«Аҳоли фикрини ҳисобга олиш ва давлат органларининг ҳисоботдорлиги» индикатори Жаҳон банки томонидан «Давлат бошқаруви сифати кўрсаткичлари» йиллик ҳисоботини (рейтинги) тайёрлашда қўлланадиган олти кўрсаткичдан бири ҳисобланади.

“Давлат бошқаруви сифати кўрсаткичлари”– Жаҳон банки Тадқиқот гуруҳининг комплекс тадқиқоти бўлиб, у дунё мамлакатларининг сифатли ва самарали давлат бошқаруви соҳасидаги натижаларини ўрганади. Тадқиқот 1996 йилдан буён ўтказиб келинади ва унинг 2019 йил натижаларига бағишланган ҳисоботида дунёнинг 214 мамлакати қамраб олинган.

Тадқиқотда давлатларнинг бошқарув самарадорлиги 30дан ортиқ турли манбаларга асосланган қуйидаги 6 кўрсаткич воситасида баҳоланади:

 аҳолининг фикрини ҳисобга олиш ва давлат органларининг ҳисобдорлиги;

– сиёсий барқарорлик ва зўравонликнинг мавжуд эмаслиги;

– ҳукумат ишининг самарадорлиги;

– норматив сифат;

– қонун устуворлиги;

– коррупцияни олдини олиш.

Тадқиқот кўрсаткичлари Жаҳон банкининг услуби билан 400дан ортиқ белги (хусусият) асосида ҳисобланади. Бу белгилар фуқаролар, тадбиркорлар, давлат бошқарувининг турли соҳалари бўйича экспертларнинг фикрлари, қарашлари ва тажрибаларини ўз ичига олади. Маълумотлар турли манбалардан (миллий ва халқаро ташкилотларнинг статистик маълумотлари, халқаро ҳамда ноҳукумат ташкилотлар мунтазам ўтказадиган тадқиқотлар, эксперт сўровлари натижалари ва бошқалар) олинади. Хусусан, Гэллап институти, “Глобал рақобатбардошлик обзори”, “Economist Intelligence Unit”, “Global Insight”, “Freedom House” ва “Чегарасиз мухбирлар” сингари нуфузли халқаро ноҳукумат ташкилотларининг тадқиқот ва ҳисоботларидан фаол фойдаланилади.

“Аҳоли фикрини ҳисобга олиш ва давлат органларининг ҳисобдорлиги” кўрсаткичи давлат бошқарувининг сифати ва самарадорлигининг акс эттирувчи индикаторлардан бири бўлиб, бу кўрсаткич мамлакатда кечаётган сиёсий жараёнлар, фуқаро эркинликлари ва сиёсий ҳуқуқларининг турли жиҳатларини ўз ичига олади. Бу тоифадаги кўрсаткичлар фуқароларнинг ҳукумат ва бошқа давлат органларини сайлашдаги иштирок этиш имкониятлари, уюшмаларга бирлашиш ва бошқа эркинликлари, сўз эркинлиги даражасини акс эттиради. Унда фуқароларнинг муҳим қарорлар қабул қилиш, давлат бошқарувида бевосита ёки ўзлари сайлаган вакиллар орқали иштирок этиш имкониятлари, аҳолининг ўз фикрини ифодалаш эркинлиги, давлат ҳокимияти органлари томонидан аҳоли фикрини инобатга олиниши ва давлат органларининг фуқаролар олдида ҳисоботдорлиги даражаси баҳоланади.

Жаҳон банки Тадқиқот гуруҳи услубиётига кўра ўрганилаётган индикаторлари даражаси “-2,5 балл”дан (энг паст кўрсаткич) “+2,5 балл”гача (энг яхши кўрсаткич) бўлиши мумкин.

