йил май ойининг охирида «Халқлар дўстлиги» саройида республика қишлоқ хўжалиги ходимларининг қурултойи бошланди. 4 500 нафар одам иштирок этган бу анжуманнинг президиумида Ислом Каримов ва Исмоил Жўрабековлар жой олди. Олий суд раиси вазифасини бажарувчи сифатида мен ҳам қурултойда қатнашдим.

Президент Ислом Каримов қурултойдаги нутқида СССР Олий суди «пахта иши» бўйича бизга тазйиқ ўтказмоқда, лекин улар билсинларки, Ўзбекистонда ўзининг Олий суди бор, бизлар Москвадан бериладиган маслаҳатларга муҳтож эмасмиз!» деб баралла айтди. Қурултой қатнашчилари республикамиз раҳбарининг ушбу сўзларини узоқ давом этган тўхтовсиз қарсаклар билан қарши олишди. Президент пахта ишларидан энг кўп жабр тортган қишлоқ хўжалиги ходимларининг дилидагини топиб айтган эди.

Бу ҳам ҳақиқат.

Пахта ишлари комиссияси ўз ишини яна давом эттирди.

Ўша пайтда барчамиз Ислом Каримовнинг мардлигига қойил қолган эдик.

Шунга қарамай марказдан бўлаётган тазйиқлар давом этаверди.

СССР Бош прокурори Н. Трубин 1991 йил 29 майда республика раҳбарига тақдимнома юбориб, республика Олий суди пленумининг мазкур қарори иттифоқ қонунига мутлақо зид эканлигини кўрсатиб, тегишли тартибда чора кўрилишини талаб қилди.

Мана шу хатдан олинган кўчирма.


…ССР иттифоқи Олий суди раиси 1990 йил 28 октябрда Ўзбекистон ССР Олий суди пленумига тақдимнома киритиб, 1990 йил 20 июлдаги 4-қарорининг 3-бандини бекор қилишни талаб қилди.

Пленум ушбу тақдимномани икки ой давомида кўриб чиқмади ва уни фақат 1990 йил 28 декабрда кўриб чиқди ва тақдимномани қаноатлантирмади. СССР Олий суди раисининг тақдимномасини кўриб чиқиш пленум кун тартибига ҳатто киритилгани ҳам йўқ, республика прокурори тақдимнома билан таништирилмади ва у пленум ишида иштирок этмади, бу ҳам қонун талабига зиддир. Кейинчалик республика прокурори бу ҳақда Ўзбекистон ССР Олий суди раиси вазифасини бажарувчиси Полвонзодадан сўраганида у республика прокурорининг бу масала бўйича позицияси бизга маълум эди, чунки «муқаддам… прокуратура ўз хулосасини берган» деб тушунтириш билан кифояланди.

Шундай қилиб Ўзбекистон ССР Олий суди пленуми қонунни қўпол равишда бузиб жуда
муҳим бўлган масала бўйича икки марта қарор қабул қилди.

СССР Олий суди раисининг тақдимномаси ва СССР Бош прокурорининг қўллаб-қувватлаши бўйича 1991 йил 17 майда якдиллик билан ССР иттифоқи Олий суди пленуми Ўзбекистон ССР Олий суди пленумининг 1990 йил 20 июлдаги «Республика судлари томонидан пахта ва бошқа қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари тайёрлаш ва қайта ишлаш билан боғлиқ бўлган талон-торож қилиш, қўшиб ёзиш ва бошқа суиистеъмолликлар ҳақидаги ишларни кўриш амалиётида вужудга келган баъзи масалалар тўғрисида»ги қарори 3-бандидаги тушунтиришни ССР иттифоқи қонунчилигига мос эмас деб топди.