“Давлат бошқаруви сифати кўрсаткичлари” тадқиқотининг сўнгги ўн йилликдаги натижаларини таҳлил қилиш шуни кўрсатадики, собиқ иттифоқ ва МДҲ давлатларида бу кўрсаткичлар турли йўналишларда ўзгариб келаётгани кузатилмоқда. Масалан, Эстония, Латвия, Литва, Грузия сингари давлатларда сўнгги йилларда “ҳукумат самарадорлиги”, “қонун устуворлиги”, “аҳоли фикрини ҳисобга олиш ва давлат органлари ҳисоботдорлиги” сингари кўрсаткичлар ўзаро мутаносибликда ривожланиб борган бўлса, Қирғизистон, Украина ва Молдова давлатларида “аҳоли фикрини ҳисобга олиш ва давлат органлари ҳисоботдорлиги” ошиши ҳамда бошқа икки кўрсаткич пасайиши туфайли бундай мувозанат бузилган. Беларусь Республикасида “коррупцияни тийиб туриш” ва “сиёсий барқарорлик” кўрсаткичлари ўсганига қарамай, “қонун устуворлиги” ва “ҳукумат самарадорлиги” индикаторлари пасайган.

“Давлат бошқаруви сифати кўрсаткичлари”да Ўзбекистоннинг ўрни ҳар олти индикатор доирасида ижобий хусусиятга эга бўлишига қарамай, бу ижобий ўзгаришлар жуда секин суръатларда кечаётганини кўришимиз мумкин. Хусусан, мамлакатимизнинг “Аҳоли фикрини ҳисобга олиш ва давлат органларининг ҳисобдорлиги” кўрсаткичи 2016 йили “-1,89 балл”ни ташкил этган бўлса, 2017 йил натижаларига кўра “-1,80 балл”га, 2018 йили “-1,62 балл”га, 2019 йили “-1,61 балл”га тенг бўлган.

Ўзбекистон асосан сиёсий-ҳуқуқий рейтингларда нисбатан қуйи ўринларни эгаллаб келмоқда. “Аҳоли фикрини ҳисобга олиш ва давлат органларининг ҳисобдорлиги” кўрсаткичи ҳам фуқароларнинг сиёсий ҳуқуқлари, сўз ва матбуот эркинлиги, давлат органларининг очиқлиги, муҳим қарорлар қабул қилишда аҳоли фикрини ҳисобга олиш ҳамда жамоатчилик олдида ҳисоботдорлигини таъминлаш сингари жараёнлар билан бевосита боғлиқдир.

Яъни, Ўзбекистоннинг мазкур индикатор бўйича мавқейини баҳолашда кўплаб ихтисослашган халқаро ноҳукумат ташкилотларнинг ҳисобот ва тадқиқотлари, миллий ва халқаро миқёсдаги оммавий ахборот воситаларининг маълумотларидан кенг фойдаланилади. Бу манбаларнинг Ўзбекистонга нисбатан салбий муносабати мамлакатимизга бу соҳада берилган баҳога таъсир этмоқда. Масалан, “Чегарасиз мухбирлар” халқаро ташкилотининг 2020 йили апрелда эълон қилинган ҳисоботига кўра, “Матбуот эркинлиги индекси”да Ўзбекистон 180 давлат орасида 156 ўринда экани билдирилган. Ёки “Freedom House” халқаро ҳуқуқни ҳимоя қилиш ташкилоти 2020 йил натижаларига кўра Ўзбекистоннни “эркин бўлмаган” давлатлар қаторида қолдирган. Мазкур ташкилот мамлакатимиз фуқароларининг сиёсий ҳуқуқларини мавжуд 40 балл имкониятдан 2 балл, фуқаро эркинликларини мавжуд 60 балл имкониятдан 8 балл даражасида деб баҳолаган.

Рейтинг тузиш билан машғул халқаро ташкилотлар ўз сўровларни, асосан, мустақил фуқаролик жамияти ташкилотлари ва ахборот воситалари вакиллари ёрдамида ўтказишади. Бу жараёнда турли хорижий ноҳукумат ташкилотлари ва хорижий ахборот воситалари билан ҳамкорлик қиладиган мутахассислар фаол иштирок этишади. Ўзбекистонда халқаро ташкилотлар билан бу йўналишда ҳамкорлик қилиш салоҳиятига эга бўлган ва уларнинг ишончига эришган жамоатчилик фикрини ўрганиш ташкилотларнинг йўқлиги ҳам мамлакатнинг халқаро рейтинглардаги мавқейининг паст даражада қолишига сабаб бўлмоқда.

Ўзбекистоннинг “Аҳоли фикрини ҳисобга олиш ва давлат органларининг ҳисобдорлиги” кўрсаткичлари нисбатан паст даражада қолишига, шунингдек, оммавий ахборот воситалари, интернет нашрлар ва ижтимоий тармоқларда эълон қилинаётган танқидий ахборотлар ҳам таъсир кўрсатмоқда.

Сўнгги пайтларда турли мунозараларга сабаб бўлган ва мамлакатимизнинг бу соҳадаги кўрсаткичини пасайишига олиб келадиган бундай маълумотлар қаторида, жумладан, қуйидагиларни кўрсатиш мумкин:

– давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун ер участкаларини олиб қўйилишида қонун ҳужжатларига риоя этилиши аҳволи;

– айрим давлат органлари ва ташкилотлари, маҳаллий ҳокимият идоралари билан оммавий ахборот воситалари вакиллари, интернет нашрлар ва блогерлар ўртасида конструктив ҳамкорликнинг йўлга қўйилмагани ҳамда бу соҳада тушунмовчиликлар учраб туриши;

– долзарб масалалардаги фуқаролар мурожаатлари ва жамоавий мурожаатларга мутасадди ташкилотлар томонидан ўз вақтида ҳамда батафсил жавоб берилмаслиги ва шунга ўхшаш ҳолатлар.

Мамлакатимизнинг “Аҳоли фикрини ҳисобга олиш ва давлат органларининг ҳисобдорлиги” соҳасидаги кўрсаткичини яхшилашда қабул қилинаётган муҳим қарорлар юзасидан жамоатчилик фикрини ўрганиш ва уларнинг бу борадаги ташаббусларини аниқлашга қаратилган махсус онлайн платформалар имкониятларидан фойдаланиш ижобий натижа бериши мумкин.

Ҳозирги вақтда мавжуд бундай ресурслардан бири jamoatchilik.uz онлайн платформаси бўлиб, у фуқаролар ва кенг жамоатчиликнинг ислоҳотлар ва муҳим қарорлар қабул қилиш жараёнидаги иштирокини кенгайтириш, давлат идоралари фаолияти очиқлигини, уларнинг аҳоли олдида ҳисобдорлигини ошириш мақсадида ташкил этилган. Ушбу ресурс орқали қонунчилик, давлат ва ҳудудий дастурлар, шунингдек, долзарб воқеа ва ҳодисалар юзасидан таклифлар билдириш имкониятлари мавжуд. Лекин 2021 йил 19 май ҳолатига кўра, jamoatchilik.uz саҳифасидаги охирги таклиф 2020 йил 30 декабрида жойлаштирилган. Саҳифага фойдали ахборотлар деярли жойлаштирилмаган, билдирилган таклифларга бошқа ўқувчилар баҳо бериши ёки қўшимча таклиф билдириш имконияти яратилмаган. Таклифлар саҳифа ташкилотчилари томонидан ўрганиб чиқилгани ёки эътиборсиз қолганини аниқлаш мумкин эмас. Саҳифада 812 нафар фаол фуқаро, 720 билдирилган таклиф мавжудлиги ҳам мазкур платформа ўз олдига қўйган вазифаларни талаб даражасида бажармаётганидан далолат беради.