Хусусан, қарорда Ўзбекистон ССР Олий суди пленуми тушунтиришлари ССР иттифоқи ва иттифоқдош республикалар жиноят қонунчилиги асосларининг 14-моддасига мос келмайди деб кўрсатилган. Унга кўра охирги зарурат совет давлати, жамоатчилик, у ёки бу шахс ва бошқа фуқаролар манфаатларига хавф солган пайтда вужудга келади. Ушбу ҳолатларда бошқа воситалар билан бартараф этиб бўлмайди. Ўзбекистон ССР Олий суди пленуми қарорининг 3-бандида кўрсатилган ҳолларда шахснинг ёки унинг яқинлари ҳуқуқ ва манфаатларига таҳдид вужудга келган бўлса у қонуний воситалар билан бартараф этилиши мумкин. Шунинг учун қонунчиликнинг бундай ҳолатларга ҳеч қандай алоқаси йўқ. Шахснинг қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини талон-торож қилишда, қўшиб ёзишда ёки бошқа суиистеъмолликларда иштироки бошлиғининг ёки юқори турувчи мансабдор шахснинг мажбурлаши туфайли юз берса Ўзбекистон Жиноят кодексининг 38-моддаси 3-бандига биноан жазо тайинлашда фақат жавобгарликни енгиллаштирувчи ҳолат сифатида эътиборга олиниши мумкин.

Бундан ташқари, умумиттифоқ қонунига тушунтириш бериш, ССР иттифоқи ва иттифоқдош республикалар жиноят қонунчилиги асосларининг 14-моддаси ана шундай
қонунлар сирасига киради, Ўзбекистон ССР Олий суди пленуми ССР иттифоқи ва иттифоқдош республикалар жиноят қонунчилиги асосларининг 14-моддасига тушунтириш бериб, ўз ваколатидан ташқарига чиққан, чунки «Ўзбекистон ССРда суд тузилиши тўғрисида»ги қонуннинг 56-моддасига биноан у республика қонунчилиги масаласи бўйичагина раҳбарий тушунтиришлар бериши мумкин.

Шундай қилиб, масъул мансабдор шахслар томонидан Ўзбекистон ССР Олий суди пленумида ноқонуний раҳбарий тушунтиришлар бериб, республика прокурорининг Олий суд пленуми мажлисларида қатнашиши тўғрисидаги қонунчиликни қўпол равишда бузган. Шунингдек, назорат тартибида «пахта иши»ни қайта кўришда ноқонуний пленум қарорига асосланган, бунинг оқибатида кўплаб айбдор шахслар оқланган. Бу билан жиддий хатоларга йўл қўйган.

Юқорида баён қилинганлар таъсир чорасини кўриш учун юборилмоқда.

СССР Бош прокурори, ҳақиқий давлат
адлия маслаҳатчиси                                                                                И.С. Трубин
1991 йил 29 май


Ушбу тақдимнома қўшимча изоҳ талаб қилмайди, чунки унга москвалик олимлар юқорида келтирилган илмий асос ва инкор қилиб бўлмайдиган жавобларни берганлар.

СССРдек қудратли давлатнинг Бош прокурори бўлган Н. Трубиннинг тақдимномасига Президентимиз қандай муносабат билдираркан деб кутар эдик. Ислом Каримов эса Бош прокурор Трубиннинг тақдимномасини ўқиб, у кутган чораларни кўриш ўрнига тақдимноманинг чеккасига «Архивга ташлансин!» деб ёзди-да ўз имзосини қўйди.

Натижада «пахта иши»ни қайта кўриб чиқиш давом эттирилди. Мен имзо чеккан протестларга асосан 3,5 минг киши тазйиқлар остида қўшиб ёзишда иштирок этгани учун оқланди. Уларга етказилган моддий ва маънавий зарар қопланиши учун бюджетдан катта миқдордаги пул ажратилди, барчаси иш жойларига тикланди. «Пахта иши» бўйича қолган судланганларнинг баъзилари давлатимиз раҳбари томонидан авф этилди, баъзиларининг тайинланган жазолари ўзгартирилиб, оилалари бағрига қайтдилар.

СССР прокуратураси аввал СССР халқ депуталари съезди комиссиясига ҳавола этган маълумотларда 5 миллиард, унинг иккинчи вариантида 2-4 миллиард талон-торож қилинган деб кўрсатган бўлса, Ўзбекистон компартиясининг ХХI съездида олти миллиард дейилди. Гайданов муттаҳамларча бу рақамларни 10 миллиард дейишгача борди. Гдлян эса турли митинг, оммавий ахборот воситаларида зарар миқдорини бир неча ўн миллиард дея жар солган.

Кўриниб турибдики, шафқатсиз қатағон камлик қилганидай зарар масаласида ҳам ватанимизга мисли кўрилмаган туҳмат тошлари отилган.

Юқорида айтганимиздек, комиссия «пахта иши» бўйича материалларни синчиклаб ўрганиб, 1978–1983-йилларда ўзлаштирилган сумма қирқ миллион сўмга ҳам етмаганини узил-кесил аниқлади. Ушбу рақам суд қарорлари билан тасдиқланган. Юқорида келтирилган миллиардлик рақамлар эса «десантчи»лар сиёсий лўттивозлигининг яққол кўриниши деб ҳисобланиши лозим.

Барчага тушунарли бўлиши учун шуни ҳам айтишим керакки, ушбу қирқ миллион сўмга яқин пулни ўзлаштирган шахсларнинг барчаси қилмишига яраша жиноий жавобгарликка тортилган ва уларга нисбатан чиқарилган ҳукмлар комиссия томонидан қонуний деб топилган.

СССР давлати тарқаб кетгандан сўнг собиқ СССР Олий судининг архиви Россия Федерацияси Олий суди ихтиёрига берилган эди. Жиноят иши қайси судда кўрилиб, ҳукм чиқарилган бўлса, жиноят ишлари ўша суднинг архивида сақланиши керак. Биз ўша, марказда кўрилган ишларни ҳам Олий судда қайта кўриб чиқишимиз лозим эди. Шунинг учун Москвага бориб, Россия Федерацияси Олий суди раисининг биринчи ўринбосари Владимир Иванович Радченкога масалани тушунтирдим. Бу ўринда шуни айтишим керакки, Владимир Иванович Гдлян ва Иванов бошчилигидаги тергов гуруҳининг Ўзбекистонда қилган қора ишларидан яхши хабардор эди. У Россия Федерацияси Олий суди раиси В. Лебедов билан маслаҳатлашиб чиқди ва «жиноят ишларини бериш мумкин эмас, лекин жиноят ишларидан нусха кўчириб олиб кетишларингизга рухсат беришимиз мумкин» деди.

Шундан сўнг Исмоил Жўрабековнинг ёрдами билан Ўзбекистоннинг Россиядаги элчихонаси пастки қаватидан иккита хона ажратиб берилди. Москвадаги таниқли тадбиркор Алишер Усмонов чет элда ишлаб чиқарилган нусха кўчириш аппаратини олиб берди ва у элчихонага ўрнатилди. Ўзбекистон Республикаси Олий судидан икки киши бориб, тўрт ойдан кўпроқ вақт ичида минг томга яқин барча жиноят ишларидан нусха кўчириб Тошкентга келтиришди.

Улар орасида 1970-йилларда ишлаган Олий суд раиси Саъдулла Пўлатхўжаев, республика Министрлар советининг собиқ раиси Раҳмонқул Қурбонов ва бошқаларнинг ишлари ҳам бор эди…

Бу ишлар ҳам Ўзбекистон Республикаси Олий судида синчиклаб ўрганиб чиқилди ва дастлабки тергов аксарият ҳолларда бирёқлама, юзаки, қонун талабларига хилоф равишда ўтказилганини, биринчи инстанция судлари мавжуд камчиликларга эътибор бермай судланувчиларга асоссиз жазолар тайинлагани аниқланди ва уларга нисбатан чиқарилган ҳукмлар бекор қилиниб оқландилар.

Оқланганлар орасида Ўзбекистон пахта саноати вазири бўлган В. Усмонов (вафотидан сўнг), Ўзбекистон Министрлар Советининг раиси бўлиб ишлаган Н. Худойбердиев, Қорақалпоғистон Республикаси раҳбари бўлган Қ. Камолов, Марказқўмнинг котиби бўлган Э. Айтмуратов, Ички ишлар вазирлигининг бир қатор масъул ходимлари ва бошқалар бор.