“Mening fikrim” веб-портали ҳам юқорида айтиб ўтилган мақсадларда яратилган. Веб-портал орқали Олий Мажлис палаталари, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларига муҳим қарорлар юзасидан таклифларни жамоавий мурожаат шаклида билдириш имконияти яратилган. Веб-порталда мурожаатларни йўллаш, жойлаштирилган мурожаатлар билан танишиш, жойлаштирилган мурожаатларга овоз бериш, жамоавий мурожаатларнинг ҳолати ва натижалари ҳақида маълумот олиш имкониятлари мавжуд. Лекин етарли овоз олган ва кўриб чиқилган барча таклифларга бир хил шаклда – “Ушбу жамоавий мурожаат ваколатли давлат органи томонидан кўриб чиқилди” деб изоҳ берилгани мазкур таклифнинг кейинги тақдирини аниқлаш имконини бермайди. Таклифни қайси ваколатли давлат органи кўргани ва у юзасидан қандай қарорга келингани маълум қилинмаслиги таклиф билдириш ҳамда уни баҳолаш жараёнидаги ижобий ҳаракатларни йўққа чиқармоқда. 2021 йил 19 май ҳолатига, “Mening fikrim” веб-порталининг “Янгиликлар” саҳифасидаги “Маҳаллийлаштиришни кенгайтириш бўйича қўшимча вазифалар белгиланди” деб номланган сўнгги янгилик 2020 йил 21 августида жойлаштирилгани ҳам мазкур интернет ресурс имкониятларидан тўла фойдаланилмаётганини кўрсатади.

Бу икки интернет ресурси фаолиятини такомиллаштириш, шунингдек, тегишли давлат ташкилотлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ва олий таълим муассаларининг расмий сайтларида жамоатчилик фикри ва таклифларини ўрганишга қаратилган саҳифаларни ишга тушириш мамлакатимизнинг “Аҳоли фикрини ҳисобга олиш ва давлат органларининг ҳисобдорлиги” кўрсаткичи билан боғлиқ мавқейини мустаҳкамланишига хизмат қилади.

Устувор халқаро рейтингларда Ўзбекистоннинг мавқейи билан боғлиқ вазиятни таҳлил қилиш бу соҳадаги амалий ҳаракатлар сифатини ошириш зарурлигини кўрсатмоқда. Ҳозирги вақтда Президентнинг “Ўзбекистон Республикасининг халқаро рейтинг ва индекслардаги ўрнини яхшилаш ҳамда давлат органлари ва ташкилотларида улар билан тизимли ишлашнинг янги механизмини жорий қилиш тўғрисида”ги 2020 йил 2 июндаги 6003-фармонига биноан Халқаро рейтинг ва индекслар билан ишлаш бўйича республика кенгаши фаолият олиб бормоқда.

Бу йўналишдаги вазифалар самарадорлигини ошириш учун қуйидагилар таклиф этилади:

– Кенгашнинг иш режаси доирасида вазирликлар, давлат ташкилотлари ва маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг устивор рейтингларда мамлакат мавқейининг пасайишига олиб келадиган қарорлари ва амалий фаолияти ҳақида фуқаролар ҳамда жамоатчилик вакиллари мурожаатлари, оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқлар орқали тарқатилган танқидий ахборотларни мунтазам йиғиш, тизимлаш ва таҳлил қилишни йўлга қўйиш;

– вазирликлар, давлат ташкилотлари ва маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан халқаро рейтингларда мамлакат мавқейининг пасайишига сабаб бўладиган қарорлар қабул қилиши ҳамда бошқа амалий ҳаракатларга йўл қўйган ҳолатларини Кенгаш ваколатлари доирасида ўз вақтида муҳокама қилиш, уларнинг раҳбарларига нисбатан тегишли чораларни кўриш;

– “Mening fikrim” веб-портали ва jamoatchilik.uz онлайн платформаси фаолиятини такомиллаштириш ҳамда тегишли давлат ташкилотлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ва олий таълим муассаларининг расмий сайтларида жамоатчилик фикри ва таклифларини ўрганишга қаратилган саҳифаларни ташкил этиш имкониятларини кўриб чиқиш.

Анвар Эминов,

Адлия вазирлиги ҳузуридаги

Ҳуқуқий сиёсат тадқиқот институти

маъсул ходими