Ҳамюртларимизнинг ишлари Москвадагина эмас, бошқа республикаларда ҳам кўрилган эди. Масалан, М. Мусахонов иши Тожикистон Республикаси Олий судида кўрилган. Ишларни қайта кўриш жараёнида М. Мусахонов жиноят ишига тааллуқли қўшимча ҳужжатлар, хусусан, дастлабки терговда Мусахоновдан «керакли» кўрсатмаларни олиш учун унинг ўғли, профессор Мирзаюсуф Мусахонов, икки қизи ва бошқа қариндошлари, танишлари қамоққа ташлангани, аммо бу ҳақдаги ҳужжатлар Мусахонов ишига қўшилмай сўроқ материалларидан қонунга хилоф равишда олиб қўйилгани аниқланди. Бу ҳужжатларни олиб Душанбе шаҳрига учиб бордим ва Тожикистон Республикаси Олий суди раиси Шароф Маҳмудов билан учрашиб, ҳужжатларни тақдим қилдим. Шароф Жўраевич ҳужжатлар билан танишиб, «Сиз олиб келган ҳужжатлар Мусахонов ишини қайта кўриш учун асос бўлади» деб айтди.

Орадан бир қанча вақт ўтганидан кейин Шароф Жўраевич қўнғироқ қилиб, Мусахоновнинг оқланганини маълум қилди.

Тошкент шаҳар Ички ишлар бошқармасининг бошлиғи бўлиб ишлаган генерал Ислом Сатторовнинг иши Москва вилояти судида кўрилгани учун унга доир жиноят иши Тошкентга келтирилмай қолган эди. Ислом Сатторовнинг турмуш ўртоғи Зоя Сатторова Ўзбекистон Олий судига қайта-қайта мурожаат қилганидан сўнг Россия Федерацияси Олий суди раисининг биринчи ўринбосари Владимир Радченкога мурожаат қилиб, Ислом Сатторовнинг ишини қайта кўришни илтимос қилдим.

Ислом Сатторовнинг иши В. Радченконинг протести асосида кўрилиб, унинг ҳаракатида
оғир жиноят таркиби йўқлиги учун оқланди.

«Пахта иши», «ўзбеклар иши» деб ном олган ишларнинг ўзига хос бўлган бир хусусияти бор: олдин турли йилларда бўлиб ўтган қатағон қурбонлари орадан 35–40 йиллар ўтиб, вафот этганларидан кейин оқланган бўлсалар, мазкур ишлар бўйича жабрланганларнинг ишлари эса улар ҳаётлигида кўриб чиқилди ва оқланди.

«Пахта иши» ва «ўзбеклар иши» деб номланган ишлар шу тариқа охирига етди. Бу ишларнинг муваффақиятли якунланишига кўп инсонлар, хусусан, СССР прокуратурасининг бошқарма бошлиғи, генерал В.И. Илюхин, Россия Федерацияси Олий суди раиси В. Лебедев, Россия Федерацияси Олий суди раисининг биринчи ўринбосари В.И. Радченко, Тожикистон Республикаси Олий суди раиси Ш.Ж. Маҳмудов, ҳурматли устозларимиз Ғ. Абдумажидов, Б.А. Блиндер, москвалик ҳуқуқшунос олимлардан В. Кудрявцев, Ю. Касаткин, С. Бородин, Н. Радутная, СССР Олий Совети депутатлари Э. Юсупов, О. Ёқубов, А. Мухторов, Й. Акбаров, В. Одилов ва комиссиямиз раиси, мард ва ватанпарвар устозимиз Исмоил Жўрабеков улкан ҳисса қўшдилар. Қатъият билан бизга жуда катта ёрдам берган бу улуғ зотларни ҳамиша чуқур ҳурмат ва миннатдорлик билан тилга оламиз.


Биз юқорида тилга олган воқеаларга ҳам ўттиз йилдан кўпроқ вақт ўтди.

Бугунги кунда Президентимиз Шавкат Мирзиёев яқин тарихимизда юз берган инсон
ҳуқуқларининг бузилишига адолатли баҳо берди.

Давлатимиз раҳбари бошчилигида ўтказилаётган чуқур ислоҳотлар, энг аввало, суд ҳокимиятининг ҳақиқий мустақиллигини таъминлашга, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва ишончли кафолатлашга қаратилмоқда.

Бу ўринда яна шуни айтиш керакки, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 2018 йил 24 январда Олий Мажлисга қилган мурожаатида «Давлат идоралари мансабдорлари шуни чуқур англаб олсинлар: судлар мустақиллигини таъминлаш масаласи бундан буён ҳам шахсан Президентнинг қаттиқ назоратида бўлади. Суд остонасига қадам қўйган ҳар бир инсон Ўзбекистонда адолат ҳукм сураётганига тўла ишонч ҳосил қилиши керак. Акс ҳолда, буюк немис файласуфи Иммануил Кант айтганидек, «Адолат йўқолган пайтда ҳаётнинг қадрини белгилайдиган бошқа ҳеч нарса қолмайди» дея таъкидлагани ҳаммамизни беҳад қувонтирди.

Айнан шунинг учун биз, ёши катта ҳуқуқшунослар, истиқлол арафасида бўлганидек, қонун устуворлигининг қарор топишига ишонч ҳосил қилмоқдамиз, олисда ҳуқуқий давлатнинг улуғвор биноси белгилари яна кўрина бошлади. Шу гўзал ва улуғвор бинони барпо этиш учун Президентимиз ғайрат ва шижоат билан меҳнат қилаётганини кўриб турибмиз, шунинг учун ҳам бу улкан ва шарафли вазифа муваффақият билан охирига етказилишига ишончимиз комил.

Абдусамат Полвонзода,

Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган юрист

- Advertisement -

Latest news

Асосий мақсад – одамларга осон бўлсин

Мамлакатимизда «Халқ қонунларнинг том маънода ягона манбаи ва муаллифи ҳисобланади» ҳамда «Барча муҳим қарорлар бевосита халқ билан мулоқот асосида, жамоатчиликнинг фикрини ҳисобга олган ҳолда...
- Advertisement -

Меҳнат стажига эга эмасмисиз? Стажингиз етарли эмасми?

Фрилансерлар, меҳнат мигрантлари ва деҳқон хўжалиги, томорқа ер эгалари  учун фойдали маслаҳатлар Ўзбекистон Республикасининг «Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида»ги қонунига кўра пенсиянинг уч тури мавжуд. Булар: • ёшга...

Ҳуқуқни талаб қилиш учун ҳам билим керак

Ўзбекистон Республикаси Конституциясида фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари тўла кафолатланган бўлиб, 44-моддага кўра ҳар бир шахс ўз ҳуқуқ ва эркинликларини суд орқали ҳимоя қилиш, давлат...

Қаҳрамон феномени ва ватанпарварлик

Қонун устуворлиги ўзидан ўзи қарор топмайди, у ижтимоий адолатли тузум барпо этиш ниятида яшайдиган халқпарвар ва ватанпарвар кишиларнинг саъй-ҳаракатлари маҳсулидир. Қонун устувор бўлиб, унинг...

Related news

Асосий мақсад – одамларга осон бўлсин

Мамлакатимизда «Халқ қонунларнинг том маънода ягона манбаи ва муаллифи ҳисобланади» ҳамда «Барча муҳим қарорлар бевосита халқ билан мулоқот асосида, жамоатчиликнинг фикрини ҳисобга олган ҳолда...

Меҳнат стажига эга эмасмисиз? Стажингиз етарли эмасми?

Фрилансерлар, меҳнат мигрантлари ва деҳқон хўжалиги, томорқа ер эгалари  учун фойдали маслаҳатлар Ўзбекистон Республикасининг «Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида»ги қонунига кўра пенсиянинг уч тури мавжуд. Булар: • ёшга...

Ҳуқуқни талаб қилиш учун ҳам билим керак

Ўзбекистон Республикаси Конституциясида фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари тўла кафолатланган бўлиб, 44-моддага кўра ҳар бир шахс ўз ҳуқуқ ва эркинликларини суд орқали ҳимоя қилиш, давлат...

Қаҳрамон феномени ва ватанпарварлик

Қонун устуворлиги ўзидан ўзи қарор топмайди, у ижтимоий адолатли тузум барпо этиш ниятида яшайдиган халқпарвар ва ватанпарвар кишиларнинг саъй-ҳаракатлари маҳсулидир. Қонун устувор бўлиб, унинг...
- Advertisement -